Мунавварқори Абдурашидхон ўғли Мунавварқори Абдурашидхон ўғли Бизда ҳамият Ҳаво қиш ўлдиғиндан ғоят совуқ эди.Кўчалар билчираб битған, бутун атрофни балчиқлар ифлос қилиб ташлаған эди. Шул балчиқларнинг ўртасиндан, балчиқларға ботған, кийимлари йиртилған, икки кўзи нобажо бир етим бола қўлида асо ушлаб келмоқда эди. Лекин бу етим болани кўрған инсон ҳар қандай ҳамиятсиз бўлса ҳам раҳми келур эди. Мени ёнимдағи зиёлилар «назар-диққатларина жалб этдирдилар». У етим бола бизларға яқин келди-да, шул ерда одамлар борлиғини билмиш каби қарамакға бошлаб бизларға қарши маъюслик бирлан шундай деди: — Тақсирлар, менға шафқат этиб бир оз маованат қилинғизлар! — дедиғи бирлан ман ёнимдағи зиёлиларни бир нарса бермакларини таклиф этдим. Маним бу таклифим А. афандиға ўхшамадиғиндан манға таҳқир назари бирлан бир қараб олдиғиндан сўнғра бу етим болаға қараб шўйла дедилар: — Сен ёшсан. Куч ва қувватинг бор, ўқи, мардикор ишла, андин сўнгра пул топилур, — деб қатъий сўзламишдилар. Заволли бола йиғлаб ёлинғон товуш бирлан: — Ўргулай почча, ўқий десам кўзларим кўр, мардикор ишламак мумкин эмас, балчикдардан юролмайман, қорним оч, таом еғани қудратим етмайди. … нима қилай? — дедиғи аснода А. афанди ғоятда шиддатли этиб шундай дедилар: — Овруполиклар кўр, қулоқсиз кар ва ҳоказо ўқумоғи мумкин бўлмағон инсонларға махсус этиб мактаблар очғонлар ва у мактаблардан кўр, карлардан ўқуб чиқғон ин-сонларнинг ҳад ва ҳисоби йўқ, сан ҳам шундоғ мактабда ўқи. Шундоғ деб эрдилар, зиёлилар қаҳқаҳа этиб кулуб юбордилар. Ман ҳам шу сўзларни сўзладим: — Сиз бу сўзларингизни қайси ерда сўзларсиз? Берлиндами ва ё Лундундами, ўзингизни зан этурсиз… ақлингиз қайси ерда? — деб эрдимки, А. афандининг чеҳралари буришиб, ачиғлари бирлан манға қараб: — Сан ёшсан, ҳали санға гап тушғани йўқ, — деб эрдилар, ман жавобан: —Афандим? Бу вақтда ёшға қарамайди, ҳар бир киши фикр, акд, зеҳн, хизмат, ҳамиятға қараб қолғондир. Зиёлилар ҳам А. афандининг сўзларина ғоят даража мукаддир бўлдилар. Вужудлари титрамакға бошлади. Мани ҳам ҳамиятим қайнай бошлади ва зиёлиларға қарши: — Ажабо! Бизлар ўн-ўн беш киши иттифоқ этиб, шу етим болани тарбия қилсак бўлмайдими? — дедигим вақтда Н. ва Й. афандилар масрур бўлиб қабул этған каби бошларини қимилдотдилар-да, сўнгра шуни илова этдилар: — Сўзладиғинғиз тўғри, аммо А. афанди келсунлар, сўнгра музокара этамиз. Бу сўзларина қарши А. афанди ғоят ваҳшиёна бир назар бирлан: — Сизлар ўзинғизни зиёлиман дейсизлар, аммо … қилғон ишларинғиз ҳеч бири зиёлиларнинг ишлариға ўхшамайди? Фақир А. афандининг бу сўзларина ғоят даража хафа бўлиб, шундоғ дедим: — Демак, сизнинг занинғизча, зиёли бўлмак учун ҳамият-сиз, раҳимсиз ўлмак лозимдирми?.. Агарда зиёли бўлмак учун шу шарт лозим эса, балки, сизни зиёли ўлмоқинғиз лозимдир. Бизнинг занимизға зиёли ўлмак ғоят мушкул бир нарсадир. Зиёли Миллат, Ватан нима эдиғини билур ва зиёли миллат учун жонини, молини фидо этар ва мил-латнинг тараққийси учун доимо ҳаракат этар. Вақти келғанда, миллат учун ўзини ҳалокат вартасина ташламакға муҳайё бўлур. Сизнинг билмағинғиз лозимдирки, бизнинг миллатимизға садо ва сўз бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозим эмас. Балки, хизмати, ҳаракати, ёрдами ва ҳиммати бирлан зиёли номини олғон инсонлар лозимдир. Иўқ эса, «Миллат», «Ватан», «Маданият» — шунға ўхшаш сўзларни билмак билан инсон зиёли бўлмайдир. Агарда шунларнинг маънисини сўрар эсам, балки билмасангиз деб эрдим, А. афанди ғоятда хафа бўлиб, биздан ажралдилар. Биз ҳам буни кўриб, кулиб қолдук. Бирда қарасам заволли бола бир деворға суянмиш ётиюр. — Сан ҳозирча бориб тур. Эрта ва ё бириси кун кел. Ул вақтда сани ўз ёнимизда тарбия этамиз! — Раҳмат, раҳмат, Худо хайр берсун, — деб кетди. Бизлар ҳам иттифоқ бирлан ҳар биримиз ҳар тарафға, А. афандини ҳолиға таассуф этуб тарқалдук. Муҳаррам Бизни жаҳолат — жаҳли мураккаб Ҳар миллатнинг мактаб ва мадрасаси ўлдиғи каби, бизни ҳам мактаб-мадрасаларимиз гарчи бенизом ва беусул ўлса ҳам, йўқ демак даражада оз эмас. Ҳар миллат авлодини тарбиялаш ва таълими улумда кўрсатган ҳиммат ва ғайрати каби бизларда ҳам ўз маъсум авлодларини жаҳолат ва ғафлат зулматида қолмоқиға ҳеч бир ризолари ўлмай, қўлларидан келганча таълим ва тарбияти авлодда қусурлик кўрсатмакчи зотлар мавжуддирлар. Ва лекин дунёға нима учун келгонини билмай, илм ва маорифға асло рағбат қилмай, жонидин ширин болаларини кўча-бакўча кездириб, бечора маъсумнинг азиз умрини жаҳолат оташина ёндирғувчи беҳамият ва бедиёнат оталар ҳам орамизда оз эмасдур. Кўп диндошларимизни кўрармизки, ўз фарзандларини асло мактабға бермай орқаларидин эргаштириб, руслар эшигида ўзлари каби хизматчиликка ўргатиб, дунё ва охиратнинг саодати ўлғон илм ва маорифдин маҳрум қўймоқдин ҳеч бир ибо қилмаслар. Баъзи азизларимиз бордурки, ўғлини қўлидин тутиб мактабга олиб борур. Муаллимдан толиб қилурға: «Тақсир, шу ўғлимни гўшти сизники, устихони бизники, бир илож қилиб, тезлик ила нақд ва насия ёзмоқни ўргатиб берурсиз», дер. «Эшагига яраша тушови» деган ўзбек мақолича, муаллимлар ҳам аксарлари қонуни таълим-тарбиядин бутун-бутун бехабар кишилар ўлуб, балки ўқув ва ёзувни ҳам лозиминча билмасликлари важҳидан бечора маъсумаларни истеъдоди зотиясиға наззора икки йил зарифида жами’ лавозумоти динияни билдирмоқ мумкин ўлғон ҳолда, тўрт-беш йилғача ҳижжа усули бирла дунё ва охиратга фойдаси бўлмағон Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз ва Бедил каби мушкул манзума китобларға умри азизини барбод этарлар. Эй ватандошлар! Диққат назари ила боқинг! Бир болани мактабға бермакдан мақсуди вожибот диниямиз ўлғон илми қироат, масоили эътиқодия, фарз, вожиб, суннат мустаҳаб, ҳаром, макруҳ, намоз ва рўза, ҳаж ва закотларни ҳам заруроти дунявиямиз ўлғон илми ҳисоб, жуғрофия, таворих, хусусан, «Тарихи Ислом» каби фойдалик илмларни билдурмоқ ўлғон ҳолда жоҳил домлаларнинг «таълими фалоний, қоши қаро, қаро кўзи, қаро юзи, оҳ, сўзи ширин», деб болаларни фасод ахлоқиға биринчи сабаб ўладурғон манзума китоблар ўлмиш. Бу хусусда отада айб йўқ, чунки бу бечорани эътиқодида болани ўқутмоқ ёлғиз нақд ва насия ёздурмоқдин иборатдур. Муаллимда ҳам айб йўқ, чунки бу зикр қилинғон улуми зарурияларни бечора муаллимнинг ўзи билмас, балки баъзиларини исмини ҳам эшитган эмас. Бечора на қилсун? Ночор, бефойда бўлса ҳам мактабларда болаларга ўқитгудек булардан бошқа бир китоб топилмағон замонларда ўзи ўқиб, билган китоблари шу китоблар ўлдиғи чун эски ўрунларда эски тушларин кўрмакдадурлар. Мани сўзимдан Фузулий, Навоий, Хўжа Ҳофиз, Бедиллар каби улуғ зотларни таҳқир қилди, деб гумон қилинмасун. Чунки мани ғаразим бу китобларни зотан бефойда демак эмас, балки ёш болаларға бу китобларнинг таълими бефойда, демакдир. Мисола бир болага Фузулий ўрнига илми қироат, Навоий ўрнига масоили эътиқодия, Хўжа Ҳофиз жойига масоили амалиёт, Бедил бадалиға илми ҳисоб ўқитилса, дин ва дунёси учун қанча фойдалар ҳосил қилиб, мусулмон ўлур. Билъакс, бу китобларнинг ўзи ўқитулғон ҳолда бу фойдалардин маҳрум қолиб, балки фасод ахлоққа мубтало ўлмоғи ҳам эҳтимолдир. Чунки бу китобларни тасниф қилғон зотлар Оллоҳ таолийға қурбат пайдо қилғон кишилар ўлғонлари учун айтган сўзларининг зоҳири шариатга мухолиф ўлса ҳам, ҳақиқати мувофиқдир. Чунончи мавлоно Фузулий дерки, фард: Санамлар саждасидур бизда тоат тангри-чун, зоҳид, Киши кўрсанг сен, ўз динингда таклифи намоз айла. Ёки Хўблар меҳроби абрўсина майл этмаз фақиҳ, Ўлса кофирдур, мусулмонлар, анго қилманг намоз. Мавлоно Ҳофиз дерки: Май нўшки, умри жовидоний ин аст, Кайфияти рўзгори фоний ин аст. Ҳангоми гулу, лолау ёрон сармаст, Хушбош, дамеки, зиндагоний ин аст. Бу каби сўзларнинг зоҳирий мухолифи китоб, суннат бўлса ҳам, ҳақиқати бир бошқадир. Аммо ёш болалар, шубҳа йўқдурки, буни ҳақиқатда билмаслар. Балки ўқитган муаллимлари ҳам билмаслар. Ночор зоҳири ила амал қилиб, фасод ахлоқға мубтало бўлмоқ хавфи бордур. Баъзи жуҳало дермишки, бу тартиб ҳазрат Имоми Аъзамнинг тартиблари, буни бузаман деган кишининг ўзи бузулур. Ажабо, бу каби жаҳолат ҳам бўлурми? Бу жаҳли мураккаб эмасму? Чунки бу жоҳиллар ҳазрат Имоми Аъзамнинг умрларида бу китоблардин ҳеч бир асар ўлмағонини билмаслар. Билмаганларини ҳам билмаслар. Қачон ул жанобнинг замонларида Фузулий ё Бедил, ё Хўжа Ҳофиз, ё Навоий бор эди? Қачон ул жаноб бу китоблардин болаларга таълим бердилар. Ул жаноб каби зотнинг ҳақлариға бу каби бўлғон ифтиро, туҳмат қилғон жоҳилни inshoolloh ўзи билур. Баъзи нодонлар дермишки, шу китобларни ўқимагунча болаларнинг саводи чиқмас. Бу ҳам эътиқоди фосид ва даъвойи бедалилдур. Чунки бу эътиқод дуруст бўлса эди, Туркистон вилоятидин бошқа вилоятларда ҳеч кимнинг саводи ўлмас эди. Ваҳолонки, бошқа вилоятларда хат билмайдургон киши юздан ўн бўлса, Туркистон вилоятида юздан тўқсондир. Мундин ҳам маълум ўлурки, савод чиқмақ бу китобларни ўқумоққа муваққуф эмас, балки бу китоблар ғоят қийинликидин болаларни бесавод қолмоғиға ҳам сабаб ўлур. Чунки бу китоблар ўқилодурғон мактабларда эллик боладин ўн бола тўрт-беш йилда базўр ушбу китобларнинг ўзинигина хатини тануб чиқур. Бошқа китобларни яна дуруст билмас. Аммо бу китоблар ўқилмайдурғон жадид мактабларида икки йил ичида эллик болани қирқ тўққизи балки ҳаммаси алассавия неча хил илмлардан имтиҳон бериб чиқар. Боз бу китобларни ҳам билур. Хайр, дурустроқ ҳам билмасун? Лекин, билмагони бирла бу боланинг на дунёсиға ва на охиратиға ҳеч бир зарари йўқ. Чунки бу китобларнинг ўзини дунё ва охиратға ҳеч бир фойдаси йўқ. Балки зарарининг эҳтимоли болада зикр қилинди. Хайр, келайлик садади каломғаки, ўғлини мактабга бермакдин мақсади нақд ва насия ёздурмоқ ўлғон жоҳил отанинг ўғлиға қилғон муаллим бечоранинг тарбияти, чеккан машаққатини ва маъсум бечораға мактабда берган кулфатини ёзиб битирмак мумкин эмасдир. Кўргуси ва билгуси келган киши бизнинг Тошканд мактабларининг бирига кириб, икки соат истиқомат қилсун. Шунча демак мумкиндирки, муаллим афанди қўлида зўр бир таёқ, қайси боланинг боши ҳаракатдин қолса, ушбу таёқ шу боланинг бошида ўлур. Аммо ўқуғон-ўқумағони ила ҳеч кимнинг иши йўқ. Бошини қимирлатиб ўлтирса кифоя қилур. Ҳаттоки, ўтган йилларда бу тариқа золим муаллимларнинг таёқи остида вафот қилмоқ ҳам воқе’ ўлди. Бу тариқа золим ва бадхулқ, жоҳил муаллимларнинг тарбиясида ўсган болалардин нима умид қилмоқ керак? Фасоди ахлоқдин бошқа бир иш ўрганмас. Жоҳил оталарни умид этдуклари нақд ва насия ёзмоқ ҳам танҳо ўндан бир, йигирмадан бир болага ҳосил ўлуб, бошқалари эса «мактабда ўқумоқ, игна ила чоҳ қазимоқдан ҳам қийин (мушкул) экан», дея-дея қочар-кетар. Бунга сабаб