Жадид адабиёти Отажон Ҳошимов Жадид адабиёти, ўзбек буржуазияси адабиётидир. Жадид адабиёти ўзбек буржуазиясининг фикрини ва унинг кечирган ҳолатларини акс этадир, унинг учун ишлайдир, куйлайдир, йиғлайдир. Жадид адабиёти миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлиларнинг адабиёти дейиш ҳам тўғри эмас. Ўртоқ Айн ўзининг “Ўзбек шоирлари” деган мақоласида ёзади: “Чўлпон – миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлиларнинг шоиридир. Унинг мафкураси шуларнинг мафкурасидир, у шу мафкура йўлида уринадир, талпинадир. Уни қайнатған, унга илҳом берган нарсалар шулардир”. Чўлпон жадид адабиётининг энг кучли вакили бўлғанидан ўртоқ Айннинг бу таърифи ўз ичига жадид адабиётини ҳам оладир ва олиши-да керак. Чунки, Чўлпонни жадид адабиётидан айриб таъриф қилиш ярамайди. У вақтда жадид адабиёти “миллатчи, ватанпарас, бадбин зиёлиларнинг” адабиёти бўлмайди. Зиёлилар ўзларича адабиёт туғдира олмайдилар, улар мустақил синф эмаслар, балки тарихда бир синф, кўпинча ҳоким синф орқасидан эргашиб шунинг фикрини ташийдирлар. Улар шоирларға илҳом ҳам бермайдилар. Шоир, зиёлилар шоири бўлмайди, балки бир синф шоири бўла олади, шуни ҳам айтиш керакки, ўртоқ Усмонхон “Мунаққиднинг мунаққиди” деган узундан-узоқ мақоласида ўртоқ Айннинг марксизм нуқтаи назаридан тўғри эмас бу таърифи тўғрисида ҳеч нарса демайди. Бундан маълум бўладики, Усмонхон ҳам бу таърифни ёқлайди. Агар Айн ўртоқ жадид адабиёти ўзбек буржуазияси адабиёти, Чўлпон ҳам ўзбек буржуазияси шоиридир – демакчи бўлса, у вақтда фикрни очиғроқ ёзиш керак. Жадид адабиёт икки катта даврни ўтди. Биринчиси инқилобдан илгариги, чор ҳукумати вақтидағи давр, иккинчиси, инқилобдан кейинги пролетариат ҳокимияти вақтидағи даврдир. Иккинчи давр ўзича яна икки кичкина, лекин бир-биридан жуда фарқли даврга бўлинадики, у ҳам буржуазия ва жадид адабиётининг умидли ва умидсиз бўлған вақтидан иборатдир. Буржуазия ва жадид адабиётининг инқилобдан кейин даврдаги умидли ва умидсиз бўлған вақти, шўролар ҳукуматининг умумий аҳволиға боғлиқ бўлған бир вақтдир. Бу вақт бир томондан шўролар ҳукуматининг ички ва ташқи аҳволида бизнинг фойдамизға бўлған ўзгаришни кўрсатса, иккинчи томондан, ўзбек буржуазиясининг икки муҳим руҳий ҳолатини акс этадир. Буржуазиянинг ўз тилагига, инқилобнинг йўқ бўлишиға умид қўйған вақти, шўролар ҳукумати ичида иқтисодий томондан қийналған, ташқарида турли овлар билан ўралған ва босмачилар ҳаракати кучайган вақтиға тўғри келади. Буржуазия жадид адабиётининг умидсизлик ўз тилагига, мақсадига эришишка, инқилобнинг йўқ бўлишиға умиди қолмаған вақти, шўролар ҳукумати бутун ташқи ёвларин енгган, босмачилар ҳаракати кучсизланган, йўқ бўлған ва хўжалиқда, сосиализм қуришда катта муваффақиятларга эришкан вақтға тўғри келадир. Инқилобдан илгариги биринчи давр – жадид адабиётининг ёшлиғи, кучсизлиги давридир. Бу даврда жадид адабиёти шаклан эскиликдан чиқмаған, ўз фикрига