Огаҳий Огаҳий Алишер Навоий ғазалига мухаммас Фалакким яхшилар базмида қадримни баланд этмас, Дами йўқким ямонлар мажмаида мустаманд этмас, Бу ҳасратдин кўзим ашки йўлин бир лаҳза банд этмас, Мани ман истаган ўз суҳбатида аржуманд этмас, Мани истар кишининг суҳбатин кўнглум писанд этмас. Фиғонким даҳру дун ичра рафиқи топмадим огаҳ, Қаён борсам бўлурлар ғулвашлар ҳамдаму ҳамраҳ, Тиларлар баҳра мандин, мен тилаб топман биридин, ваҳ, На баҳра,топғоман ондинки мандин истагай баҳра, Ўзи ҳам баҳраманд ўлмас,мани ҳам баҳраманд этмас. Кўзи заҳри эса ҳар нечаким мойил мамотимға, Лаби шаҳди эди роғиб ўлимдин ҳам нажотимға, Бу дам восил иймон ул қотили Исо сифотимға, Нетой ҳуру пари базминки қатлим ё ҳаётимға, Аён ул заҳр чашм айлаб ниҳон бу нўш ханд этмас. Чиқо олмай кўнгул ҳайрондур усру шому фурқатдин, Тўкар ашкини кўз ҳам интизори субҳ васлатдин, Иложи бўлмаса ул маҳваши хуршид талъатдин, Керакмас ой ила кун шакликим ҳусну малоҳатдин, Ичим ул чок-чок этмас,таним бу банд-банд этмас. Бугун чобаклар ичра йўқ эди ул шаҳсуворимким, Бирини қилмади манзур чашми ашкборимким, Ғубор осо нетонг гар қолмаса сабру қароримким, Керак ўз чобаку қотилвашу мажнун шиоримким, Бузуқ кўнглимдин ўзга ерда жавлон саманд этмас. Савод зулфини кўргач юмар Огаҳий тун деб кўз, Юзиға нозир ўлғоч ҳам тутар қўл бирла кун деб кўз, Кўнгул, ҳайратға қолма кўрмас они не учун кўз, Ул ой ўтлуғ юзин очса Навоий тегмасун деб кўз, Муҳаббат тухмидин ўзга ул ўт узра писанд этмас. Бир бўса бер Эй юзинг шавқи танимдин олди жон, бир бўса бер, Вай лабинг завқи ичимни қилди қон, бир бўса бер. Тобакай қаҳринг била ноком ўйлаким гоҳ-гоҳи, Тил учидин лутф этиб очиб даҳон, бир бўса бер. Хасталарға нўши лаълингдур раво бахш абад, То топой ман ҳам ҳаёти жовидон бир бўса бер. Гар тани беморима бермак тиларсан ноза жон, Жон киби кўксим аро айлаб макон, бир бўса бер. Бўсаи лаълинг наботиға гар истарсан баҳо, Мандин олиб ҳосил-у, жон-у жаҳон, бир бўса бер. Йўқса изҳор айлабон меҳру-мурувват расмини, Ман ғариби бедилингга ройиғон бир бўса бер. Лаҳза-лаҳза тўтийи таъбимни гўё истаса, Шаккаристони лабингдин ҳар замон бир бўса бер. Ошкоро бўса бермакдин агар шарм айласанг, Хилват ичра келиб, элдин ниҳон бир бўса бер. Огаҳий пиру заиф ўлмиш чекиб ишқинг юкин, Истасанг они қари-ю, навжувон, бир бўса бер. Бизки букун жаҳон аро кишвари фақр шоҳимиз... Бизки букун жаҳон аро кишвари фақр шоҳимиз, Бошимиз узра оҳимиз шуъласидур кулоҳимиз. Қасри рафимиз бузуқ кулбайи кўҳнамиз бўлуб, Гўшайи ажз-у масканат туфроғи тахт-у жоҳимиз. Маркаб ғам самандимиз, доми алам камандимиз, Нолайи зор туғимиз, хайли бало сипоҳимиз. Лашкари кибр-у нахват-у нафс ила тузгали масоф, Ғамкадамиз фазосидур арсайи размгоҳимиз. Ким бўла олғуси тараф бизгаки, ашк-у оҳдин Тутти ер-у сипеҳрни шавкат-у дастгоҳимиз. Мартабайи уружимиз ажз ила ўйла тутти авж Ким, бўла олмағай ети чарх ғубори роҳимиз. Ҳимматимиз баланд эрур ўйлаки, ҳеч тушмагай, Даҳр дани арусининг жилвасиға