Оҳким, тушгали бу золи фалакка ишимиз... Равнақ Паҳлавонқули Оҳким, тушгали бу золи фалакка ишимиз, Дард таскиниға йўқ ҳоли дил айтур кишимиз. Борҳо элнинг эрур акси муроди анга эш, Чархи носоз била мумкин эмас созишимиз. Бу на бедоддурур нолишимиздин, эй чарх, Эҳтироз этки, мурувватдин эмас ранжишимиз. Қадримиз, оҳки, дунлардин эмас мингдин бир, Юз Фалотундин агар бўлса расо донишимиз. Мунча не ондин эрур бехабар ул золимки, Оҳи дардона чекиб, кўкка етар нолишимиз. Ҳазар, эй золим, ўшул оҳи саҳаргоҳдин эт, Ким ўтар эрди сипардин бу хаданг отишимиз. Муддаий айламайин дасти ситамдин қўтоҳ, Токай ул хийрасар ўлғай сабаби коҳишимиз. Ваҳм эт, хасмки, туфроққа қўйиб рўи ниёз, Дўст даргоҳиға бош қўймоқ эрур варзишимиз. Жонимиз қайда фалак қонин ичардин сувуғай, Ҳар қачон кўрсант ани баски ғажирур тишимиз. Тинмоқ ўлмас нафасе жавр ила бедодидин, Қайдин ўлғай бу фалак даврида оройишимиз. Мунча не солди қаро кунни фалак бошимиза, Билмадукким не эди, Равнақ, анга қилмишимиз! — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Оҳким%2C_тушгали_бу_золи_фалакка_ишимиз.... Downloaded from uzbekai.com.