яраша, ўзига боб шакл, тил туғдирмаған эди. Буржуазия фикрини эски шаклда берар эди. Фикр олдда, шакл орқада эди. Бу давр жадид адабиёти кучли бадиий асарлар ва кучли жадид санъаткорларин бермади. Баъзи бир ўткур қаламли жадид адабиёти вакиллар бўлса ҳам, улар бу даврда янги шакл, янги тил ақтариш билангина машғул эдилар. Жадид адабиёти инқилобдан кейин ўсди, кучайди, буржуазия фикрига лойиқ қолип, шакл туғдирди, тил жуда ишланди, тилда, шаклда эски адабиёт таъсиридан бутунлай қутилди ва фикрни маълум бир шаклда беришда нозиклашди. Чўлпоннинг бир шеърини жадид адабиётининг биринчи даврида ёзилған Авлоний ёки Аҳмад Сиддиқийнинг шеъри билан ҳеч бир тенглашдириш мумкин эмас, Чўлпонда санъаткорлик, шеърда нозиклик олий албатта. Бу давр кучли жадид санъаткорларин етказди: масалан, Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Элбек (ўрта) ва бошқалар. Бу даврда жадид адабиёти шу қадар кучайдики, ўз таъсирига кўб ёш ёзувчиларни ола бошлади ва кўб вақтғача ўз таъсирида олиб турди (Боту, Шокир Сулаймон, Олтой, Бектош, Ойбек, Ғайратий ва бошқалар). Жадид адабиёти инқилобдан кейин нимага ўсди? Биринчи даврларда инқилоб, бошқа биринчи галдаги масъалалар билан машғул бўлиб санъат масалаларига аҳамият бера олмади, мана шундай вақтда иқтисодиётда ва сиёсатда енгилган, бу соҳалардан ҳайдалган ўзбек буржуазияси бутун кучини шу адабий соҳага беради, адабиёт орқали ўз фикрини тарқатишға, таъсирин кучайтишка тиришади. Бу ҳол, жадид адабиётининг кучайишига, санъат томонидан анча ишланишига олиб келади, ўзбек буржуазияси қўлида бирдан-бир синфи қурол бўлиб ишлаган бу адабиёт нозиклашади, ўткурлашади. Жадид адабиётининг бу ўсиши, кучайиши ўзбек буржуазиясини умидвор қилиб турған, ташқи оқ ёвларнинг, айниқса, босмачилар ҳаракатининг йўқ бўлишиғача давом этади. Инқилоб бутун ёвларни, улар қаторида босмачилар, Чўлпоннинг таъбирича “ботирлар”ни йўқ қилди. Иқтисодий ва маданий тузилиш ишларига жиддий киришди. Бундан кейин ўзбек буржуазияси бутунлай умидсизланади, тилакка етиш ишончи қолмайди, сўнади. Бу давр жадид адабиётида бадбинлик, ўз кучига, тилагига инонмаслиқ ҳукм суради. Жадид адабиёти бузила бошлади, унинг намоёндалари турли томонға тарқалади, баъзи бири адабиётдан қочиб фалсафага, ёки илмий ишларга (Фитрат), баъзи бири тасаввуфга, динга (Вадуд Маҳмудий), баъзи бирлар ўтмишни мақташ (идеализироват) билан машғул бўла бошлайдир (А.Қодирий, Чўлпон, “Ўткан кунлар” ва “Ёрқин ой”ни эска тушуринг). Жадид адабиётининг инқилобдан кейинги даврини, юқорида айтилган фикрларни аниқлаш учун жадид ёзувчиларининг ҳаммасидан ҳам кераклигича мисоллар келтириш мумкин бўлса ҳам биз бу мақолада Чўлпон асарларини текшириш билан чегараланамиз. Чўлпон жадид адабиётининг энг кучли ва санъаткор намояндасидир. Чўлпон жуда нозик, ҳисли ва ўзбек миллий буржуазиясининг фикрларига, туйғулариға усталиқ билан бадиий шакл берган, турмишни яхши билган ва ўз синфининг ҳар