На бир қосидки еткурса саломим жона жонимға... Равнақ Паҳлавонқули На бир қосидки еткурса саломим жона жонимға, На бир маҳрамки, арз этса саломим дилситонимға. Хироми қомати ҳар дам қиёмат ошкор айлар, Нечук ташбиҳ этай шамшодни сарви равонимға. Десангким ҳажр аро жону дилим бору йўқин айлай, Юзунг оинасини рўбарў тут имтиҳонимға. Жамолинг бир кўруб, жон бермагимга бермайин фурсат, Чекиб тийғи тағофил қолма, эй жаллод, қонимға. Фиғонким, лаъли хандонинг кўзумдин бўлғали пинҳон, Жаҳон ғарқ ўлди сели ашки чашми хунфишонимға. Бир ўтдур манда, ваҳким, учқунидин кул бўлур олам, Кетурмай тоғ тоқат сўзиши доғи ниҳонимға. Эмас ранги ҳино ул шўхи қотил илгида, Равнақ, Қўли қон бўлди, шамшири жафо чекканда жонимға, — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/На_бир_қосидки_еткурса_саломим_жона_жонимг%E2%80%98a.... Downloaded from uzbekai.com.