Хўжаназар Ҳувайдо Хўжаназар Ҳувайдо Афсус, бу кун вақти гулистон ўтти... Афсус, бу кун вақти гулистон ўтти, Мурғони чаман йиғлою нолон ўтти. Гуллар алами боди хазондин йиғлаб, Ҳар ёна бўлуб барги паришон ўтти. Афсус, юз афсус, эранлар ўтти... Афсус, юз афсус, эранлар ўтти, Ул ҳомийи дин қутби замонлар ўтти. Биз ғамзадалар йиғлою ҳасрат била қолдук, Аҳволи жаҳонга нигаронлар ўтти. Афсус, юз афсуски, эрлар ўтти... Афсус, юз афсуски, эрлар ўтти, Лаб ташна бўлиб оҳуйи чўллар ўтти. Бу золи фалак ваъдасиға берма кўнгил, Дарё қуруди, қаърида йўллар ўтти. Афсус, юз афсуски, ҳамнафаслар ўтти... Афсус, юз афсуски, ҳамнафаслар ўтти, Шоҳи ду жаҳон, камтари хаслар ўтти. Биз кўнгли ўлук, бахти қаролар қолдук, Тиргузгувчи дил Ийсо нафаслар ўтти. Афсус, юз афсуски, мардлар ўтти... Афсус, юз афсуски, мардлар ўтти, Бемори муҳаббат, рўйи зардлар ўтти. Овораи нафс неча ёмонлар қолдуқ, Қилгучи амал соҳиби дардлар ўтти. Афсус, юз афсуски, роҳат ўтти... Афсус, юз афсуски, роҳат ўтти, Етти қарилик вақти, ибода ўтти. Эмди туну-кун жаҳд қилиб озуқа ғамлаб, Бўл йўлға равон, навбати фурсат ўтти. Афсус, юз афсуски, умрум абас ўтти... Афсус, юз афсуски, умрум абас ўтти, Нодонлиғ ила дарпойи ҳою ҳавас ўтти. На кор қилиб, нақди ҳаётимни тугатти, Билмам, на ани бир кеча ё бир нафас ўтти. Афсуски, руҳимни қуши пешу пас ўтти... Афсуски, руҳимни қуши пешу пас ўтти, Исён била синди қаноти, зери хас ўтти. Бу нафси балокашни тузоғиға илинди, Овора бўлиб, банди асири қафас ўтти. Арзимни айдим боди сабоға... Арзимни айдим боди сабоға, Еткурса ҳолим ул дилрабоға. Қилса худойим кўнглин мулойим, Раҳм айлағайму ман мубталоға. Қилғайму хайрин ўз қўли бирла, Борсам кўйига мискин гадоға. Деди рақиблар ёрға ёмонлаб, Солди жудолиқ найлай ароға, Кўнглумда йўқтур зарра гумоним, Кимки ёмондур солдим худоға. Ҳолимни айтсам ёрим инонмас, Эмди қўюбман явм ул жазоға. Ёрсиз кишини фирдавси йўқтур, Суйдим санамни қолдим балоға. Душманларининг нозу, наҳмда Парвариш айлаб солди ғиноға. Дўстини ёрим ранжу аламда Қўйди эл ичра жавру жафоға. Мискин Ҳувайдо сабру таҳаммул Айлаб, ҳамиша йиғлар худоға. Беадад мандин дуо, эй чорёри босафо... Беадад мандин дуо, эй чорёри босафо, Сизга, Бу Бакру Умар, Усмон, Алийи муртазо. Сидқу ихлосим била, Эй оли асҳоби расул, Руҳингизга қўл очиб, шому сабо айлай дуо. Тортти Аҳмад жавру меҳнат ушбу фоний дунёда, Уммат эрсанг, бўлғил эмди пайрави ул мустафо. Бириси сидқу садоқат авжида бадри мунир, Бирлари адлу адолат буржида шамси зуҳо. Бирлари ҳилму ҳаё иқлимида баҳри ҳаё, Бирлари лутфу карам аврангида кони сахо. Нури чашми Ҳайдари каррорни золим Язид Қип-қизил қонга бўяб, қилди шаҳиди Карбало. Эй Ҳувайдо, ишқ аҳли ушбу сўзни айдилар: «Собирини бил — balou розийини бил — қазо». Бир бузуқ вайронадур ул уйдаким ёр ўлмаса... Бир бузуқ вайронадур ул уйдаким ёр ўлмаса, Ёр ила обод эрур ул уйда ағёр ўлмаса. Гоҳ кўрунуб, гоҳ қочар ошиқларин куйдургали Ишқ лаззат бермағай дилбарки айёр ўлмаса. Ошнолиқни узуб ёр андин айлар иҳтироз Ул кишиким ёридин бирдам хабардор ўлмаса. Кўп бало ўқин отар ошиқ сари, ошиқ эмас Кўксин очиб ёрини олдида тайёр ўлмаса. Бўлмағай оҳу фиғон тонг отқуча бедорлик, Ошиқи дилхастани ёри ситамкор ўлмаса. Еб ётиб ором ила ошиқлиғи бекор эрур, Чарби ширин еб ичардин кимки безор ўлмаса. Аввал ўзунг қил амал, сўнгра насиҳат элга де, Эй Ҳувайдо, сўзлама санда амал бор ўлмаса. Дарди ғамига ҳаргиз қилма даво, Ҳувайдо... Дарди ғамига ҳаргиз қилма даво, Ҳувайдо, Ичгил майи муҳаббат бемуддао, Ҳувайдо. Зуҳд айла, қилма тақво, майхўралик шиор эт, Майхонада муқим ўл, қилма риё, Ҳувайдо. Ишқу муҳаббат ичра ўлдунг, муборак ўлсун, Шарти муҳаббат улдур: бўлмоқ фано, Ҳувайдо. Минг уқбаи пур ошуб ишқинг йўлида бордур, YO ҳодиял-музиллин, дер аҳадно, Ҳувайдо. Ҳайратдаман, нигоро, йўқ қўлда ихтиёрим, Сармоя йўқ қўлумда, ғайри ризо, Ҳувайдо. Гар тавфи Каъба қилмоқ, эй кўнглум, истор эсанг, Қил тавфи каъбаи дил, эй порсо Ҳувайдо. Ишқида бир санамни девона бўлмасайди, Васфига қилмас эрдим тил ошно, Ҳувайдо. Дарди йўқ бедард кишилар дард қадрин на билур... Дарди йўқ бедард кишилар дард қадрин на билур, Дунёда номард кўпдур, мард қадрин на билур. Заъфарон бўлди чиройим ёр учун, эй дўстлар, Билмагонлар бу чиройи зард қадрин на билур. Жон узуб, жонни улодим кокили жононага, Фаҳми йўқ бефаҳмлар пайванд қадрин на билур. Оз эрур жононага сарф айласам ман молу жон, Қилмағон нодон киши жон, мард қадрин на билур. Йиғлади ҳарчанд Ҳувайдо, билмади эл қадрини, Тушмаган дард бошига бодард қадрин на билур. Дипбаро, ишқинг ўтида куйди бу жоним менинг... Дипбаро, ишқинг ўтида куйди бу жоним менинг, Жон на эрмиш, балки куйди нури иймоним менинг. Сан агар лутф этмасанг ман хастаи беморга, Бу тирикликни неторман, хушдур ўлғоним менинг. Сансизин манга бу қилғон хонумону рўзғор, Бир гўристондек кўринур, кўшку айвоним менинг. Кўрмасам бир дам юзунгни, эй нигоро нозанин, Нўҳ фалакни куйдурур бу оҳу афғоним менинг. Сансизин бир луқма ош ё парчаи нон тишласам, Оғзима андоқ урой, синсун бу дандоним менинг. Эй нигори меҳрибон, кўрсам юзунгни ман аён Ул қиёмат кунида, ерга етар ёним менинг. Эй пари, мискин Ҳувайдо кўрмай ўлса дер сани, Доғлар бағримда қолғай ҳам юз армоним менинг. Эй Хожаназар, марди саролар ўтти... Эй Хожаназар, марди саролар ўтти, Ҳар бир сўзи қимматбаҳолар ўтти. Бир неча ёмон аҳди бузугрлар қолдук, Сўзлар сўзи бир марди Худолар ўтти. Эй Хожаназар, ушбу жаҳон гузароний... Эй Хожаназар, ушбу жаҳон гузароний, Қолмас бу жаҳон ичра на яхши, на ямони. То ўлгуча сан бандалигингни қўя кўрма, Бир Тангридин ўзга ҳаммаси бўлғуси фоний. Эй Хожаназар, югурки, дўстпар ўтти... Эй Хожаназар, югурки, дўстпар ўтти, Ҳам пиру жавон жумласи яксар ўтти. Эмди туролинг йўқ, қадаминг илгори қўйгил, Кўргон, билишинг, ёру