Нечук жонман, паришонман, сар то по айбу нуқсонман... Рожий Марғиноний Нечук жонман, паришонман, сар то по айбу нуқсонман, Ёмонман, йўлдан озғонман, на инсонман, на ҳайвонман. Абас умримни ўтказдим, гуноҳлар дафтарин ёздим, Маосий даштида оздим, тополмай йўлни ҳайронман. Амолимдан уётқонман, гунаҳ лойиға ботқонман, Худойимни унутқонман, нечук дерман мусулмонман? Олиб касби ҳалолим деб, ҳақи мардумни молим деб, Есин аҳли аёлим деб югурган қавли ёлғонман. Амал уқбони даркори, бу дунёдир экинзори, Ҳусулум маъсият бори, гунаҳ даштига деҳқонман. Бўйнимда ишқи тавқи йўқ, дилимда ҳақни шавқи йўқ. Тилимда тавба завқи йўқ, ғариқи баҳри исёнман. Нетарман гўр азобиға, малойикни жавобиға, Қиёматни ҳисобиға, ёмон олуда домонман. Турар Маҳшарда ғовғолар, бошимда қанча савдолар, Бўлурман анда расволар, на қилғум аҳли туғёнман. Қани Жамшид тахтида, Скандар борму бахтида, Манам ўткинчи вақтида гадоман, гарчи султонман. Қулингдирман манам, ё Раб, гуноҳимдин на ғам, ё Раб, Агар қилсанг карам, ё Раб, зиҳи мамнуни эҳсонман. Иноятлик илоҳимсан, паноҳим, такягоҳимсан, На қилсанг подшоҳимсан, санга бўйнумни сунгонман. Гунаҳим ҳаддин ошти, лек ғуфронингга Рожийман, Қиёмат шиддати ваҳми билан тарсону ларзонман. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Нечук_жонман%2C_паришонман%2C_сар_то_по_айбу_нуқсонман.... Downloaded from uzbekai.com.