Оҳким, ёр менга ёр ўлмас... Умархон Оҳким, ёр менга ёр ўлмас, Ғами ўлтурдию ғамхор ўлмас. Не бало нозу тағофилдур анго, Куйдим ишқида — хабардор бўлмас. Булҳавас ишқ рамузин на билур, Бехирад маҳрами асрор ўлмас. Зулфи бирла на талошур сунбул, Ҳар хашак нофаи тотор ўлмас. Оразин кўр хатидин ўлма малул, Қайси гулдурки анга хор ўлмас. Ишқ вайронасидур турфа мақом, Анда ҳаргиз дару девор ўлмас. Кулмангизлар мени расволиғима, Телбада нанг била ор ўлмас. Нигорондур кўзум ойина мисол, Нега шойистайи дийдор ўлмас. Ошиқ ўлдум,нега сендин ёшурай, Бегуноҳ мўжиби инкор ўлмас. Бу жамолу бу латофат бирла, Кимдур ул сенга гирифтор ўмас. Қайси кундурки юзунг ҳасратидин Кўзларим ашк ила саршор ўлмас. Хатидин шиква на ҳожат, эй кўз, Қайси ойинада зангор ўлмас. На билур ишқни кайфиятини, Яхшиларфъа киши ҳамроз ўлмас. Ҳар кўнгул ишқдин огоҳ эрмас, Ҳар садафда дури шаҳвор ўлмас. Гавҳари назм баҳосиздур, Амир, Анга ҳар сифла харидор олмас. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Оҳким%2C_ёр_менга_ёр_о%E2%80%99lmas.... Downloaded from uzbekai.com.