Алишер Навоий ғазалига мухаммас (Равнақ Паҳлавонқули, II) Равнақ Паҳлавонқули Не ситам гар етса сендин, жонажоним сен менинг, Бордурур эркинг не қилсанг, ҳукмроним сен менинг, Хоҳ қаҳр эт, ҳоҳ лутф эт, меҳрибоним сен менинг, Гар жафо қил, гар вафо ким, дилситоним сен менинг, Гар мени ўлтур, агар тиргузки, жоним сен менинг. Хоҳ раҳму илтифот эт, хоҳ эт хуни жигар, Хоҳ шод эт, хоҳ :ғамгин, йўқ манга сендин гузар, Хоҳ бўл ғойиб кўзумдин, хоҳ бўл маддий назар, Хоҳ раъно қад била, борғил ёнимдин жилвагар, Хоҳ кел қошимғаким, сарви равоним сен менинг. Жазбаи ишқинг кўнгулға бўлғали илҳоми ғайб, Йўқтурур девонаи шайдолиғимға шакку райб, Водии шавқинг аро қилсам жунундин чоки жайб, Жилва айлаб ҳар замон афғону оҳим қилма айб, Ҳам сен-ўқ чун боиси оҳи фиғоним сен менинг. Жон бериб дилдорнинг топмон вафосидин нишон, Ҳеч ошиқ ёри, ё раб, бўлмасун номеҳрибон, Дарди ҳижрондин ўларга етмишам мен нотавон, Лаълидин бир-икки сўз мазкур қил, эй хаста жон, Бори бу бир-икки дамким меҳмоним сен менинг. Бўлма ғофил кечалар оҳимдин, эй гул хирмани, Ким, шафақ эрмас қизил ўтдек фалакни домани, Хок ўлуб ишқинг йўлида Равнақинг жону тани, Ўлди меҳрингдин Навоий, бевафо дебсен ани, Эртаги нозук мизожи, бадгумоним сен менинг. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Алишер_Навоий_г%E2%80%98azaliga_мухаммас_%28Ravnaq_Паҳлавонқули%2C_II%29. Downloaded from uzbekai.com.