Даҳр уйи бунёдким... Огаҳий I Даҳр уйи бунёдким, су узрадир, маҳкам эмас, Онда кирган эл хавотирдин амон бир дам эмас. Доимо вайронлиғ осори онинг арконидин, Борча олам аҳлиға маълум эрур, мубҳам эмас. Кеча-ю кундуз ёғар идбор гарди сақфидин, Ёқмоқи ҳар дам фузун онинг замони кам эмас. Бу сифатлиғ уй аро ҳар кимки маскан айлади, Хотири онинг хавотирдин дами беғам эмас. Ушбу меҳнатхонада гар шоҳ бўлсун, гар гадо, Бир нафас айш-у фароғат жомидин хуррам эмас. Онда ҳар ким бошиға юз дарду ғам айлаб ҳужум, Бир киши йўқ ашки ҳасратдин кўзи пурнам эмас. Кўбдур онда ишрат уммиди била тутғон макон, Шоҳиди мақсудиға лекин бири ҳамдам эмас. Борча зиндони балиятға бўлубдур мубтало, Умри ичра бир нафас осуда бир одам эмас. Даҳр бир вайронаедурким, хароб обод эрур, Чиқса ондин ҳар киши — ғам бандидин озод эрур. II Даҳри дун айёрасиким, йўқ анго меҳр-у вафо, Пешаси кин-у нифоқ-у одати — жавр-у жафо. Йўқтурур асло ҳамул маккора қотил зотида, Заррача раҳм-у мурувват, қатрача шарм-у ҳаё. Ҳийла домиға халойиқни гирифтор этгуси, Кўргузуб ғанж-у далол-у ғамза-ю ноз-у адо. Ишвалар зоҳир қилур ҳар лаҳза юз найранг ила, Токи эл жон-у дилиға солғай ошуб-у бало. Қадди шавқи ичрадур танларга юз заҳми синон, Кирпики фикридадур жонларға минг ниши изо. Зулфининг савдоси домида қилиб зор-у асир, Айлагай жумла халойиқ рўзғорини қаро. Ҳажр заҳри бирла айлаб элни доим талхком. Васл нўши бирла бир дам айламас комин раво. Қатл этар охир туман нокомлиғ тиғи била, Кимсаки, бўлмиш онинг қайди ғамиға мубтало. Даҳр бир вайронаедурким, хароб обод эрур, Чиқса ондин ҳар киши — ғам бандидин озод эрур. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Даҳр_уйи_бунёдким.... Downloaded from uzbekai.com.