Лаб уюр такаллумға, зулфни паришон қил... Умархон Лаб уюр такаллумға, зулфни паришон қил, Қанд қимматин синдур, нархи анбар арзон қил. Ҳусн шоҳисен, жоно, бу ҳазин гадоларға, Кўз учи била боқиб, хайр айла эҳсон қил. Ишқ диниға мункир бўлса зоҳиди худбин, Эй санам, лиқо кўрсат, габрни мусулмон қил. Эҳтисоб учун зоҳид кирса дайр аро, соқий, Бир қадаҳ била онинг зуҳдидин пушаймон қил. Истасанг кўнгулларни ғамза ёйиға қирбон, Қошларинг ҳилолини моҳи ийди қурбон қил. Шўхи чашми навхатсен, ноз даштида сайр эт, Гарди хоки пойингни сурмайи ғазолон қил. Ёр лаълидин ҳарфе айладин Амир иншо, Эй кўнгул, бу гавҳарни жон ичинда пинҳон қил. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Лаб_уюр_такаллумг%E2%80%98a%2C_зулфни_паришон_қил.... Downloaded from uzbekai.com.