биродар ўтти. Эй Хожаназар, югурки, карвон ўтти... Эй Хожаназар, югурки, карвон ўтти, Қолмай бариси йўлга шитобон ўтти. Ул қофиладин бизга хабар келгони йўқ, Ким қайғуда, ким шоду хиромон ўтги. Эй Хожаназар, югурки, йўлдош ўтти... Эй Хожаназар, югурки, йўлдош ўтти, Сан кўргон ўшал қавму қариндош ўтти. Сан мунда қолиб, кимга ҳам улфат бўласан, Ҳамсолларинг маҳрами сирдош ўтти. Гунбази даввор ичинда ўргулур бошим менинг... Гунбази даввор ичинда ўргулур бошим менинг, Ёр васлига етолмай, тўкулур ёшим менинг. Юраман гирёну нолон дарбадар девонадек, Ҳеч ҳолим сўрмади ёри қаро қошим менинг. Барча билди ҳоли дардим, билмадинг ҳолимни ҳеч, Сўрмадинг: «Оё нечуксан», деб бағир тошим менинг. Садқаи дардинг қилурман дунёни айшу ҳушин, Айш эрур хобу хаёлу дард йўлдошим менинг. Бу ғариблик шаҳрида муҳтож эмасман хешга, Кулфатинг бўлди ағо, дардинг қариндошим менинг. Қай куни берди кўнгил санга Ҳувайдо, эй пари, Ҳеч фориғ бўлмади ғамдин ғариб бошим менинг. Ҳеч кишига сўзламасдим, дод этдурди фалак... Ҳеч кишига сўзламасдим, дод этдурди фалак, Кўп халойиқ олдида фарёд этдурди фалак. Арзи ҳолим еткудек бир ёру ҳамдам топмадим, Шод кўнглумни, нетай, ношод этдурди фалак. Ман ғарибу хастани ҳардам фироқ ўти билан Куйдуруб, кўкка кулум барбод этдурди фалак, Солди кўнгул сайдиға ҳар лаҳза ғам шаҳбозини, Ғамни ман бечораға сайёд этдурди фалак. Эй Ҳувайдо, бўлма қул бу чархи кажрафторға, Лаҳзада юз шевалар бунёд этдурди фалак. Ичарға бода саҳар мавсими чаман яхши... Ичарға бода саҳар мавсими чаман яхши, Навойи мутрибу хуш мажлис, анжуман яхши. Сузуб пиёлаи майни, йиғилса ишрат эли, Сунарға муғбача май косаи Хўтан яхши. Хуш ўткар умри азизинг жаҳон ғамини емай, Май ич, тириклик аро сиҳҳати бадан яхши, Кишиким ичмаса майни тирик эмас, ўлган, Анингдек одамиға гўр ила кафан яхши... Илоҳо, сан карам бирла кечурғил, эй Худовандо... Илоҳо, сан карам бирла кечурғил, эй Худовандо, Гуноҳи жумла мо»минни, аё маъбуди беҳамто! Ўшал саҳрода қайнар мағзи сар миспи қазон янглиғ, Тилим тизга тушуриб ташна айлаб қилмағил расво. Келур найза бўйи хуршиди тобон фавқи сар узра Ўшал кун бошимизга чодари раҳматни қил пайдо. Кўрилса ул «фамай-яъмал»да мезоним сабук қилма, Савобимни гуноҳимдан, аё саттори маъюбҳо! Қадам қўйсам йиқитмоғил сиротал мустақим узра, Гирифтори жаҳийм айлаб қулингни қилмағил расво. Ҳамма иш бизга мушкулдир, санинг олдингдадир осон, Сен ўқсан барчани Парвардигори ҳалли мушкулҳо. Умидим кўптурур «ло тақнатув мир раҳматиллоҳ»дин Агар чандеки ношойиста ишлар айласам барпо. Ўшал ҳавли қиёматни, Илоҳо, айлағил осон Баҳаққи саййиди кавнайн субҳоналлазий асро! На хуш бахти саодатдур Muhammad «умматим» деса, «Санингдек умматим йўқ» десалар фарёду вовайло. Халойиқ олдида шарманда бўлиб термулиб қолсам, Қаро кунлар ўшал соат бошимга бўлғуси пайдо. Қуруқ тил бирла айтурман: «Muhammad умматиман», деб Емак-ичмак