Уйқу чоғи тунда чиқди моҳи тобон ўзгача... Мажзуб Уйқу чоғи тунда чиқди моҳи тобон ўзгача, Кун музайян бўлди ер саҳни гулистон ўзгача. Ишқи шўр ангез ёмғир тўкди дард афлокдин Мубталолар ноласи бўлди намакдон ўзгача. Офтоби маърифатни сен қуёшга тенглама Кўрки, осори тутун ой баҳри Канъон ўзгача. Сарв букланди, сиҳи синди санубар ҳамлада Чун малоҳат наҳли қад ингач намоён ўзгача. Ёр васлини тилаб ҳайрон, ҳазин, зор элни кўр Сут тилаб йиғлар кичиклар саъйи мардон ўзгача. Беватан сарсонлиғи ҳам хасталарни нолиши Ғам етим гўдакдадур, шоми ғарибон ўзгача. Ёрга етмоқ ҳазин ушшоқ доғи жон аро Лек завқи муддаойи аҳли даврон ўзгача. Ёр васлига етишган ранжликка бор шифо Бедаво дарддур етишмай йўлда қолғон ўзгача. Бу шариат ичра гарчи ажралик иш тўла бор Лекин бир кўнгли бузуқни кўнглин олғон ўзгача. Жон бериб жононга етмоқ дема ҳар кимнинг иши Тухм савдо тарбият қилғувчи деҳқон ўзгача. Ҳар киши ўз суйганича кўнглида суйгони бор Матлаби чуғз ўзгача раъйи андалибон ўзгача. Ёр келмакчи эди, йўл бермади унга рақиб Дилраболар йўлини тўсгучи шайтон ўзгача. Дер жунун аҳлига панд аҳли парига берма дил Найласун дуч келса бир кокил паришон ўзгача. Кўп гуноҳ этгучи кўрдим орқасидин тавбаси Раҳматинг сели дигаргун, манда исён ўзгача. Ҳар вилоят шоири бир тарз шеър иншо этар Шеъри номарбут Мажзуби Намангон ўзгача. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Уйқу_чог%E2%80%98и_тунда_чиқди_моҳи_тобон_о%E2%80%98zgacha.... Downloaded from uzbekai.com.