саволиға жавоб берган шоирдир. Ўзбек миллий буржуазиясидек Чўлпон инқилобдан кўб нарсалар куткан эди, чор ҳукумати ўрниға ўзбек буржуазиясининг ҳоким бўлишини умид қилған эди. Лекин инқилоб бу умидни юзага чиқармади, у чор ҳукуматини йўқ қилиб, ўзбек миллий буржуазияси ҳокимиятини эмас, пролетариат ҳокимиятини, ишчи-деҳқон ҳукуматини қурди, чор ҳукумати қаторида миллий буржуазияға қарши уруш очди. Бу албатта, ўзбек буржуазиясиға ёқмас эди, пролетариат инқилоби, инқилоб билан чор ҳукумати орасида фарқ кўрмасди, ўзи учун инқилобнинг ҳеч нарса бермаганини яхши биларди. Инқилоб пролетариат ҳокимияти учун курашувчилар (қизил аскарлар, ишчи-деҳқонлар, коммунистлар) унга бўри бўлиб кўринадилар. Ўзбек буржуазиясининг инқилобға ва пролетариат ҳокимияти тузувчиларға қарашини бадиий шаклда Чўлпон ўзининг “Бузилған ўлкага”, Элбек “Йиртқичлар мажлиси” Сенинг қаттиқ, сирт бағрингни кўб йиллардир эзганлар, Сен безсанг-да, қарғасанг-да, кўкрагингда кезганлар. Сенинг эркин тупроғингда ҳеч ҳаққи йўқ хўжалар, Эгасини бир қул каби қизғанмасдан янчалар! Нега тағин танларингда қамчиларнинг кулиши?… Нега сенинг турмушингда умидларнинг ўлиши?.. Нега ёлғиз қон бўлмишдир улушинг?.. Нега сенинг тунларингда бўриларнинг қорни тўқ? Нима учун ғазабингни уйғотмайдир оғу-ўқ. Элбекда яна очиғроқ: Арслон – подшоҳ жонворларни бошқаришда, Ёлғуз ўзи кўб қийналиб, чарчаб қолди. Ўз қошиға йиртқичларнинг бир қанчасин Чақиртириб, улар билан кенгаш қилди. Бу кенгашда кўрулгуси масъаланинг Муҳимлигин кўзда тутиб бор йиртқичлар, Ҳеч кечикмай, сира қолмай келишдилар. Мажлисни олдин арслон ўз очиб Ишларидан бир оз сўзлаб ўткандан сўнг Кўрулгуси масъаланинг ҳар бирини, Бирин-бирин йиртқичларға эшитдирди. Бунда бўлған масъаладан энг муҳими Қўйларға бошлиқ сайлаш иши эди. Шунинг учун арслон улар сари қараб, Бошлиқ учун ким лойиқдир айтинг? деди. Айиқ туриб икки қўлин қовиштириб: Подишо ҳам, бўри бунга жуда лойиқ, Ўзи чаққон ҳам унда йўқ ҳеч чатоқлиқ Шу кунгача бизлар билан бирга юрди, Бизга қаршу ҳеч ёмонлиқ ишламади… Деб бўрини ёқлаб бўлғач ул ўлтурди, Энди унгв қўшимчаға тулки турди. Тулки бошланғичлар қўшиб ўз сўзини Айиқ каби қўпол қилмай силлиқ қилиб, Бўрининг тавсифларин бутунлайин Қолдирмай айиқ сўзин кучлаб ўтди. Арслон – подшо бу икки дўст сўзловчининг Сўзларини бутунлайин эшиткан сўнг Бўрининг тўғрилиғиға хўб ишонди, Шул минутда бошлиқ этиб ҳам юборди. Қўйлар бу чоғ ўзларича шуни дерди: – Буни биздан сўрмай туриб ким юборди? Керак эди энг олдиндан биздан сўрмоқ Бу тўғрида бизнинг билан фикр алишмоқ. Ўзбек буржуазияси бу фикрни, инқилобға қарашни кенг омма ичига таратмоқчи, ўз фикрини атрофиға ишчи-деҳқон оммасини тўпламоқчи бўлади. Бунинг учун у ўз фикрини халқ, йўқсуллар, бечоралар исмидан ёки уларға хитоб қилиб сўзлайди. Бу ҳол, умуман синфлар тарихида кўб кўринади. Хусусан инқилоб вақтларида буржуазия ўз ёниға оммани тўплаш, кўзини бўяш учун унинг ҳам ғамини