Оҳким, солиб уқубатларға жонимни мараз... Роқим Оҳким, солиб уқубатларға жонимни мараз, Айлади мамлу жароҳатдин даҳонимни мараз. Турфаким айлаб тилимни ҳам саросар захмнок, Қўйди сўз дердин забони дурфишонимни мараз. Турфароқ буким олиб мендин емак — ичмакни ҳам, Эмди бўғзимдин кечурмас ошу нонимни мараз. Ошу нондин демаким, бир қатра сув ичмак манга, Мумкин эрмас, олғали тобу тавонимни мараз. Айлабон зулму ситам юз минг уқубатлар била, Оҳ, жоним олғудек бермай амонимни мараз. Кўр, не золимдур ёмон ҳолимға раҳми келмади, Эшитиб жонкоҳ фарёду фиғонимни мараз. Айлабон қаҳру ғазаб бошимға савдолар солиб, Йиғнади бозор оламдин дўконимни мараз. Бўйла меҳнатни чекарда дўстларни демайин, Кўрмасун душман деган номеҳрибонимни мараз. Ўйла совурди вужудим хирманин боди фано, Эмди истаб топмағай ному нишонимни мараз. Келди жаллоди ажалдек олгали жон нақдини, Охтариб истаб топиб ётган маконимни мараз. Англамон ўлсам қасосимни мараздин ким олур, Захм уруб жонимға тўкти ерга қонимни мараз, Раҳм этиб ҳоли харобимға худойим сақлади, Олғудек эрди йўқ эрса хаста жонимни мараз. Куйдуруб жонимни мағзи устухоним ўртади, Айлади нобуд пайдову ниҳонимни мараз. Қилғасен, ё раб, ўзинг Роқим дуосин мустажоб, Қилмағай вайрон баногаҳ хонумонимни мараз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Оҳким%2C_солиб_уқубатларг%E2%80%98a_жонимни_мараз.... Downloaded from uzbekai.com.