Усмонхон Эшонхўжаев Усмонхон Эшонхўжаев “Адабий пастлаш шунда ҳам таъбирланадирким, мазмундан кўра шаклини қадрлай бошлайдирлар. Бироқ, мазмун шакл билан шундай қаттиқ боғланғанким, мазмунига бепарволик қилиш биринчидан тезда гўзалликни йўқотади ва иккинчидан шаклни ҳам расво қилади”. Бу йилги “Қ. Ўзбекистон” газетасининг 109 нчи сонида Ойбек томонидан шоирни қандай текшириш ишида бир “қўлланма” мақоласи босилди. Бу мақола биргина “қўлланма” эмас (шундай бўлса-ку гўрга эди), балки шоир Чўлпоннинг мафкураси ҳақида “Айн” томонидан ёзилған бир турли тўғри фикрларнинг қийматини туширишга интилади ва мақоланинг ёзилмаған марказий тилаги ҳам шундадир (“Айн” мақоласи “Қ.Ў.” 37-сон). Бундан ташқари, Ойбек ўз мақоласидаги фикрларни сўнгғиға довур ўйламасдан, бу фикрлардаги бор чигалликларни сезмасдан, хулласи, унинг мавзуини ёзиладурған мақоладаги нозик жавобгарликни андиша қилмасдан ёза берган. Мана шунинг учун бўлак янглишларидан бошқа, Ойбек “Айн”ни танқид қиламан деб келиб-келиб ўз майлига қарши, яна “Айн”нинг остонасига бош қўяди. Ойбек мақоласи тўғридаги бу даъволаримизнинг исботига киришмасдан бурун, мавзуимиз қандай аҳамиятга эга эканлигини белгилаб олайлик. Бизнинг ўзгариш турмушимиз, хусусий мулк ҳукм сурадурған турмушлардан асосан фарқ қилади. Бу асосий айирманинг таркибий унсурларидан бири шундан иборатким, агар хусусий мулк турмушида бу турмушнинг тузилиш оқими кишининг онгидан ташқари, бошвоқсиз (Стихийно) кетса, бизнинг ўзгариш ижтимоий турмушимиз борган сари кишининг онгиға бўйин суниб, олдиндан тузилган режага солиниб боради. Сарвадорлиқ оламидан ижтимоий оламнинг ошиқчалиғи шундадирким, биринчи оламда кишилик “тақдири илоҳий”га бўйин сунишга мажбур бўлған чоқда, 2 нчи оламда бу кишилик ўз бахтини ўзи белгилашга қодир бўлади. Биз кўриб ва ҳис билан сезиб турамизким, кишилик бу ғояни муяссар қилмоқ йўлида буюк меҳнат орқасида буюк муваффақиятларга эришади. Бу муваффақиятлар ҳам фан ва техника оламида, ҳам ижтимоий-сиёсий оламда турли-турлидирлар. Мисол учун ижтимоий-сиёсий оламдаги муваффақиятларнинг энг буюги ер юзининг 6 дан бирида ижтимоий ҳаёт раҳбарлиги воситасиз ижтимоиятни қурғувчилар қўллариға ўтти ва бу сабабдан шўролар иттифоқида кундан-кунга ижтимоиятнинг асоси мустаҳкамланиб бормоқдадир. Ҳақиқат шундай бўлғанидан кейин, бизга табиий бўлиб кўринса керакки, ижтимоий ҳаёт қурғувчиси ишчи-деҳқон ва бунинг йўлбошчиси коммунист фирқаси ҳаётда кўрсатадурған катта ва кичик ҳодисаларга бетарафона қараб турмайдирлар; бу ҳодисаларга ё ундай, ё бундай қилиб ўз муносабатларини билдириб қўядирлар ва бу ҳодисаларнинг манбаи ғайратни ё йўқотишға тиришадирлар, ёки уни ижтимоий турмуш қуриш ишини енгиллатишга ишлатадирлар. Ўзбек миллатининг маданияти тарих марҳамати билан ишчи ва деҳқон раҳбарлиги остида қурилмоқда. Бу курилиш оқимин кечирувчи ёш маданиятнинг таркибий унсурлари ишчи ва деҳқонлар ва уларга йўлбошчилиқ қилғувчи коммунистлар фирқаси томонидан текширилиб ва ислоҳ қилиниб борилиши табиий ва бу воқеа яна ўша умумий ва асосий тилагимиз бўлған бутун кишиликка муштарак маданият, яъни ижтимоият қуриш ишининг бир шохчасидир. Бу унсурлардан адабиётни олсак, унинг аҳамияти тўғрисида шу ерда сўз очиб ўлтиришнинг ҳожати кўринмайди. Лекин биз жўрттанга бу ерда бир оз четга чиқиб қўйдиқки, “шоирнинг ҳурлигига тегиш гуноҳ” дегувчилар йўқ эмас; ҳатто Ойбек ҳам ўз мақоласининг бир ерида “шоирларининг қулоқларидан чўзиб туриб, йўқсиллар шоири бўл дейиш мумкин эмас” деб қўяди. Янглишасиз, Ойбек, чунки шоирлар жисмоний қулоқларидан чўзилмасалар ҳам, “қулоқ”ларидан чўзиладирлар! Ўзингиз ҳам ҳақиқатни инкор этадурған кўринасиз, лекин фикрингизни сўнгиға еткиза олмайсиз, фикрингиз чигал, нимагаки ҳеч ким (“Айн” ҳам) шоирларнинг қулоқларидан чўзиб туриб йўқсиллар шоири қилмоқчи эмас ва бундай жинни даъвони ҳеч ким ҳам қилғани йўқ. Юқорида четка чиқиб