егандай бўлиб кўринмакчи бўлади. Буржуазия бундай вақтларда ватан, ватаннинг эзилиши, янчилиши, бевалар, бечоралар каби сўзларни кўб ишлата бошлайди, бу сўзлар атрофиға кенг оммани тўпламоқчи бўлади. Ўзбек буржуазияси ўртаға бундай сўзларни ташлаб инқилобдан бир катта моне’ йўқлиғин, балки озод бўлиш олдида унинг бир катта моне’ эканини айтади, бу монеъни йўқ қилишға чақиради. Инқилоб қутқаза олмайди, инқилобдан яхшилиқ кутманглар, тентакларгина инқилобдан фойда кутади дейди: Ай бевалар, бечоралар Ай боғланган кишанларга, Ай эрк учун оворалар, Кўп ялинманг сиз уларға! Бўрилардан омон кутмак – Тентакларнинг ишидир ул. Ҳар монеъни ҳатлаб ўтмак – Турмушда энг тўғри бир йўл! Ўзбек буржуазияси инқилобнинг йўқ бўлишини кутарди. Яқинда инқилобға қарши катта кураш бўлади деб ўйларди. Инқилобнинг йўқ бўлишиға, ўз тилагига яъни ўз ҳокимиятини тузишка умидвор бўлиш ўзбек буржуазиясида анча вақтғача давом этади. Буржуазиянинг бу умидвор бўлиш даври, шўролар ҳукуматини ўраб олған ташқи ёвларға ва айниқса босмачилар ҳаракатига боғлиқ бўлған бир даврдир. Ўзбек буржуазияси инқилобни йўқ қилишда бутун умидини, босмачилар ҳаракатига, унинг муваффақиятли бўлишиға қўяди. Уларни халқ, йўқсуллар қўзғалиши деб ўйлайди ва уни инқилобға қарши охирғи кураш дейди, “ўтли сув” кўпирар, тошар, инқилоб гўридан наъра тортиб ошар деб умидланар эди. Чақирғучи, ўкиргучи бир товиш Ботирларнинг жон сўраган товшидир, Йиқитғучи, ағдарғучи қўзғалиш Яқиндағи зўр курашнинг бошидир. Тентаклардек борар ерин билалмай, Унда-бунда ўзни урған душмандир, Кенг юракда тура олмай, сиғолмай Тошиб кеткан: йўқсулдағи имондир. Улуғ, қаттиқ ағдарғучи бир кураш, Yo бор бўлиш, ё йўқ бўлиш, – Йўқ яраш!.. Кўпурар ул, ҳовлиқар ул, тошар ул, Гўрингиздан нағра тортиб ошар ул!. Ўзбек буржуазиясининг умидли бўлишиға ўзича асоси бор эди. У ҳам бўлса босмачилар ҳаракати эди. босмачилар, буржуазиянинг бирдан-бир суянчиғи бўлиб қолған эди. босмачиларда у тилакнинг юлдузини кўрарди. Бу тилаги юлдузини “қора булут” инқилоб қопларди, кўрсатмасди. Мана бундан буржуазия зорланади, нолайди. Икки кўзим ялт-юлт этиб кўкимдан Тилагимнинг юлдузини қарайдир, Чоғ-чоғ йиғлаб, ўтиб кетиб ўнгимдан Қора булут унинг юзин қоплайдир. Бироқ яна унинг юзи кўриниб, Кўзларимни қамаштириб қўядир, Қилич ботиб, ҳанжар дилга уриниб, Унга яна қайси қараш тўядир?.. Мен қочмадим – мен тилакни излайман, Қанот кучлик, ёзған сари тезлайман . Ўзбек буржуазиясининг тилаги нимадан иборат эди? – Ўзбек миллий буржуазияси пролетариат инқилобидан норози. Чунки у буржуазияға йўл бермади. У ўз ҳокимиятини, жумҳуриятни қуришни истайди. Инқилоб бошларида ўз истагини юзага чиқариш учун мухториятни тузди. Қўқон мухторияти миллий ўзбек буржуазияси тилагининг кичкина бир масштабда кўринишидан иборат эди. Унинг тўла шакли, Туркия миллий буржуазиясининг жумҳуриятидир. Ўзбек миллий буржуазияси мана шуни истарди. Лекин бу инқилоб томонидан тор-мор