Ғазал (Умидий) Умидий 1 Мунҳариф ўлди фалак, жавр ўлди кун-кундин зиёд, На ҳабибимдан карам, на ўзлигимдан эътимод. Бир ажойиб толеим бордурки, ман ҳайрон анго, Сидқ ила қўйсам қадам ҳар ерға, қўзғолғай фасод, Ҳар ишимдан, қилмишимдан дўстлар хотир малул, Ҳар ҳунар қилсам зиён афзуну бозорим касод. Бўлмишам ҳайрону лолў йўқ ҳабиби меҳрибон, Кўзима олам қоронғу, гўри танг турган билод. Лутф этиб, ёраб, ўзинг кўрсат манго роҳи бақо, Лавҳи дилдан нақши фосидларни айлаб инхирод, Бори нисён, ҳамроҳим йўқ, кўзлашим мулки адам, Минган отим лангу лоғар, йўқ қўлимда роҳи зод, Нўш этиб мастонадур хамри жаҳолатдин Умид, Шул жиҳатдин айламас охир ишин бир лаҳза йод, 2 Андалиби зордек дил қон қилиб, афғон қилиб, Мавсуми гулни таманносида кўп нолон қилиб. Бу жаҳони фоний гулзориға васл уммидида Беибо қўйдим қадам, ишқ отини жавлон қилиб. Дилбарим зулфини чавгониға бу майдон аро, Мақсадим, ўйнатса бошим гўйини ғалтон қилиб. Шукрким, кўрдим жамолин толеим феруз ўлуб, Шум рақиблардин ғамимни дил аро пинҳон қилиб, Неча йиллардин бери май ишқида махмур эдим, Ҳуббатуллоҳи шароб ичдим фидойи жон қилиб. Берди илкимга фалак шамъи муродим ёрутуб, Кулбам ичра ёр ҳуснидан чароғ эҳсон қилиб. Бўлмаюб навмид Умидийдек талаб водийсида, Манзилу мақсадға еттим ашкими резон қилиб. 3 Нафас торин чекиб, қаддингни хам айлар пано кам-кам, Олиб белдин мадоринг илгингға бергай асо кам-кам. Тиларсен гар нажоти ғам, тажарруд боғини сайр эт, Тааллуқ келтуруркан бошингға юз минг бало кам-кам. Кўзингнинг гавҳарин саррофи олам олғай ўрнидин, Бу тадбир ила айлар рўзғорингни қаро кам-кам. Қўлингдин кетса давлат мажмаидур бебақо ичра, Узарлар меҳру шафқат торини ҳар ошно кам-кам. Маҳори ихтиёрииг нафси баднинг илгиға берсанг Гадо айлар сани юздин олиб шарму ҳаё кам-кам... Ҳаво бирла ҳавас нақшига дил берма жавонликда, Ўтиб байрам куни алдин кетар ранги хино кам-кам. Қиёмат қойим ўлмоға етушса йил, яқин бешак, Улуғлардин адаб бермак, кишилардин ҳаё кам-кам. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Г%27azal_%28Umidiy%29. Downloaded from uzbekai.com.