қўйғанимизнинг яна бир сабаби Чўлпондек шоир тўғрисида ижтимоий фикрнинг аҳамиятини ҳам чуқури, ҳам тўгараги билан белгиламакчи бўлғанимиздан иборат эди. Чўлпон, ўзбек миллатининг янги адабиётида бир турли нуқтаи назардан энг олдинғи ўринни тугади деган даъвога қаршилиқ йўқ кўринади. Бу бир турли нуқтаи назар Чўлпон асарларининг сони билан техникаси нуқтаи назаридир. Табиий, адабиёт теварагидаги мунчалик таъсир биргина сон ва техника билангина чегараланмайди; балки бу теварақдан жуда кенг бўлған доирада ҳийла вақтлар бўлдиким, “чўлпончи”лар доираси тузилиб қолған. Шу бобла Ойбек томонидан илмий метўддан “хабарсиз”лиқда айблангувчи “Айн” ғоятда тўғри муҳокама қилиб айтадирки: “Ул (Чўлпон – У.) бу соҳада ёшларни ўз мафкураси таъсирига олиб, миллатчилик, ватанчилик ҳисларини пайванд қилмоқ мақсадида қисман муваффақ бўлмоқдадир”. Шу бобда илмий метўд билан “қуролланган” Ойбекнинг соддалигини кўринг: “Бу кунги ёш насл унинг (Чўлпоннинг – У.) содда тилини, тотли услубини, техникасини кўб севади; ундан кўб гўзалликлар олади. Чўлпоннинг мафкураси эмас (ўлма “илмий метўд” – У.), балки яратқан бадиий намуналари ўқулади, воз кечилмайди”. Қуйироқда Ойбекнинг шу фикрининг (агар шуни ҳам фикр дейилса) бутунлай бўшлиғини ва бехудалигини кўрсатишта таришамиз. Кечирасиз яна четка чиқдиқ. Бу ерда муддаомиз шундаким, Чўлпон ва унинг тузган “чўлпонизм”и ҳозирғи ижтимоий ва адабий ҳаётимизда шундай бир ҳодисаким, бунга совуққонлиқ қилиш жиноят, чунки бу ҳодиса фирқамиз ва Айниқса ёш коммунистлар ва мактаб ўқувчиларининг мафкуравий тарбияси учун Ўзбекистон шароитида жуда бой материал бўлғусидир ва бўла олади. Шундай бой материал бўладиким, агар рус тилидан юзларча сиёсий китоб таржима қилған билан ҳам бундай сермева материал туғилмайди; чунки бу ҳодиса Ўзбекистон ерининг ҳосили бўлиб, бу ҳосилдан яна ҳосил туғилиб, Ўзбекистон турмушига тан ва жон билан боғланиб келган. Лекин бу ҳодисани туққан ва у билан боғлаған турмуш Ўзбекистонга умумий турмуш бўлмасдан, ўзгаришдан бурун умумий турмушнинг бир кичкина бўлагини ташкил этар эди ва ўзгаришдан кейин бу турмуш ўз “қонуний” мавжудиятини йўқотди, лекин ингичка мафкуравий шаклда давом этади. Ишонмасангиз, шоирнинг ўзидан сўранг: Мен энди худди бир сомон парчаси… Лекин зўр денгизнинг чексиз қўйнида, Жимгина борадир кирсиз қўйнимда Эркин кўпикларнинг алла қанчаси! Чунки Ойбек биладики, “адабиёт ижтимоий ҳаётнинг акс-садоси (эхо) ва даврнинг мафкуравий кўринишидир” ва бўлаклар ва бўлаклар, лекин Ойбек “Айн”дан хафа бўладики, “Айн” Чўлпонни танқид қилған вақтда ҳалиги Ойбек кўрсаттан метўдларни ишлатмаган ва ишлата олмаған. Ойбек мақоласининг ёзилған мазмуни мана шу, лекин ёзилмаған мазмунини юқорида айтиб эдик. Ойбек мақоласида бир катта зиддият бордирким, у мана бундан иборатдир. Ойбек “Айн”ни эбламсизлиқда ва юзакилиқда айблаган вақтда, табиий, ўзи Чўлпон ҳақида фикр очиб бир янги натижаларга келса эди. Йўқ янги натижалар эмас, балки индамасдан ҳам қолмай, яна худди ўша “илмсиз” “Айн” натижаларини оқизмасдан – томизмасдан такрор қилади. Ойбек мақоласининг бошида қилған ваъдасида туриб (яъна Чўлпонни текширмаслик) Чўлпон тўғрисида ҳеч бир фикр айтмай қола берса ҳам тузукрак бўлар эди. Мана “Айн”нинг энг жавобгарлик натижалари: “Чўлпон йўқсул халқнинг шоири эмас, у миллатчи, ватанпараст, бадбин зиёлиларнинг шоиридир; унинг мафкураси шуларнинг мафкурасидир”. “Қисқаси Чўлпон бойлар, миллатчи зиёлиларнинг мафкурачисидир, шуларнинг шоиридир”. Мана энди газетнинг ярим бетини қора қилиб “Айн”ни “танқид” қилғувчи Ойбек нима дейди: “Чўлпонда миллий парчалар йўқ деб ҳеч ким айта олмас – бу факт”; “Чўлпон бир шахсдир. Шахс эса ижтимоий муҳит чизгиларининг кесишган нуқтасидир, десак бўлади. Чўлпон шу ҳолда пролетариат шоири бўла оларми эди? Албатта бўла олмайди…” ва ҳоказо. Бу икки “қаршима-қарши” нуқтаи назарда айирма борми? Элакдан