Саёҳатнома Муқимий Қўқондан Шоҳимардонга Фарёдким, гардуни дун Айлар юрак бағримни хун, Кўрдики, бир аҳли фунун – Чарх анга кажрафтор экан. Қолмай шаҳарда тоқатим, Қишлоқ чиқардим одатим, Хоҳи яёв, бўлсун отим, Гоҳ сайр ҳам даркор экан. “Ултарма”га қилдим юруш, Йўлдош эди бир читфуруш, Этдим жадаллаб вақти туш, Бир дам қизиқ бозор экан. Бир маърака кўрдим бутун, Жаъми ёпинган бошга тўн, Боқсамки, беш юзча хотун, Воиз сўзин тинглор экан. Мингбошилик кимнинг иши, Десам, деди бедониши, Бир “Қўштегирмон”лик киши, Хўжа Исо бадкор экан. Мағрур, хасису бешу кам, Ҳар гапда юз ичгай қасам, Такжой олур моховдан ҳам, Ҳожи ўзи мурдор экан. “Дўрмонча”га кетдим ўтуб, Ёқамни ҳар соат тутуб, Ётдим ул оқшом ғам ютуб, Дашти қароқчизор экан. Унда бўлус Ғози деди, Ҳам муфти, ҳам қози деди, Юрт барча норози, деди, Қилғон иши озор экан. Боз издиҳоми воизи, Бадкайф, очилмас кўзи. Юқори бошидин тизи, Эрмаклари кўкнор экан. Сўрсам, дедилар: “Бўрбалиқ”, Бирмунча эчкилар ариқ, Келса киши еяр тариқ, Шому саҳар тайёр экан. “Оқ ер”дин ўтдим, бойлари – Олий иморат жойлари, Меҳмонсиз ўткай ойлари, Келса биров ночор экан. Аммо назарда “Рошидон”, Фирдавс боғидин нишон, Ўйнаб оқар оби равон, Саҳни гулу гулзор экан. Маъюс бордим “Зоҳидон”, Бир кўча кетгунча дўкон, Шўх одами, ичмай пиён, Маст, отаси безор экан. Сувлар сепилган сўрилар, Бўрланган ўчоқ-мўрилар, Табъинг мабодо чой тилар, Дамлашлари ишқор экан. “Олтиариқ” қурсин ўшал, Селларда қолдим бир маҳал, Бўлдим ивиб, ёмғурда шал, Тўн шилта, ҳўл эзор экан. Мингбошиси сўфинамо, Тасбеҳу бўйнида ридо, Чўқуб қочар зоғи ало Бир доғули айёр экан. Хайру соҳо важҳига кар, Бир пулни юз ердин тугар, Келса гадой ногаҳ агар, Бир нон чиқиш душвор экан. Кўрдим чуқур “Чимён” эрур, Эр остида зиндон эрур. Душманлари меҳмон эрур, Боғи унинг tutzor экан. Водил мақоми дилфизо Кўчаларидур дилкушо, Анҳорида оби сафо, Себарга обишор экан. Қўқондан Фарғонага Чун шаҳрдин чиқдим «Қудаш», Кўнгул бўлуб маҳзун-у ғаш, Мажнунсифат, девонаваш, Серчашма-ю кам чанг экан. «Яйфан» агарчи хуш ҳаво, Одамлари енгилнамо, Бир-бирлари-ла доимо Бўлар-бўлмасга жанг экан. «Нурсух» каби бир жой кам, Тушмай ўтиб қилди алам, Олма, анор ўрнига ҳам Боғида ток-у занг экан. Кўп одамидин «Бешариқ», Боғларда экмишлар тариқ. Этим ҳақи — гўшти балиқ, Қилмишлари найранг экан. Чарчашни билмас юрсалар, Пурзўр кетмон урсалар, Вақти намозга келсалар, Масжид сорига ланг экан. «Рафқон» ажойиб жой экан, Бир кўча кетган сой экан, Салқин супа ҳой-ҳой экан, Ким кўрса ҳанг-у манг экан. Озодадин тўпори кўп, Дукчисидин