ишим бўлди, қани тоат, қани тақво? Шафоат баҳридин сероб қилғил жумла мо»минни Туфайли яхшилар ман осий қулни, ё расуллуллоҳ! Аё Аҳмад, манга бир қатраи баҳри шафоатдин Дариғ этма, Ҳувайдо гарчи бўлса осию гумроҳ. Ишқ бозорида ман бўлдум харидоринг санинг... Ишқ бозорида ман бўлдум харидоринг санинг, Икки олам арзимайдур зулфи зунноринг санинг. Масти «лояъқил» бўлуб, айлар ишимни билмадим, Ётаман, ингронаман бўлуб чу беморинг санинг. Бурнодин нодон эконман, билмадим қадрингни ман, Келди ишқинг, эмди билдим қадри дийдоринг санинг. Доимо ғафлатда эрдим, билмадим ман ғам нечук, Ғам етушти, чунки бўлдум эмди бедоринг санинг. Ҳар киши толиб бўлиб, қилса жамолингни талаб, Бошидин ҳаргиз туганмас зулми душворинг санинг. Эй Ҳувайдо, дил уйида заррача ағёрдин, Бўлса, етмас ёрга бу нолау зоринг санинг. Ишқни мансубасин Мажнуни ҳайрондин тила... Ишқни мансубасин Мажнуни ҳайрондин тила, Лайлидек холи сияҳ зулфи паришондин тила. На сўрорсан ошкора ул санамни дардини, Кел, шаби хилват ичинда оҳу афғондин тила, Ҳар нечук нодон табибдин сўрма дардингга даво, Излагил ҳозиқ табиб, дардингга дармондин тила. Ҳар тиконда тоза гул, ҳар баҳрда йўқтур садаф, Гавҳари қимматбаҳони баҳри уммондии тила. На билур зоғу заған рафтори гул, ишқ қадрини, Булбули ошуфтани қадрин гулистондин тила. Лаззати дунёни хушлар на билур тан ўзгани, Завқи шавқи ёрни дил уйида жондин тила. Лаъли мақсад ҳар қаю тоғдин топилмас истасанг, Ур риёзат метинин кўҳи Бадахшондин тила. Хожаназар осийга қўйдим Ҳувайдони лақаб, Бул ғариби мустамандни шаҳри Чимёндин тила. Кўрмай эй, дилбар, юзунгни, бўлди аҳволим хароб... Кўрмай эй, дилбар, юзунгни, бўлди аҳволим хароб, Раҳм этиб келсанг на бўлғай хаста жонимни сўроб. Ҳоли бемору ғариб сўрмак савобдур беадад Эрмиш, эй ёрим, санга ҳаргиз керакмасму савоб. Сояи ғамда қолибман, кулфатимдур беҳисоб, Тегмади ман заррани бошиға ҳаргиз офтоб. Толиу бахти забундурман нетай, эй дилрабо, Келмади оё нечук сан деб мани золим сўроб. Оҳ урсам сақфи гардунға тегар оҳим ўти, Шиддатидин ўт чиқиб, айлаб садо йиғлар саҳоб. Қил ҳазар оҳим ўтидин, эй нигори нозанин, Бўлса жўш оҳимға еру кўк қилмас ҳеч тоб. Неча йилдурким, нигоро, остонанг ёстониб Супуруб мужгон билан, септим кўзум ёшидин об. Қилмадинг ҳеч лойиқоти хизматим, эй моҳ рўй, Ори-ори боқмадинг бир йўл олиб юздин ҳижоб. Эй Ҳувайдо, юрмадинг сан бир дами беғам бўлуб, Хотиринг бўлди саранжом оқибат бўлғунг туроб. Ман осийман, бечораман, дармондаман, ё Мустафо... Ман осийман, бечораман, дармондаман, ё Мустафо, Ул руҳи покингга сани илгим очиб қилдим дуо. Исён чўлин юрдим кезиб, қолдим аро йўлда озиб, «Фасма’ даъоно вастажиб», эй жумла элгараҳнамо. Бечоралар ғамхорисан, дарди дилим тийморисан, Пушти паноҳ умматга сан, эй шофеъи рўзи жазо. Бероҳибар йўлга кириб, қолдим аро йўлда ҳориб, Озғурди йўлдин, найлайин, ё Аҳмадо, нафсу ҳаво. «YO