Ғазали Ҳожи Ниёз Махмур Даври фалакда, дўстлар, сарсари танги роҳ ўзим, Гирди жаҳонни чарх уруб, сайқали меҳру моҳ ўзим. Баски пиёда йўл юруб, яхши-ёмонни кўп кўруб, Маккада неча йил юруб фазлахўри илоҳ ўзим. Ўзими сода ҳам десам, жиннийи лода ҳам десам, (Кетима) хода ҳам есам ҳожийи қиблагоҳ ўзим. Даври жаҳонда қолмади мен қилмаган гуноҳи бад, Хоси замона аҳлида осийи рўсиёҳ ўзим. Ҳожийи (бадбурут) десанг, бўзахўри ўғут десанг, Олтию тўрт ғўрт десанг, рост ўзим, гувоҳ ўзим. Поча талош каллалар зиллакаши маҳаллалар, Ўғрийи эски саллалар шом ўзим, пагоҳ ўзим. Ҳажни сотай йўлда деб, ўлмайин йўлда-чўлда деб, Менга киройи қўлда деб, муътарифи гуноҳ ўзим. Журм десанг қабат-қабат, фисқ десанг сабат-сабат, Наҳс десанг намат-намат, сўфийи хонақоҳ ўзим. Шукрки мунча ҳол илан, хотири пур малол илан, Нафси саки вубол илан, тозайи шайҳу шоҳ ўзим. Барча вужудим (бесубут), жисмими бори етти пут, Абу жадим сағу сафут, бе шаку иштибоҳ ўзим. Менки тамаъга бандаман, халқи жаҳонда гандаман, Нарса тиларга рандаман, хоҳ ўзим, нохоҳ ўзим. Субҳидами силаб юруб, ҳимматим олти [ман] қурут, Устига етти тўрба тут, луқмахўри пагоҳ ўзим, Шоҳи жаҳонпаноҳга, довари додхоҳга, Хони зафарсипоҳга чокари хайрхоҳ ўзим. Гоҳи Хўқанда миришаб, гоҳи ҳарамда ҳақталаб, Гоҳ кулухи мустаҳаб бўлъажаби гиёҳ ўзим. Хатми ғазални айлаган белни хатога бойлаган, Оши каварни пойлаган ҳофизи садргоҳ ўзим. Бесубути ягонаман, тантанаи замонаман, Жиннийи жовидонаман, масхара дастгоҳ ўзим. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Г%E2%80%98azali_Ҳожи_Ниёз. Downloaded from uzbekai.com.