Илоҳи, ҳамдинга қилғил тилу дилим гўё... Юсуф Сарёмий Илоҳи, ҳамдинга қилғил тилу дилим гўё, Ҳамиша санга дейин жону дилдан зикру сано. Қилиб карам, манга бердинг вужуди жавҳари руҳ, Эдим ҳақирки, бир мушти хоку бесару по. Етиб сани карамингдин манга ҳаёти вужуд, Чу ақлу самъу басар, сурату қади зебо. Димоғим айладинг ўтлуғ шарори ишқингдин, Бошимға соддинг ўзунг истамак учун савдо. Бу тўрт, етти ва тўққуз, ўн икки ва ўттуз, Ки бу такаввуну касрат на бор эди адо. Ҳама замону макон сунъи поку лутфунгдин, Топиб вужуд адам, барча йўқ бўлуб пайдо. На нуру зулмату, на хору гул, на шодию ғам, На шаҳду заҳр бор эрди, на ранжу тўю азо. Тамоми кавну макон бор бўлди амрингдин, Бу зеби зийнат ила боргоҳи арзу само. Ки юз минг олами этмак дамида осондур, Илоҳи, қудратинг олдида минг сирриу сурро. Бу хоки тийрага бердинг чароғи гавҳари ақл, Бу нур файзи билан бўлди зумраи уқало. Қўюб чироғиға сан равғани ҳидоят, илм, Етиб ўзунгдин аларга фуруғи нури зиё. Ўзинг ўзинг тонитиб қилдинг аҳли урфондин, Йўқ эрди бўлмаса, биров ў дийи хатрпаймо. Илоҳи, фазлинг ила Юсуфийға кўрсатғил, Ризои маърифатинг сориға тариқи ҳудо. — Source: ҳттпс://wikisource.орг/wiki/Илоҳи%2C_ҳамдинга_қилг%E2%80%98il_тилу_дилим_го%E2%80%98yo.... Downloaded from uzbekai.com.