роҳматал-лил-оламин», эй анбиёларга нигин, Эй саййиди рўйи замин, эй пешвои анбиё. Сансан расули оламин, сансан имомул муттақин, Сансан шафийъул-музнибин ҳодиил музиллин, аҳадно. Зуҳд аҳли бирла ҳамнишин, ишқ аҳлига айнул-яқин, Миръоти қалб ул-мо»минин, эй офтоби ваз-зуҳо. Мисбоҳи айвони расул, сан-сан имоми жузу кулл, Эй ҳодийи аҳли субл, вай, чашми жонга тўтиё. Сансан анодин меҳрибон, сандин тилармиз кўп омон, Келса манго ҳарна зиён, сансан сипар янглиғ паноҳ. Санго расули мужтабо, бадр уд-дужо, нур ул-ҳидо Айлар Ҳувайдо кўп дуо руҳингга ҳар субҳу масо. На қилдим санго ман, ёрим, жамолингдин жудо қилдинг... На қилдим санго ман, ёрим, жамолингдин жудо қилдинг, Бошимда гарди ғамни чун чароғи осиё қилдинг. Ҳамиша куйдуруб шамъи фироқинг бирла жонимни, Мани парвонани хокистарини зери по қилдинг. Жудолиғ айлар экансан, оё Лайливаши Ширин, Не деб аввал ўзунгға ман ғарибни ошно қилдинг. Нигоро, бори ғам бирла фақиру нотавон айлаб, Алифдек қоматимни лом алиф янглиғ дуто қилдинг. Фироқинг осмонидин солиб бир барқи олам сўз, Вужудим хирманин ўртаб, адо қилдинг, адо қилдинг. Ўшал рўзе: «Билурмусан мани», деб айтдинг, эй ёрим, «Бале», дедим, сани суйдим, балога мубтало қилдинг. Аё дилбар, Ҳувайдодек балокашни эшикларда, Солиб кўздин бенаво, зору гадо қилдинг. Нигорим дардидин йиғлаб, на орому, на хобим бор... Нигорим дардидин йиғлаб, на орому, на хобим бор, Кўзимдин ҳар тараф бўлғон равона, турфа оҳим бор. Умиди хўблуқ йўқтур танимда, титрашур жоним, Ўларман бегумон эмди, ажаб ҳоли харобим бор. Қипибдур ваъда дилдорим: «Жамолим кўрсатай ўлсанг», Кел, эй қобиз, манга эмди, ўлай деб кўп шитобим бор. Мани йиғлоғонимға «ёр» деб, айб этма, эй зоҳид, Аромизда санам бирла ўлум отлиғ ҳижобим бор. Ичарға бодаи гулрангки ҳар кеча қуруб мажлис, Тонг отқунча тамошо, нағмаи чангу рубобим бор. Биҳишту ҳуру ғулмону ду оламни унутқайсан, Аё зоҳид, агар ичсанг, басар қаттиғ шаробим бор. Сан, эй зоҳид, мани мунъимни қилма, май ҳаром эрмас, Riyou тақводин бир коса майда кўп савобим бор. Ҳувайдони май ичмакдин насиҳат қилма, эй зоҳид, Қачон бир коса майдин, то тирикман, ижтинобим бор. Нигорим ишқидин қилдим саҳарлар нолалар пайдо... Нигорим ишқидин қилдим саҳарлар нолалар пайдо, Юрак доғини ковлаб, айладим хунобалар пайдо. Жамоли орзусидин саҳарларда туриб йиғлаб, Кўзимдин айладим чун абри найсон жолалар пайдо. Сан, эй булбул, наво қилғил гулистон мавсуми ичра, Қилур маъмураи гулдин хазон вайроналар пайдо. Мани парвонага айб айламанг шамъи рухин кўргач, Кабутар наслидек «ҳу» деб бўлур парвоналар пайдо. Хумори чашм соқийи дилоромим баён қилсам, Май ичмай бўлғуси ҳар гушадин мастоналар пайдо. Сан эй зоҳид, бугун майхўраларни айбини қилма, Биров масжид бино айлар, биров майхоналар пайдо. Саропо дард эрурман, лек дармонин тополмасман, Лабимдин бўлди бағрим гармидин тан жолалар пайдо Аё боди сабо, еткур Ҳувайдодин бу