Эврулай бошинга, зебо санамим, дилдорим... Равнақ Паҳлавонқули Эврулай бошинга, зебо санамим, дилдорим, Гулъузорим, севарим, моҳи шакар гуфторим. Не бўлур, тангри ризоси учун, эй сангин дил, Гоҳ-гоҳи сўрасанг ҳоли дили беморим. Васлдур марҳам анга, чекма, табибо, заҳмат, Топмағунг чораи доги жигари афгорим. Гул ўзин пора қилиб, булбул ўлур девона, Боғ аро қўйса қадам шўхи пари рухсорим. Не тилар жону кўнгул менда таажжуб бири йўқ, Ғорати ишқидин ар қолғон эмас осорим. Садафи чашмим аро, қани, кириб тутса мақом, Ҳусн дарёсида олий гуҳари шаҳворим. Тиргузур Исою Марям каби ўлганларни Лаъли жон парваридин сўзлари шаккарборим. Ғамзадин кўз юмуб очғунча тўкар юз мингдин, Тийғи бедод чекиб, чиқса кўзи хунхорим. Субҳидам маст чиқиб товус каби боғ аро, Жилваи ноз қилур ул қади хуш рафторим. Бўлғали ғамкадайи ишқ мақомим, Равнақ, Минг ғамим бор, вале сўрғали йўқ ғамхорим. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Эврулай_бошинга%2C_зебо_санамим%2C_дилдорим.... Downloaded from uzbekai.com.