муаллимнинг бадхулқлиги, мактабнинг бенизомлиги ўлур. Агар бизларнинг мактабларимиз бошқа миллатлар мактаблари каби бир низомға қўйилиб, яхши муаллимлик вазифасини лозиминча адо қилурлик кишилардин муаллимлар тайин қилинса эди, маъсум авлодларимизнинг руҳини ҳаётиға, дунё ва охиратининг саодатиға биринчи сабаб ўладурғон илм ва маорифдин бу даражада маҳрум ўлмакиға сабаб бўлмас эдук. Эй қардошлар, вой миллатдошлар!!! Кўзимиз ғафлат уйқусидин очиб, атрофимизға назар солмакимиз лозимдир. Ҳар миллат ўз саодат ҳол ва истиқболини муҳофазатиға биринчи восита илм ўлмакиға қаноат ҳосил қилиб, илм ва маорифға ортиқ даражада кўшиш қилган бу замонда бизлар бу ғафлат ва жаҳолатимизда давом этсак, истиқболимиз ниҳоятда хавфлик ўлуб ҳамма оламга масхара ва кулгу ўлмоғимизда ҳеч шубҳа йўқдир. Балки, бу жаҳолат зулматида саодати ухравиядин ҳам маҳрум қолмоқ хавфлидир. Бу жаҳолат натижасидурки, ўзимиз ерлик мусулмонлардан ўлдиғимиз ҳолда мусофир рус ва яҳудийлар эшигида мардикор ва хизматчи ўлдук. Бу жаҳолат хоҳишидурки, миллат фойдаси учун жонин қурбон қилмоққа лойиқ арслон каби йигитларимиз бутун миллатни ёдларидин чиқориб, истеъдод ва ғайратларини чойхона ва пивахоналарға сарф этмакдадурлар. Жамиятлар қандай очилур Маориф ва маданият боғчасининг биринчи дарвозаси мактабдир. Ер юзиндаги маорифли миллатларнинг ҳар бирлари маданият боғчасина шул дарвозадангина кирмишлар, яъни маориф ва маданият йўлина сафар проғроми ясалганда, биринчи моддасини шул «Мактаб очмак» масаласини қўймишлар. Ишларини шул «мактаб»дангина бошлайлар. Мактаб очуб, билфеъл иш бошлагонларидин сўнгра ҳар тарафдин турли-турли нуқсонлар ва эҳтиёжлар кўрила бошламишдир. Мактабни очуб қўя қолғон ила иш битмаслиги, балки анинг фарқи ва давоми учун моддий ва маънавий ёрдам ва маъованатлар, ғайрат ва ҳимматлар лозим эконлиги онглашилмишдир. Бунинг учун энг яхши чора ўлароқ «Жамият»ни тузмишлар. Ya’ни расмий бир қонун доирасинда халқтсан иона йиғиб, очилмиш ва очиладурғон мактаб ва дорулулумларнинг нуқсон ва эҳтиёжларин енгиллик ила ислоҳ қилмоқ ва адо қилмоқ усулини ижод этмишлар. Бора-бора бу «Жамият» шул қадар тараққий қилмиш ва раҳмат касб этмишки, маданий миллатларнинг бутун тараққиёти диния ва эҳтиёжиёти миллиялари учун энг ишончли суянчиқ ва муттакои эттеҳоз ўлинмиш ва уларда маданият нарвонининг биринчи босқичи мактаб, иккинчиси жамият экон, ҳозир кўп ерларда мактабни иккинчиликка қолдируб, биринчи босқичлик номи муқаддасасини жамият ўзина олмишдир. Маориф ва маданият йўлина янги қадам қўя бошлағон Туркистон мусулмонлари ҳам, табиий, шул босқичларни босмакка ва шул дарвозалардан кирмакка мажбурдурлар. Биноаналайҳ ҳозирда бизим Туркистон тараққийпарварони кўброқ шул мактаб ва жамият атрофида айланмакдалар. Лекин бу мактаб жамиятларни очмак учун қандай тадбирлар лозим? Ҳукуматдан қайси йўл ила ижозат олинур? Қандай устав ва проғрамлар ила очмак фойдали бўлур? Мана бу хусусларда идорадан йўл ва машваратлар сўраб мактуб ёзурлар. Бундай мактаблар ниҳоятда кўб бўлғонлиғи учун ҳар бирина айрим-айрим жавоб ёзуб ўлтирмак идора учун ҳийли мушкуллик бўладур. Тараққийи миллат ва маориф учун бундан фойдали ишларға ташаббус қила бошлағон зотларга ташаккур этмак ила баробар сўраган саволларининг жавобини хусусий мактуб ила бераолмағонимиз учун афуларини рижо қилурмиз. Ва жамият очмак хусусидаги саволларина жавобан ушбу мақолани такдим қиламиз: ҳозирда Тошканд, Ўренбурғ, Қозон, Боку, Боғчасарой каби мусулмони кўб бўлғон шаҳарларнинг ҳар бирида мусулмон жамиятлари бор. Бир ерда жамият очмоқчи бўлғон кишиларға аввало шул шаҳарлардағи жарида идораларина ёхуд машҳурроқ кишиларға мактуб ёзуб, жамият қонунномасини, яъни уставини сўрамак лозим. Мактуб олғон зотлар ҳам бундай фойдали илтимосни аҳамиятсиз қолдурмасдан, уставни топуб юборадурлар. Мана бу уставлардан бир нечасини қўлға киритгандан сўнгра беш-олти киши бир ерда ўтуруб, шул уставларни ўқуб чиқурлар. Машварат қилишуб, шунлардан бирини айнан ёхуд бир оз ислоҳ ила қабул қилурлар. Ёхуд бунлардан интиҳоб қилуб, янги бир устав ясарлар. Жамиятға муносиб бир исм топуб қўюрлар. Устав сайламоқ ёхуд интиҳоб қилмак қайси моддаларини нима учун киритилганлигини аҳли мажлисға яхшилаб тушундирмак учун мажлисда замондан ва илми ҳуқуқдан, ҳеч бўлмағонда, жамият ишларидан хабардорроқбир кишининг вужуди (иштироки) лозимдир. Устав ясолуб, тамом бўлғондан сўнгра: «Ушбу аризамиз баробаринда топширилмиш қонун доирасинда бир жамият очмакка рухсат берсонгиз экон», мазмунида бир ариза ёздируб, лоақал беш кишидан устав ҳам аризани имзолатиб, военний губернатўрға топширилур. Ушбу ариза ва уставға қўл қўйған кишилар жамиятнинг муассислари деб аталурлар. Ҳукуматнинг рухсат бермоғи осонроқ бўлсун учун уставнинг кўб кенгайиб кетмаслиги ҳамда муассисларнинг ҳукумат қошида эътиборлироқ кишилардан бўлмоқлари яхшироқдур. Бундай кишилар топилмоғон такдирда, суд ҳукми ила айбланмоғон ва ҳукумат қошида сиёсий жиҳатдан шубҳали саналмағон ҳар бир кишининг муассисликка киришмоғи мумкиндир. Ариза берилғондан сўнгра муассисларни тафтиш ва исправка қилуб кўрмак учун аризалари палиса идорасина топширилур. Бу вақтда, эҳтимолки, баъзи билмағон кишилар тарафидан қўрқитувлар ҳам воқе’ ўлур. Жамиятга ижозат сўрамак мухолифи низом бир иш ўлмай, халқ учун ҳам, ҳукумат учун ҳам фойдали бир иш бўлғонлиғи учун бунда қўрқиш ва қўрқутишларға сабаб бўладурғон ҳеч бир нарса йўқдур. Биноаналайҳ ҳеч бир қўрқмасдан, чарчамасдан, бу ишнинг орқасидан юрмак лозим. Агарда бирор сабаб ила биринчи мартабада тасдиқ қилмасдан рад қилинса, они тузотиб, иккинчи мартаба, иккинчи мартаба рад қилинса, учинчи мартаба мурожаат қилмакка аввалдан жазм ва қарор беруб қўймак керак. Агарда масъул муассислар орасинда бу ишнинг орқасиндан юрурға лойиқ кишилар бўлмаса, ёнларина бир адвокат ёллаб, шунинг воситаси ила юрутулса, яна енгилроқ бўлур. Жамиятға рухсат берилғондан сўнгра, аввало, масъуллар йиғилишиб, ўз оралариндан бир садрнишин, бир саркотиб ва бир хазиначи сайларлар. Қолғонлари идора аъзоси ҳисоб ўлинурлар. Бу кундан эътиборан жамиятнинг ҳақиқий хизмати бошланур. Пул топмак, аъзо кўпайтирмак ва қонун доирасида жамият воситасила манфаати умумияға хизмат қилмак каби улуғ ҳиммат, ғайрат ва фидокорликларға навбат келур. Фақат иш бу даражаға етганда, муассис ёнина бир неча ўзлари каби фидокор миллат ходимлари тўпланғон бўлиб, мақсудларина оҳиста-оҳиста етуша бошлайлар. Ишда миллий бир жамиятни вужудға чиқармак учун керак ўлан йўл, тартиб ва тадбирлар шундан иборатдур. Мақбул қурбонлар Бутун дунёдаги ҳурриятчилар орасида бир сўз бор: «Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмас, фақат қон ва қурбон илагина олуб бўлур». Мана бу жумлалар ҳақиқатга шул қадар мувофиқдурки, ҳазрати Одамдан шул вақтгача ҳеч бир давлат ва мамлакатда ҳурриятнинг берилгани, қон ва қурбонсиз берилгани тарихларда кўрилмайдур. Балки, ҳар замон ва ерда ҳуррият берилмаган, олинган ҳам кўп қон ва қурбонлар баробаринагина олинган. Бизнинг Руссияда ҳам ҳозирги ҳуррият 1772 йил (Пугачёв ихтилоли) дан давом этуб келган тортишувлар, тўкилган қонлар, берилган қурбонлар баробаринагина олинди. Ушбу 145 йил ичинда Русияда ҳуррият учун мингларча олимларнинг баданлари турма ва зиндонларда чуриди. Мингларча файласуфлар қўл ва оёқлари боғланган ҳолда Сибирия саҳроларида умр ўтказдилар. Мингларча доҳийлар азиз ватанларидан айрилиб, чет мамлакатларда қочиб юрмакка мажбур бўлдилар. Мингларча қаҳрамонлар кўкракларин ўққа, бўйинларин дор арқонларина қурбон этдилар. Мингларча гуноҳсиз мазлумлар ва мазлумалар ўзларининг маъсум қонлари ила ер юзини лолазор этдилар. Лекин ҳуррият учун кўрилган шундай жабр ва жафолар, тўкилган қонлар ва берилган қурбонлар жаноб Ҳақ даргоҳида шул кунгача қабул бўлмаған тусли ҳуррият йўлида кўрилган бутун плонлар емирилиб келди. Ҳурриятчиларни тутмоқ, қамамоқ, осмоқ, кесмоқ ҳозиргача давом этди. Бутун Русияда ҳуррият учун қилинган саъй ва ҳаракат, тўкилган қон ва берилган қурбонларга энг оз қўшилғон ва ҳуррият йўлида энг оз зарар кўрган бир миллат бор эса, ул ҳам ёлғиз Туркистон мусулмонлари эди. Эски ҳукуматнинг 1916 йил 25 июнь фармони хоинона ва золимонаси (Туркистонда ҳарбий мардикор олмоқ фармони) Туркистон мусулмонларининг ҳам кўзларин очуб, билмажбур ҳурриятчилар қаторина киритди. Зотан, аввал фармон шундай ҳикматсиз, мантиқсиз ва нодонлик ила берилғон эдики, телеғромни ўқигон ҳар бир киши ҳеч ўйламасдан: «Бу фармон Туркистон мусулмонларини ҳукуматға қарши оёқландуруб, қирмак ва ерларини қочоқларға бермак учун махсус чиқорилғон интибоҳнома», — деб ҳукм қилмоққа мажбур эди. Чунки аввал фармонда на халқни ҳозирламоқ йўллари бор ва на мардикорликни неча ададлиги бор ва на муҳлат бор? Фақат «Фронт орқасидаги хизматлар учун Туркистон, Сибирия ва Қофқоз инонародетсларидан 19 дан 31 ёшгача бўлган эр кишиларни чақираман», деган қисқача сўздан иборат бўлган ул фармоннинг ҳозиргача аскарий хизмат хаёлларина ҳам келмаган бир халқ орасида қандай ҳаяжон туғдирмоғи ишлар бошидағи кишиларға, албатта, маълум бўлса керак эди. Тўсатдан чиқарилғон бундай оғир фармон ёлғиз инсонларнигина эмас, ҳайвонларни ҳаракатга, қаршуликка мажбур этмоғи табиий эди. Шуни билиб туриб аввал фармонни истисносиз, шарҳсиз, плонсиз бутун Русияга нашр этдилар. Ҳам амалий суратда халққа ҳеч бир тушунтирмасдан, ишга киришдилар. Ишнинг ҳақиқатини билмоқучун маҳкамаларға борған гуноҳсиз мусулмонларни отдилар, тутдилар, алҳосил, Туркистоннинг золим маъмурлари маълум 1916 йил июль фожиасини қўлдан ясаб майдонға чиқардилар. Бу фожиада Тошкандда Калкин, Колесников ва Мочаловлар, Жиззахда Ивановлар, Семиречинский вилоятида, билмайман, тағин кимлар шул қадар «қаҳрамонлиқ» кўрсатдиларки, уйдаги хотун-қиз, бешикдаги болалар, ҳеч нарса қўлидан келмайдурғон чол ва кампирлар, тилсиз ҳайвонлар, жонсиз иморатлар ва моллар ҳеч бири истисносиз суратда отилди, кесилди, ёқилди, ёндурилди. Фақат, баракат берсунга баъзи кишиларнинг саъй-ҳаракатлари соясида Туркистонга генерал Куропаткин, Тевкелев ва Керенскийлар келуб, ишнинг бир оз олдини тўсдилар. Аввалги юқорида исмлари ёзилғон «қаҳрамон»лар шул қадар ғазабға минғон эдиларки, мусулмонларнинг гўштларин кабоб қилиб емак ул «қаҳрамонлар»нинг ошкора ва раъдзабонлари ўлмиш эди. Агарда яна бир ой булар ўз ҳолларина қўйилганда, эҳтимолки, Туркистоннинг кўп шаҳар ва қишлоқлари ҳозирда кишисиз, бўш харобазорлардангина иборат бўлиб қоларди. Алҳосил, Туркистон мусулмонлари зулм панжасининг остида шул қадар эзилдилар ва ҳуррият, ҳуқуқ йўлида шул қадар кўп қурбон бердиларки, бир-икки ой ичида бошқа миллатларнинг 145 йил ичида берган қурбонларига қувлаб етишдилар. Мана бу қурбонлар жаноб Ҳақ даргоҳида энг мақбул қурбонлар бўлди. Чунки бу шаҳидларнинг отилғон, кесилғон, осилғонда тўкилғон ва мазлумларнинг кўзлариндан оққан ёшлари ҳануз қуримағон, ҳуқуматға қаршулик туҳмат ила зиндонларга солинғон мингларча мусулмонларнинг судлари ҳануз тамом бўлмағон, военний судларнинг адолатсиз ҳукмлари ила осилғон шаҳидларнинг баданлари ҳануз чурумағон эдики, жаноби Ҳақ бу зулм ва истибдодларнинг амирларидан тортиб, маъмурлариғача, шоҳларидан тортиб, қоровуллариғача ер билан яксон қилди. 