келтирилди. Қўқон мухторияти босмачиларға, босмачилар эса Қўқон мухториятиға, инқилобға қарши ёрдамда бўлишди. Бу ҳол буржуазия тилаги билан босмачилар ўртасида қандай яқин боғланиш борлиғини яна очиқроқ кўрсатади. Буржуазия истардики босмачилар ҳам “миллий менлик” олинғанича олға борсин. Пролетариат инқилоби, бутун ёвларни, босмачиларни енгди, ишчи-деҳқон ҳукумати мустаҳкамланди, хўжалиқ ишлари янада олға кетди, кўб муваффақиятларға эришилди. Ўзбек буржуазияси ҳар соҳадан ҳайдалди. Бунинг натижасида ўзбек буржуазиясининг “тилаги юлдузлари” сўнди, буржуазияда ва фикрни ташувчи зиёлиларда умидсизлик, йўлсизлиқ, ўз кучига, тилагига инонмаслиқ вужудга келди, умидсизлик даври бошланди. Кўклам чоғи… сайроқ булбул сайрамас Не учунким танбуримнинг тили йўқ, У гўзал қиз чин қараш-ла қарамас, На учунким, умидимнинг йўли йўқ. Муҳит кучлик экан, эгдим бўйнимни, Чақмоқдек ялтираб учиш йўқ энди, Ёлғон хаёлларға кўчиш йўқ энди, Оқишнинг йўлиға солдим кунимни. На исён, на тўлқун, на тўфон; на ўт! Кўзимда оғир бир “таслим” нури бор, Ай, ўтли кечмишим, юзингни беркит! Сенда шайтонларнинг ҳақсиз зўри бор. Кирмайман кўчанинг боши беркига, Чунки “таслим” бўлдим муҳит эркига… Ўзбек буржуазиясининг енгилиши, унинг бизга бутунлай таслим бўлғанини синфий курашдан қайтғанини билдирмайди. У албатта, ўз синфий курашини давом этдиради ва ҳозир ҳам этмакдадир. Бу курашда пролетариат ҳокимиятининг маҳкамланиши натижасида борған сари енгилганига умидсизланади. Шунга ўхшаш Чўлпоннинг “Боқчада гул кўб эди сўлди амалимдак!” (“Тонг сирлари” 23 бет) дейишидан унинг пролетариат инқилобиға, фикрига бутунлайин таслим бўлғани чиқмайди. Шунинг учун ҳам юқоридағи шеърда таслим сўзи тирноқ ичига олинғандир. Бу таслим бўлиш умидсизлик натижасида юзага чиққан мажбурий таслим бўлишдир. Бу таслим сўзи ўзбек буржуазиясининг синфий курашини ташлаб инқилобға қўшилғанини билдирмаганидек Чўлпон ва умуман, жадид адабиётининг инқилобиға берилганини кўрсатмайди. Буржуазия каби жадид адабиёти ҳам пайти келганда пролетариат инқилобидан ўз ўчини олишға тайёрдир. Пролетариат ҳокимияти даври, яни турмиш ўзбек буржуазиясиға, жадид адабиётиға ёқмайди, уни қаноатландиролмайди, зорланади. Кўклам билан юртимға ҳам бир кўкариш келсайди, Кўнгиллар ҳам ҳаволардек кўклам ҳиди берсайди, Дилларга ҳам ҳаволардек кўклам руҳи кирсайди!.. Бир томондан, исталган турмишни туғдириш мумкин эмас, иккинчи томондан, янги турмиш ёқмайди, қаноатландиролмайди, унга бадиий шакл беришка қалам юрмайди, мана инқилобдан кейинги жадид адабиётининг фожиаси. Бу фожиа ўзбек буржуазиясининг фожиасидир. Умидсизлиги кучсизлиги билан ўзбек буржуазияси, жадид адабиёти тараққийси учун ҳозирғи вақтда суянчиқ бўла олмайди, жадид адабиёти эса пролетариат, унинг фикрига ўз руҳин бутунлай ўзгартмасдан туриб суяна олмайди. Отажон — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Жадид_адабиёти. Downloaded from uzbekai.com.