Ваҳки, кўзларим гирён қилди лаъли хандонлар... Комил Хоразмий Ваҳки, кўзларим гирён қилди лаъли хандонлар, Жам’ қўймади кўнглум кокули паришонлар. Боғу ғунча сайридин бўлдим эмди мустағни, Очти гул хадангингдин кўнглум ичра пайконлар. Орази арақнокинг кўрди чун чаман ичра, Ғуллар ўлди шабнамдек, барча чашми ҳайронлар. Токи ғамзау нозинг кўз уйин мақом этти, Ташқарида мижгонлар бордурур нигаҳбонлар. Ишқ сўзу дардидин нола қилма кўп, эй дил, Бўлмасунлар озурда бу азиз меҳмонлар. Қайси холи оразининг доғидур чаманларким, Лола доғу, гулларга чок эрур гирибонлар. Чини остинингдур, мавжи жавҳари шамшир, Йиғнама бу зорингни қатл этарга домонлар. Бу шаҳодат иқболин ким топар экан, ё раб, Нози олди мижгондин қўлға тиғи урёнлар. Кимки ҳусн шоҳиға бегунаҳ — гунаҳкор ул, Анга зулф эрур занжир. чоҳ эрур занахдонлар. Ҳусни кўзгуси бордур мазҳари жамолулло, Манъи ишқим этманглар, эй гуруҳи нодонлар. Комило, шаҳаншоҳинг назми гавҳар афшонин, Кўрса банда бўлғайлар Фазлию Умархонлар. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ваҳки%2C_ко%CA%ББзларим_гирён_қилди_ла%E2%80%99ли_хандонлар.... Downloaded from uzbekai.com.