Келдингу кетдинг кўринмай, эй пари пайкар санам... Равнақ Паҳлавонқули Келдингу кетдинг кўринмай, эй пари пайкар санам, Кўнглима доғ узра қўйдинг доғ, алам узра алам. Тут бу кунларни ғанимат, бўлма кўп мағрури ҳусн, Қилмағил мен нотавонға мунча бедоду ситам. Гар манга кўйинг муяссар бўлса, эй сарви равон, Ўлсам этмай орзуи гулшани боғи Эрам. Гар мени махмурингга тутсанг муҳаббат соғарин, Истамасман шоҳлиғ, қилмон таманно жоми Жам. Сарви озод айлагай қаддингға арзи бандалик, Жилва қилсанг боғ аро андоқки товуси ҳарам. Деб эмишсен пок домонлиғ мусалламдур манго, Пок дил аҳли назарға айлагил лутфу карам. Гарчи ҳар дам ўлтурур Равнақни ҳажринг ғуссаси, Лаъли жонбахши хаёлингдин топар жон дам-бадам. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Келдингу_кетдинг_ко%E2%80%98rinmay%2C_эй_пари_пайкар_санам.... Downloaded from uzbekai.com.