Охир ул бедодгар қасди мени жонимдадур... Мужрим-Обид Охир ул бедодгар қасди мени жонимдадур, Ёки, тиғин тез этарга муддао қонимдадур. Кўчинг эй мардумки бир тун бўлмағайсиз ғарқи хун, Мунча селоби балоким чашми гирёнимдадур. Эрга тушган шуъласига тоқати наззора йўқ, Ул ҳароратким манинг хуршеди тобонимдадур. Соғинурман кош Мажнун бўлса эрди улфатим, Ҳурматим тутмас хирад аҳлики, давронимдадур. Хоҳ сотсун, хоҳ қўйсун, хоҳ озод айласун, Бандаи фармонидурман ҳукм султонимдадур. Ҳар кима дарду алам даркор, келсун манда бор, Чуғзи олий ҳимматам, бу ганж вайронимдадур. Кўнглум афгор ўлғанин андин халойиқ фаҳм этар, Ким хароши доғ кашфи оҳу афғонимдадур. Тифллар девонадур деб, олдилар тегра тўшим, Неча тифли ашк кўрким ёна мижгонимдадур. Эсдин озғон, телба бўлғон, чарх урғон, бағри доғ, Халқ ҳар тил била йод айлар менинг шонимдадур. Ҳар ким ўз ҳолиға олам ёна ўз нафсиға банд, Ҳеч ким билмас на ҳасратлар менинг жонимдадур. Тил шикоятға туриб, ўз ҳолима солмай назар, Нафсима боқсамки, ул ҳам банди нуқсонимдадур. Мужрим англаб халқи олам кўрдилар кўзга ҳақир, Билмадилар хосиятлар банду зиндонимдадур. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Охир_ул_бедодгар_қасди_мени_жонимдадур.... Downloaded from uzbekai.com.