Ул юзи гул нигорнинг меҳри жамолини кўринг... Огаҳий Ул юзи гул нигорнинг меҳри жамолини кўринг, Меҳри жамоли устида икки ҳилолини кўринг. Икки ҳилолини кўруб қонмаса меҳрингиз агар, Сафҳайи орази уза нуқтайи холини кўринг. Нуқтайи холини кўруб сабр эта олмас эрсангиз, Ҳусну жамоли боғида қадди ниҳолини кўринг. Қадди ниҳолини кўруб кўнглунгиз этмаса қарор, Жон кўзи бирла боқибон лаъли зилолини кўринг. Лаъли зилолини кўруб жонингиз этса изтироб, Чораи ҳолингиз учун шаҳд мақолини кўринг. Шаҳд мақолини кўруб топмаса чора ҳолингиз, Нуктага лаб очар чоғи ғунжу далолини кўринг. Ғунжу далолини кўруб истасангиз муроди дил, Огаҳийдек қучуб белин айши камолини кўринг. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Ул_юзи_гул_нигорнинг_меҳри_жамолини_ко%E2%80%98ring.... Downloaded from uzbekai.com.