ўтказганингизда ҳам бу айирмани топа олмайсиз. Чунки айирма йўқ! Ўқувчининг шу ерда яна бир “арзимаган” воқеага диққатини тортиб қўямизки, “юзаки” “Айн” “йўқсул эли” деб бор гапни таъбирлайди. А чуқур Ойбек бўлса, “пролетариат” деб йўқ гапнинг бошини оғритади. Ўша вақтда Туркистонда пролетариат бўлса ҳам, ўз орасидан мафкурачисини чиқаришқа етишгани йўқ эди. Текширишдан тилак тўғри натижалар чиқариш бўлса, бу натижаларда кўрганимизча, ҳеч айирма бўлмади. Ойбекнинг муддаоси нима? У Чўлпоннинг нима учун йўқсул элнинг шоири бўла олмағанининг сабабларини текширишни истайди? Ўртоқ Ойбек! Текширинг-текширинг, лекин, барибир, ҳалиги биз кўрсатган натижаларга келасиз-да, чунки у натижаларни олдин “илмий метўд” билан хўб ўйлаб ёзғансиз – ўзингиз ёзғансиз. Бизга “Айн” томонидан жамият ёқловчисининг мандати берилгани йўқ, лекин масаланинг чуқур ижтимоий ва мафкуравий аҳамиятини назарда ушлаб “Айн”нинг асосий натижаларига қўл кўтариб қўюшни лозим топдиқ. Ойбекнинг Чўлпонға қарши асосан “Айн”нинг қарашидан айирилмаса, Ойбекнинг мақоласи қуруққа чопиб қола берадими? Йўқ, Ойбек ўз устози Чўлпонға ҳақ: ёзишда бир нарсани ёзди-да, лекин бу ёзилған нарса орқасида бўлак чин тилагин беркитади. Ойбекнинг мана шу беркитган чин тилаги таҳлилига ўтмасдан туриб, “мунаққиди”мизнинг бўлак фикрий эвара-чевараларини оёқ остидан йиғиштириб қўяйлиқки, булар эркин юришга халақит бермасинлар. Хайр эңди мунаққиднинг “мунаққиди” Ойбек нимадан куюкади. Ойбекнинг шоирни текширишида илмий, социёлоғичский ва яна билмади, қандай метўдларни ишлатиш томонида… Энг олдин, Ойбек фанний истилоҳларни ишлатишда русларнинг бир мақолига мисол бўладиким, “товушни эшитади, лекин бу товушнинг қаердан келишини билмайди”. Ойбек “илмий метўд” деб “ижтимоий (социёлоғичский) метўд”ни тушунади. Бу тушунганингиз хом; чунки “товушнинг қаердан келишини” билмагансиз, қайси марксист адабиётида “социёлогичский метўд” деган истилоҳни кўрдингиз? Бундай истилоҳ йўқ ва бўла ҳам олмайди. Токи бу истилоҳ сиз томондан кашф этилдими? Ундай бўлса, унинг тўғрилиғини, илмийлигини олдин исбот қилиб, сўнгра амалий ишлатсангиз бўлар эди; нимага десангиз, бу истилоҳга ҳозирча биз унамаймиз ва бизимча бу истилоҳ янглиш истилоҳдир. Метўд моддий бўла олади; мужодалавий (диалектический) бўла олади, лекин ҳеч вақт “социёлоғичский” бўла омайди. Социёлоғия ўзи мустақил бир фан ким, ўз-ўзи метўдға муҳтож, социёлоғия метўд ва дунёға қараш томонларидан буржуазия ёки маънавиюн ва марксист ёки моддиюн бўлиб иккита айрилади. Агар Ойбек каби мана шу айирмани идрок этмасдан тўғридан-тўғри “социёлоғичский” деб кета берилса, минг мартаба “марксистча” деган билан ҳақақатда марксистча бўлмайди. Социёлогия ижтимоий фан сифатида билан кескин суратда синфий фандир. Бунинг учун буржуазия социёлоғияси билан марксизм социёлоғияси (яъни тарихий моддиюнлиқ – исторический материалызм) орасидағи айирмани очиқ билиб олиш лозим; тескари ҳолда, бу истилоҳий ишлатишда Ойбек каби икки жаҳон овораси бўлиб қолинади. Метўд тўғрисида бўлса, бизнинг (яъни марксистларнинг) метўди моддий мужодала (материалыстическая диалектика)дир. Истилоҳ масаласида шу билан кифояланамизда, Ойбекнинг яна бир “кашфиёти”га ўтамиз. У эса “мунаққид”нинг хаёл ҳақидаги тушунчасидир. “Айн” мақоласида Чўлпоннинг хаёлпарастликда айблаган. Мана бу ерни Ойбек мисолға олиб келади: “Чўлпон хаёлпарастдир. Чунки, миллатчилар, зиёлилар ва шу мафкурани қабул қилғанлар учун хаёлдек ширин, хаёлдек лаззатлик нарса йўқ. “Шунга ўхшаш Чўлпон ҳам минг қабат кўкларда юради. У ерда “ҳусни мутлоқ”ни ахтаради. Ҳар ҳақиқатни хаёл кўзи билан кўради ва шундан завқ олади”. Ойбек “Айн”ни шу даъвоси учун енгилган ҳисоблаб севинганлигидан ўзини эсдан чиқариб қўяди, мана бундай нидо қилиб юборади: “Ана “Айн”нинг мантиқий тушунчаси!”