Сани ишқингдин, эй дилбар, ажаб девоналар бўлдум... Хўжаназар Ҳувайдо Сани ишқингдин, эй дилбар, ажаб девоналар бўлдум, Халойиқға бўлуб кулгу, баси афсоналар бўлдум. Қилур таъна кўруб ҳарким маним ҳолимға, эй моҳим, Бу элни оғзида ҳар гўшада афсоналар бўлдум. Ҳама қавму қариндошим мани кўрса қилур номус, Баридин юз ўгурдум, бир йўла бегоналар бўлдум. Сани илкингдин, эй дилбар, муҳаббат жомини ичсам, Ўшал кундин бери билмай ўзум мастоналар бўлдум. Шабистон ичра, эй ёрим, жамолинг шамъини кўрдум, Бошингдин ўргулуб ҳар субҳидам парвоналар бўлдум. Висолинг излабон, дилбар, Ҳувайдойи ғариб мискин, Гадолардек сўраб элдин юруб оворалар бўлдум. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Сани_ишқингдин%2C_эй_дилбар%2C_ажаб_девоналар_бо%E2%80%99ldum.... Downloaded from uzbekai.com.