нигоҳимиз. Олами фақр базмида жоми сабуҳи ичкали, Субҳи сафидимиз эрур бизга шаби сиёҳимиз. Шоҳиди маънийи вафо ишқини даъви эткали, Чеҳрайи зард-у, қадди хам келди ики гувоҳимиз. Бизни бу даҳр боғининг ишрати орзусидин, Шукрки, фориг айлемиш марҳамати илоҳимиз. Огаҳий, бўлса тонг эмас фақр эли гар мутеимиз, Бизки букун жаҳон аро кишвари фақр шоҳимиз. Бўлмаса бўлмасун, нетай Ашкима гар канора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай, Оҳима ҳеч шумора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай. Ҳардам улусға лутф ила боқғуси қаҳр ила, вале Ман сори бир назора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай. Ишқ эли кўнгли дардиға чора қилур,вале менинг Дарди дилимга чора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай. Ҳажрида заъфим ўйлаким, оҳи ҳазиним ўтиға, Шуъла била шарора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай. Жон лабидин чу бермади жисмима,ваҳки қошидин Қатлима бир ишора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай. Кўйига борсам этгуси васлиға ваъда, ул доғи Бўлғуси бора-бора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай. Толейи равшан ўзганинг лутфи қуёши нуридин, Мен киби бахти қора йўқ, бўлмаса бўлмасун,нетай. Бўлди ситораси исиқ' хулқға меҳр ёр карам, Манда исиғ ситора йўқ, бўлмаса бўлмасун, нетай. Дедим ўлубтур Огаҳий ашки канорасиз, деди: Ашкима гар канора йўқ, бўлмаса бўлмасун,нетай. Бу оқшом маҳвашим рухсори ой бирла талошибдур... Бу оқшом маҳвашим рухсори ой бирла талошибдур, Эмас анжум фалак аҳли очиб кўзлар қарошибдур. Бир учқундур қуёш ул маҳлиқо рухсори ўтидин, Шафақ эрмас, фалак домониға ул ўт тутошибдур. Дема тун зулмати хуршид рухсорин ниҳон этмиш, Ул ойнинг ишқи савдоси онинг бошидин ошибдур. Фалак меҳри булутдин юзга чекмиш пардаи мушкин, Магар боқиб қуёшим юзига кўзи қамошибдур. Юзида чинмудур ҳар сори тушкан совуқ оҳимдин, Бу сарсар бирла, йўқ эрса ғазаб дарёси тошибдур. Сочи савдосида гар етмасам лаълиға тонг эрмас – Ки, бу зулмат ичида неча Искандар адошибдур. Юзига суртубон ғоза, чекибдур қошиға вўсма, Бу зинатлар онга, ваҳ, не бало усру ярошибдур. Кўнгул бўл воқиф ул пайваста қошлар ҳаятидинким, Иков бир-бирга қатлингда эгиб боши кенгошибдур. Неча кўб деса ҳазён, Огаҳий, ҳар кеча тонг йўқким, Ул ой савдоси фикри бирла онинг ақли чошибдур. Чеҳрасининг гарчи муҳрақ нори бор... Чеҳрасининг гарчи муҳрақ нори бор, Бергуси доим ниҳоли нори бор, Сиғмоғун базмим аро, эй муддаий, Телмуриб турма бу ерда, нори бор. Даҳр уйи бунёдким... I Даҳр уйи бунёдким, су узрадир, маҳкам эмас, Онда кирган эл хавотирдин амон бир дам эмас. Доимо вайронлиғ осори онинг арконидин, Борча олам аҳлиға маълум эрур, мубҳам эмас. Кеча-ю кундуз ёғар идбор гарди сақфидин, Ёқмоқи ҳар дам фузун онинг замони кам эмас. Бу сифатлиғ уй аро ҳар кимки маскан айлади, Хотири онинг хавотирдин дами беғам эмас. Ушбу меҳнатхонада гар шоҳ бўлсун, гар гадо, Бир нафас айш-у фароғат жомидин хуррам эмас. Онда ҳар ким бошиға юз дарду