. Ойбек, кўпам шошилманг. Агар сиз шу тамасхурона нидонгиздаги “мантиқий” сўзини тескарисича тушунсангиз, биз ўнгича тушунамиз ва “Айн”нинг даъвосини жуда тўғри деб топамиз. Ҳатто Ойбек “хаёл” деган маънони тузиккина тушина олмайди. Бу тўғридаги Ойбекнинг тушунчасизлигини ҳозир фош қиламиз. “Айн”нинг жумладаги “хаёл” сўзи жуда белгилик маънога эгадирким, бу маънини бўлакча тушунмак учун Ойбекнинг тушунчаси керак. “Айн” Чўлпонни хаёлпараст деганда, Чўлпон реалист эмас, балки символист, маънавиюн демакчи бўлади. “Айн”нинг Чўлпон ҳақида шундай даъвоси фойдасита қўйироқда биз ҳам бир мунча қўшимча фикрларни келтирамиз. Бахтта қарши Ойбек бу тўғри даъвога ҳеч унамаган ва унамаслигини шундай бир чатоқ, боши ҳам йўқ, учи ҳам йўқ “исбот”лар билан “асослайдир”ким, бу “исбот”ларни қайси томондан ушлашга одам гангиб қолади. Ҳар ҳолда мана булардан бошлаймиз. Ойбек “Айн”га қараб дейди: “Демак кимки миллатчи бўлса – хаёлчи экан”. Албатта Ўзбекистон шароитида миллатчи бўлсак, сиёсатда хаёлпараст (яъни утопист) бўлишлик билан баробардир. Яна “миллатчи бўлмаган киши хаёлсиз”. Бекор айтибсиз “Айн” бундай даъвони қилған йўқ. Яна: “Эҳтимол – миллатчилар ўз “ғоя”ларига эриша билмай хаёлот қучоғига отланғандирлар”. “Эҳтимол” эмас, балки бу ҳақиқат, чунки хаёлпарастлик, маънавиюнлик манбаълари кишининг ташқари дунё ҳодисалари олдида кучсизлигидан иборатдир; киши ўз тилагига ҳақиқатан етолмасдан, маънан “етади”. Ҳамма динларнинг умумий манбаъси ҳам шундай белгиланади. Бундан ташқари Ойбекнинг бу сўнгти жумласи “Айн”ни “танқид” қилиши боғланишидан қараганда, ҳар қандай маънодан маҳрум қолади ва бу жумла бу ерда нима тилак билан ёзилғанлиғи маълум эмас. Яна: “Лекин бир шоирни текшириб турған мунаққиднинг шоирдаги яратувчи хаёли манбаини миллатчиликка боғлаб қўйиш менимча хато”. Худди сизча хато, лекин бизча ва бўлак ҳамма масалаларни тўғри тушунадирғанларча хато эмас. “Шоирни текшириб турған мунаққид” шоирнинг сиёсий назариясини, яъни ҳозирги мисолимизда унинг миллатчиликка муносабати ҳақида фикр айтмаслиги шоирни текширишлик бўлмайди, балки Ойбек каби чучварани хом санашлиқ бўлади. “Айн” жуда яхши қилади ва илмий метўдга дуруст риоя этади, ким танқид қилаётқан шоирининг сиёсий назарияси ҳақида кескин фикрни майдонга ташлаб қўяди. Қани, Ойбекнинг илмий кучи бўлса, “Айн” томонидан айтилған даъвони рад қила олсин-чи, кўрайлик, ҳай, қайси гўрда! Яна: “Башарий туйғулар билан тошқон пролетариат шоирларида хаёл йўқ дейсизми?” Ойбекнинг “хаёл” сўзининг маъносини чатоқ қилғанлиғи мана шу жумладан кўрилади. Ойбек танқид қилмоқмучун мантиқий исботлар тополмасдан “Айн”га қуруқ туҳмат қила бошлайди ва “Айн”нинг жумласидаги маъноларнинг оёғини осмонға қила бошлайди. “Агар миллатчилик билан хаёл бир-бирига боғлиқ бўлса бутун шоирлар миллатчи экан-да”. Қандай бошу оёқсиз фантазия (Ойбекникидан бошқа) “Айн”нинг тўппа-тўғри фикрини шундай қарши олади?! Ойбек ўзингиз инсоф қилингки, хаёлпарастлик маъноси билан умумий хаёл, яъни ўйлашлиқ маъноси орасида айирма борми, ё йўқми? Рост гапиринг – сиз шу айримани идрок этасизми? Кўрқаменким, сиз муни жуда кучсиз ҳолатда идрок этасиз, нимагаки мана бу жумлангиз буни очиқ кўрсатадир: “Дунёда ҳеч ким хаёлсиз шоир ва хаёлсиз адабиёт тасаввур эта олмас, балки “мунаққид” “Айн” тасаввур этмаса”. Ойбек жумлангизнинг сўнгғи бўлимидаги кулиш, жуда вақтсиз кулиш ва ярашмаган кулиш! Хаёлни ўйлашлиқ маъносида олған вақтда фақат шоир ва адабиётни тасаввур қилишлиқ мумкин бўлмайди эмас, балки хаёлсиз ҳеч қандай тирик аъзони (хоҳ одам бўлсин, хоҳ ҳайвон бўлсин, ҳатто ўсимликлар бўлсин) тасаввур қилиш мумкин эмас. Ойбек бу хаёл масаласида Ленинни ҳам сиқиштириб қўяди, лекин, эссизгина, ёзғучи Лениндан келтирган иқтибосини қаердан олғанлиғини очиқ кўрсатмаганлиги учун (Ойбек қўлидан шу келмаган!) биз Ойбек Ленинни қандай тушинганлигини текшира олмадиқ, лекин биз аминдирмизким, “мунаққид” шунда ҳам чатоқ қилған. Бизимча, бу ерда ўқуғувчи