Ёр этиб азми сафар, ман зори гирён қолмишам... Нодим Намангоний Ёр этиб азми сафар, ман зори гирён қолмишам, Нолау афғон чекиб, бесабру сомон қолмишам. Ул гули навраста ҳижронида йиғлаб зор-зор, Булбули шайдо каби ман тортиб афғон қолмишам. Ул неча аҳбоби дилхоҳи била айлаб сафар, Ман ғаму ҳасратда ёлғуз сийна бирён қолмишам. Офтоби осмони ҳусн этиб ногаҳ ғуруб, Соядек ман нотавон ер бирла яксон қолмишам. Кўз кўруб, кўнглум асир ўлди каманди зулфига, Войким, зулмат аро табъим паришон қолмишам. Неча кундурким хаёлидан даме бўлмай халос, Кўзга уйқу келмайин то субҳ ҳайрон қолмишам. Дўстлар, бир чора айланг дардима, ўлмай ҳалок, Доғи ҳижронига топмай ҳеч дармон қолмишам. Қайси кун бўлғайки, Нодим, васлиға маҳрам бўлуб, Арзи ҳолимни десамким: — Сансиз, эй жон, қолмишам. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ёр_этиб_азми_сафар%2C_ман_зори_гирён_қолмишам.... Downloaded from uzbekai.com.