ғам айлаб ҳужум, Бир киши йўқ ашки ҳасратдин кўзи пурнам эмас. Кўбдур онда ишрат уммиди била тутғон макон, Шоҳиди мақсудиға лекин бири ҳамдам эмас. Борча зиндони балиятға бўлубдур мубтало, Умри ичра бир нафас осуда бир одам эмас. Даҳр бир вайронаедурким, хароб обод эрур, Чиқса ондин ҳар киши — ғам бандидин озод эрур. II Даҳри дун айёрасиким, йўқ анго меҳр-у вафо, Пешаси кин-у нифоқ-у одати — жавр-у жафо. Йўқтурур асло ҳамул маккора қотил зотида, Заррача раҳм-у мурувват, қатрача шарм-у ҳаё. Ҳийла домиға халойиқни гирифтор этгуси, Кўргузуб ғанж-у далол-у ғамза-ю ноз-у адо. Ишвалар зоҳир қилур ҳар лаҳза юз найранг ила, Токи эл жон-у дилиға солғай ошуб-у бало. Қадди шавқи ичрадур танларга юз заҳми синон, Кирпики фикридадур жонларға минг ниши изо. Зулфининг савдоси домида қилиб зор-у асир, Айлагай жумла халойиқ рўзғорини қаро. Ҳажр заҳри бирла айлаб элни доим талхком. Васл нўши бирла бир дам айламас комин раво. Қатл этар охир туман нокомлиғ тиғи била, Кимсаки, бўлмиш онинг қайди ғамиға мубтало. Даҳр бир вайронаедурким, хароб обод эрур, Чиқса ондин ҳар киши — ғам бандидин озод эрур. Дард заҳри солди чинлар қошима... Дард заҳри солди чинлар қошима, Келмади ҳолим сўрарға қошима, Ғам юкин чекмакда, эй дил,чобак ўл, Ҳаргиз ушбу ишда бошинг қошима. Дарди дилим анго дедим... Дарди дилим анго дедим, дема они манго, деди, Ким манга ошиқ ўлса ул лозим эрур анго, деди. Юз уза икки наргисинг, ваҳ, не бало қаро, дедим, Кўнглунг-у жонинг олғучи икки қаро бало, деди. Лабларинг оғзима етур жон топойин анго, дедим, Лаъли табассум айлабон йўқму ўлум санго, деди. Қучмоқ эрур белинг ҳазин кўнглума муддао, дедим, Йўқму уётинг ушбу сўз дегали, беибо, деди. Ҳуснунгга айлайин назар ман сори бир қара, дедим, Ёшурубон юзин, кет, эй масхара, беҳаё, деди. Бўсайи лаб савоб учун айла манго ато, дедим, Қош-у қапоғини четиб, қўй, бу сўзинг хато, деди. Ваҳ, эркан этмагунг ҳеч вафо манго, дедим, Зоҳир ўлубдурур қачон ҳусн элидин вафо, деди. Хаста кўнгулга қилғасан мунча недин жафо, дедим, Дема жафо они санинг дардингадур даво, деди. Огаҳий комини недин айламагунг раво, дедим, Ком топорму жонин ул қилмоғ уча фидо, деди. Дўстлар, ҳамроҳлиғ айлаб борингиз... Дўстлар, ҳамроҳлиғ айлаб борингиз, Тунд хў ёрим қошиға борингиз, Бир кеча базмимға келтурмак учун, Бош аёқиға қўюб ёлборингиз. Эй қуёш, юзинг очгин... Эй қуёш, юзинг очгин, ғам тунида зорингман. Сидқ ила нафас урғон субҳи беғуборингман. Сан жамол-у ҳашматда ҳусн мулки шоҳисан. Ман малол-у кулфатда бандаи назорингман. Қилма айб агар қилсам ишқинг ичра ожизлиқ, Қарилиқ юки босғон зори бемадорингман. Гарчи ўзгалар ёнлиқ айлай олмоғим хизмат, Лек алар қаторида бир умидворингман. Неча умрлардурким фурқати ғами ичра Йиғлабон кеча-кундуз зори беқарорингман. Марҳамат кўзи бирла ҳолима назар қилғил, Кўйинг ичра ер тутғон бир дуога зорингман. Истасам азиз бўлмоқ, тонг йўқ илтифотингдин. Чунки Огаҳий янглиғ ишқ ичра хорингман. Эй, Шўх, кўз-у қошинга олам гадо, ман ҳам