145 йилдан бери тортишиб келғон ҳуррият қаҳрамонлари ишчилар ва аскарлар ила баробар Туркистон мусулмонларини ҳам онларнинг ваҳшиёна зулм ва жабрларидан қутқариб, Ҳуррият, Мусовот ва Адолат замонлар яна бита кўрди: «мақбул қурбонлар». Никоҳ тўғрисида I Жаноб муаллиф ва муҳаррири «Тараққий»дин илтимос қилурманким, никоҳ масаласи хусусида мани бу беш-олти калима сўзимға «Тараққий» саҳифасидан жой берсалар. Қола набиййи саллоллоҳи алайҳи васаллам никоҳ суннати «Фаман рағба ан суннати фолис мани» мазмунича бир оқил ва болиғ кишига тазаввиж, яъни уйланмоқ суннат муаъкадаларини бири бўлмоқиға ҳеч шубҳа йўқдур. Бунга биноан ҳар ким ўз кафуввини топиб, оли қадарал ол тўй-томоша қилиб, имом афандиларимиз фасиҳ ва мавзун иборатлар бирла ақди шаръий қилиб, бир важҳи суннат хутба ўқилиб, қизни куёв қўлиға таслим қилурлар. Хўб яхши, аммо икки-уч моддаи мувассафаси бордурки, анинг фасхига кўшиш қилмоқ уламойи зулеҳтиромларимизға ва ағниёларимизға вожиб даражасида муҳим ва зарурдир. Биринчиси, қалмоқ ва хитой тоифаларидан қолғон бир расми қабиҳадурким, никоҳдан бир кун муқаддам беш-ўн нафар созанда ва жувонларни жам қилиб, неча хил афъоли қабиҳа, ғайримашруълар бирла ўз ёру биродарлариға базм қилиб кўрсатиб, офаринлар уюштирар эдилар. Бу ишни шаръан ҳаромлиғи изҳори минал шамсдир. Аммо авомунносға чинон шойи’ бўлмишдирки, мартабаи истиҳлолдин ўтуб, суннат, балки вожиб даражасиға етубдур. Закот бермоқ бўлғон ҳолда бир бой закот бермаса, ҳеч кимнинг иши йўқ, аммо ўғлини уйлантириб, базм бермаса, авомлар ўртасида маломатга мустаҳиқ бўлур. Иккинчи никоҳ куни келинни куёв ҳовлисиға олиб борурда кўриладиргон бир расми шаниъадурки, бир аробаға келинни солиб, ул аробанинг олдида икки-уч нафар хотунлар беибо чирманда чалиб ва ҳофизлик қилиб бормоқлари. Агарчи куллиятан бўлмаса ҳам аксар жойда кўрилмоқдадур. Бу бадбахтларнинг аврат овозини эшитиб, кўп мусулмонлар гунаҳкор бўлмоқдадур. Учинчи, даллол ва ялочи масаласидурким, муни ҳаромлиғидин зиёда зарарлари ҳам бор. Чунончи бир ҳовлида ялочи ўйнаса, жами’ хотунлар ани атрофида туруб ўртаға маъжусий оташпарастлардек оташ ёқурлар, баъзи жойларда ул бадкирдорларнинг ўйинини эркаклар ҳам бир тарафда туруб томошо қилурлар ва баъзи нодонлар қўллариға танга олиб ўюнчисини чоқириб, бир аъло фоҳишабозлик қилурлар. Буларнинг бу ишларини бўлак мастура хотунлар кўриб турурлар. Мазкур эркакларнинг бир кўзлари ўюнчида бўлса ҳам, бир кўзлари бошқа хотунларда бўлур, ҳосили калом, тоқати исломиятдан хориж бир хилоф шаръидурки, буни шафеъи ва давоми аҳолии исломни ғайрат ва ҳамиятдин бутун-бутун жудо қилур. Бас, бу афъоли қабойиҳларни фасхига уламолар кўшиш қилмасалар, бу ишларни шаръан жоиз эконлиғини авомунносға билдурмасалар, авомуннос бул хилофи шаръий ишларни истиҳлол ва истиҳфонида мудовомат қилсалар керак ва бул эътиқод фосидалари бора-бора уламоларға ҳам таъсир қилса, бул хилофи шаръиларда авомунносға мутобаат қилсалар керак, балки мутобаатлари ҳам кўринмакдадир. Ҳаттоки баъзи аҳли илмлар бу ишларни жавозият ва шаръилигини таважжуҳ қилмоқдадурлар. Yo раб, мундай фасо ахлоқ ва мундай беҳамиятликдурки, шундай хилофи шаръиларни манъиға эллик-олтмиш минг мусулмондин бир ғайрат соҳиби топилмас. II Ҳар беша гумон мубарки холист, шоядки паланг хуфта бошад. Мазмунича: ғайрат ва ҳамият соҳиблари алҳамдулиллоҳ мавжуддурлар. Чунки бундин муқаддам базм ва ялочилар ҳақида ёзғон мақоламизни «Тараққий» саҳифасида ўқуғон кишилар хаттики муҳофизи шаръийи шариф бўлғон қозийи исломимиз бул тўғрида изҳори мамнуният қилдилар. Баъзи маҳаллаларда ижтимў бўлиб, ҳар ким тўйида бачча ва ялочи ўйнатса, маҳаллаға қўшилмасун ва аралашмасун деб фотиҳа ўқуғонлари эшитилди. Бул жанобларнинг амсоллари кўпаймоғини самим бирла вожибул вужуддин тилаб ва истидў қилиб дермизки, бораколлоҳ, яшосун ғайрат, яшосун ҳамият, олами исломият. Бул тариқа хилофи шаръиларни манъиға энг аввал ғайрат қилғон жанобларни табрик ва таҳсин қилиб, бошқа маҳаллаларнинг ҳам бул жанобларға лоҳақ бўлмоқларини илтижо қилурмиз. Аммо фуқароларни соҳиби ғайратлари «паланг хуфта» манзалласидадурларки, «паланг хуфта»ни қуввати ҳеч ерга етмас. Мисола, бир маҳалла имоми ё элликбошиси бош бўлиб ман’ қилсалар, иккинчи маҳаллаға таъсир қилмас, иккинчи маҳаллаға таъсир қилса, учинчи маҳаллаға йўл топилмас ва бул хилофи шаръилар чунон шойи’ бўлмишдирки, баъзи беҳамиятлар маҳаллаға қўшилмасликға рози бўлиб, базм ва ялочини таркиға рози бўлмас, чунки ота-боболаридин қолғон расм эмиш, бас, бул расми қабиҳаларни ман’ ва фасхи уламойи зулеҳтиром ва қуззоти ислом ва ҳукуматдорон некномларимизға лозимдурки, бул жаноблар ҳар бир ижтимўларида иттифоқ қилиб, фалон ва фалон ишларни мухолифи шаръиййи шариф бўлгон важҳидин ман’ қилдук ва ҳар ким қилса фалон жазоға мустаҳиқ бўлур, деб ҳукм қилмоқлари бирла бул хилофи шаръилар бутун орамиздин кўтарилиб ва бул ишларни сабаби бирла дунйўи ва охиратда сазовори охири азим бўлмокларида шаръан ва ақлан ҳеч шубҳа йўқдир. Яҳудийлар забиҳни ман қилмоқ тўғрисида қилғон ҳамият ва жасоратлари бутун Туркистон мамлакатиға таъсир қилғондек буни ҳам таъсири бутун Туркистон мамлакатиға хусусан, Фарғона музофотлариға таъсири маълумимиздур. «Хайрун нос ман янфаън нос» — ҳадиси шариф маолинча, сифоти хайруннослик бирла мутассиф бўлмоқларида ҳам шак йўқдир. Зероки, бул ишларни ман қилмоқ — мусулмонларни дин ва дунёлариға фойда еткурмакдур. Дунёлариға фойда шулки, бул хилофи шаръиларини сабабидин охиратда тортадурғон дўзах азобларидин холос бўлурлар, дунёлариға фойда шулки, бачча ва ялочини бир кечалик муздиға берадурғон ўттуз-қирқ сўмлари ўз киссаларининг манфаатиға қолур. Ҳамадин бул моддаси ажаброқдурки, мухолифи шариат ва бидъат бўлғон бадбахт ва баччаларни муздлари ўттиз сўм, қирқ сўм бўлиб, куёв-келин қўшулмоқларини хилтиға энг амада зарур бўладурғон хутба ўқуғувчи имом афандиларимизни муздлари йигирма тийин ё ўттиз тийин бирла бир ўн тийинлик даструймолдир. Yo раб, мундай бетартиб ва бенизомлик бўлурму. Фарёд аз замонаи бемеҳр каж ҳаром, Хунрези жонистони ғамангез бенизом. III Ўзинг бедор қил, ё раб, бизни бу хоби ғафлатдан, Ҳидоят қил тариқи ҳақ сори роҳи залолатдан. 1905 нчи, 17 нчи октябрда берилмиш манифест, яъни ҳуррият жумла Русия фуқароларини асирлик зиндонидан озод қилиб, ўз ҳуқуқи диния ва дунявияларини талаб қилмоқда ва ўз мамлакатларини ислоҳида ва ўз мактаб ва мадрасалариға тартиб ва низом ижро қилмакда. Ҳурлик, мухторлик ато қилинди ва бул ҳуррият воситаси ва соясида жумла Русия фуқаролари оли алалхусус неча замонлардин бери ҳар гўшада сиқилиб ётқон мусулмонлар қафасдин озод бўлғон қушлардек ҳар тарафға парвоз қилиб, ўз ҳуқуқи миллия ва маолияларини талабида чунон ғайрат ва ҳамият қила бошладиларки, ёлғуз мусулмонлардин Петербурғ шаҳриға юборилган аризалар 500 дин зиёдаға болиғ бўлди. Ҳеч бир шаҳар, вилоят қолмадики, давлат Думасиға мусулмонлар тарафидин вакиллар сайланмоққа маслаҳат ва машварат қилинмағон бўлса ва ҳеч бир вилоят қолмадики, ислоҳи мамлакат ва ижройи аҳкоми шариат хусусида мажлис-мушоваралар қурулмоғон бўлса. Аммо биз Туркистон вилоятининг мусулмонлари ҳануз асирлик зиндонида туфроғ емакдамиз. Жумла вилоятлардин миллати-миллати садолари эшитилмакдадур. Аммо бизнинг вилоятимизда нафси-нафси наволари тараннум этилмакдадир. Ҳаммада изҳори ҳаққоният, бизларда исрори нафсоният, ҳаммада ғайрат ва ҳамият зуҳури, бизларда ихтилоф ва ғафлат ҳузури. Биза нечун иттифоқ ўрниға одати ихтилоф ўлмиш, Магар бизларға рўзи ўлмамиш миллатда ғайратдан. Ҳамманинг мактаб ва мадрасалари мураттиб ва мунзим, бизларға усул ва тартиб макруҳ ва маҳрум, оли алалхусус биз Тошканд мусулмонлариға суннат ўрниға бидъат, уфоқ ўрниға нифоқ, ваъз ва насиҳат ўрниға жанг ва шикоят, ғайрат ва ҳамият ўрниға хавфу ғафлат. Истеъмоли мажлисларимизнинг энг амада заруриётидин ўлмиш ибодат учун бино қилинғон масжидларимизнинг дарвозахонаси шикоятхонаға мубаддал ўлмиш. Ваҳоланки, шикоятни рамлиғида шак ва шубҳа йўқдир. Имомларимизнинг вазифалари қавмлариға ваъз ва насиҳат бирла аҳком шариатни билдируб, ғайри-машру’ ишлардин қайтармоқ бўлғон ҳолда ўз вазифаларини адо қилмоққа тўй ва маърака ахтармоқдин қўллари бўшамас. Агар қавмларини олдиға тушуб тўй ва маъракаға юрмасалар ўшал куни имоматдин маъзул бўлур эмишлар. Чунки авомунноснинг эътиқодида имомлик қавмнинг олдиға тушуб тўй ва маърака ахтармоқдин иборатдур ва аъёни қавмға хушомад қилиб, гирдин экмакдан киноятдур. Ваҳоланки, имомлар ноиби Расуллулоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдурлар. Оллоҳ таолий анбиё алайҳим-ус-саломға ўз аҳкомларини бандалариға еткузмакни ваъз ва насиҳат бирла одамларни динга ва яхши амалларға далолат қилмакни амр қилди. Ул жаноблар ҳар қайсилари маъмур бўлғон вазифаларини адо қилмак учун ўз нафслариға турлук-турлук жафоларни раво кўрдилар. Ҳаргиз ва ваъз насиҳатдин забони муборакларида қусурлик кўрулмади, хусусан, ҳазрат Расули акрам саллаллоҳи алайҳи васалламнинг даҳани муборакларидин тўти руҳлари парвоз қилғунча «умматим», «миллатим» калималарини забони муборакларидин қўймадилар. Қани бизларда ул жанобларға мутобақат, қани ул жанобларға мувофақат. Қачонки ул жаноб «Кулли нафси зоиқатул мавт» мазмунича дорулфанодин дорулбақоға риҳлат қилдилар. Умури ҳидоят ва муҳофазатдин ва миллати хулафойи рошидин алайҳим ар-ризвонни вазифалари ўлди. Ул жаноблар ҳам ҳар қайсилари ўз замонларида миллат учун чунон ғайрат ва жасорат кўрсатдиларки, бутун Форс ва Туркистон балки, аксар Ҳиндистон мамлакатлари бул жанобларнинг замонларида шарафи Ислом бирла мушарраф бўлди. Ҳаммалари ўзларини миллатға қурбон қилдилар. Бас, бул жанобларни ноиб ва ворислари уламойи киром ва умаройи зулеҳтиромлар ўлдилар. Бул жанобларда ҳам яқин замонларғача ўзлариға лозим бўлғон вазифаларни адосида қусурлик кўрилмади. Аммо бул замондин юз йилдин зиёдроқ муқаддам замондин бошлаб оҳиста-оҳиста миллат деворининг ҳар тарафиға раҳналар пайдо бўлди. Мунга сабаб уламо ва умароларимизнинг ўз нафсларини риоясида ҳаракат қилмоқлари бўлди. Подшоҳ ва хонларимиз