Кўрмак тилаб юзунгни, эй шўх гулузорим... Muhammad Раҳимхон Феруз Кўрмак тилаб юзунгни, эй шўх гулузорим, Қонлар тўкар дамодам бу чашми ашкборим, Қучмок тилаб белингни ҳеч қолмади қарорим, Йўлунгда туфроқ ўлди бу жисми хоксорим, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим. Бўлғоч назарда зоҳир товусдек хироминг, Ақлимни қилди ҳайрон таъзим ила саломинг, Лол айлади тилимни тўтисифат каломинг, Йўқтур жаҳонда мандек бир камтарин ғуломинг, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим. Сен ҳусн шоҳидурсен, раҳм айла бу гадоға, Келмасму ҳеч раҳминг бу зори мубталоға, Каҳрингин айлаб афзун кўп қўймағил балоға, Лутфу карам шиор эт, хўй айлама жафоға, Оромижон ннгорим, сарвиравон ннгорим. Гулгун узоринг узра чиқмиш хатти зумуррад, Бу хат била бўлуб сен ҳусн аҳлиға саромад, Гўё санга бўлубдур шамсу қамар обо жадд, Мундин зиёд этарга васфингни йўқ манга ҳад, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим. Қаддинг хаёли тушгач хотирға, эй суманбар, Эрмас назарға манзур шамшод ила санавбар, Бўлмас эса муяссар ул кокили муанбар, Тутғойму ўрнин онинг райҳону сунбулу тар, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим. Қил ҳолима тараҳҳум, эй соқийи дилоро, Солди сипоҳи ишқинг жон кишвариға яғмо, Мани зор бедилингға лутф айлагил нигоро, Қолмади фурқатингда сабру қарорим асло, Оромижон нигорим, сарвиравон ннгорим. Меҳри камардек олиб тожу камарни пинҳон, Охир бошу белига зийнат етурди ул жон, Қилсанг муни тафаккур, эй шоири сухандон, Бир шўхи дилрабонинг исми бўлур намоён, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим. Бўстонда базм этарга жам’ ўлсалар санамлар, Ул базм ичида Феруз ўлсун десанг суханвар, Ўз илкинг ила тутғил бир лоларанг соғар, Юз нозу ишва бирла кирганда боға дилбар, Оромижон нигорим, сарвиравон нигорим. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ко%E2%80%98rmak_тилаб_юзунгни%2C_эй_шо%E2%80%98x_гулузорим.... Downloaded from uzbekai.com.