Журъакашда йўқ тириклик бодаи гулфомсиз... Нодир-Узлат Журъакашда йўқ тириклик бодаи гулфомсиз, Лабларинг ҳижронида кўнгул эрур оромсиз. Ой юзунг зулфунг қаронғуси аро топмиш зиё, Васл эрмас ҳажрсиз, ҳам субҳ эрмас шомсиз. Эй кўнгул, холида зулфи қайдидин айла ҳазар, Саҳни олам мазраида дона йўқтур домсиз. То жафо чекмай қачон коминг этар ширин мурод, Мева топмас шаҳд нахли шохи узра хомсиз. Бода қанча талхдур, кайфияти бўлғай баланд, Хуш кўрунмас ишқ элига лаълидин дашномсиз. Ҳуснни султонисан, меҳрингни сол ушшоқға, Шоҳ йўқ, фақр аҳлиға бўлса агар инъомсиз. Васл изла, айла, Нодир, дарди ҳижрониға сабр, Этмагай матлабга ҳеч ким меҳнати айёмсиз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Жур%E2%80%99akashda_ё%E2%80%98q_тириклик_бодаи_гулфомсиз.... Downloaded from uzbekai.com.