гадо... Эй, Шўх, кўз-у қошинга олам гадо, ман ҳам гадо, Лаъли лаби дурпошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Гоҳи қапоғинг жон олур, гоҳи қошинг яғмо солур, Бўйла қапоғ-у қошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Қадд-у лабинг фош-у ниҳон, элдин олур тоб-у тавон, Ушбу ниҳон-у фошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Бошдин аёқинг жон эрур, жонлар санга қурбон эрур, Жоно, аёқ-у бошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Ҳар неча отсанг ўқ-у тош, айлаб ғазаб оламға фош, Бўлғуси ўқ-у тошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Жонларда фикри суратинг, кўзларда нақши қоматинг Суратгар-у наққошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Ўн тўртдин ёшинг ўтуб, ҳуснинг жаҳонни ёрутуб, Бу ҳуснинг-у бу ёшинга олам гадо, ман ҳам гадо. Давлат санга йўлдош эрур, лутфи худо қўлдош эрур, Йўлдошинг-у қўлдошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Оҳ-у ёшингга, Огаҳий, раҳм этти ул хўблар шаҳи, Таъсири оҳ-у ёшинга олам гадо, ман ҳам гадо. Ғам юки то қоматим ё қилмади... Ғам юки то қоматим ё қилмади, Оҳим ўтиға фалак ёқилмади, Қилмади раҳми манго, худ ўзгага Билмадимким, қилдим-у ё қилмади. Манга зулм айлаб ул қотил аён оҳиста-оҳиста... Манга зулм айлаб ул қотил аён оҳиста-оҳиста, Чекиб тиғини айлар қасди жон оҳиста-оҳиста. Жафоси зўридин икки кўзимдан оқди дарёлар — Ки, қолғой остида онинг жаҳон оҳиста-оҳиста. Улусга айлаган зулмин кўриб ондин ҳазар қилмай, Келиб чекдим жафосин ман ёмон оҳиста-оҳиста. Бўлур ҳажрида зиндон гар манинг манзилгаҳим бўлса, Гулистон балки гулзори жунон оҳиста-оҳиста. Тўла буржом тут лутф айлаб,эй соқийки, бу ғамдин Қутулғойман ичиб ман нотавон оҳиста-оҳиста. Вафо йўқ даҳр боғининг гулига берма кўнглунгни, Бугун тонгда кетар, эй боғбон, оҳиста-оҳиста. Эмас гардунда раъд овозиким ҳижрон туни ичра, Эрур ул Огаҳий чеккан фиғон оҳиста-оҳиста. Мусовияттарафайн Ул шўхки очилди хат-у рухсори Очилди раёҳинда юзи гулнори Хат-у Юзи бесабр-у қарори ман ман Рухсори гулнори ман ман зори Огоҳнома Шаҳаншаҳлиқ ўлсун муборак санго, Мададкор Тангри таборак санго. Замирингни сабр айлабон шод тут, Бори кулфат-у ғамдин озод тут. Ато сўгидин бўлма андуҳгин, Кўнгулни бу ғам бирла қилма ҳазин. Агарчи бу ғам асри душвордур, Вале чеккали банда ночордур. Эшит бу ҳазин бандадин маърифат Ки, дегум неча манфаатлик нукат. Ки, то қилди мавжуд оламни ҳақ, Яратди бари хайли одамни ҳақ. Аларға қилиб ер юзини макон, Неча нав’ неъматлар этди аён. Жаҳон ичра халқ айлади шоҳлар, Қави қудрат-у соҳиби жоҳлар. Қилиб баъзи лутф-у карам ошкор, Вале баъзи зулм-у ситам ихтиёр. Етиб баъзидин элга роҳат басе, Вале баъзидин ранж-у меҳнат басе. Бўлуб баъзи таҳсини раҳматға тўш, Вале баъзи нафрин-у лаънатға тўш. Қилиб салтанат барча ўз комича, Суруб ҳукмини кўнгли оромича. Агар яхши эрди ва гар худ ямон, Ер остида бўлди бориси ниҳон. На қолди аларнинг баридин асар, На бўлди бирининг ишидин хабар. Бариси кўруб чархи дундин ситам, Адам сори ночор қўйди қадам. Будур, дойимо чархи золим иши Ки, зулмидин асло қутулмас киши. Қани ул салотини олиймакон Ки, ер юзига эрдилар ҳукмрон? ...