То қачон давроида бизни хоксор этгай фироқ... Хумулий То қачон давроида бизни хоксор этгай фироқ, Заррадек музтар, қуюндек беқарор этгай фироқ… Неча ҳижрон даштида қон кўзларимдин оқузуб, Доғи ҳасратдин танимни лолазор этгай фироқ. Васл боғи чун хазони ҳажрдин эмин эмас, Оқил ул девонадурким ихтиёр этгай фироқ. Ор этиб мандин қочинг, аҳбоб андин бурноким, Сизни ҳам мен зордек бенангу ор этгай фироқ. Мудҳиш аҳволимни кўрса девдек ғам даштида, Ғулдин одам каби мандин фирор этгай фироқ. Неча ул сарви сиҳи шояд гузор этгайму деб, Юз сорига кўзларимдин жўйбор этгай фироқ. Муждаи васли учун жон бердиму йод этмади, Шояд ўлгандин кейин уммидвор этгай фироқ. Эй Хумулий, чой учун токай самовор уйидек, Ут солиб жонимға оҳимдин шарор этгай фироқ. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/То_қачон_давроида_бизни_хоксор_этгай_фироқ.... Downloaded from uzbekai.com.