Таолаллоҳ, зиҳи сурат, зиҳи маҳбуби руҳоний... Сайфи Саройи Таолаллоҳ, зиҳи сурат, зиҳи маҳбуби руҳоний, Ким онинг ҳусни шавқиндин кўнгуллар бўлди нуроний. Муфарриҳ шевали дилбар, тили тўти, сўзи шаккар, Кийик кўзли, қамар манзар, малоҳат мулки султони. Кўнгул олур кўзи оли, фараҳ берур энги оли, Бўйидур сарвнинг толи, юзи жаннат гулистони. Гунаштек белгили шоҳид, жамоли қавлима шоҳид, Кечар ҳасрат билан зоҳид йироқдан кўрмага они. Ало, эй дилбари манзур, бу кўркингга бўлуб мағрур, Кўнгуллар қилмағил ранжур, кечар бу ҳусн даврони. Бу муддатни ғанимат бил, бу фурсатда вафолар қил, Бу иззат бирла бўл кўп йил, халойиқнинг севар жони. Қошинг чун байрам ойидур, жаҳон ҳуснинг гадойидур, Қулунг Сайфи Саройидур, букун ул сун’ ҳайрони. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Таолаллоҳ%2C_зиҳи_сурат%2C_зиҳи_маҳбуби_руҳоний.... Downloaded from uzbekai.com.