Фузулий ғазалига мухаммас (Роқим, I) Роқим Ҳаббазо, ул вақтким кўнглум басе масрур эди, Маснади иззат уза ул навъким фағфур эди, Бахту иқболу саодат амрима маъмур эди, Эй хуш ул кунларки, рухсоринг менга манзур эди, Чашми уммидим чароғи васлдин пурнур эди. Чарх ҳар дам ҳашмату жоҳу жалолимни кўруб, Ою хуршиди билан тун-кун бошимдин эврулуб, Ҳарна кўнглум орзу қилса равон тайёр ўлуб, Қурб шавқи, офиятбахши тани бемор ўлуб, Васл завқи, роҳатафзойи дили маҳжур эди. Шавқу завқу сидқидил бирла дегач наъти расул, Кўнглума файзу футуҳ айлаб эди беҳад нузул, Одам эрдим, қурби даргоҳида .бўлмишдим қабул, Рашкдин иблиси мардуд ўлгудек эрди малул, Манзилим жаннат, майим кавсар, анисим ҳур эди. Кеча-кундуз боғ саҳнида ерим гулзор ўлуб, Шодком эрдим, назаргоҳим жамоли ёр ўлуб, Нозанинлар соғари ишратни пайдарпай сунуб, Домани иқболима гарди таарруз қўнмаюб, Чашми ҳосид чеҳраи жамъиятимдин дур эди. Лутфи ҳақдин бўлмиш эрдим ул сифат олижаноб, Комрону комбину комбахшу комёб, Хокрўби остоним эрди тун-кун шайху шоб, Ҳар дуо қилсам, таваққуфсиз ўлурди мустажоб, Ҳар таманно айласам, эҳмолсиз мақдур эди. Хўбрўлардин етиб меҳру муҳаббат кўнглума, Ёвумас эрди ғаму андуҳу кулфат кўнглума, Васл нузҳатгоҳида бор эрди ишрат кўнглума, Ҳажр билмаздим, етурмаздим кудурат кўнглума, Гарчи давроннинг мухолиф кездуги машҳур эди. Оҳким, Роқимни еткурмай севар жонона чарх, Қилди юз дарду ғаму меҳнат била ҳамхона чарх, Одатидур жавру зулм этмак бори инсона чарх, Нўла гар солса Фузулийни ғами ҳижрона чарх, Васл айёмида ул ғофил, инон, мағрур эди. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Фузулий_г%E2%80%98azaliga_мухаммас_%28Roqim%2C_И%29. Downloaded from uzbekai.com.