Алишер Навоий ғазалига мухаммас (Нодим Намангоний) Нодим Намангоний Токи савдодин думоғим куйдурур хирмон иси, Чарх домонин тутар бу нолау афғон иси, Ғунчадек қон этди дил бир Юсуфи Канъон иси, Гар баҳор эл топса бўстондин гулу райҳон иси, Келур ул райҳон ила гулдин манга ҳижрон иси. Махфили имконда ишратдин сабуйи топмадим, Нашъайи кайфи бақодин тоза рўйи топмадим, Ушбу гулшан ичра ранги орзуйи топмадим, Менки бир гулдин жаҳон боғида бўйи топмадим, Найлайин қилса муаттар даҳрни бўстон иси. Орзуйи васлидин кўнглумда юз минг можаро, Сурмасо кўзлар фироқидин бу жон мотамсаро, Зору маҳзунман, эрур бағрим яро, эй ошно, Лаъли ҳажринда ниҳон ашким сўзин ағёр аро, Деса бўлмаским келур бу нав’ сўздин қон иси. Қайси боғу дашт аро ул сарвиноз этди хиром, Сабзау гуллар унуб топди саботи мустадом, То дами маҳшар муаттар бўлғуси андин машом, Қайдаким жон бахш лаълидин Масеҳосо калом — Сўрди, ул ердин келур юз қарндин сўнг жон иси. Эҳтиёжингдин худодин ўзга огаҳ демаким, Тут қаноат домонин, султон ила шаҳ демаким, Мунъиму муҳсин ҳақиқатда сувалло демаким, Эй гадо, олам элиға шайъалиллаҳ демаким, Бу чамандин келмади ҳаргиз гули эҳсон иси. Олами мадҳушдир ул зулфи анбар бўйиға, Риштаи жонлар эрур пайванд ҳар бир мўйиға, Топшириб жон ила кўнглумни қади дилжўйиға, Жон иси тутди жаҳо”нни, мен борурман кўйиға, Ким тилар эл жон иси, мен истарам жонон иси. Лолаю гул бирла саҳрою чаман жаннат, намуд, Чекди сарви гул шоҳида қумрию булбул суруд, Гулситон ҳар баргидин Нодим фалак айлаб ҳусуд, Чун Навойиға келур ҳижрон иси ҳар дам, не суд, Гар баҳор эл топса бўстондин гулу райҳон иси. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Алишер_Навоий_г%E2%80%98azaliga_мухаммас_%28Nodim_Намангоний%29. Downloaded from uzbekai.com.