Қани каъбайи қиблагоҳинг санинг Ки, эрди шафиқ-у паноҳинг санинг? Олур чоғи илкига тийғ-у табар, Эди ожиз ўтрусида шери нар. Ани ҳам қилиб ожиз-у нотавон, Адам кишвари сори қилди равон. Киши шоҳ бўлсун ва ёхуд гадо, Қутулмоқ фалак зулмидин йўқ анго Юзида йўқ асло ҳаёдин асар, Кўзида йўқ асло вафодин хабар. Ҳаёсиздин асло вафо истама, Вафосиздин асло ҳаё истама. ...Бугун, подшоҳо, санга салтанат Берибдур Худо кўргузуб марҳамат. Агарчи бу иш бас оғир юкдурур, Ғаму меҳнати неча турлукдурур. Ўзунгни бу юк чеккали чоғлағил, Камар белга ҳиммат била боғлағил. Бу ишда ўзинг солма, мардона бўл, Жалодатшиор-у далерона бўл. Бу ишнинг камолиға толиб эсанг, Анинг боиси не экандур, десанг. Дегай бир-бир они ошуфтаҳол, Топар салтанат неча ишдин камол. Ки, ҳиммат биридур, шижоат бири, Адолат биридур, сиёсат бири. Жалодат бири, бири ғайратдудур, Саховат бири, бири иффатдудур. Бири ҳилм келди, бириси ҳаё, Бири ваъдаға айламаклик вафо. Футувват бири, соф ният бири, Мурувват бирий-у ҳамият бири. Бири шар’ ҳукмига бермак ривож, Бири куфр дардига қилмоқ илож. Биридур вуқуф ўғрилар ҳолидин, Алар илкиин кесмак эл молидин. Бири келди бўлмоқ раиятнавоз, Масокин-у мазлумға чорасоз. Бири тарбият бирла қилмоқ азим Аларники, дур некхоҳи қадим. Бириси сипаҳ кўнглин олмоқдурур, Карам доми бўйниға солмоқдурур, Булардин етар салтанатға низом, Буларсиз ул иш топмас асло тамом. ...Бу сўзларниким, ман баён айладим, Неча байт бирла аён айладим. Буларга қаю шаҳки қилса амал, Анинг мулкига етмас асло халал. ...Шаҳо, олам ичра бугун шоҳсен, Бурундин бу сўзларга огоҳсен. Умидим будурким, амал қилғасен, Амал айламакда жадал қилғасен. Кўруб базли лутфинг ҳавоси авом Ҳама бўлсун осудаю шодком. Алар ичра ушбу фақир Огаҳинг, Демай Огаҳингким, ғубори раҳинг. Ошиқ ўлдинг, эй кўнгул, жонинг керакмасму санга... Ошиқ ўлдинг, эй кўнгул, жонинг керакмасму санга? Ўтға кирдинг жисми урёнинг керакмасму санга? Истабон ул юз тамошасини кўздин дамба-дам, Қон тўкарсан чашми гирёнинг керакмасму санга? Ҳардам эткунг орзу кофир кўзи наззорасин, Қил ҳазарким нақди имонинг керакмасму санга? Лутфунг этдинг хаста кўнглимдин дариғ, эй шоҳи ҳусн, Бу гадойи зори ҳайронинг керакмасму санга? Ўзгаларга илтифотинг айладинг махсус, бу Мустаҳиқ лутфу эҳсонинг керакмасму санга? Сел ғамдин хонавайрон ўлдиму йод этмадинг, Айтким бу хонавайрининг керакмасму санга? Огаҳий ҳолин кўруб доим тағофил қилғосан, Шоири донойи давронинг керакмасму санга? Қилмоқ била парвариш тикон гул бўлмас... Қилмоқ била парвариш тикон гул бўлмас, Ҳам тарбият ила зоғ булбул бўлмас, Гар асли ямонға яхшилиқ минг қилсанг, Яхшилиқ онинг нияти билкул бўлмас. Раҳм эт Ишқинг ғамида дийдайи гирёнима раҳм эт, Ҳажринг тунида нолайи афғонима раҳм эт. Жавринг чекибон жони ҳазин чиққоли етди, Эй жону жаҳон, жонинг учун жонима раҳм