Эй, Шўх, кўз-у қошинга олам гадо, ман ҳам гадо... Огаҳий Эй, Шўх, кўз-у қошинга олам гадо, ман ҳам гадо, Лаъли лаби дурпошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Гоҳи қапоғинг жон олур, гоҳи қошинг яғмо солур, Бўйла қапоғ-у қошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Қадд-у лабинг фош-у ниҳон, элдин олур тоб-у тавон, Ушбу ниҳон-у фошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Бошдин аёқинг жон эрур, жонлар санга қурбон эрур, Жоно, аёқ-у бошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Ҳар неча отсанг ўқ-у тош, айлаб ғазаб оламға фош, Бўлғуси ўқ-у тошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Жонларда фикри суратинг, кўзларда нақши қоматинг Суратгар-у наққошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Ўн тўртдин ёшинг ўтуб, ҳуснинг жаҳонни ёрутуб, Бу ҳуснинг-у бу ёшинга олам гадо, ман ҳам гадо. Давлат санга йўлдош эрур, лутфи худо қўлдош эрур, Йўлдошинг-у қўлдошинга олам гадо, ман ҳам гадо. Оҳ-у ёшингга, Огаҳий, раҳм этти ул хўблар шаҳи, Таъсири оҳ-у ёшинга олам гадо, ман ҳам гадо. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Эй%2C_Шо%E2%80%98x%2C_ко%E2%80%98z-у_қошинга_олам_гадо%2C_ман_ҳам_гадо.... Downloaded from uzbekai.com.