Комрон Комрон Барқдек анвори хуснунг кўзларимга чақилиб... Барқдек анвори хуснунг кўзларимга чақилиб, Кўздин оқиздинг кўнгулни қатра-қатра қон қилиб. Шамъи ҳуснунгни кўруб билдимки, оламсўздур, Солдим ўзни шуълаға парвонадек кўруб бплиб. Жон била кўнглумдин айрилдим санга еткан замон, Эмди, эй жону жаҳон, сендин бўлурму айрилиб. Жон етибтур оғзима, бўлғайму, эй исонафас, Бир нафас оллимда ўлтурсанг иёдатқа келиб. Ишқ аро девона бўлсам, не ажаб... Ишқ аро девона бўлсам, не ажаб, Ақлдин бегона бўлсам, не ажаб, Холи ўлмиш хилватим ағёрдин, Ёр ила ҳамхона бўлсам, не ажаб. Ёрутур кулбамни ул шамъи жамол, Бошиға парвона бўлсам, не ажаб. Зоҳир ўлди кўйида расволиғим, Шаҳр аро афсона бўлсам, не ажаб. Ул паривашқа бўлубмен, ошно, Комрон, девона бўлсам, не ажаб. Ул қуёш оразидин парда олиб... Ул қуёш оразидин парда олиб, Шуълаи хошок вужудумға солиб. Барча сувратда қилиб жилвайи ҳусн, Ҳусни юз важҳ ила кўнглумни олиб. Ҳар либос ичра урар ишқ йўлин, Гоҳ Ширин, гаҳе Лайло аталиб. Қиличи чок қилиб кўнглумни, Кирпигидин яна ўқлар қадалиб. Ҳодиса тошларидин шиша киби, Бу қўҳан дайрда кўнглум ушалиб. Эмди мен азми харобот этсам, Борурам кўйида кўнглумни солиб, Комрон эшигидин боргумдур, Дарбадар кўнглум эшигида қолиб. Ушбу тун кўнглумда ёру кўзум эрди масти хоб... Ушбу тун кўнглумда ёру кўзум эрди масти хоб, Ким етишти қойилим юз ноз ила айлаб итоб. Хаста кўнглум музтарибдур зулфи тобиға тушуб, Шаст аро тушкан балиғ янглиғки айлар изтироб. Хоки раҳ бўлдум, гузар гар қилмаса, эрмас ажаб, Мен гадойи бенаво, ул хусрави олийжаноб. Кимки жонон чеҳрасида ишқ сиррин билмагай, Не ажаб, андин деса «ё лайтани кунту туроб», Комрон, жонон таманноси мени пир айлади, Эй дариғо, онсиз ўтти аҳди айёми шабоб. Ёрдин келди хату таъвизи жон бўлди манга... Ёрдин келди хату таъвизи жон бўлди манга, Қотили ҳажр илгидин хатти амон бўлди манга. Ваҳ, бу не мактубдурким, номаи аъмолдек Этгач илгимга саодатқа нишон бўлди манга. Меҳрибон соғинғаним жавру жафо расмин тутуб, Меҳр таркин қилдию номеҳрибон бўлди манга. Доимо ёдимдасен бордур бу маъноға гувоҳ Улки доим воқифи сирри ниҳон бўлди манга. Гулъузоро, зикру фикрингдин даме холи эман, То ватан булбул киби бу гулистон бўлди манга. Эшигинда юз кетурсам Комрондек айб эмас, Каъбайи мақсуд чун ул остон бўлди манга. Зиҳи ҳар заррадин ҳуснунг ҳувайдо... Зиҳи ҳар заррадин ҳуснунг ҳувайдо, Жамолинг офтоби оламаро. Агар зоҳир, агар ботинда сенсен, Кўзу кўнглум аро пинҳону пайдо. Агар юмсам кўз, ар ҳар сори очсам, Сенинг ҳуснунгни айлармен тамошо. Гаҳи ошиқ, гаҳи маъшуқ этарсен, Бўлуб ҳар суврат ичра ошкоро. Эрур Лайло била Ширин баҳона, Жаҳонда сен солибсен шўру ғавғо. Қилурмен навҳалар Мажнун ғамидин, Қачонким хотиримға келса Лайло, Этишти Комрон ул турки сармаст, Хирад мулкин қилур яғмо ҳамоно. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Комрон). Downloaded from uzbekai.com.