эт. Торожи фироқинг яланг этти тани зорим, Бер жомайи васлинг, тани урёнима раҳм эт. Дардинг чекарам гўшайи вайронада умре, Ташриф кетур, кулбайи аҳзонима раҳм эт. Ҳолимни паришон юз уза айлади зулфинг, Жам' эт онию ҳало паришонима раҳм эт. Эй гул, ғами ҳажрингда кўнгул булбули нола Токай қиладур, булбули нолонима раҳм эт. Даврон ситами, ишқ ғами, ҳажр балоси Қасд этти ҳазин хотири вайронима, раҳм эт. Бежурм мани ёзғурубон тийғи жафони Жонимға суруб, қолма манинг қонима, раҳм эт. Ҳайратдадур Огаҳий то кўрди жамолинг, Эй ҳурлиқо, дийдайи ҳайронима раҳм эт. Салламно Олур ҳар лаҳза юз жон чашми фаттонингға салламно, Тўкар ҳар дамда минг қон тийғи мужгонингға салламно. Жаҳон бозорида синдурди ёқут-у гуҳар қадрин, Дурафшон нукта бирла лаъли хандонингға салламно. Асир айлаб камандиға паришон кўнглум этди жам, Мусалсал ҳалқайи зулфи паришонингға салламно. Юзингдин заррача партав етишкач тийра кулбамға, Ёритди ҳажр шомин меҳри рахшонингға салламно. Сиҳи қадларни қумри янглиғ этди ишқида нолон, Назокат боғида сарви хиромонингға салламно. Агар Кўрса эрди Юсуф малоҳатлиғ жамолингни, Дер эрди сидқ ила: «Рухсори тобонингға салламно». Лабинг ширин такаллумдин ўлукни тургизиб айлар, Суханвар тўтиосо шаккаристонингға салламно. Чу эҳсон нақдини сочдинг жаҳонға ганжи лутфингдин, Бори халқ ўлди банданг нақди эҳсонингға салламно. Риё-у ужб бирла бир сурук жоҳилни, эй зоҳид, Муте-ю мухлис этдинг, макр-у дастонингға салламно. Уриб дам ғайб сирридин ҳам эткунг даъвойи имон, Бу янглиғ куфр бирла турган имонингға салламно. Чекарсан, Огаҳий, тун-кун ул ой жавр-у жафосини, Бу қоттиғ меҳнат ичра чиқмаған жонингға салламно. То тушти фироқ ўтиға бемор кўнгул... То тушти фироқ ўтиға бемор кўнгул, Юз дарду ғаму аламға дучор кўнгул, Даврон ситами тиғидин афгор кўнгул, Бўлмиш мандин малулу безор кўнгул. Ул юзи гул нигорнинг меҳри жамолини кўринг... Ул юзи гул нигорнинг меҳри жамолини кўринг, Меҳри жамоли устида икки ҳилолини кўринг. Икки ҳилолини кўруб қонмаса меҳрингиз агар, Сафҳайи орази уза нуқтайи холини кўринг. Нуқтайи холини кўруб сабр эта олмас эрсангиз, Ҳусну жамоли боғида қадди ниҳолини кўринг. Қадди ниҳолини кўруб кўнглунгиз этмаса қарор, Жон кўзи бирла боқибон лаъли зилолини кўринг. Лаъли зилолини кўруб жонингиз этса изтироб, Чораи ҳолингиз учун шаҳд мақолини кўринг. Шаҳд мақолини кўруб топмаса чора ҳолингиз, Нуктага лаб очар чоғи ғунжу далолини кўринг. Ғунжу далолини кўруб истасангиз муроди дил, Огаҳийдек қучуб белин айши камолини кўринг. Устина Мушкин қошининг ҳайъати ул чашми жаллод устина, Қатлим учун «нас» келтирур «нун» элтибон «сод» устина. Қилғил тамошо қомати, зебоси бирла оразин, Гар кўрмасанг гул бўлғонин пайванд шамшод устина. Ноз-у адо-ву ғамзаси қасдим қилурлар дам-бадам, Ваҳ, мунча офатму бўлур бир одамизод устина. Ман хастаға жон асрамоқ эмди эрур душворким, Қотил кўзи бедод этар ҳар лаҳза бедод устина. Ул гул юзи шавқи била шайдо кўнгул шом-у саҳар, Булбулдек айлар юз наво минг нав