Устина Огаҳий Мушкин қошининг ҳайъати ул чашми жаллод устина, Қатлим учун «нас» келтирур «нун» элтибон «сод» устина. Қилғил тамошо қомати, зебоси бирла оразин, Гар кўрмасанг гул бўлғонин пайванд шамшод устина. Ноз-у адо-ву ғамзаси қасдим қилурлар дам-бадам, Ваҳ, мунча офатму бўлур бир одамизод устина. Ман хастаға жон асрамоқ эмди эрур душворким, Қотил кўзи бедод этар ҳар лаҳза бедод устина. Ул гул юзи шавқи била шайдо кўнгул шом-у саҳар, Булбулдек айлар юз наво минг нав фарёд устина. Бошимға ёққон ғам тошин мингдин бирича бўлмағай, Гардун агар минг Бесутун ёғдурса Фарҳод устина. Эй шаҳ, карам айлар чоғи тенг тут ямон-у яхшини, Ким меҳр нури тенг тушар вайрон-у обод устина. Хоки танинг барбод ўлур охир жаҳонда неча йил, Сайр эт Сулаймондек агар тахтинг қуруб бод устина. Не журъат ила Огаҳий очғай оғиз сўз дергаким, Юз хайли ғам қилмиш ҳужум ул зори ношод устина. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Устина. Downloaded from uzbekai.com.