бўлса, миллатға қилғон хизматлари танҳо хотун олмоқ ва кучук уруштирмоқ ва беғайрат ва ҳаққоният диндор кишиларни бадарға қилмоқ ва тутуб ўлдирмоқ бўлди. Миллат нима, шариат нима, билмадилар ва қарамадилар. Шунинг учун миллат деворини раҳналари тобора зиёда бўлди. Бўзахўрлик, қиморбозлик, баччабозлик, базм қилмоқ ва ялочи ўйнатмоқ, эркакни хотун қилмоқ ва хотунни эркак қилмоқ, зино қилмоқ, шикоят қилмоқ ва бир-бирларини ҳақорат қилмоқ, хусусан, оғизга ҳақорат қилмоқким, куфри сариҳдур ва шуларға ўхшаш ҳаром амаллар ўрталарида чунон шойи’ бўлдики, ҳаромлиғи ҳеч кимнинг дилидин хатир қилмади. Бу ишларни алҳол бизларнинг ота-боболаримиз расмларидур, деб истеъмол қилмоқдадурлар, ҳаттики баъзи мўйисафедларимиз бизлар йигитлик вақтимизда мундай ишларни қилар эрдук ва мундай базмларни қилур эрдук, бизларнинг баччаларимиз мундай ўюнчи эрди, қани ул баччалар, замона фосид бўлди, йигитлар хотун бўлди, деб ўтган замонларға фахр ва бу замонға афсус ва надомат қилурлар. «Инноллоҳа яғирмо ба қавми яғир мо ба нафсиҳум». Мазмунича: охирул амр бу афъоли қабиҳаларимизни сабабидан мулк-мамлакатимиз тағайюр ва табаддул бўлиб, асир-у, хор-у залил бўлдук. Вақтики ҳукуматдорларимиз бизларни бул тариқа ғафлатда ва жаҳолатда топдилар. Миллатимиз деворининг қолғон ерлариға раҳна солиб, шариатимизни ободлиғина энг амада сабаб бўладургон масжид ва мадраса вақфларини таваққуф қилиниб, қозиларимизнинг номларини «народний судья» ном қўйилиб, уч юз сўмдан васиқа қилмоқ қозиларимиздин олинди. Қозиларимиз ҳукмларини положениега мувофиқ қилмоққа мажбур бўлдилар ва соира-соира раҳналар пайдо бўлди. Аммо ўз ҳукуматдорларимизнинг кўзларини ғафлат чунон қопламишки, ҳануз ўз нафсларининг фойдасини ахтармоққа машғулдирлар ва ул фойдадин миллат ва шариатға хоҳ фойда ўлсун, хоҳ зарар ўлсун ҳар бир ҳаракатларидин манфаати шахсиялари мақсуддир. Ва ҳар фикрларида риояни нафслари мавжуддир. Уламоларимизда ҳукумат йўқки, миллат деворини раҳналарини ислоҳ қилсунлар ва ҳукуматдорларимизда ғайрат йўқки, бу ислоҳда уламоларимизға ёрдам берсалар, алалхусус, ҳар миллат соҳиблари ўз ҳуқуқи миллия ва маолияларини талабида ҳур ва мухтор бўлғон бу замонда ва ҳар вилоятда ислоҳи мамлакат учун мажлис, мушоваралари қурулғон бу асрда бизнинг Тошканд шаҳрида ислоҳи мамлакат хусусида на бир ижтимўимиз бор ва на бир маслаҳатимиз бор ва на ҳуқуқи диния ва дунявиямизни талабида бир ариза бердук ва на давлат Думасиға вакил сайламоқ хаёлимизға келур. Ёлғон бўлмасун, мундин бир-икки ой муқаддам уламо ва ҳукуматдорларимизнинг ғайрат то-мурлари ҳаракатга кириб, ўз ҳуқуқларини талабида ариза бермоқ учун икки-уч бор ижтимў қилдилар. Афсуски, ул ижтимўлари ҳам ёлғуз палов ва зиёфатхўрлик бирла нафсониятдин иборат бир мажлис бўлди. Ариза бермоқ мунда турсун, аризани тартибиға ҳам иттифоқ қила олмадилар. Чунки ҳар ким ўз манфаати шахсиясини мулоҳазасида сўз сўзлади. Қўрқурманки, биз бечоралар шул ғафлат ва шул ихтилоф ва шул нафсоният соясида ҳама мустафид бўлғон ҳурриятнинг неъматларидин ҳам маҳрум қолмасак деб. Агар шундан ҳам маҳрум бўлсак, миллатимизнинг девориға солинган раҳналар тобора зиёда бўлмоғида ҳеч шубҳа йўқдир. Агар шул ҳол бирла кетсак, тонгла қиёматда биз, аҳли исломни қўлларимиз кимнинг яқоларида бўлса керак. Биз фуқаролар, қўйдек мусулмония, амалдорларимиз чўпон мисллик бўлиб, тонгла бизларнинг аҳволимиз борасида масъул бўлсалар керак. «Кулликум раў ва кулликум масъул ан раията», орамизда бўлган раҳналарни ислоҳи ҳукуматдорларимизнинг қувват ва ғайратлари бирла мумкиндир. Лоақал шунга ҳам бир ғайрат қилмасалар, мисола бу раҳналарни бир нечаси бачча ва ялочиларни ўйнатмоқдурки, мундан муқаддам газетларда ёзилиб эрди ва ул газеталарни ўқуғон кишилар ғайрат ва ҳамият қилишиб, неча ерларда бу ишларни манъиға фуқароларни ўзлари кўшиш қилишлари, аммо ерларда манъиға мувофиқ ўлсалар ҳам баъзи жойларда қўлларида ҳукумат бўлмағон важҳидин ман’ қилмоққа қодир бўлмадилар. Агар ҳукуматдорларимиз бул ишларда уламо ва фуқароларга ёрдам бериб бош қўшсалар эрди, бутун Туркистон вилоятидин бу ишларни барҳам бермоқ мумкин эрди. Бас, бу ишларни тўғрисидин қиёматда савол ўлса, кимнинг доманин тутармиз. Иккинчи дўхтур масаласидурки, боқияси бор. Ўзбекистонда вақф Фақат Ўзбекистон жумҳуриятида вақф бор, бошқа ёқларда йўкдек. Ўзбек халқи ўзига айрим катта бир жумҳурият бўлиб тузилгандан кейин вақф ишлари яна ҳам аҳамият касб этадир. Бош вақф идораси вақфни кенг доирада идрок қилиш учун тузган лойиҳаси 15 декабргача Инқилобқўм ҳайъат раъиясига тақдим қилса керак. Бу лойиҳа Шўролар Марказий Ижроқўми томонидан ҳам тасдиқ этиладир. Шу вақтғача айрим бўлган Бухоро, Хоразм жумҳуриятларидаги вақф мулклари жуда сустлик билан келган, кўп мулклар рўйхат қилиниб, рўйхатга олиш ҳам вақф қарамоғидаги эски-янги мактабларни қандай ҳисоблаш ва бошқалар учун Бош вақф идораси томонидан бир таълимот юборилди. Хоразм, Бухоро жумҳуриятларидаги вақф мулклари 1925 йил биринчи апрелигача рўйхат қилинуб бўлғусидир. Миллий жумҳуриятларга бўлиниш муносабати билан Ўзбекистон жумҳурияти доирасидаги вақф мулкларидан фойдаланиш Қозоғистон, Қорақирғизга ўтиб кетадир. Мана бу масала жумҳуриятлар тузилиб битгунча идора қилиш тегишли ҳукумат идораларининг қўлида бўладир. Вақф мулки бўлибда ҳозиргача бошқа ҳукумат идораларининг тасарруфида бўлган жойлар 25-йилнинг биринчи апрелигача Бош вақф идорасига ўтказиш учун тегишли идоралар билан чораси кўрилур. Бухородаги вақф мулклари мамлакатнинг тўртиндан бирини, Хоразм вақф мулклари мамлакатнинг учдан бирини ташкил этгани ҳолда ўшал жумҳурият комхозларининг қўл остида идора қилиниб келадир, десак, хато бўлмас. (Бундан оз бир қисми вақф идораларида тасарруф қилинадур.) Вақф ерларидан деҳқонларга бўлиниб берилмаган боғлар, чорвоқлар бордирки, булар ҳар кимларнинг қўлида ётадир. Шуларни Бош вақф идорасига ўтказиш чораси кўрилмоқда ва лойиҳалари тайёрланмоқдадир. Бош вақф идораси Ўзбекистон доирасидаги вақф сармояларини хусусий фондда сақлаш ҳаракатида. Бош вақф идорасининг ҳозирғи сармояси 700 минг сўмдир, агарда мамлакат мулклари рўйхатга олиниб бўлса, вақф даромадини ўн мартаба орттириш кутиладир. Ҳозир вақф таъминотида, Хоразм ва Бухородан ташқари, 85 бошланғич мактаб, 6638 ўқувчи, 2—3 босқич мактаб, 400 ўқувчи, 10 саводсизлар курси, 6 таълим-тарбия курси бор. Бундан бошқа вақф шефлигида клуб, қироат-хона, хотин-қиз билим юрти ҳам 25 стипендия олғувчи бор. Демак, Бош вақфнинг умумий даромадидан 89 ярим просенти илмий ишларга сарф бўлиб, қолгани идора ишчиларига кетадир. Бош вақф идораси ўзининг кейинги планида кўрсатилган ишларни бажариб, бутун вақф мулкларини инвентарга олса, ундан чиқодирғон даромадга қилинадурган ишлар жуда кўп. Бухоро ва Хоразмда таълим-тарбия курслари очиш, янги мактаб бинолари солиш ҳам четларда ўқувчи талабаларга кўпрак ёрдам бериш биринчи вазифалардандир. Шунинг билан бирга даромад манбаларини кўпайти-риб, бузилган дўкон, саройларни тузатиш керак. Қоралаш яхши эмас Тошкент округ маориф ходимлари қурултойида (1927 йил) сўзланган нутқ Маърузачининг таъбири бўйинча, бизнинг муаллимларимиз ичида мактаб бошқа-ю, сиёсат бошқа, деядурғон кишилар бор эмиш. Мактаб қайси синф қўлида бўлса, шу мактабларда шу синфнинг мафкураси тарқалади ва илгари сурилади. Бу гапга кўнмаганларни янглишғон, ўжар кишилар, деб айтишга жасорат қиламиз. Жадидчиликка қандай баҳо бериш тўғрисида қуйидаги асосларни келтираман: жадид мактаби қай вақтда ва кимлар қўли билан вужудга чиқди? Мана буни текшириш учун 20 йил илгарига қараш, албатта, лозим. Ҳозирги пайтда ўрта маълумотга эга бўлган кишилар Масков ва бошқа жойларга бориб ўқишни ҳавас қилса, авваллари саводи чиққан (ҳар) бир киши Бухоро(га) бориб ўқишни ўзи учун бир шараф деб билар эди. Чунки улар илмни фақат дингина деб билар эдилар. Муҳит ҳам шуни тақозо қилар эди. Ўша вақтнинг ҳукумати ҳам шу фикрни қувватламаса, ундай эмас. Жадид мактабини ташкил қилғонлар ҳам эски мактаб, мадраса ва қорихоналарнинг етиш-тирган кишилари эди. Улар ёлғиз Боғчасаройда чиқадургон Исмоил Гаспринскийнинг газетасини ўқидилар ва шу орқали мактабни яхши тушуниб, китоблар олдирар эди. Буларга баҳо янглиш ва ортиқча берилган. Чунки ўша вақтдаги жадид мактабига уламо, бой — ҳамма ва ҳамма қарши эди. Жадидлар шароит ичинда(н) жасорат билан чиқиб иш бошлағон эканлар, буларга бериладургон баҳо ҳам шундан ортиқ бўлмаслиги лозим эди. Жадидлар шу мактабга яхши назар билан қарагон кишиларни ўзига дўст кўриб, қучоғига тортар эди. Буларнинг бой, руҳоний, савдогар бўлишидан қатъи назар, секин-секин жадидлар дўсти кўпайиб, турли гуруҳлардан иборат бир жадидлар тўдасини ташкил қилди. Инъомовни жадидларни алоҳида синф қилиб кўрсатиши номаъқул гап. Жадидлар, палисанинг қўрқинчи қаттиқ бўлса ҳам, қийинчиликларни ўз устига олиб, газет чиқорди ва уни халққа тарқатди. Жадидларнинг энг азоб тортгон даври Керенский вақти бўлди. Керенский вақтида идораларга уламолар миниб олди. Мактабга ёрдам бериш у ёқда турсин, (ҳатто) чор ҳукумати вақтида берилиб келган моҳиёналар ҳам берилмади. Тўхтади. Уламоларнинг ўша вақтдағи кучга молик бўлғонларини жадидлар думага 11 та, уламолардан 65 та вакил сайланиши билан исбот қиламан. Жадидлар ўз уламолари, бойларига қарши рус социалистлари билан бирга қўлга-қўл бериб ишлади. Қўқон мухториятини рус меньшевиклари тузди. Чўқаев унга жуда яқин эди. Убайдулла Хўжаев, Низомиддинлар мухториятга қатнашди. Ўша вақтда жадидларнинг отаси бўлиб ҳисобланган мен ўзим лоақал «Миллат мажлиси»га аъзо бўлиб ҳам сайланмадим. Жадидлардан Қўқон мухториятига қисман аралашгон кишилар бўлса ҳам, кўпчилик четда турғон. Яна бир гап борки, жадидлар Октябр инқилобини яхши қарши олмаган эмишлар. Октябр инқилобини рус ишчилари қилганини ҳеч ёшириб бўлмайди. Биз уларнинг тайёриға айёр бўлиб ишлай бошладик. Октябрдан кейин жадидлар Керенский сикинтисиндан қутулди. Мактабларни ҳукуматга бериб, ўзлари шўро муассасаларида ишлай бошладилар. Октябр ўзгаришига жадидлар раҳбарлик қилди, дейиш ҳам, Октябрни улар яхши қарши олди, дейиш ҳам хато гап. Жадидлар Октябр инқилобиға ёмон қараган бўлсалар эди, 20—21-йилларгача шўро идораларида ишлаб келмас эдилар. 