фарёд устина. Бошимға ёққон ғам тошин мингдин бирича бўлмағай, Гардун агар минг Бесутун ёғдурса Фарҳод устина. Эй шаҳ, карам айлар чоғи тенг тут ямон-у яхшини, Ким меҳр нури тенг тушар вайрон-у обод устина. Хоки танинг барбод ўлур охир жаҳонда неча йил, Сайр эт Сулаймондек агар тахтинг қуруб бод устина. Не журъат ила Огаҳий очғай оғиз сўз дергаким, Юз хайли ғам қилмиш ҳужум ул зори ношод устина. Ваҳ, не балодур билмадим, эй дилрабо,қошу кўзинг... Ваҳ, не балодур билмадим, эй дилрабо,қошу кўзинг — Ким, бир назарда солди ўт жоним аро қошу кўзинг. Олди қарору тоқатим оқ сийнаю нозик белинг, Солди қаро тун бошима икки қаро қошу кўзинг. Жонимға қўйди доғлар рашк ўтидин холи лабинг, Кўнглумга еткурди туман дарду бало қошу кўзинг. Ҳар юз ўликни тиргузур лаълинг аро ширин сўзинг, Ҳам минг тирикни ўлтурур айлаб жафо қошу кўзинг. Қошу кўзинг бедодидин дод айласам эрмас ажаб — Ким,не жафолар қилмади охир манго қошу кўзинг. Ҳусн аҳли шоҳисен бори ошиқларинг ўлтургали, Гўёки жаллоди қилич бўлмиш санго қошу кўзинг. Ман зори ҳайронинг нечук девона бўлмай, эй пари, Ким, ақлу ҳушим айлади мендан жудо қошу кўзинг. Йўқтур манга ишқинг аро юрмоқ тирик имкониким, Жонимни ё қадди юзунг олғуси,ё қошу кўзинг. Қошу кўзинг иймисидин бўлди қиёмат ошкор, Қўёки олам офати қилмиш худо қошу кўзинг. Эл қатилини қасд айлабон мастона қилғач бир назар, Солди жаҳонга нолаи ва ҳасрато қошу кўзинг. Айлай ҳаётим нақдини ҳар дам нисору садқаси, Ёшурмағил ман зоридин айлаб ҳаё қошу кўзинг. Мажлис фазосида усул этган чоғи раққос ўлуб, Бир ғамзада юз жон олур, эй махлиқо, қошу кўзинг. Ширин лабингдан Огаҳий жисмиға жон берким, они Ўлтурди бир имо қилиб боққач қиё қошу кўзинг. Ваҳки, мандин ёшурин ёр ўзгаларга ёр экан... Ваҳки, мандин ёшурин ёр ўзгаларга ёр экан, Кечалар хилвар аро базми ниҳони бор экан. Хотиримни зоҳиран юз ваъдадан хушнуд этиб, Ботинан кўнгли ҳамиша мойили ағёр экан. Ошкоро тил учи бирла бўлиб мойил манга, Конгли майли ўзга элга ёшурун бисёр экан. Дев сийрат муддаийлар сори рағбат кўргузуб, Мен ҳазину бедилу бечорадин безор экан. Ҳар кеча ишрат майин нўш айлабон авбош ила, Тонгғача масти шароби соғари саршор экан. Чун ниҳон ағёр ила базм этмиш ул султони ҳусн, Фаҳм қилдимким,анга ман хаста қулдин ор экан. Кўнгли сандин ўзгаларға роғиб ўлмиш,э й кўнгул, Умрлар ишқида меҳнат чекканинг бекор экан. Ошиқиким топса ҳосид гар онинг ёриға қурб, Бу жаҳон ичра тирик юрмак анга душвор экан. Ёр топмишлар рақибу муддайилар олида, Огаҳий,эмди санга ул кўй аро не бор экан. Ваҳким, яна зулмини аён этти фалак... Ваҳким, яна зулмини аён этти фалак, Бағримни ҳажр аро қон этти фалак, Кўз йўлидин ул қонни равон этти фалак, Охир манга кўрки қасди этти фалак. Зарра учубон наййири аъзам бўлмас... Зарра учубон наййири аъзам бўлмас, Ер болиш этиб авжи фалак ҳам бўлмас, Инсон аро нодонни билинг ҳайвондур, Ҳайвон неча зўр айлса одам бўлмас. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Огаҳий). Downloaded from uzbekai.com.