Узоринг меҳри кўнглим ичра тушгач, ўртаниб жоним... Мунтазир Узоринг меҳри кўнглим ичра тушгач, ўртаниб жоним, Лабинг шавқида қон ёшлар тўкиб ул чашми гирёним, Фироқинг дарди, ҳажринг ханжари бирла оқиб қоним, Йиқилдим кўйинг узра бехуд, эй бераҳми давроним, Кўриб бир лутф бирла қилмадинг тадбири дармоним. Сабо, лутф этгилу, ҳолим бориб жонона изҳор эт, Ул ойнинг ўтли оҳим, қонли ёшимдин хабардор эт, Жунун оғози қил, ошиқлиғ атворин намудор эт, Фиғону нолаю фарёд ила изҳори гуфтор эт, Ки, барбод ўлди ҳажрингда саботу сабру сомоним. Икки кўздин фироқинг шиддати ашким равон этмиш, Ҳамул майгун лабинг андишаси бағримни қон этмиш, Дуто айлаб қадимни, қошларинг фикри камон этмиш, Кўриб бу ҳола кофир кўзларинг ҳам қасди жон этмиш, Бу дамда бир тараҳҳум зоҳир эт, эй номусулмоним. Майи гулгун ичарсан, ғайр ила ҳар тун тутиб суҳбат, Қилиб юз лутфу эҳсон гарм эдуб ҳангоман ишрат, Ютар кўнглим бу ғамдин муттасил хунобаи ҳасрат, Кўриб бу ҳолатимни меҳр ила кўрсатмадинг шафқат, Жамолингдан мунаввар ўлдиму бир тун шабистоним? Азалда қисматим, эй шўх, ишқинг ибтилосидин, Ҳазин жоним асири меҳнату ҳажринг балосидин, Кеча-кундуз бошимға меҳнату ғам можаросидин, Бу андуҳу малолат бирла кўнглим муддаосидин -— Ки, раҳм этсанг кўриб бу меҳнати беҳадду поёним. Лаби лаълинг хаёли бирла ашким лолагун ўлди, Ғамингдин қон ютиб ҳар лаҳза кўнглим ғарқи хун ўлди, Фироқинг шиддатидин хаста аҳволим забун ўлди, Балою дарди ҳажринг, оҳ, кундан-кун фузун ўлди, Кетиб сабру қарорим, етти кўкка оҳи сўзоним. Давосиз дарда жонимни гирифтор айладинг охир, Ики чашмимни ҳажринг ичра хуноб айладинг охир, Кўнгилни, эй париваш, ҳуснингга ‘зор айладинг охир, Мени солдинг бу ҳола, майли, ағёр айладинг охир, Тағофулдин эшитмай бир йўли фарёду афғоним. Юзингдин, эй пари, нури сабоҳат ошкор ўлди, Кўриб рухсори покинг меҳри анвар шармсор ўлди, Жаҳон аҳли жамолинг жилвасидин беқарор ўлди, Кўзим чун талъатингни кўрди, кўнглум онча зор ўлди, Нигорим, нозаниним, маҳвашим, хуршиди тобоним… Нисор этдим муҳаббат махзанидин бир неча гавҳар, Сени васфингда, эй гулбарги тар, шўхи пари пайкар, Бериб ҳар банди тўғросиға исминг ҳарфидин зевар, Асиринг Мунтазир кўнглим аро бир муддао гавҳар- Ки, бўлсанг лутф этиб бир кеча жоним ичра меҳмоним. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Узоринг_меҳри_ко%E2%80%98нглим_ичра_тушгач%2C_о%E2%80%98rtanib_жоним.... Downloaded from uzbekai.com.