Мени айларга ул ой вола, зулфидин таноб этмиш... Мирий Мени айларга ул ой вола, зулфидин таноб этмиш, Чу қилгач воласи гул юзға кокулдин ниқоб этмиш. Юзин нурига кўз ёшимни тўксам айб қилмангким, Тўкар ёш туш чоғи наззора ҳар ким офтоб этмиш. Рақиб оти ситам пайконидек бағримни қон айлар, На муҳлик дард ул ой суҳбат тутуб майли шароб этмиш. Жафолар бирла тийдим жонға изҳори эмас мумкин Ниҳони дарду доғинг узв-узвимни кабоб этмиш. Муборакбод эттинг, ошиқға ўлмаклик муборакдур, Муборакномайи қатлимни ул олижаноб этмиш. Очилди хома, сочти ашк бошидин оёғ айлаб, Ул ой шарҳи жамолим қил дебон ногаҳ хитоб этмиш. Лабинг ширин, қадинг насрин, юзинг раъно, кўзинг шаҳло, Кўнгул Фарҳодини ғам тоғида бехўрду хоб этмиш. Чаманким боғбонсиз гуллари равнақ қачон топғай, Қизилдур лола рухсори ониким, гул ҳисоб этмиш. Олурда хома нозук панжаси нозук хаёл этгач, Таҳайюр бармоғини Моний тишлаб изтироб этмиш. Неча Беҳзод ул ойни сурати зебосини тортар, Ўзини сурати девордек масту хароб этмиш. Узори мушафи устида кўз солди очиб гўё, Ҳамоно хомайи Мирийга байте интихоб этмиш. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Мени_айларга_ул_ой_вола%2C_зулфидин_таноб_этмиш.... Downloaded from uzbekai.com.