иншони, Юрак зардобидин қилдим санамга номалар пайдо. Раҳм айласанг-чи девоналарға... Раҳм айласанг-чи девоналарға, Ишқингда бўлған афсоналарға. Айлаб жудолиқ, эй ҳамнишиним, Қилдинг жафолар ғамхоналарға. Куйдурма жоним рашк ўти бирла, Очиб юзунгни бегоналарға. Сажда қилай деб, ширин, бутимға, Бордим сўроқлаб бутхоналарға. Майгун лабингдин бир бўса бергин, Синсун хумори мастоналарға. Ҳар дам тиларман ҳусни камолинг, Уруб бошимни остоналарға. Ёндур, куёйин хилват ичинда, Шамъи жамолинг парвоналарға. Ишқингни ганжи вайрон кўнгулда, Қўйсанг турарму кошоналарға. Сабо еткур саломимни қадди сарви равонимға... Сабо еткур саломимни қадди сарви равонимға, Қаро кўзлук, қаро кокул ўшал ширин забонимға. Ётибдир бир ғариби зор ўлиб оғиштаи туфроқ, Бу ҳолимни бориб айтғил мани оромижонимға. Мани бошим ани йўли ароға ҳар бало келса, Боқарман, эй биродарлар, қачон суду зиёнимға. Фалак чархи узилди-ю, йироқ солди мани андин, Қачон қўшғай худовандим анингдек меҳрибонимға. Ани дарду фироқи ўлгуча мандин жудо бўлмас, Таралмиш жисмима жондек тамоми устихонимға. Ҳувайдони фироқига они ҳеч келмади раҳми, Қаро тошлар су бўлди раҳм этиб оху фиғонимға Сани ишқингдин, эй дилбар, ажаб девоналар бўлдум... Сани ишқингдин, эй дилбар, ажаб девоналар бўлдум, Халойиқға бўлуб кулгу, баси афсоналар бўлдум. Қилур таъна кўруб ҳарким маним ҳолимға, эй моҳим, Бу элни оғзида ҳар гўшада афсоналар бўлдум. Ҳама қавму қариндошим мани кўрса қилур номус, Баридин юз ўгурдум, бир йўла бегоналар бўлдум. Сани илкингдин, эй дилбар, муҳаббат жомини ичсам, Ўшал кундин бери билмай ўзум мастоналар бўлдум. Шабистон ичра, эй ёрим, жамолинг шамъини кўрдум, Бошингдин ўргулуб ҳар субҳидам парвоналар бўлдум. Висолинг излабон, дилбар, Ҳувайдойи ғариб мискин, Гадолардек сўраб элдин юруб оворалар бўлдум. Сийнани садпора қилдинг, эй пари, қоши қаро... Сийнани садпора қилдинг, эй пари, қоши қаро, Тийри мужгонинг билан қилдинг юрак бағрим яро. Келмағай ҳаргиз фароҳам сийнаи чоким мани Тори зулфу сўзони мужгон билан ҳилмай руфо. Бу манинг дардимга, эй дилбар, табиб даркор эмас, Эй, санинг дардинг табиб, кулли дардимга даво. Хирмани жисмимға тушти барқи ишқинг, эй пари, Қолмади бир зарра жоним ўрганиб бўлди адо. Мунча бераҳм ситамгар ёр эконсан, найлайин, Келмади ошиқ сари раҳминг сани, эй пуржафо. Ақлу ҳушимни олибсан телбалардек сўзлатиб, Ҳою ҳу деб тортадурман наъраи воҳасрато. Ташлалаб қолдим Фуроти ғамда саргардон бўлуб, Лашкари ишқинг келиб қилди шаҳиди Карбало. Бўлмағай ишқу муҳаббат лойиқи ҳар одами, Эй Ҳувайдо, бўлмагунча бу жаҳонда мосуво. Сўфи Оллоҳёр ғазалига мухаммас Ёрни бад меҳридин, эй дўстлар, жоним менинг, Куйдум, ўртандим фалакка чиқти афғоним менинг, Раҳм этиб келмас, нетай, олдимга жононим менинг, Эзди бағрим, тешти кўксум доғи ҳижроним менинг, Бу аламда, мунча ғамда чиқмаған жоним менинг. Кофири нафсим била бо ҳарба бўлсам