Алишер Навоий ғазалига мухаммас (Роқим, VI) Роқим Борғали йод этмас ул маҳваш мени ғамнокни, Бу мусибатдин бошимға совурурмен хокни, Айб қилманглар кўруб сийнамда ҳарён чокни, Ҳафтаедур кўрмамишмен ул бути чолокни, Не ажаб гар ўртаса оҳим ети афлокни. Ўйла мажруҳ айладинг жисмимни, эй бебокким, Қаттиғ аҳволимға қон йиғлар хасу хошокким, Дуд бошимдин чиқарди гардиши афлокким, Солди тийғи фурқатинг бағримға андоқ чокким, Бағри бўлғай чок-чок улким кўрар бу чокни. Гул юзунг бўлғач намоён пардадин, эй сиймбар, Хайли ишқинг айлади жон кишварин зеру забар, Ишқ журмидин вужудим куйдурур бўлсанг агар, Ҳажр ўти жонимға ортуқдур, анга бас бир шарар, Ўртамак дўзах била, яъни на бир хошокни. Ҳар кеча ағёр ила ул ой қилиб завқу сафо, Кунда юз бедилни ўлтурганга қилмас иктифо, Қатли ом айларга ушшоқ аҳлини ул бевафо, Отланибдур маст кўнглакчан чекиб тийғи жафо, То не ўт солғай жаҳонға кўргил ул бебокни. Чекса ул бераҳм қатлимға агар тийғи ҳалок, Мен қилай рахши аёги остида жисмимни хок, Кўзу кўнглумни дема, бордур мақоми ваҳмнок, Ишқ ўти бирла кўнгул, сув бирла кўзни қилди пок Пок манзилларда пинҳон қилғали ул покни. Кимки олам шуғлидин истар қутулмоқ май ича, Дайр пири хизматин жон бирла айлаб ҳар кеча, Даҳр эли жавру jafou зулмини тортай неча? Дайр аро даврон ғамидин қочмишам, эй муғбача, Бир муғона май била шод айла бу ғамнокни. Роқимо, гар чарх қилмоқ истамас жисмингни хок, Мотамингға не учун ҳар субҳ этар жайбини чок, Май ичиб тун-кун, кўнгул дунё ғамидин айла пок, Бода бирла юнг Навоийни хумор этса ҳалок, Боғлангиз тобути узра берк нахли токни. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Алишер_Навоий_г%E2%80%98azaliga_мухаммас_%28Roqim%2C_VI%29. Downloaded from uzbekai.com.