21-йилдан бошлаб жадидлар катта хато қилди. Турккомиссия томонидан қилингон ҳаракатларни мустамлакачилик, дедик. Ҳақиқатдан улар мустамлакачи экан, уларга қарши курашмай, бутун ишни ташлаб, араз қилиб, ўзимизни четга олишимиз катта хато бўлган. Шу ишимизга пушаймон қилиб, шу вақтгача ишлаб келсак ҳам, хизматларимиз хатомизни ювиб кетар даражага бормаганга ўхшайди. Чор ҳукуматини йиқитиш жадидларнинг тилагида бор эди. Сиёсий вазифамиз ва мақсадимиз ҳам шундан иборат бўлиши яширин эмас. Наинки биз жадид мактаби очиш билан савдо хизматчилари, бошқача таъбир билан айтганда, дўконда насия ёзадургон ходимлар етказсак. Шу ишга аклли одам шу баҳони беришда у ёқ, бу ёқни мулоҳаза қилсин. Жадид мактаби очишимизга сиёсий ва маданий курашчилар тайёрлаш баҳоси берулмаганига таассуб билдира олмай ўта олмайман. Бу ерда шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, ўша вақтдаги жадид мактабини битириб чйққан баъзи йигитларимиз ҳозир масъул ўринларда туради. Жадидлар чор ҳукуматини йиқитиб, Туркия ёки Польшага ўхшаш бойлар ҳукумати ташкил қилади, деган назариялар ҳам йўқ эмас эди. Ўша вақтда бир мажлисда рус мустамлакачилари билан курашамиз, деган эдим. Агар борди-ю, рус ўртоқлар шу гапимга араз қилиб «Ол, мамлакатингни, ўзинг идора қил!» деса, мен уларнинг оёғига ёпишиб, энг аввал айтар эдимки, биз сиз билан эмас, сизнинг бойингиз, уламойингиз ва мустамлакачиларингиз билан курашамиз, дер эдим. Жадидларнинг шўро ҳукуматига дўстлигини қуйидаги ҳужжатлар билан исбот қиламан: январ’ инқилобида 12 соатлик ҳукумат бўлди. Ростовский ва Абдусафийхонлар одам қидириш режасини тузди. Шунда жадидлар қочиб ётди. Қачонки большевиклар ғолиб бўлди, деган хабар эшитилгандан кейин чиқиб, большевикларга қарши бўлғонларни суд қилиб, отиб юборилди. Биз халқнинг аҳволи руҳияси билан ҳисоблашиб, ер ислоҳоти, паранжи масалаларини 30 йилсиз ҳал қила олмас эдик. Большевиклар фирқаси бу ишни ўн йилда бажариб қўйди, биз ўша вақтда ziyoly деб русларнинг ўрта ва олий мактабларида ўқугон кишиларни айтар эдик. Жадидлар билан коммунистларнинг ҳаёти боғлангон эди. Булар ўлса ўлади, тирилса тирилади. Ўлгунча инқилобни ҳимоя қилишга тайёр. Жадидларнинг бир, иккитасидан гуноҳ ўтган экан, ҳаммасини қоралаш яхши эмас. Сабаби тартиб Болаларга ўқув, ёзув билдирмак учун усули савтиянинг осонлиғи неча йиллик тажрибалар ила маълум ўлдиғиндан жумла ислом вилоятларининг макотиб ва мадрасалари бу усул ила тазйин ва ислоҳ этдиклари каби 1319—1320 (милодий 1902—1903) йилларда бизнинг Туркистон вилоятининг ҳам кўп муаллимлари бу усулни ўз орзу ва ихтиёрлари ила қабул этиб, мактабларда бу усул ила таълим бермакка бошламишлар эди. Локин, таассуфки, ғайратлик муаллимларимизнинг ҳаракатлари узоққа бормади. Тездан бу усулни тарк этиб, эски усулларини фойдалик топиб, анга ружу’ этдилар. Бунга сабаб на ўлди? Жумла макотиби исломияға ярағон усули савтия Туркистон мактабларина ярамадими? Хайр, афандиларим, албатта, ярар эди. Балки бу усулнинг воситаси ила ҳанузгача Туркистон мусулмонлари хийли тараққий топар эдилар. Муаллимларнинг бу ружуъларина сабаб аввало усули савтиянинг надан иборат эконин билмаганлари, сониян Туркистон шеваи туркияси ила тартиб этилмиш усули жадида китобчаларина молик ўлмағонлари ўлди. Модомики, бу сабаблар мавжуд экан, муаллим афандиларимиз ружуъларида ҳақли эдилар. Чунки ул вақтларда Туркистон мусулмонларининг гумонларича, усули савтия ёлғиз Иброҳим Ҳаққийнинг «Ақоид» манзумаси ила «Ўқу Қуръон яхшилаб» мисрасини кўп зикр этган тоторча бир тажвид манзумадан иборат ўлуб, ҳамма мактабларда, ҳатто кўчаларда турлук савтлар ила ул икки рисолани ўқита бошламишлар эди. Ул рисолалар ўз тилларида ўлмадиғиндан маъносини болалар тугул, муаллимларнинг ўзлари ҳам дуруст билмас эдилар. Ҳол бўйла ўлса, усули савтиядан на фойда ўлсун, албатта, оз муддатда халкни ҳам, муаллимларни ҳам усули савтиядан кўнгиллари қолиб, усули қадимияга қайтмаклари табиий, ҳам қайтдилар. Эмди эса, алҳамдулиллоҳ, ул замонлар ўтиб, Туркистон мусулмонларини ул вақтларда дамини кўрсатган усули савтия бу вақтларда бошқа аъзоларини ҳам кўрсатмакка бошлади. Истанбулдан, Мисрдан, Қозондан ва ҳар тарафдан муқтадир муаллимлар келиб, оҳиста-оҳиста ҳар ердан мактаб очмакка, Туркистон муаллимларина усули савтия надан иборат эконин имтиҳонлар воситаси ила билдурмакка бошладилар. Туркистон муаллимлари ҳам усули савтия болалариға ҳарфларнинг овозлари ила танитмоқ, ўқулғон сўзларни ёздириб, маъносини билдирмак, Бедил, Хўжа Ҳофизлар каби форсий ва мушкул китобларнинг бадалиға эътиқод, имло, ҳуснихат, илми ҳол, ҳисоб, тарихи ислом, жўғрофия, ҳандаса, ҳайъат ва соирлар каби диний ва дунёвий илмларни ҳар кимнинг ўз тилида ёзилмиш китоблардан ўқитиб билдирмакдан иборат эконин билиб, ҳар бирларининг кўнгиллариға усули савтияни қайтадан қабул этмак фикри тушди. Лекин на қилсунлар, бу этилмиш ишларнинг ҳеч бирина доир ўз тилларида ёзилмиш китоблари йўқ. Истанбулча, тоторча ёзилғон китоблардан эса ўз тилларини дуруст билмаган ёш болаларга бир нарсани билдирмак мумкин эмас даражада машаққатдур. Эмди Туркистон мактабларина усули савтиянинг умуман жорий бўлмоғонида бир манъи бор эса, ул ҳам китобсизлиқдир. Чунки фақир усули жадида тарафчиси ўлдиғиндан кўринган муаллимни усули жадида таклиф этмакда ва алардан «Ўз тил ва хатимизда китоб йўқ, тоторча китобларни ўзимиз билмаймиз, билсамиз ҳам, болаларға билдира олмаймиз», жавоблари ила алзом этилмакда ўлдиғим каби ўзим ҳам беш йилдан бери китобсизлик меҳнатини чекмакда, болаларга ўқитган нарсаларимни алифбоға қадар Туркистон тили ва хатиға таржима қилиб, ёзиб ўтмакдаман. Модомики, ҳол бўйла экан, Туркистон муҳаррирлари ҳанузгача усули жадида китобларини таҳрир ва таржимасини шуру’ этмаганлари фақир қалам ожизонасини, гарчи ҳолиға номуносиб ўлса ҳам, оли қадар алҳол усули жадида китобчаларини таҳрир ва таржимасини маҳсур ва мажбур этди. Ҳар ишни алифбосидан, яъни аввалидан бошлаб қилмак қонуни адабдан ўлдиғи учун таҳрир этгон китобчаларимни бошлаб алифбосини, яъни бу «Адиби аввал»ни бостириб ҳурматлу муҳаррир ва муаллимларимизни интизори олияларина тақдим этмагим ила баробар рижо қилурмизки, маним бу китобчамни назари диққат ила боқуб, кўрингон нуқсонлариндан усули савтияға хилоф ўлғон ёки болаларға билдурмаки мушкул ўлғон ерларидан фақирни огоҳ қилмак ила ёрдам берсалар, шоядки 2-чи табъиким бенуқсонроқ ўлурди. Вассалом. Тошкандда мусулмон жамияти Тошкандда бундан тўрт сана муқаддам очилмиш бир мусулмон «Жамияти хайрия» вор. Бу жамият бошида ёшларнинг саъй ва ижтиҳоди ила очилган бўлса ҳам, баъзи сабаблара мубанний Тошканд ағниёларина топширилмиш ва шул замонғача ёшлардан фақат бир-икки кишининг таҳрик ва иштирокила бойлар тарафидан идора қилинмоқда эди. Жамият ағниёи киром қўлларида ўз шаъниға муносиб зўр ишлай олмаган бўлса ҳам, моддий жиҳатдан ҳийли қувватланди. Етти минг сўмдан зиёда сармояга молик бўлди. Ҳар йили икки-уч мартаба умумий мажлис ва ўн-ўн икки мартаба идора мажлислари ясаб, аъзолардан пул йиғди. Ариза бериб, иона сўровчи беш-ўн (нафар) фақир ва ожизлара ёрдам бериб турди. Ағниёи киром жамиятдан ўз ёрдам ва ионаларин дариғ тутмадилар. Бунинг исботи учун Тошканд ағниёларидан ҳурматлук Орифхўжа эшон жанобларини ўтган йил жамиятга бирдан минг сўм иона берганларин ва шаҳарнинг ўртасидан бир ҳовлиларини «Дорул ожизин» учун инъом қилғанларин зикр этмак кофи ўлса керак. Лекин олти-этти милён мусулмонли Туркистоннинг маркази ўлан Тошкандда очилмиш бир мусулмон жамиятининг жузъий (майда) ишлар илангина қаноат этуб турмоғидан Тошканд ёшлари ҳар вақт сиқиладурлар ва санавий ҳисобнома ва сарфномаларини ғазеталарда ёзуб, нашр этмакдан уёлурлар эди, биноаналайҳ, Тошканд жамияти халқ ҳам ҳукумат номинда бутунлай эътибордан тушмиш ва ўлмакка маҳкум, оғир бир хасталикка дучор ўлмиш каби эди. Жамиятнинг эски обрўсин қайтармак ва уйқудан уйғатмак учун бирдан-бир чора идора ишларини бутунлай ёшлар қўлина бермак, лоақал идора аъзоларининг аксарини ёшлардан сайламак фикри такрор-такрор талқин ўлинса ҳам, бунга эътибор этувчи оз эди, балки «Жамият ёшлар қўлина берилса, йиғилган пулларни сарф қилиб тамом қилурлар, ўзлари пул йиғолмай, шунинг ила жамият бепул бўлиб ёпилур», деючилар кўпроқтопилур эди. Ёшлар эса жамиятдан ҳамон умид узмийлар, энг оғир ишларни ишлийлар ва ҳар йили бир-икки мартаба қўзғатиб, умумий мажлислар ва сайловлар қилиб ва ўзларидан кўпроқ киши ўткармакка мулойимона ҳаракатларда бўлиналар эди, лекин келажакда ағниёларнинг иона ва ҳимматлари жамият учун биринчи даражада лозим ўлдиғини эътиборга олиб, онларға қаршу жиддий ҳаракатлардан мумкин қадар сақланар эдилар. Ёшларнинг бу совуққонлик ва сабрликлари бу сана яхши натижалар берди. Бойларнинг ўзлари иттифоқ қилиб, ўз ораларидан фақат бир раис ва машварат аъзоси вериб, бошқа аъзоларнинг барчасин ёшлардан сайладилар, ёшлар ҳар ишда бойлар ила машварат қилиб турмакни, бойлар ҳам ҳар вақт қўлларидан келган ёрдам ва ионаларини дариғ тутмасликни бир-бирларина ваъда қилишиб, қўлга-қўл беришиб, иттифоқ ила ишга тутиндилар. Бу иттифоқнинг натижаси ўлса керакки, Тошканд жамияти бу йил бутунлай бошқа тусга кирди. Уйқудан уйғониб, кўзларин уқалаб, атрофга назар сола бошлади. Қонунида зикр этилган моддалардан бирин-бирин фойдаланмакка шуру’ қилди, бошлаб бир неча йилдан бери қарор берилубда очилмай ётган «Дорул ожизин»ни расман очуб, бир неча мискин ва ожизларни тарбияга олди. Бир неча мактаб ва мадрасаларга юз сўм ва икки юз сўмлаб ионалар берди. Бир неча бева ва бечораларга ойлик ионалар вермакда ва олтмиш қадар фақир ва қашшоқ болаларни турли мактабларда ўқитуб тарбия қилиб турмакдадир. Жамиятнинг янги аъзолари бундай сарф илагина қаноатланмади, балки молия жиҳатини қутламак учун аъзоларнинг йилда берадургон олти шар сўм садақалари кифоя қилмаслигини билиб, пул топмакка ҳам янги йўллар излади, бошлаб «Грамофун обшество»сила сўйлашиб, ҳар бир пластинкадан ўн тийин олмоқ шартила бир неча ҳофизларни ва ўз тарбиясидаги мактаб шогирдларининг тову-шин сотди, бундан фақат шу йил ичиндагина лоақал икки минг сўм кирса керакдур. Учинчи йўлда шаҳар боғининг ёзлик театрусида бир мартаба испектакл қўйиб, олти юз сўмга яқин фойда қилди. Бунинг устига, ушбу августнинг 8-куни рамазон муносабатила Шайх Хованди Таҳур боғида бир мартаба «Томоша кечаси» ясади, ушбу томоша кечасининг даромад ва буромади ушбу тариқа бўлди: Сотилган билетлардан 1387 сўм 54 тийин. Чойхонадан дохил 59 сўм 42 тийин. Жаъми даромад 1446 сўм 96 тийин. Масорифи билет маркаси 126 сўм 14 тийин. Бошқа масорифлар 233 сўм 65 тийин. Жаъми масориф 359 сўм 79 тийин. Жамиятга қолган хос фойда 1087 сўм 17 тийин. Мусулмонлар тарафиндан биринчи мартаба ясалган ушбу томоша кечасиндан бунча фойда ўз-ўзидан чиқмади, балки бунинг учун Тошканд ёшларининг кўп ғайрат ва ижтиҳодлари ҳам чарчамай ва ҳеч кимнинг шикоят ва ҳақоратига қулоқ солмай қилган саъй ва ҳаракатлари ўлди. Бу томошалар жамиятга фақат моддий жиҳатдангина фойда келтуруб қолмай, балки маънавий жиҳатдан ҳам кўп фойдалар келтурди. Тошканд