аттори кўп, Чойхўридин кўкнори кўп, Бир раста нос-у банг экан. Айвончалар мисли катак, Бир йўлки, одам сиққудак, Чит бирла бир ерда алак, Бозори тор-у танг экан. Хуфтонда кирдим бир дўкон, Қилди ашула бир жувон, Эшак деманг, ундин ямон, Ҳанграрда яхши ҳанг экан. Қийғир кўтаргон уч йигит, Ухлатмадилар бир минит, Ҳам бошда тонг отқунча ит Ғингшиб чиқиб, ванг-ванг экан. Айлай саёҳат энди бас, «Конибодом» қилмай ҳавас, Ҳар ерда ётган хор-у хас, Кўзга тикан якранг экан. Қўқондан Исфарага Афлок кажрафтор учун, Ҳар дам кўнгул афгор учун, Ҳўқанд танг-у тор учун, Саҳро чиқиш даркор экан. Бордим шаҳардин «Яккатут», Баққоли дузди бадбурут, Бир танга соткай бир қурут, Инсофи йўқ, таррор экан. Қишлоқ жувони йиғлишиб, Иссиғда ўйнашгай пишиб, Ўтган тамошобин тушиб, Сешанба кун бозор экан… Мингбоши Эшдавлат акам, Аммо қуруқ савлат акам, Қилса чиқим гар бир дирам, Уйқу қочиб, бедор экан. «Яйфан» каби толзор кам, Йўқ соясида зарра ғам, Зебо санам, қоши қалам Жононлари бисёр экан. Дўғмалари ҳам хўб бажо, Волоснойи уҳдабуро, Юрт ишларини доимо Хайриятин кўзлор экан. «Нурсух» каби ҳам юрт йўқ, Боғдор-у деҳқон қорни тўқ, Масжидлари ҳам кўп улуқ, Турфа фараҳ осор экан. «Рафқон»ни бозор жойи танг, Муллолари чаққон, гаранг, Омилари ҳам мулларанг, Кўйлак кийиб, дастор экан. Гар меваси бир туп сотар, Бир пулни юз ердин тугар, Берса гадога нон агар, Минг йилда ҳам душвор экан. Аммо «Работи» баччағар, Йўқ ҳеч одамдин асар, Бир подажойи гов-у хаи, Чун оғули тайёр экан. Ду бора юрдим даштлаб, Бодом конига қараб, Мирза Умарни сўрағлаб, Ҳавлисида нажржор экан. Бўлғай ўшал Бурҳон омон, Яхши йигитдур бегумон, Хурсанд қилди ногаҳон, Мингбоши Хол саркор экан. Армонки, кўпрак юрмадим, Бир-икки ҳафта турмадим, «Тикка Работ»ни кўрмадим, Пурфайз бузруквор экан. Маъюс чиқдим «Исфара», Дил хаста, мажруҳ-у яра, Иссиққа куйган қоп-қора, Олти жиҳат кўҳсор экан. Анҳор-у сой-у чўллари, Ўйнаб келодур сувлари, Ширинки зардолулари, Қанд-у асал бекор экан. Шерсиз эмасдур бешалар, Бордур саховатпешалар, Қилманг ёмон андешалар, Яхшилари ҳам бор экан. Ҳожи Зуҳур ҳам ўрдада, Сарҳавзалар, олий сада, Борса агар бир ғамзада, Жониғача эсор экан. Бойваччасидур бадбуруш, Тўғри сўзи аччиғ-туруш, Сил, эски бачча, чойфуруш, Ҳофиз Умар, Қаҳҳор экан. Бўлма ҳаловатга касал, Оламда йўқ бениш асал, Бешак мукофоти амал, Дунё қурулғон дор экан. Алҳамдулилло, бехатар, Келдим, Муқим, айлаб сафар, Музтар қолиб, кўрмай зарар, Ҳақ бандасига ёр экан. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Саёҳатнома. Downloaded from uzbekai.com.