ҳам масаланинг асосий бўлимига ўтиш вақти келганини сезиб турибдир. Масаланинг асоси Ойбекнинг Чўлпон ҳақидаги чин фикрининг янглиш эканлигини кўрсатишдан иборат. Ойбек ўз мақоласида демакким, “Чўлпон мана шу-мана шу сабабларга кўра пролетариат шоири бўла олмай қолған, унинг мафкураси ҳам пролетариат мафкураси эмас. Лекин шундай бўлса-да Чўлпон бизнинг ҳозирғи адабий эхтиёжимизга (“адабий эҳтиёж” деб қандай тақсимотга айтилади?! – У.) жавоб бера олмас деб ундан қўл йиғамизми? Менимча бу нарса хато”. Ya’ни Ойбекча шоир Чўлпон бизнинг “адабий эҳтиёжимиз”га кераклик, нимага десангиз “Чўлпон янги адабиётда янги нарсалар яратти. Мувашшаҳ адабиёти ўрниға бу куннинг бадиий завқига яраша ёқимли гўзал шеърлар ўртаға чиқарди. Бу кунги ёш насл унинг содда тилини, тотли услубини, техникасини кўб севали; ундан кўб гўзалликлар олади. Чўлпоннинг мафкураси эмас, балки яратқан бадиий намуналари ўқулади, воз кечилмайди”. Мана Ойбекнинг Чўлпондан воз кечмаслигимизга кўрсаттан “сабаблари” ва “исботлари”. Бу “сабаблар” ва “исботлар” гўзал санъатнинг бир шохчаси бўлған адабиётга янглиш қараш, янглиш, яъни маънавиюнларча тушунишдан натижадирлар. Ойбек (агар у ўзини марксист чоғлаб юрса ҳам) адабиётга буржуазияча қарайди, нимагаки кўрганимизча, у гўзал санъатнинг шаклини мазмунидан бутун айириб ташлаб, шаклини алоҳида ва мазмунни алоҳида кўради. “Чўлпоннинг мафкураси эмас (тагини биз чиздик – У.) балки яратқан бадиий намуналари (тагини биз чиздик – У.) ўқулади…” деган жумла Ойбек адабиётга буржуазияча қарайди, деганимизга қатъий далил бўла олади. Чунки Ойбек “мафкура” билан “намуна” орасидаги боғланишни кўрмайди ва унга кераклик аҳамиятни бермайди. Бу ҳақда биз гўзал санъатга марксизм қарашини асослик текширган Пелиханофнинг очиқ ёзган фикрини мақоламизга сўзбоши қилиб олдик. Пелиханофнинг ўша фикридан очиқ кўрилса бўладирким, “марксист” Ойбек марксизмдан айтиб бўлмаслиқ даражада узоқда туради. Бу ердан шуни айтиб қўйишлиқ керакки, Ойбек Чўлпоннинг мафкурасини ўлаётган майда буржуазия, миллатчилик мафкураси бўлғанлиғини инкор этмайди. Шу билан (Ойбек, сизга қуллиқ!) бизнинг вазифамиз енгиллашади, нимагаки, Чўлпоннинг мафкураси ҳақида “мунаққиди”миз билан ошиқча гап талашиб ўтиришға ҳожат қолмайди. Лекин шундай деб хотиржам бўлиш ҳам ярамайди, чунки Ойбек Чўлпоннинг “намуна”ларига унинг “мафкура”сидан “ташқари” шу қадар аҳамият берадиким, агар Ойбек Чўлпондан зимнан мафкуравий томоқ емаса, унинг шаклини бу қадар махтамас эди. Ойбек олдин Чўлпоннинг мафкурасини севган, сўнгра шаклини ёқтира бошлаған. Бу табиий, чунки мазмундан айрим ҳолда севишлик “адабий эҳтиёж” ҳийла ерларга етиб қолғанда бўладурған гап. Мана мунинг учун Чўлпоннинг мафкураси ҳақида, калта бўлса ҳам индамасдан кета олмаймиз. Чўлпоннинг шоирлиқ сифати билан ноқислиғи, узрлиги унинг мафкурасидадир. Бу мафкура замонимиз нуқтаи назаридан иртижў қилувчи (реаксионная) мафкурадир. Лекин шоир орқаға қайтишдан умиди узилган вақтидагина ўз-ўзига тасалли бермакчи бўлади: Энди у кунларим ўтиб кетдилар… Энди турмушимда ойдин кечалар йўқ. Вафосиз севгилар учиб битдилар… Англадим: севгида ҳар кўнгил бузуқ! Кўнглим қуриқ эмас яна севги бор: Фақат бу севгида алданиш йўқдир. Ҳорған кўзларимда хаёл яна бор: Фақат бу хаёллар нурдан тиниқдир. Шоирнинг бу севгисидан ва бу “нурдан тиниқ” хаёлларидан кимга иссиғу кимга совуқ! Шоир маънавиюн ва шахсиятпараст (индивидуалист), бунинг учун ҳар бир сиёсий ва ижтимоий ҳодисага кўбчилик номидан эмас, балки ўз шахсий томонидан қарайди. Шахсий томонидан қарағанда ҳам ақл кўзи билан қарамайди, балки кўбрак юрак (туйғу) кўзи билан қарайди. Ҳозир Ойбекнинг кўзлари олайиб, олайиб кетгандирлар. Чунки Ойбекча, “шоир мантиқнинг қатъий чизиғидан чиқа олмайдурған мутафаннин эмас” ва “реалний фактлар тузмаси шеър ҳисобланмас”. Шу марксизм бўлса менинг калламни кесиб юборинг! Чўлпон