Ёрдин нечук узай уммид — зор этган билан... Муҳаййир Ёрдин нечук узай уммид — зор этган билан. Васл уммидига йиллар интизор этган билан. Эй фалак, ором олурмусан ул ойни кўйида, Бир неча ошиқни бесабру қарор этган билан. Эй кўзум ёши, югурмоқдин дами тинғаймудинг, Сирри ишқим эл ичинда ошкор этган билан. Хотири покингға етгайму малолат, эй пари, Байтул-аҳзоним сари гоҳи гузор этган билан. Монии васл ўлмағай, эй шўх, даврон боғида, Сизни гул янглиғ қилиб, ҳақ бизни хор этган билан. Соқиё, даврингда ғамгинман, дилим топмас фараҳ, Бир-ики жоминг билан рафъи хумор этган билан. Бу Муҳаййир даргаҳингда топса, эй шўх, эътибор, Ғам емасдур даҳр эли беэътибор этган билан. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ёрдин_нечук_узай_уммид_%E2%80%94_зор_этган_билан.... Downloaded from uzbekai.com.