Танобчилар Муқимий Бўлди таажжуб қизиқ ҳангомалар, Арз этайин эмди ёзиб номалар, Адл қулоғила эшит ҳолими Зулм қилур, баски, менга золими, Ўн икки ойда келадур бир таноб, Ўзгалара роҳат-у менга азоб. Султон Али Хўжа, Ҳакимжон икав, Бири хотун, бириси бўлди куяв. Иккаласи бўлди чунон иттифоқ, Гўё хаёл айлаки, (қилмай нифоқ), Ош есалар ўртада сарсон илик, Хўжа чироғ ёғи, Ҳакимжон пилик. Бир-бирисига солишурлар ўрун, Эрта-ю кеч ўпушиб оғиз-бурун. Саллалари бошларида оқ сават, Кўрпача тагда ҳама вақт уч қават. Бирлари мўлтонинамо, ҳийлагар, Бирларидур кунда пих-у гавда хар. Оғизлари мақтаниб ўн беш қариш, Майда сухан, эзма (чурук), занчалиш. Қайсики қишлоққа тушар отидин, Элни йиғиб, воқиф этар зотидин. Дерки: «Кўзунгга ҳали кал жожаман, Махдуми аъзамлик ўзим Хўжаман. Бизга бобо ҳазрати Шоҳлиғ мазор, Мухлисимиз мардуми аҳли диёр. Ҳам яна Эрхубби бўлодур тағо, Аммамизнинг эрларидур Нурато. Биби Убайда бўладур холамиз, Гоҳ келур эрди кичик боламиз. Хизр отамларга буродар эрур, Чимлиғ азизлар менга додар эрур. Гарчики мен олим-у шайхи замон, Қирқингиза эмди берай бир қозон. Манки танобингға чиқибман келиб, Хизматими яхши қилинглар билиб. Ўт қўюбон куйдурадурғон ўзим, Ҳокиминг-у ўлдурадурғон ўзим. Хоҳ танобингни ду чандон қилай, Хоҳ карам бирла бошингни силай». Хўжа сўзини мунга бермай қарор, Мардуми саҳройи бўлур беқарор. Дерки Ҳакимжон: «Аё оқсоқол, Бизни топибсан магарамким ўсол?» «Ҳозир этиб тўрт нафар мардикор, Тўғри қил олдимга қилибон қатор. Арқоними еринга судраб чиқай, Баччаталоқ қишлоқиларни (урай), Бир бурайин мўйлабимни чиқиб, Торт танобини жазоси сиқиб! Яхшилигингни фуқаро билмағай, Ҳали булар кўзга бизи илмағай. Икки танобини қилай ўн таноб, Юртингизи куйдуруб айлай хароб. Хоҳ ўлинг, хоҳ қолинг, баччағар», Дебки, узангуга аёғин тирар. Бир-бирига қишлоқ эли боқишиб, Гоҳ у ён, гоҳ бу ён чопишиб. Жам бўлишиб айлаюбон маслаҳат. –«Дўғмаға, –дер, бир нима бериб жўнат». Ақча қўлида ики-уч мўйсафид Дерки: «Бу назрингиз-у, бизлар мурид». Зулм билан эллиг-у юзни олур, Боз танобини дучандон солур. Тағи булар яхши-ю бизлар ёмон, Эл тамизидин ҳазар эт, алъамон. Ўзга яна ғусса будурким, дейин, Шунчаки бир қисса булардин кейин; Қўшти Жалолхон деган ўғлин манга, Деди: «Руқум ўргатадурсиз сиз анга». Юклади ўғлини манга мухтасар, Бу дағи ортиқча (менга дардисар)... Сўзни, Муқимий, керак этмак тамом, Маззаси қолмас узун ўлса калом. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Танобчилар. Downloaded from uzbekai.com.