маънавиюн-шахсиятпарастликда қари шарқнинг тасаввуфига яқинлашиб қолади. Бу тўғрида “Дамлар” шеърида мана бу нарсани ўқиймиз: Баъзан хаёл этагини тутқузмас, Ёт ерларга ўз бошича йўқ бўлур. Шунда эс ҳам қалб тилига тушинмас. Боши қотар, қўполланур, тўнгланур. Бундан ташқари, Чўлпонда шарқ классик маънавиюнларнинг таъсири катта. Чўлпон ҳозир ҳам “Ҳиндистон Толстойи” Тағорга жуда қизиқади ва Тағор сўзларини ўз шеърларига тож қилади. Чўлпонда саботлик, мустақил дунёқараш йўқ, Чунки шоир шундай табақалар (майда хўжайинлар ва ҳалокатга бораётқан косиблар)нинг ҳолиға йиғлайдирким, уларда мустақиллик бўлмайди ва булар ўзгаларнинг кўмаги билан ҳаёт кечиради. Бу ҳақиқат Чўлпоннинг у шохдан бу шохга қўниб юришига асосдир. Чўлпон бу кун умидсиз, кўз ёши билан бир шеър ёзса, эртагаёқ кулиб, иқболга умид билан тикилиб, киши фаҳмламайдурған шакли маъносига яраша шеър ёзиб қўяди. Мисол учун: “Қўзғалиш”, “Яна ўт”, “Ирфон келадир” ва бўлаклар. Шуни ҳам айтиш керакким, Чўлпон мана шундай мафкуравий томонидан тузукрак нарса ёзғанда ҳам, асари синфий томондан кучсиз бўлиб, миллатчилик ва шарқчилик фойдасиға ёзиладир. Чўлпонда сабот йўқлиғини унинг “2 бош 1 тана” шеъри яхшироқ кўрсатади. Мисол учун мана бу сўзлар Чўлпонники деса, ким ишонади? Чўлпонда мантиқий ва ақлий (расионалный) бир эътиқод йўқлиғи, бизнинг билишимизча, шоирнинг шахсий хусусиятларидан бошқа ундаги ижтимоий муҳитнинг кучлик таъсири, инжиқлиқ даражасига довур борадурған шахсиятпарастлиқдан натижадир. Чўлпон 1922 нчи йилда Тошкантда “Қўзғалиш” шеърини ёзади: Ай, сен мени ҳақир кўрган, тубан деган афанди! Ай, устимдан бир умрга хўжа бўлмоқ истаган! Ай, бўйнимга кишан солиб, ҳалокатга судраган, Кўзларинг заҳарлатиб ўйнатмағил, бас энди! Кишанларинг занг босгандир, сергак бўлким, узилур; Томиримда қўзғалишнинг, ваҳший қони гупурди, Эски фикр, анъаналар энди буткул узилди, Yo битарман ёки сенинг салтанатинг бузилур! (Ҳа, бормисан, Чўлпон?! – У.) Ай, сен мени қул ўрнида ишлагувчи афанди! Титра, қўрқким, боғлиқ қулинг бош кўтарган куч энди! Лекин бу ердаги “афанди” синфий душман бўлмасдан миллий душман бўлса ҳам, шеърдаги руҳдан ҳаётнинг ва саломатликнинг иси келади. Худди шу Чўлпон 1923 нчи йилга келиб Андижонда “Сомон парча” шеърини ёзадирким, “Қўзғалиш”дағи шоирнинг тушинчаси бу билан бутунлай инкор этилади. Муҳит кучлик экан эгдим бўйнимни, Чақмоқдек ялтираб ўчиш йўқ энди, Ёлғон хаёлларга кўчиш йўқ энди. Олқишнинг йўлига солдим ўзимни. Кирмайман кўчанинг боши беркига, Чунки, “таслим” бўлдим муҳит эркига. Қани бунда руҳ, қани бунда фаолият (активност)?! Yo (Агар буни Ойбек инкор этса ҳам) “боши берк хаёл кўчасига” киради, ё фақат “таслим” бўлади, лекин курашмайди. Мақоламизнинг юқорироғида Чўлпонда белгилик мафкурани кўрсатиб туриб яна шоирда бир мантиқий ва ақлий эътиқод йўқ дейишимизда ўқувчи зиддият кўрмасин. Чунки шоирнинг мафкураси умуман ўз турмушини сўнггига еткизган ижтимоий ва иқтисодий маданият мафкураси бўлса, бундай мафкура биз айтган мантиқий ва ақлий эътиқоддан иборат бўла олмайди, демак, бу ердаги икки маъно ҳар бири ўз-ўзига мустақил маънолардир. Мантиқий ва ақлий эътиқоди бўлған кишида мафкура ҳам соғлом бўлиб истиқболга умиди қаттиқ бўлади. Жулқунбой “Тонг сирлари”га ёзған сўз бошисида йўқ нарсани бор қилишга интилади; кўз ёшлардан “чечаклар унгуси”ни кутади. Ҳеч жаҳонда кўзёши билан чечаклар ундириб бўладими? Жулқунбой шоирнинг ўзи тўғрисида ўйлаған. …Мен кўкларга беркинган ер қизидан хаёлимни олмайман, деган фикрига суялиб туриб, Чўлпон кўк шоири эмас, ер шоири деб-да даъво қилади. Энг олдин бир шоир эмас, балки ҳар шахс тўғрисидаги фикрда ўша вақтга қадар бўла оладирким, агар шу фикр шахснинг ўзи тўғрисида ўзининг фикри бўлмасдан ўзгаларнинг фикри бўлса ёки Чўлпон тўғрисидаги холис фикр унинг асарларининг таҳлилидан ҳосил бўлған бўлса. Замонимиз турмушининг ҳар бир унсурларидан (шоирдан бўлса-ку – эрта билан қатқалангда) меҳнаткаш оммасининг фойдасини кўзлаб қимирлашни сўрайдир. Ҳозирғи ижтимоий инқилоб даврида илгари шахслар “мулки” бўлиб ҳисобланған ҳодисалар ва маънолар ўзларининг асосларини йўқотишға юз қўйғанлар. Умумий иқтисод оламидан бошқа, турмуш маданиятида ва мафкурада хусусий мулк инъикоси борған сари ўзини йўқотиб боради ва бизнинг ҳар кунги амалий сиёсий ва иқтисодий ҳаракатларимиз ҳам шу оқимни тезлатиш ва ташкил қилиш тилагидадир. Эски турмушдағи оила муассасасининг бу кунларда ўзгариш усули билан бузилиб бориши ҳалиги умумий оқимдан бир кўринишдир. Бу оқим тарихий зарурият остида бораётгани учун, эски оила бузғунлиғи ифлос унсурлар ва қаро кучлар томонидан гуноҳсиз хотин-қизларнинг қонлари тўкилиб турса ҳам, тўхтамайдир. Эски катта мулкдорлар ва улардан “мафкуравий” қолғинди хунасалар кескин суратда хотиржам бўлсинларким, бу – буюк тарихий оқимни уларнинг бурчак-бурчакда кўрсатадурған “мардлик”лари ҳеч вақт тўхтата олмайди ва хусусий мулк моддий йўқолғани каби маънан ҳам мафкуравий йўқотилади ва хусусият ўрниға албатта умумият қурилади. Шоир Чўлпон ўзининг руҳий ташкилоти ва мафкуравий маҳсулоти билан астайдил замонимизнинг ҳукм сурғувчи интилишининг олдиға тушиб югуриб кета оладими? Ҳақиқатни тасдиқ қилиб қўйишға мажбурмизким – йўқ. Мақоламизни ёзиб турған вақтда бир ўртоқ келиб менга савол бердиким: “Ҳа, сиз шоир “заказ”га шеър ёзиб берсин демакчи бўласизми?” деб. Бу “ўртоқ”нинг саволидан ва афтидан ҳам майда мулкдорларга ачиниши билиниб турар эди ва ўзининг “ақлий” қараши билан бурнидан бир қарич узоқликни кўра олмас эди. Бу саволнинг биз ёзиб турған мавзуга тегишлиги йўқ учун жавоб бермадим; нимагаким, мен шоирдан “заказ”га шеър ёзиб беришни талаб қилмасдан, балки бор ҳақиқатни тасдиқ қилар эдим, холос. Чўлпон ўзининг шоирлиқ вазифасини тўғри тушунмайди ва унинг шеъриятга қараши Ойбекнинг қараши билан бирдир, яъни бу қарашча, шеъриятнинг ўзи, ҳар қандай боғланишдан ташқари, мустақил мавжудиятга ҳақи бор. Бу даъвомиз қуруқ бўлмаслиғи учун уни “Мен шоирми?” деган шеър билан ҳужжатлай оламиз; бу шеърнинг иккинчи бўлимида, мана бу сўзларни ўқиймиз: Чунки, хаёлимнинг кўзлари билан, Бир гўзал ҳолатни кўриб турамен; Лаззатга ғарқ бўлиб, ўлиб турамен. У ҳолни борлиқнинг сўзлари билан. Англатиш, қўлимдан келмай қоладир. Шу чоқда тилларим калдираб кетиб, Борлиғим йўқлиққа ғилдираб кетиб, Дейманким: “Бошқалар билмай қоладир. Шундай гўзалликни, аттанг, агар мен Рассом бўлсам эди, чизиб берардим, Ўхшаш нусха билан ёзиб берардим, Шу ожиз ҳолимда шоирманми мен?” Шоирлиқ менда бир соями дейман, Ҳар бир тушунчамни ёза олмағач! Рассомдек хаёлни чиза олмағач! Ҳақир борлиғимға кўб афсус ейман. Хаёлим юксакдан тушиб кетадир, Шоирлиқ чанг бўлиб учиб кетадир. Биринчидан, бу шеър шоирнинг хаёлпарастлигини ошиқча исбот қилади ва шоирнинг ўзи “чизган” шу ҳоли (иборатимиз учун кечирилсин) худди эски кўкнорининг саҳар вақтидағи кайфига ўхшайди. Шоирнинг хаёли ёқтирадурған мешчанлар нуқтаи назаридан бўлса, бу шеър шоирнинг “баланд”лигини кўрсатади. Ҳақиқат нуқтаи назаридан бу шеърнинг мазмуни имкониятдан ташқаридир, нимагаким, “тушунча” бўлғанидан сўнг киши ёзолмасдан ва “хаёл” бўлғанидан сўнг чиза олмасдан мумкин эмас. “Тушунча” ва “хаёл” кишининг миясидан ҳосил бўладурған нарсалар (бу ердаги “нарса” моддий бўлмасдан маънавийдир – У.) эмас, балки улар ташқи ҳодисаларнинг миядаги инъикосидирлар; ҳақиқат оламидаги нарсаларнинг мия ёрдами билан маънилашганларидан иборатдир. Бунинг учун шоирнинг “тушунча”си ва “хаёли” ёзишға ва чизишға келмасалар, улар ҳақиқий олам ҳодисаларининг ҳосилати бўлмасдан яна шоирнинг ўзига бўлған олам ҳодисаларидирким, бу ҳодисаларнинг ҳақиқийлиги йўқлиққа мусавийдир. Салим шеърият нуқтаи назаридан “Мен шоирми?” шеърининг “чизган” ҳоли ҳеч қандай танқидга арзимайди, чунки ғайри ҳақиқий унсурлар шеъриятта