ишқида, Ошиқи жулидаму бежубба бўлсам ишқида, YO гадои беватан, бекулба бўлсам ишқида, Дарда тўлсам, ғамда сўлсам, телба бўлсам ишқида, Ҳасратида мундоғ ўлсам, йўқтур армоним менинг. Ҳажр ила бир ўлдиму завқу хурушим қолмади, Кетти тандин қувватим, сўзларга ҳушум қолмади, Бурноғидек эл аро ҳазлу кулушим қолмади, Дипда сабрим, юзда шармим, бошда ҳушум қолмади, Кўзда ёшим, рагда қоним, танда дармоним менинг. Шодлиқ ўрнига ғам бўлди, нетай, саддулмасад, Ҳарна кулфат бўлса сандин, кўторур мискин жасад, Лутф қил, ҳолимга боқ, эй подшоҳи бесанад, Ҳолатим бад, ҳасратим беҳад, фиғоним беадад, Қип мадад мандек йиқилғон қулга султоним менинг. Эй санам, ҳажрингда қилдим хонумонимни сабил, Қатраи қонимга билман кошки бўлсам қатил, Оҳ сарду рўйи зардимни кўрубон раҳм қил, Ғуссаи дил, қиссаи мушкулга қолдим ою йил, Обу гил ичра хижил қолғон тану жоним менинг. Демагил ерни юзини лолагун қилди баҳор, Чашми хунбори Ҳувайдога назар қил, эй нигор, Сан агар раҳм этмасанг, мушкул эрур бу кору бор, Айтиб Аллоҳёр йиғлар зор ҳар лайлу наҳор, Тиғи ишқи ёр тўкса кошки қоним менинг. Тун оқшом келди кулбамга нигори меҳрибон ёлғуз... Тун оқшом келди кулбамга нигори меҳрибон ёлғуз, Олиб бурқа’ жамолидин, ўзин қилди аён ёлғуз. Кулуб оҳиста-оҳиста келиб, уйқудин уйғотти, «Саҳар бўлди, ётарсанму», деди ширин забон ёлғуз. Қўлимдан ушлабон айди: «На ҳолинг кечти ёзу куз, Куюб ҳажр ўтида бўлғон, аё эй нотавон ёлғуз». Ўзумдин бордим ул соат юракда қолмади ҳолат, Қилолмодим анга аҳволи дардимдин баён ёлғуз. Ёнимда ўлтуриб чандон тараҳҳум бирла сўз қотти, Беролмадим жавоб анга ки, лол ўлди забон ёлғуз. Келиб ҳолимга, кўз очтим, қўлимга коса май берди, Май ич, деб ул пари кетти, бўлуб йўлга равон ёлғуз. Ҳувайдойи ғарибин ул пари ширин сўзи бирлан Юрагига солиб ўт, ўртади жону жаҳон ёлғуз. Холиқо, дийдамни пурнам айлагил... Холиқо, дийдамни пурнам айлагил, Ўлгуча зикрингга ҳамдам айлагил. Ҳар бало келса ўзунгдан розиман, Мунда ғамгин, анда беғам айлагил. Холиқо, доим манга бергил амон... Холиқо, доим манга бергил амон, Икки олам сан эрурсан меҳрибон. Тонгла тортқанда тарозуга амал, Қил савобимни гуноҳимдин гарон. Холиқо, ҳайф ўтти мандин моҳу сол... Холиқо, ҳайф ўтти мандин моҳу сол, Тун-кун фикру хаёлим бўлди мол. Тонгла мандин олсалар бир-бир ҳисоб, Оҳ, билмасман на бўлғай анда ҳол. Холиқо, ҳайф ўтти мендин солу моҳ... Холиқо, ҳайф ўтти мендин солу моҳ, Ҳарна иш қилдим, бари бўлди гуноҳ. Тонгла расво қилғоли эл олдида, Қўл-оёғим сўзлатиб, қилма гувоҳ. Холиқо, икки жаҳон ғамхорисан... Холиқо, икки жаҳон ғамхорисан, Барчанинг раззоқию, пурборисан. Ким эгиз тутса, ани ерга уруб, Қилгучи пастни эгиз қаҳҳорисан. Холиқо, икки кўзум пур об қил... Холиқо, икки кўзум пур об қил, Кечалар то субҳидам бехоб қил. Тизга тушғанда сувсаб маҳшарда тил, Оби Кавсардин бериб, сероб қил. Холиқо, жабр айладим ўз жонима... Холиқо, жабр