жамиятининг исмини унутган ёки ҳеч бир жамият деган сўзни эшитмаган Тошканд мусулмонларининг етти яшаридан етмиш яшаригача жамиятнинг вужудидан хабардор бўлди, рус, яҳудий ва арманилар фойдаланиб юрган ўринлардан фойдаланмак мусулмонларга ҳам мумкин эканлиги очиқ билинди, бу эса Тошканд мусулмонларининг ҳийли руҳлари кўтарилмоғига ва жамиятга муҳаббат ила қарамоқларига сабаб ўлди, шул сабабли ушбу томошаларни бошқарган ёшларга ва буларга ёрдам бериб турган шаҳар полициямейстрина жамият аъзоси чин кўнгулдан ташаккур этадур ва келажақда яна шундай хизматларда бўлиниб, халқ ва жамиятга фойда еткуродургон ёш йигитларимизнинг амсолларин кўпайтирмакни жаноби Ҳақдин истидў қиладур. Жамият раиси муовини: Мунаввар қори Туркистон шўролар жумҳуриятидаги маорифпарвар ёшларга хитоб Бир вақтлар чор ҳукумати ва унинг хоин миссионерлари қўл остида жуда оғир ҳоллар кечирган Туркистон маорифпарварлари, шўролар ҳукумати даврида хийла кенг план ва ғоялар билан ишга киришган эдилар: беш йил инқилоб даврининг аввалги йилларида маориф ишларимиз ғоят ёруғ ва зўр умидлик бир ҳолга кира бошлаган ва бу йўлда асосли бир замин ҳозирлана бошлаган чоғда маориф бирдан турғунлик ва тушкунликка йўлиқиб қолди. Бунинг сабаблари жуда кўп бўлса ҳам, каттароқлари — маориф ишларида кўрпага қараб оёғ узатмаганимиз, маориф аҳлларининг халқдан узоқлашганликлари, маориф ишларида Туркистон халқининг Оврупо гази билан ўлчаганлиги, кило каби хусусий ва фанний равишда ҳал этиладиган масалаларда Туркистон ёшларининг ўзаро ихтилоф қилиб, ҳар турли араз ва ситезлар билан бир қадар вақт маориф ишларидан чеккага чиққанликлари ва, буларнинг устига, Самарқанд ва Фарғонада беш йилдан бери давом этиб келган «босмачилик ҳаракатлари»дир. Бунинг устига, янги иқгисод сиёсати орқасида кўп мактабларимизнинг таъминоти маҳаллалардаги маблағларга ва маҳаллий халқнинг ўз эркига қолдиридди. Бу ҳақиқатларни кўра ва била туриб шу юқоридаги сабаблар билан курашмасак ва ўзаро жанжалларимизни бир тарафга ташлаб қўйиб, қўл-қўлга беришиб, бутун тиш ва тирноғимиз билан маорифга ёпишмасак, Туркистон маорифи ўлди ва Туркистоннинг порлоқ келажагидан умид узулди, демакдир. Чунки, Туркистоннинг порлоқ келгуси, балки ҳаёти ва қўрқинчли қоронғилиқдан қутулиши фақат маорифгагина боғлиқдир. Туркистон халқи маориф ва маънавият нарвонининг биринчи поясига эндигина қадам босди. Бу тўғрида ҳали қилинадиган хизматлар жуда кўп, кўзланган мақсад жуда узоқдир. Моддий ва маънавий томондан ишланмаган ишларнинг ҳали мингдан бири ҳам ишланган эмас. Маориф ва маданият йўлида ҳали бизнинг тилимизга олинмаган, балки, хаёлимизга ҳам келмаган буюк хизматлар ва ечилмаган масалалар бор — фанний ва илмий тадқиқот ва мубоҳасалар бир томонда турсин, ибтидоий мактабларни бир йўлга қўйиш учун ҳам керакли чораларни ҳануз топа олганимиз йўқ. Тил ва адабиёт масаласида эса, ҳалигача унинг бошлағичи бўлган ёзув ва имло тўғрисида асосли бир йўл тополмасдан, турлимиз турли томонга тортишиб, кўзланган мақсаддан чеккага чиқиб кетдик. Шу саналган камчиликларни қанча оғир бўлса бўлсин, иқрор қилмоқ билан бирга биз, Туркистон маориф ходимлари, устимизга тушган ғоят муҳим ва масъулиятли вазифаларни — қанча оғир бўлса-бўлсин, комил сабот ва матонат, улуғ қаҳрамонлик ва олижаноблик би-лан ийфо қилишимиз лозим, буни инкор қилиб бўлмас. Мана шу ҳолларни эътиборга олиб, Тошкентнинг бутун ўзбек маорифпарвар ёшлари ва масъул маориф-маданият ишчиларининг умумий йиғини.Туркистонда маориф ишларининг сусайиши ва маориф ходимлари орасидаги жанжалларнинг сабабларини яхши англаб билмакни лозим топиб, шунга махсус бир ҳайъат сайлади. Бу ҳайъатнинг бир неча кунлик фаолияти натижасида маориф ишчилари орасидаги бутун англашмовчиликларнинг бартараф қилинганлиги тўғрисида ўзаро бирлик ясалиб ва аҳдномалар тузулди. Маориф ишларимизнинг энг оғир ва буҳронлик бир вақтида шу ишни пастлаш ва йўқолишдан қутқариб қолмоқ учун бирлашган Тошкент ўзбек маориф-маданият ходимлари, бутун ўлкадаги маорифпарвар ўзбек шоввозлари шу бирлашмани самимий бир тантана билан эълон қилмоқ баробарида, уларга қуйидаги таклифларни қилади: 1) Бутун ўлкадаги ўзбек маориф-маданият ходимлари ўз ораларидаги барча жанжал ва битишмасликларни ташлаб, қўл-қўлга берилиб, маорифнинг юксалиши учун ортиқ даражада зўр ғайрат билан ишласинлар. 2) Халқни маорифга ва маорифни халққа яқинлаштирмоқ учун қўлларидан келган ҳар бир чорага киришсинлар. 3) Самарқанд ва Фарғонада халқнинг бутун хўжалик ишларини ва бунинг орқасида маориф ишларининг барбод бўлишиға сабаб бўлган босмачилик билан курашиш ишида бор кучлари билан ҳукуматга ёрдам берсинлар. 4) Туркистон ўзбекларнинг маориф ва маданият ишларини тўғри бир йўлга қўймоқ учун Тошкентда «Нашри маориф» исминда бир жамият очиш ҳаракатига киришилди. Шу жамият расмийлашгандан сўнг матбуотда эълон қилиниши билан дарҳол шу жамиятнинг ҳар ерда шўъбаларини очишга киришсинлар. Ерли халқнинг маориф ишларида бизда муттаҳиди фронт ташкил этилмоқдадир. Шунга яқиндан аралашмоқ ва умумий душманимиз бўлғон жаҳолат билан курашмакка барча ўзбек маориф-маданият ходимларини даъват қиламиз. Мунаввар қори Абдурашидхонов Маннон Рамз Шокиржон Раҳимий Заҳириддин аълам Элбек Шаҳид Эсон Салимхон Тиллахонов Ҳамид Сулаймон Холмуҳаммад Охундий Мажид Қодирий. Туркистонда вақф ишлари Туркистонда ҳозирғача маълум бир йўлга қўйилмаган чатоқ ишлардан бири вақф ишларидир. Инқилобдан бери вақф ишлари учун юзларча комиссиялар тузилди. Турлук лойиҳалар ясалди. Лекин кутилган бир натижа чиқмади. Кейинги вақтларда вақфларни халқ қўлига бериш сиёсати майдонга чиқди. Бунинг учун TurkSIK томонидан бир лойиҳа тузилиб, қози ва мударрис қурултойидан ҳам ўтказилди. Самарқанд, Фарғона областларида вақф шўролари тузилиб, ишга ҳам киришди. Сирдарё областида ҳам мундан бир ой муқаддам турлук ташкилотлар тарафидан вақф шўроси учун вакиллар сайланиб тегишлик ўртоқларга топширилди. Эски шаҳар ижроқўмида сайлов қарорномалари ойлаб ётгандан сўнгра тасдиқ қилинуб, музофот ижроқўмига топширганлиги эшитиладир. Ҳар ҳолда у ерда ҳам ёта-ёта зерикгач, ундан ҳам тасдиқ қилинуб, Сирдарёмизда ҳам вақф шўроси ишга киришса керак. Вақф шўролари ишга киришган билангина кутилган натижа чиқарми, йўқми? Унисини келгуси кўрсатур. Ёлғуз ҳозиргача вақф ишларини бу тариқа чатоқ ҳолда қолдириб келган кўп сабабларнинг энг каттаси вақфларни сарф ва бошқариш тўғрисидаги фикрларнинг турликлигидир. Бир-бирига тамом тескари бўлган бу фикрлар бирлашмаган тақдирда вақф ишлари тағин чуволур. Ҳар ким ҳар томонга қараб тортар, уришилур, сўкишилур, натижада такрор вақфларнинг тоғ каби мадрасалар бино қилишдан ва улардаги ўқувчи ва ўқитувчиларнинг таъминоти учун қолдирган миллионларча вақфларидан кутган мақсад-муқаддаслари шу чоқғача бўлиб келганидек поймол бўлур. Бунчалик вақфлар, бунчалик мадрасалардан халқнинг маориф ва маданияти номига фойдаланиш мумкин бўлмас. Бошқа мутараққий ислом мамлакатларида кўпдан буни тушуниб, бу тўғридаги ихтилофи афкорни орадан кўтарганлар, вақф ишларини маълум бир йўлға қўйиб, маориф бюджетининг буюк бир қисмини вақфдан керагича истифода қилмоқ, вақфларнинг руҳларини шодлантирмоқ бўлсак, аввало бу тўғридаги ихтилофларни бир ёғлиқ қилиб, фикрларни бирлаштиришимиз керакдир. Вақф ишлари тўғрисида инқилобдан бери бошлуча тўрт фикр рол ўйнаб келди: 1-ҳасадчилар, 2-тафритчилар, 3-ифротчилар, 4-мўътадиллар фикри. Ҳасадчилар кимлар? Маълумки, Туркистон вақфлари мусулмонлар тарафидан дин, маориф ва маданиятлари учун тахсис этилуб, қолдирилғон хос ва холис сармояъи миллияларидир. Бошқа миллатлар қаторида умумий маориф-сармоясидан фойдаланиш устига ўзларининг ушбу миллий сармояларини ҳам яхши бир йўлга қўя олмаслар, эҳтимолки, тез кўтарилиб (тараққий қилиб) ўзларини мустамлакачилар қуллиғидан қутқарсалар. Ерлик халқнинг доимо жаҳолатда қолуб, қул бўлиб туришларини истаган мустам-лакачилар, албатта, буни кўролмайдурлар. Ҳасад қилурлар. Шунинг учун қайси йўл билан бўлса-бўлсун вақфларни ё бутунлай хазинага олмоқ ва ё ҳеч бир яхши йўлға киришга йўл бермасдан, ҳамиша чатоқ бир ҳолда қолдириш ҳаракатида бўлурлар. Вақф ишлари дуруст йўлға кира бошладими, дарров бир чатоқ чиқориб, ишни бузадилар. Бу жиноятни тўғридан-тўғри ўзлари қилмасдан, ерликлардан бир неча алданган ёки сотилган кишилар топиб, улар воситаси билан ишлайдилар-да, лабларини ялаб, «эрлик ишчиларнинг ўзлари шундай истайдирлар», деб кўзларини лўқ қилиб қараб тура берадирлар, жуда бўлмаган тақдирда отини «Шарқ сиёсати» қўйиб, вақфларни подшоҳ замонасининг бутун муллоларни ўз ихтиёрларига қолдириш фикрини қувватлайдирлар. Бундан мақсадлари эса бир оз вақт шундай қолдириб, замони келганда: «Қачонгача муллолар вақфни ўринсиз еб ётадирлар, буни хазинага олмоқ керак», деган бир фикрни қувватлаб ўткаришдир. Мана бу фирқани биз ҳасадчилар, мустамлакачилар, деб таъбир этамиз. Инқилобдан бери вақф ишлари шул фирқанинг ҳабис фикрларига қурбон бўлиб келди. Кейинги, TurkSIK лойиҳаси ила шояд бу фирқанинг фикрига эҳтимом берилган бўлур, деб умидланамиз. Тафритчилар кимлар? XIX асрнинг бошларидан то Русия инқилобигача бўлган бир муддатда Туркистон мадрасаларининг тарихини ва бундан бўлган таълим-тадрис йўлларини, вақфларда бўлган суиистеъмолларини ва етиш-тирган шогирдларини бир даража назардан кечирилса, кўнглида андак миллий ва диний ҳис бўлган ҳар кишининг кўзидан беихтиёр ёш оқадир. Бу хусусда ҳозиргача кўп ёзилди, сўзланди, такрор тафсиллаб ўлтирмакни лузуми йўқ, фақат шунигина айтиш мумкинки, сўнг асрларда кўп мадрасаларимиз диний ва дунёвий уламолардан тамом тозаланиб, холис илмсизлар еткузатурган бир танбалхона ҳолига келган эди. Ўтганда Буали, Форобий, Тафтазоний каби ҳакимлар ва олимлар етишдирган Туркистон мадрасалари кейинги кунларда тузукроқбир мударрис ёхуд имом ҳам етиштира олмайтурган бир ҳолга тушган эди. Ҳозирда мавжуд баъзи дурустроқ мударрис ва имомларимиз эрса мадрасаларнинг тартиблилиги соясида эмас, мадрасаларнинг тартиб ва қонуний хорижда ўзларининг қилғон хусусий ташаббус ва ғайратлари орқасидагина фавқулодда заколари соясидагина етишгандирлар. Вақф тўғрисида шундай бир фикр борки, вақфларни илгаридек ҳар бир мадрасанинг ўзига бериб ва ҳар бир мадрасага икки-уч мударрис белгилаб, уларнинг шогирдлари бўлсун-бўлмасун, мадраса вақфини боҳузур еб ётишларига пул берилсун эмиш. Шундай бўлғон тақдирда тадрижан шогирд ҳам йиғилар эмиш ҳамда вақфнинг шартига ва шароитига мувофиқбўлар эмиш, қисқаси, Николай замонида мадрасалар ва вақфлар қандай идора қилинган бўлса ва нималар ўқитилган бўлса, ҳозирда ҳам шундай бўлсун эмиш. Ислоҳ-мислоҳдан