асос бўла олмайдирлар. Чўлпоннинг бу шеъри кўрсатадирким, у шоирнинг ҳунари фақат хаёли (майли қандай бўлмасин) шеърий усулда гавдалашдан иборат деб тушунади. Шу сабабдан биз ҳам Чўлпоннинг: “Шоирлик менда бир соями дейман” – фикрига жуда қўшилғимиз келади. Чўлпон ўз асарларида тарихий даврнинг ижтимоий ва сиёсий эҳтиёжларини қонарлиқ сабот билан кўзлая олмағанлиғи учун у Пушкин қаторида тура олмайди. Рус адабиётининг классиги Пушкин ҳам мафкураси билан, ҳам шеърияти билан ўз даврининг кўркам тараққийпарвари эди. Пушкин ҳар бир асари тарихий, сиёсий ва шеърий жиддиятга эгадир. Пушкин қуруқ шеър ёзғувчи бўлмасдан, ўша вақтда яхшигина муаррих ҳам эди (“Капитанская дочка”, “Борис Годунов”, “История Пугачева” ва бўлаклар). Пушкин ўз асарини ўз даврининг ижтимоий ва сиёсий нуқтаи назаридан қутилиш ва тараққийга юз қўйиш амаллари билан тўлғазгандир. Шу интилиш билан рус ҳақиқатини расм этган. Ойбек! Пушкиннинг қуввати ўшандадирким, унинг шеърий асарлари “реалний факт тизмаси”дан иборатдир. Пушкин рус турмушини энг олдин ақл билан таниған, яъни у (сизга айтамен, марҳаматли Ойбек) “мантиқнинг қатъий чизиғидан чиқмаган мутафаннин” бўлиб шоир эди. Албатта, Пушкин мутахассис олим эмас эди, лекин унинг сўз билан чизган расми қанча “реалний факт”га яқин бўлса, ўшанча чиройлиқ бўлар эди. Ойбек “Пушкин, инқилобдан сўнг ҳам Пушкин бўлиб қолди” дейди; лекин нимага шундай бўлиб қолғанини айтмайди. Айтади, лекин юзаки айтади: “Балки ҳозирғи йўқсил ёшлар унга (Пушкинга – У.) яна катта қиймат берадирлар. Уни ўқиб асарларида чўммак истайдирлар”. Ойбек нима учун Пушкиннинг асарлари гўзал деган саволни бериб тўғри жавоб топсангиз, бу жавоб бизнинг фойдамизга ва Ойбекнинг зарарига бўлади; чунки Пушкин асарларининг гўзаллиги шундадирким, шоир ўзидан ташқариға ҳақиқатни сўз билан тўлиқ тасвир этти. Шоирнинг сўздан ҳақиқатнинг ҳеч бир ингичка ери қочиб қутила олмади. Биз “ҳеч бир” деб бир оз лоф қилдиқ. Лекин демакчи бўламизким, Пушкин асари ўшанча гўзал, ўшанчалик кучлик. Бу асар ҳақиқатни қанча тўлиқ қопласа, Ойбекнинг “Рус шоирининг (Пушкин – У.) бадиий намуналарини берди” жумласидаги “бадиий”ликни биз Ойбекча тушинмаймиз, яъни бу “бадиий”лик моддий асосдан мустақил бадиийлик эмас. Балки у Пушкин ўз асарларини шоирни ўраб олған муҳитга яраша (“бадиий”роқ) қилиб пичканлигидан иборатдир. Агар биз бу вақтда Пушкинни ўқусак ва унга ибрат билан боқсак, буни биз, Пушкиннинг шеърларига кўр-кўронасига тақлид қилмоқ учун қилмаймиз, унинг нусхаларидан нусха кўчирмаймиз, Пушкин биз учун шеъриятда ўзгартириб бўлмайдурған режа эмас. Пушкин бизга рассом билан ташқари дунё орасида қандай муносабат бўлиши лозимлиғини билмак учун керак. Худди мана шу нуқтаи назардан Пушкин билан Чўлпонни бир даражага қўйиш хато. Нимага? Пушкин рассомлик сифати билан ўрнак бўлишға яраса, Чўлпон ўз даврининг ҳақиқатидан сўровидан ортдадир; мана шунинг учун ул тараққийпарвар рассом бўлмасдан, таназзулпарвар хаёлпарастдир. Гўзал санъатнинг шакли, нусхаси ва бадиийлиги унинг мазмунига вобастадир. Шеърнинг гўзаллиги унинг амали билан ўлчанадир. Бунинг мазмуни ва амал ўзгариши билан гўзал санъатнинг ва адабиётнинг шакли ҳам ўзгаради. Бунга сўнгғи ёш ўзбек адабиёти кам-кам эски аруз вазнини сиқиб чиқариши кўб далиллардан биттасидир. Гўзал санъатда шакл билан мазмун оралиғидағи муносабат ҳақида кераклик даражада тўлиқ тўқташға газет бетлари ижозат бермаганлари учун мақолага ниҳоят бериб, натижада шунигина деймиз: Ойбекдан бошқа ҳам кўб ўртоқлар энди Чўлпонни ярамайди деб чиқариб ташлаймизми, деган нотўғри савол олдида туриб қоладирлар. Бизимча, бу саволни чиқариб ташлай оламизми, деган саволға айлантириш керак. Шу ҳолда янги ёш адабий кучларимиз олдлариға янги-янги улуғ вазифалар туғилғусидир. Усмонхон — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Усмонхон Эшонхўжаев). Downloaded from uzbekai.com.