Токим бошимга тушди ситамкор эҳтиёж... Нодим Намангоний Токим бошимга тушди ситамкор эҳтиёж, Қилди кўнглумни сарбасар афгор эҳтиёж. Бир лаҳза гар фароғати топсам бу даҳрдин, Андуҳу ғуссалар бирла тайёр эҳтиёж. Косид матоменки, биров сўрмагай мани, Ҳар қайда бўлса лек харидор эҳтиёж. Келса кўзумга бир кеча гар хоби роҳати, Албатта, айлагай мани бедор эҳтиёж. Бор эҳтиёж ҳар куни, аммоки кўп эмас, Қилғай ҳужум ҳар шаби бозор эҳтиёж. Ҳарчанд юз ўгурсаму сўксам келур яна — Олдимга тўғри, шилқиму беор эҳтиёж. Дунёда ёру ғор анисим эрур мағар, Ҳар дарду ғам етишса, мададкор эҳтиёж. Йўқтур жаҳонни молу матои каминада, Ҳар қанча сўрар эсалар бор эҳтиёж. Масти майи нашоту фароғат эди кўнгил, Қилди мукаддар, айлади ҳушёр эҳтиёж. Бўлмам ўз ихтиёрим ила эҳтиёжманд, Тушгай бошимға бир йўли ночор эҳтиёж. Муҳтожликдин энди бориб кимга дод этай, Этти ёруғ жаҳонни менга тор эҳтиёж. Фарзанди аржуманди жигарбандлар учун Бергай ҳамиша жонима озор эҳтиёж. Yo раб, халос айла мани эҳтиёждин, Жону дилимдин айлади безор эҳтиёж. Солсам назар тамоми оламға сарбасар, Албатта, бўлғай анда падидор эҳтиёж. Ҳар субҳу шом бесару сомон кезар, басе Изҳор этиб бу гумбази даввор эҳтиёж. Умру саломатию маошу беҳиштдур, Ҳар одамийға лозими бу чор эҳтиёж. Зоҳидға ҳуру жаннату кавсар мурод эса, Ишқу муҳаббат аҳлиға дийдор эҳтиёж. Нодим, сипосу шукр қил, изҳор айлама, Билгай худой, ҳеч кима зинҳор эҳтиёж. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Токим_бошимга_тушди_ситамкор_эҳтиёж.... Downloaded from uzbekai.com.