ҳеч бир оғиз очилмасун эмиш. Бу фикрнинг бошида турувчилар ҳар кимга маълум, биз буларни тафритчилар ва инфишочилар, замондан хабарсиз, халқни қоронғуда қолдирғувчилар, деймиз. Ҳасадчилар ила тафритчилар баъзи моддаларда бирлашиб ҳам кетарлар. Фақат ҳасадчилар билиб ва тафритчилар алданиб бирлашурлар. Ифротчилар кимлар? Ҳасадчиларнинг сиёсати ҳабисасига тушунган ва тафритчиларнинг жаҳолат ва таассубидан куйганлардан бир фикр келиб чиқодурки, булар «Қўй, бу мадрасаларингдан ва бу муллоларингдан ҳеч бир умид йўқ. Модомики, вақфлар ўз ихтиёримизга берилди, халқ назарига бир неча мадрасаларни лиқиллатиб қўяйлик-да, вақф бадаллари ила бир неча ибтидоий мактабларни тарбия қилойлик. Бизнинг ҳаётимиз ва нажотимиз шул мактабларға боғликдир, эскини ҳар қанча ямасанг-да, эски, эскини ямаб овора бўлуб ўтиргандан кўра, бутун ташлаб, янгисининг ҳаракатида бўлган яхши, дейдирлар. Биз буларни ифротчилар, узоқни кўра олмағучилар, янги қилиб бераман деб уҳдасидан чиқолмай, халқни эскидан ҳам маҳрум этиб, яланғоч қолдирувчилар, деб таъбир этамиз. Мўътадиллар кимлар? Бу ҳақда келар сонда. Хитобнома ЎЛКА МАОРИФ КОМИССАРИАТИ ТАРАФИДАН: Мусулмон мактабларида дин дарслари Ўткан 1918 йил 4 ноябрда Маориф комиссариати тарафиндан чиқарилғон 38 рақамли буйруқнинг 6-моддасинда мусулмон мактабларида дин дарслари ўқитмоқ тўғрисинда тубандағи сўзлар ёзилғон эди: «Мусулмон халқи ўртасиндағи тараққиётнинг озлиғин ва унлар орасиндағи таассуб ва қоралиқларни эътиборға олиб, дин дарслари тўғрисинда мусулмон мактаблариға истисно қилинур, ҳам мусулмон мактабларидан шогирдлариға (имомлар тарафиндан ўқитилмоқ шарти ила) таҳорат ва шунга ўхшаш муҳимроқ ҳавойижи динияларин ўргатмакка муаллимларға ихтиёр берилди». Бутун Туркистон жумҳуриятиндағи ерлик мактабларда дин дарсларини ўқитув ва мактабда ибодатлар қилдирув ман’ қилинғон ҳолда, ёлғуз мусулмонлар учун истисно тариқида дин дарсларини бермоқға рухсат этилуб, чиқорилғон мазкур буйруқ ё халқ орасига тамом тарқалмаган ва ёхуд тарқалған бўлса ҳам, мухтасар бўлғонлиғи учун мазмуни яхши англашилмағон. Биноаналайҳ, халқ орасинда ерлик мактабларға муҳаббат ва рағбат ўрниға нафрат пайдо бўлиб, гўё ерлик мактабларда дин дарслари ўқитилмайдир, шубҳасила кўп кишилар болаларини олиб, эски мактабларға берғонликлари ва баъзи ўринларда ерлик мактабларни очмоққа халқнинг мамониъат кўрсатганлиги ва болаларин мактабларға бермағонликлари эшитиладур. Ҳолбуки, юқорида ёзилғон буйруқ мусулмон мактабларинда дин дарслари ўқутмоққа комил ихтиёр берадур. Мисола, буйрукда «Таҳорат ва шунга ўхшаш муҳимроқ ҳавойижи динияларин» дейилганки, муҳимроқ ҳавойижи диния орасина намоз, рўза, ҳаж, закот, эътиқодот, ахлоқ ва одоб мамошират ва мукаммал суратда Қуръони карим ва шунларға ўхшаш заруриёти диниянинг ҳар бири керакдур. Буйруқда ман’ қилинган бир нарса бор бўлса, ул ҳам имомлар томонидан ўқитилмоғидур. Ҳолбуки, Русия мактабларида дин дарсларин ҳар вақт пўплар юриб ўқитганлар. Мусулмон мактабларида эса дин дарсларин шул вақтгача имомлар юриб ўқитмасдан, фақат мактаб муаллимларининг ўзлари ўқитғонлар, шул сабабли ул шарт мусулмон мактабларида дин дарсларини мукаммал суратда ўқитмоққа ҳеч бир халал келтирмайдир. Ибодат масаласиға келғонда, мусулмонлар учун ҳар ерда муъбад ва масжиддир. Мусулмон болаларин ибодатдин ҳеч ким ман’ қилғони йўқ, улар тилаған ўринларида муаллимлари бошлиқ тилағанларича ибодат қила билурлар. Мусулмон мактабларида дин дарслари ўқитмоқ тўғрисидағи буйруқни бу тариқа тафсил бермак ила буни ҳам илова қилинурки, ерлик мактабларида дин дарслари ўқитмоқ учун муаллимларға комил ихтиёр берилган. Бу ихтиёрдин фойдаланиб, ҳар бир муаллим ўзининг дарс жадвалиға лоақал ҳафтада уч-тўрт соат дин дарслари киритуб (бошқа фанларнинг соатига зарар еткурмаслик шарти ила), ул соатларни ибодат, эътиқодиёт, Қуръон ва ахлоқ каби қисмларга бўлиб ўқитмоққа виждонан мажбур ўлса керак. Ҳозирғача баъзи мактабларда дин дарслари берилмас экан, иш ҳукумат нуқсонидан эмас, балки муаллимларнинг нуқсонлари ва буйруқдан хабарсизликларидан. Бу хусусда қўл остиларидағи муаллимларға тегишли буйруқ ва маълумотни бермоқ ва дин дарслари учун муфассал проғрамлар тузиб эълон этмак маҳаллий маориф шўъбалари ҳузуридағи турк шўъбаларининг вазифаларидир. Эски мактабларға келсак, уларда на илм-билим бор ва на дин бор. Балки ёш болаларнинг руҳоний ва ҳам жисмоний жиҳатдан хароб этилиб ётган танбалхоналардир. Биноаналайҳ, ундай зарарли мактаблари етарлик ёки мактаблар очилғон ҳар бир ўринда ёпар. Даромадларнинг текисроқларини ижтимоий таъминотға ёзиб, маишатларин ундан таъмин этдирмоқ, ёшроқларин таълим ва тарбия курсларида бир оз ўқитиб, янги мактабларға муаллим ўлароқ ўрнаштирмоқ лозимдур. Аммо ёлғиз Қуръони каримни ҳифз этдирмоқ мақсади ила давом этуб турғон қорихоналар (бошларида муқтадир қорилар турмоқ шартила) ёйилмасдан, аввалги ҳолларида давом этмаклари мумкиндур. Ўлка Маориф комиссари: Муҳаммадамин Афандизода Турк шўъбаси мудири: Мунаввар қори «Нашри маориф» уюшмасининг аҳамияти Маданий мамлакатларнинг ҳар бирида маориф-маданият ишларини одатдан халқ ўзи олиб борадур. Ҳукумат эса ёлғиз раҳбарлик ва ёрдамчилик вазифаларинигина адо этиб турадир. Шул сабаблик онгли миллатлар ўзаро илмий, фанний, адабий ва ижтимоий уюшмалар ва «Нашри маориф» жамиятлари тузуб, ҳукуматларининг раҳбарлик ва миллатларининг ёрдами орқасида халқни маориф ва маданият жиҳатлардан юқори кўтарилишига, оқартирилишига хизмат ва ҳаракат қилурлар. Дунёнинг энг маданий мамлакатларига назар солсак, унда маориф ва маданият ишларини ҳукумат усталларидан кўра кўпроқ жамоат усталларида, маориф назоратидан кўпроқ «Нашри маориф» уюшмаларида ишланганлигини кўрамиз. Ҳукумат арбобларининг ҳам кўброғи махсус соатларда ҳукумат кабинетларида расмий вазифаларини адо этганларидан сўнгра қолғон бўш вақтларида жамоат кабинетларида ўлтириб, халқнинг тараққий ва таолийси, маориф ва маданиятининг йўлида виждоний вазифаларини адо этадурлар. Буларнинг хизматлари, ҳаракатлари ўз халқ ва миллатларининг маданий даражасига, аҳволи руҳиясига мувофиқ бир суратда бўлғонлиғи учун, табиий, афкор омма, халқ ва миллат буларга ёрдам берар ва орқаларидан эргашар. Мана бу йўллар билан бугун Оврупо ва Амриқо халқлари ҳавода учар, денгиз остида сузар, дунёнинг энг нариги бўлаклари билан воситасиз хабарлашар бир ҳолға, бир маданиятга етишдилар. Энди ўз ҳолимиз ва ўз тарихимизга боқсак, бир вақтлар Оврупо ваҳший экан, биз маданий эдик, Оврупо попослари «Осиё осмониға жисман учдими, руҳан учдими?» каби диний низолар билан бир-бирларини бўғушар эканлар, усмонли турклари Истанбулни fath этмоқ, Туркистон турклари мадраса ва расадхоналар бино қилмоқ каби маданий ишлар билан машғул эдилар. Сўнгралари Оврупо халқи маориф ва маданият йўлида ишлади, бу ҳолғо етишди; биз тушдик, ухладик, бу ҳолға етушдук. Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари… давом этади. XX аср бошларидан эътиборан бизда ҳам маориф ва маданият сўзларини оғизға олувчи, тараққиёт ва таолийнинг кераклигидан матбуотда ёзувчи, мажлисларда сўзлагувчилар чиқди, билфеъл, янги усул мактаблари очилди. Газеталар чиқорилди, «Жамияти хайрия» ва «Нашри маориф» уюшмалари ташкил этилди, фақат чор ҳукуматининг полициялари, охранная отделениялари бундай маданий ишларда ерлик халққа очиқ йўл бермади. Бир томондан очилса, иккинчи томондан ёпа берди. Шундай бўлса ҳам, ул замоннинг ёшлари, тараққийпарварлари ўз мақсад ва маслакларида собит қадам бўлдилар, бир газетани ҳукумат ёпса, иккинчи исмда, буни ёпса, учинчи исмда газета чиқариб турдилар. Жамият ва мактабларнинг ҳам бирини ёпса, иккинчисини очиб, бирини қисса, иккинчисини кенгайтириб туришдан тўхтамадилар. Ҳукуматнинг қувиш ва сиқишлари уларни умидсизлантирмади, мақсад ва маслакларида давом этдилар. Ҳеч мумкин бўлмағон бир замонда четга ўқувчилар юбордилар. Мактабларни ўрта даражаларга қадар олиб бордилар. Жамиятлар четга кетувчи ўқувчиларга, мактабларга моддий ва маънавий ёрдам берарлик даражада кучга эга бўдди. Газеталари афкор оммани ҳийли қўлга олиб, 3—4 минг нусха сотилатурғон мартабага етди. Тўртинчи синфларга етарлик мактаб китобларимиз ҳозирланди. Ҳукумат ҳам махсус мақсад билан очқон русско-туземний мактабларини янги миллий мактабларга рақобат қила олмаслигини англаб, оз бўлса ҳам ислоҳ этмакка мажбур бўлди. Мана бу юқорида саналғон ва бу кунда тарих саҳифаларига топширилғон миллий-маданий хизмат ва ҳаракатларнинг ҳеч бири ҳукумат усталларида эмас, ёлғиз жамоат усталларида ишланган ишлардир. Ҳукумат усталлари эса ул замонда бундай харажатларга том маъноси билан хилоф ва қарши борар эди. Бу қаршилик, қувиш ва қисишлар жамоат хизматчиларининг кўнгилларига шул қадар теккан ва зериктирган эдики, инқилоб бўлиб, ерлик халқнинг маориф ва маданиятига таолий ва тараққийсига қарши усталлар йиғилғон кундан бошлаб, ҳар бирлари ҳар ерда отилиб, ҳукумат усталлариға миндилар-да, жамоат усталларини бутун тарк этдилар ҳам ўз мақсад ва маслакларини ёлғиз расмий кабинетларда ўлтириб, давлат пули, давлат қонуни ва ҳукумат кучи билан вужудга чиқармоқ фикрига тушдилар. Халқ фикри, халқ аҳвол руҳияси, халқ даражаи маданияси ва халқ ёрдами кўпинча эътиборга олинмади. Бизнинг энг буюк хато ва янглишимиз ҳам шунда эди. Ҳам бундай улуғ инқилоб вақтида бизга ўхшаш маданиятсиз миллатга мундан бошқа чора, эҳтимолки, йўқ ва топилмасда эди. Мана бу воситалар билан биз қора халқдан узоқлашдик, ўзимиз билан бирга мақсад ва маслагимиз ҳам узоқлашди. Бундан, табиий, маориф ва маданият душмани бўлган қоринпарастлар, мутаассиблар истаганларича истифода этдилар. 16-йилларда янги мактабларга рақобат қила олмоғон эски мактаблар букун даҳшатлик суръатда тараққий этдилар. Эски Тошкент маориф шўъбасининг сўнгги олғон ҳисоби бўйинча, бутун янги мактаб шогирдлари 4000 тўлмағон ҳолда эски мактаб ва қозихоналарда 7000 қадар миллат боласининг эзилиб ётқонлиғи кўринадир. Бу ҳоллар Туркистон маориф ва маданият маркази бўлғон Тошкентда, агарда биз Тошкентдан қанча четга чиқа берсак, маориф ва маданият ишларимиз шунча заифлана ва халқнинг маорифига ва маориф ходимларига назари шунча ёмонлана борадир. Бу кун янги мактабларни «куфр уяси» деб эътиқод қилғон ва янги мактаб муаллимлариндан шайтондан қочқон каби қочқон ва қўрққан кишиларни, ўринларни, қишлоқларни, ҳатто шаҳарларни топмоқ мумкин. Бунга сабаб, бир томондан, халқнинг нодонлиги ва мутаассиб уламонинг иғвоси бўлса, иккинчи томондан, бизнинг ёшлар ва маорифпарварларимизни халқфикри ва халқ ёрдамини бутунлай унутиб, ёлғиз ҳукумат кучи ва ҳукумат пули билан иш кўрмоқ хаёлиға тушганлари ва бу хаёл орқасида халқдан ҳийли узоқлашганлиқларидир.