айладим ўз жонима, Қўймадим тоат таомин хонима. Ҳарна иш қилдим, бари бўлди риё, Эътимодим йўқ амал қилғонима. Холиқо, келдим санга айлаб умид... Холиқо, келдим санга айлаб умид, Даргаҳингдин қилмағайсан noumid. Гарчи банданг мунда бўлса рўсиёҳ, Лутф айлаб, анда қил важҳим сафид. Холиқо, кўп айладим фисқу фужур... Холиқо, кўп айладим фисқу фужур, Сангана бергум жавоб ёвмун-нушур. Ман гуноҳлик қул эрурман, сан раҳим, Ман хатолик бандадурман, сан Ғофур. Холиқо, кўп айладим журму хато... Холиқо, кўп айладим журму хато, Манга сандин кўптурур лутфу ато. Бул Ҳувайдойи ғариб Чимёнийни Қипмағил нафсу ҳавоға мубтало. Холиқо, лутфу иноят айлагил... Холиқо, лутфу иноят айлагил, Жумла мо»минларга раҳмат айлагил. Тонгла кўфрикдин саломат ўткариб, Жаннат ул-фирдавс каромат айлагил. Холиқо, қилса савол Мункир, Накир... Холиқо, қилса савол Мункир, Накир Ҳайбатидин тоғлар бўлғой ҳарир. Бандаи ожиз эрурман, эй Илоҳ, Раббим Аллоҳни танимга жорий бер. Холиқо, раҳм айла жумла осиға... Холиқо, раҳм айла жумла осиға, Ўртада мандек жаҳон расвосиға. Баъзидин иймон либосини олиб, Кийдурурсан кофири санносиға. Холиқо, сандин тиларман кўп мадад... Холиқо, сандин тиларман кўп мадад, Ҳам тирикда, жон чиқарда ё аҳад. Сан агар ҳолимга ҳомий бўлмасанг, Озғурур йўлдин мани шайтони бад. Холиқо, тўктум ибодат жомини... Холиқо, тўктум ибодат жомини, Пухта қил бандангни кори жомини. Сан карамлик подшосан, ман гадо, Айлагил ҳуру қусур инъомини. Йигитликда май ичмак на хушу бахту саодатдур... Йигитликда май ичмак на хушу бахту саодатдур, Қарилик мавсуми меҳнат, йигитлик вақти роҳатдур. Гулистон мавсуми бўлди, май ичмакни ғанимат бил, Тириклик кўп эмас, бир кўз юмиб очқунча соатдур. Кел, эй соқий, кетур жоми, паё пай бодани соф эт, Юрутгил косаи даврон, бу дамлар ҳам ғаниматдур. Дафу танбуру бенай бода ичмак онча хўб эрмас, Қил, эй мутриб, ғазалхонлиқ, бу кун айёми ишратдур. Гулистонлар аро себаргаларни ёстониб ётиб, Тамошойи чаман айлаб, май ичмак хуш назокатдур. Тирикликни ғанимат бил, май ич, умрунгни хуш ўткар, Тепиб ўт дунё молини, ҳама ранжу фалокатдур. Ҳувайдо, тавба қипма бода ичмакдин қаридим деб, Май ичмаклик қариғонда ғизойи руҳ, роҳатдур. Йўлиқти тун аросида кўзимга дилрабо ёлғуз... Йўлиқти тун аросида кўзимга дилрабо ёлғуз, Кулиб боқиб, қошин қоқиб, қилиб ўтти имо ёлғуз. Оёғи нақшига суртуб юзим, бўси канор айлаб, Ғубори роҳидин қипдим кўзимга тўтиё ёлғуз. Мани аҳволи дардимдин бориб албатта айтғойсан, Санамни олдига борсанг, аё боди сабо ёлғуз: Ётибдур гўшаида «ёр-ёр» деб бир ғариби зор, Бошин ерга уруб йиғлар, дегил, айлаб наво ёлғуз. Шикаста музтариб аҳвол дардимдин баён этғил, Ани кўнглиға шояд раҳмини солғай Худо ёлғуз. Сани ҳусни камолингга Ҳувайдойи ғариб мискин Қилур, дегил, саҳарларда очиб илгин дуо ёлғуз. — Source: ҳттпс://wikisource.орг (works оф Хўжаназар Ҳувайдо). Downloaded from uzbekai.com.