Эй қади сарви сиҳий, булбули гулзоргинам... Шавқий Каттақўрғоний Эй қади сарви сиҳий, булбули гулзоргинам, Кўзими равшанию маҳрами асроргинам. Деб ўшал гавҳари як дона мени маҳв этай, Садқа бўлсун ани йўлида йўқу боргинам. Бўлмасун офати дунёға гирифтор асло, Кўзимни оллида юрсун гули бехоргинам, Жонима роҳат эрур кўнглуми оромгаҳи- Сарви ул гул гўзалим ҳам мени дилдоргинам. Ғами айём кўнгул пардасиға йўл топмай, Мени шод айлади ул гавҳари шаҳворгинам. Гар Зулайхои замон десам они, айб этманг, Мисри кулфатда манга бўлди харидоргинам. Лаб шакар тўтиси Шавқийни севарда айтур: — Эй қади сарви сиҳий, булбули гулзоргинам. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Эй_қади_сарви_сиҳий%2C_булбули_гулзоргинам.... Downloaded from uzbekai.com.