Агарда биз аввалда бир неча инқилобларни кўриб тажриба ҳосил қилғон бўлсак, табиий, бу беш йиллик инқилоб даврида маориф ва маданият йўлида ўйлаб ишлаган, қора халқни тамом қўлға олиб, тараққий ва таолий йўлиға ўзимиз билан бирга олиб кетган ва бу восита билан инқилоб давридан қора халқни фикр, маориф ва маданият жиҳатида жуда кўб фойдаландирғон бўлар эдик. Энди бўлар иш бўлди. Инқилоб денгизларининг тўлқинлари пасайди. Ҳар иш ўз йўлиға ва ўз тартибига кира бошлади. Бу кунгача давлат сармоясидан таъмин этилиб келган маориф ва маданият муассасаларининг кўпрак қисми маҳаллий сармояга ва халқ ёрдамига қолдирилди. Бу кунгача маориф ва маданият ишларини ҳукумат кучи ва ҳукумат йўли билан олиб бормоқ хаёлида бўлғон маорифпарвар ёшларимиз энди халқ кучи ва халқ ёрдами билан олиб бормоқ фикрига келдилар. Бунинг учун халқ фикри ва халқ руҳи билан ҳисоблашмоқ лозимлигини ҳам шояд англагандирлар. Ишлар бу фикр ва бу йўл билан юритилган тақдирда халқни ҳам маориф ва маданият ишлари атрофига тўпламоқ ва ородағи англашилмовчиликларни халққа тушунтириш ва амалда ишлаб кўрсатиш йўллари билан орадан кўтармак мумкинлиги тажриба билан маълумдир. Табиий, бундай ишларни энди ёлғиз ҳукумат кабинетларида ўлтириб эмас, балки жамоат усталларида ва қора халқ орасида ишламак лозимдир. Бунинг учун ҳар ерда «Нашри маориф» уюшмалари очмоқ ва бутун маорифпарварларни, ёшларни, чолларни шул уюшма атрофига тўпламоқ керакдир. Туркистоннинг ҳаёти, Туркистоннинг нажоти ёлғиз маорифга ва маданиятнинг тараққийси эса бутун халқнинг «Нашри маориф» уюшмалари атрофига тўпланмоғига боғлиқдир. Шундагина биз маданий миллатлар қаторига кира оламиз, шундагина маданият дунёсида ўз ҳуқуқимизни ола оламиз. «Шўройи ислом» қарорномаси Ҳозирғи қийматчилиқ ва озиқсизлиқ шул қадар қўрқинчилуқ даражаға бордики, кўп оилалар, фақир ва бечоралар пулга ҳам озуқтополмасдан, кўчаба-кўча саргардон бўлиб, неча кунларғача оч турмоққа мажбурият кўрурлар. Ҳозирда давом этуб турғон даҳшатлиқ уруш, бу йилғи сувсизлиқ ва чогирдка балолари бу ҳолни минбаъд яна қўрқинчлироқ даражаға олиб борадирғонға ўхшаб кўринадур. Туркистон мусулмонларининг съезди мана шул ҳолни эътиборға олинмак орамизда бўлуб турғон баъзи бидъат ва исрофот ишларини, чунончи, тўй, маърака, гап, базм, ялочи, қозоқлар орасидаги улоқ, пойга ва жаноза куни бўладурғон исрофотни билкуллия барҳам бермоқға қарор берди. «Шўройи исломия»нинг 12 апрелда воқе’ умумий мажлисида Тошканднинг қозилари ва уламолари ҳам бу ишнинг аксарини шариатға хилоф топдилар ва ўз оралариндан бир комиссия сайлаб, тўй ва маъракаларни шул комиссияларға топшурдилар. Биринчи. Жаноза куни имом ва уламоларға йиртиш ва чопонлар улашмоқ, қариндош-уруғларға қора кийимликлардек нимарсалар бермоқ, юғучи ва отунларға ижройи хизматларидан зиёда ҳар хил кийимлар бермоқ, отунлар келиб товуш чиқориб ўқимоқ, садр қилмоқ, хотунларға улашиладирғон етти, гул, қовоқоши, қор ёғди, лайлак келди, қовун-тарвуз, йигирма, қирқ, ҳайит, фотиҳа ва йил ошидек халққа ош бериладурғон исрофдир; қозоқлар орасидаги йил оши, пойгалар ва аҳли касабалар тарафидан арвоҳ, пари исми билан бериладурғон ош ва зиёфатларни йўқ қилинди ва булар бадалиға жаноза куни давлатлик кишилар уламо-имомларға пул бериш, хайрот қилмоқлари ҳам юқорида мазкур маърака кунларида маҳалладан уч-тўрт киши чақириб, хатми Қуръон қилдирмоқлари мумкиндир. Иккинчи. Қиз тўйларида совчигарчилик, патир, кичик тўй, қозон қайтариш, катта тўй, базм ва кеча исрофлари ва юз кўрар, ҳайитларда мол ёйиб, келин кўрмоқ, қиз оши бермоқ ва никоҳ кунларида ялочилар ўйнамоқ, ёр-ёр айтмоқ, хотунларнинг ҳар бириға алоҳида нон ва ошлар тортмоқ, «тўққиз-тўққиз», сандуқларда чуриб кетадурғон гулкўрпа, фалак, кўрпалардек фойдасиз моллар, кўчалардин миёнча кўтариб ёки ароба ва туяларга ғалла ва бошқа хил нарсалар ортиб тўй юбормоқ, қозоқлардаги қалин олмоқ ва шунга ўхшаш исрофот ва бидъатлар билкуллия мамнуъдир. Бунлар ўрниға келин ва куёв тарафлари кийим ва зарурият уй асбоблари тўғрисинда пул ила битишсунлар, ҳам никоҳ куни куёв ўзи ошналари ва маҳалла кишилари бирлан бекарнай, фақат сурнай билан боруб, никоҳ қилурлар ва келин тараф ўз қариндошлари бирлан келинни олиб борурлар. Фақат куёв ила борадурғон кишиларнинг йигирма-қирқ кишидан ошмаслиғи лозимдур. Чорлари ҳам мартаба куни бўлиб, куёв ила бирга борадурғон кишилардин келин ила борадурғон хотунлар ҳам ўн кишидан ортуқ бўлмасун. Чорлари фақат таом емоқ учунгина бўлиб, тугиб олиб кетмоқлари ва яна бешик тўйи, чиллагаризонлар бутунлай йўқолиб битсунлар. Учинчи. Ўғил тўйида атрофдаги маҳаллалардан одамлар чақируб, ош бермоқ, улоқ бермоқ, хотун оши бермоқ, хатна қилинадурғон болаларға наша ва ҳам кўчаба-кўча саргардон қилиб, оқча йиғмоқ ва шунларға ўхшағон исрофлар билкуллия мамнуъдир. Фақат давлатлик кишилар уламо ва имомларни чақируб, кичикроқ бир мавлуд мажлиси ясаб ва фақир кишилар маҳалладан уч-тўрт кишинигина чақируб, ўғилларини хатна қилдирурлар. «Шўройи исломия» давлатлик кишилардин илтимос қиладурки, мавлуд мажлисини ҳам кўб катта юбормасдан, мумкин қадар қасди риоя қилсалар (тежаб сарф қилсалар) ҳам тўйда… пул ва ғалла сарфи маҳаллаларидағи оч ва яланғоч, бева-бечораларға, мактаб ва мадраса ва «Жамияти хайрия»ларға берсалар. Ушбу тартибға мухолифат қилғон кишиларнинг маърака ва тўйлари тўхтамли ва айбнома (протокол) ёзуб, қозиларға топшурмоқ ва шаҳар бошлуқлариға ҳавола қилинади. Бундай кишиларға иттифоқи муслиминни бу ким омилини ва шаръан ҳаром бўлғон исрофгарчилиғини белги учун муҳтарам қозилар шариатға мувофиқ қаттиғ жазоға мустаҳиқ қиладурлар. Муҳтарам маҳалла имомлари ва маҳалла комитетларидин илтимос қиладурки, ушбу эълонномани халққа тушунтириб, халқни ушбу тартибдан чиқмаслигига тарғиб ва ташвиқ қилсалар эди. Чунки жаноби Ҳақ таъолий исроф қилғувчиларни суймас. «Шўройи ислом» раиси муовини Мунаввар қори Комиссиялар: Мулло Саид Аҳрорхон маҳзум, Мулло Муродхўжа эшон, Мулло Абдусаме’ қори. «Турон» театри очилишида сўзланган нутқ (1914 йил 27 февралда Тошкандда «Колизей» театри биносида «Турон» труппасининг расмий очилиши муносибатила сўзланган нутқ.) Сиз ҳурматлуларга тиётр хусусида бир неча сўз айтмакка жасорат қилиб, қаршуларингизга чиқдим. Бу хусусда маним густоҳона ҳаракатимни афу этмаганингизни ожизона рижо қилурман. Бизни Тошканд шаҳрида бир неча мартаба миллий тиётрлар ўйналган бўлса ҳам, холис Туркистон тилида ҳануз бир тиётр ўйналмағонлиғи барчамизга маълумдир. Шул сабабли баъзи кишиларимиз тиётрға, эҳтимолки, ўйинбозлиқ ёхуд масхарабозлиқ кўзлари ила боқурлар. Ҳолбуки, тиётрнинг асл маъноси ибратхона ёки улуғлар мактаби, деган сўздур. Тиётр сахнаси ҳар тарафи ойнабанд қилинғон бир уйға ўхшайдурки, унга ҳар ким кирса, ўзининг ҳусн ва қабиҳини, айб ва нуқсонини кўруб ибрат олур. Ва бу саҳнада кўзига ёмон кўрунган паст одатлардин ва бузуқ ахлоқлардин узр қилмоқға ҳаракат қилур. Биноаналайҳ тиётрни бузуқ ахлоқ касалларининг энг ёқимли давосига ўхшатган киши ёлғончи бўлмаса керак, деб ўйлайман. Тиётр саҳнасига чиқиб, юзига ун суртиб, бир масхарабоз шаклига киргон зотлар гўёки табиби ҳозиқ мисолиндадурлар. Бунлар аччиқ романларни ширин даволари ила халқға едирурлар ва аччиқ насиҳатларни сучук сўзлари ила халқға эшитдурурлар. Биз шу зотларга ва тиётрларга қандай кўз ила боқмоғимиз керак? Муни ўрганмак учун биз ўзимиздан бошқа мутараққий мамлакатларга боқайлик. Мисли устимизга ҳоким бўлуб турғон русларга, туркларга, немисларга, французларга, яҳудийларга ва бошқаларга, кўб узоқ кетмайлук, энг яқин қўшниларимиз бўлғон Қофқоз мусулмонлариға. Бундан ўттиз йил муқаддам Қофқоз мусулмонларидин энг аввал чиқиб тиётр китоблари ёзған ва юзига ун суртиб тиётр саҳнасига чиқғон, адиби шаҳид Мирза Fathali Охундов жаноблариға халқ қандай кўз ила қаради? Марҳум Охундов халқнинг нуқсонини кўрсатғон, миллат тараққийсиға ва мамлакат ободлиғиға хизмат қилгон, исми ҳар ерда ҳақорат ила зикр қилинурди ва ўзидан ҳар ким нафрат қилурди. Лекин ўттиз йил ўтгандин сўнг марҳум Охундов жанобларининг чеккан машаққатлари ва тортгон заҳматларини миллат ўйлаб, тақдир қилуб, онинг хотираси ва руҳининг шодлиги учун улуғ бир юбилей, яъни дуо мажлиси ясадиларки, ҳозирға қадар бундай улуғ мажлис мусулмонлардин ҳеч бир киши учун ясалғони йўқдур. Марҳум Охундов тутган йўлнинг улуғ фойдалари ҳозирда кўринмакда бошлади. Қофқозиянинг ҳар бир ерида жамияти хайриялар очилуб, аларнинг тиётру шуъбалари ташкил топди, буларнинг энг машҳурлари Бокуда «Нажот жамияти»дурки, бу жамият тиётр воситасила Қофқоз халқининг ахлоқини хийла ислоҳ қилди, ғафлатдин уйғонтирди, тараққий ва маорифга ҳавасларин ортдирди. Ҳозирда тиётр воситасила ҳар йил мингларча ақча жам’ қилур. Юзларча мусулмон фақир ва ожизларга ёрдам берур. Қўлидан келгунча миллатининг номус ва обрўсини ҳифз қилур ва шаҳарнинг атрофида бўлғон қишлоқларда ўттузға яқин мак-таблар очуб, ислом болаларини тарбия ва таълим қилур. Юзларча миллат болаларини тарбия қилуб, ўқитуб, ҳақиқий миллат ва ватан ходимлари этиб майдонға чиқарур. Модомики, бизим энг яқин қўшниларимиз ва ватандошларимиз ва диндошларимиз бўлғон тоторлар ва Қофқоз мусулмонлари бу тариқа тараққий ва тамаддунга қадам қўйдилар. Ва ёлғиз тиётр воситасила ўз миллат ва ватанларина бунча хизматлар кўрсатдилар. Биз, туркистонликлар на учун онлардин ибрат олмаймиз? На учун ўз тилимизда тиётрлар ясаб, орамизда бўлғон бузуқ одатларни йўқ қилмоқға ҳаракат қилмаймиз? На учун Туркистонда биргина бўлғон жамиятимизни ва фақирликдин инқирозга юз тутган мактаб ва маорифимизни ободлиғига саъй ва кўшиш қилмаймиз? Бизим Туркистон мамлакати туфроғ, сув ва ҳаво жиҳатидин энг бой мамлакатлардин бўла туруб, на учун ўзумиз бундан фойдалана олмаймиз? Мана, кетба-кет етган бундай саволларга жавоб бермак учун нодонлиқ ва оламдин хабарсизлик, демакдин бошқа чора йўқдур. Бу нодонлиқ ва дунёдин хабарсизлик балосидан қутулмак учун энг аввал орамизда ҳукм сурган бузуқ одатларнинг бузуқлиғини билмак ва ўрганмак керакдур. Бас, бизга бу билдурғувчи ва ўргатувчи ёлғиз тиётр саҳнасидур. Сониян онларни тарк қилмак керақдурки, они тарк қилдирувчи яна жамият ва тиётр воситасила очилгон мактаб ва мадарасамиздур. Шул сабабли ҳимматли ёшларимиздан ва ҳимматли бойларимиздан бу тиётрларга фақат ўюн ва масхарабозлик кўзила боқмасдан, миллат ва ахлоқ жиҳатидан энг ибратли бир манзара ва улуғлар учун очилғон фойдали бир мактаб назари ила боқмоқларини ожизона арз ва истирҳом қилурман. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Мунавварқори Абдурашидхон ўғли). Downloaded from uzbekai.com.