Не тараф азм айласам олдимда истиқбол ғам... Мужрим-Обид Не тараф азм айласам олдимда истиқбол ғам, Боқмай ўтсам ҳам келур, соя каби дунбол ғам. Кеча ҳамболину кундуз ҳамдами ёри сафар, Ҳар қаён борсам анисим мунча моҳу сол ғам. Эй масиҳим бир замон бошимға еткургил қадам, Ўлгали еттим, манга кўргузди бу аҳвол ғам. Эй хуш ўл ринди хароботики бир соғар била, Осмон емрулса келмас кўнглига мисқол ғам. Ҳамдилиллаҳ, ишқ аро соҳиб ривожи даҳр ман, Дард бахту толеим идбордур, иқбол ғам. Соқиё, май берки тавба эшикин масдуд этай, Тобакай қилсун мани маҳжурни помол ғам. Гоҳи Обидлиғ отим бирла қилиб кўнглимни шод, Гоҳи Мужрим деб ёзиб, ўзимга ҳасби ҳол ғам. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Не_тараф_азм_айласам_олдимда_истиқбол_г%E2%80%98am.... Downloaded from uzbekai.com.