Алишер Навоий ғазалига мухаммас (Қорий Хўқандий) Қорий Хўқандий Ниқоб очиб лаби Ширинга кўҳкан қилғил, Мани асири бало чоҳи ул зақан қилғил, Сочингни сунбули сарр устига суман қилғил, Қаро кўзум келу мардумлиғ эмди фан қилғил, Кўзум қаросиға мардум киби ватан қилғил. Мазоқи лаълинг ила бўлди хуш тараб гулшан, Кўруб хижолат ила айлади адаб гулшан, Назокатинг суйига бўлди хушк лаб гулшан, Юзунг гулига кўнгул равзасин ясаб гулшан, Қадинг ниҳолиға жон гулшанин чаман қилғил. Карам дарини очиб ҳиммат ила бел боғла, Чаман-чаман очилиб лолалар дилин доғла, Фасоҳатинг била тўти дилиға қон боғла, Таковарингга бағир қонидин ҳино боғла, Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил. Хиром этиб қилакўр мушкфом гулларни, Асир этай десанг оч хандадин кўнгулларни, Хизр киби қадам ур сабза айла йўлларни, Юзунг висолиға етсун десанг кўнгулларни, Сочингни бошдин-аёғ чин ила шикан қилғил. Қаландарона гузар айла бўлмағил томи’, Сочилма ҳар сори гул ғунчавор бўл қони’, Яратди бандалик учун карам била сони’, Хазон сипоҳиға, эй боғбон, эмас мони’, Бу боғ томиға гар игнадин тикан қилғил. Фироқ ўтида жигар чок қилди гул бадани, Мени асир қилиб мубталои ул зақани, Муаттар айлади гулгун қабойи пираҳани, Юзида терни кўруб ўлсам, эй рафиқ, мани, Гулоб ила юву гул баргидин кафан қилғил. Муносиб ўлмади ушшоқ элиға ном ила нанг, Кўзига хасча эрур мулки Руму Шому фаранг Хаёли сайрида Қорий аёқинг ўлди чу ланг, Навоий анжумани шавқ жон аро тузсанг, Они бошоқлиғ ўқин шамъи анжуман қилғил. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Алишер_Навоий_г%E2%80%98azaliga_мухаммас_%28Qoriy_Хо%CA%ББқандий%29. Downloaded from uzbekai.com.