Салламно Огаҳий Олур ҳар лаҳза юз жон чашми фаттонингға салламно, Тўкар ҳар дамда минг қон тийғи мужгонингға салламно. Жаҳон бозорида синдурди ёқут-у гуҳар қадрин, Дурафшон нукта бирла лаъли хандонингға салламно. Асир айлаб камандиға паришон кўнглум этди жам, Мусалсал ҳалқайи зулфи паришонингға салламно. Юзингдин заррача партав етишкач тийра кулбамға, Ёритди ҳажр шомин меҳри рахшонингға салламно. Сиҳи қадларни қумри янглиғ этди ишқида нолон, Назокат боғида сарви хиромонингға салламно. Агар Кўрса эрди Юсуф малоҳатлиғ жамолингни, Дер эрди сидқ ила: «Рухсори тобонингға салламно». Лабинг ширин такаллумдин ўлукни тургизиб айлар, Суханвар тўтиосо шаккаристонингға салламно. Чу эҳсон нақдини сочдинг жаҳонға ганжи лутфингдин, Бори халқ ўлди банданг нақди эҳсонингға салламно. Риё-у ужб бирла бир сурук жоҳилни, эй зоҳид, Муте-ю мухлис этдинг, макр-у дастонингға салламно. Уриб дам ғайб сирридин ҳам эткунг даъвойи имон, Бу янглиғ куфр бирла турган имонингға салламно. Чекарсан, Огаҳий, тун-кун ул ой жавр-у жафосини, Бу қоттиғ меҳнат ичра чиқмаған жонингға салламно. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Салламно. Downloaded from uzbekai.com.