UzbekAI

← Qonunlar

📅 2016-yil 2-may · Vazirlar Mahkamasi qarorlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2016 йил 2 май · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 2 мая 2016 г. · Постановления Кабинета Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 2 May 2016 · Cabinet of Ministers resolutions

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

НИЗОМ

ЧОРА-ТАДБИРЛАР РЕЖАСИ

РЎЙХАТИ

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

«Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2015 — 2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш Концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида» 2015 йил 29 августдаги 251-сон қарори ижросини таъминлаш, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхона ва буфетларида (кейинги ўринларда ошхоналар деб аталади)ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этишни янада такомиллаштириш, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мос шароитлар яратиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини назорат қилишни кучайтириш, ошхоналарни ижарага олувчи тадбиркорлик субъектларига қулай шарт-шароитлар ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низом 1-иловага мувофиқ;

2016 — 2020 йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси 2-иловага мувофиқ;

2017 — 2020 йилларда овқатланиш тизими мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларида ошхоналарни ташкил этиш ва жиҳозлаш кўрсаткичлари 2а-иловага мувофиқ;

2017 — 2020 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларида ишламаётган ошхоналарнинг фаолиятини ташкил этиш ва уларни қайта жиҳозлаш кўрсаткичлари 2б-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Халқ таълими вазирлиги билан келишилган ҳолда мазкур қарорнинг 2а ва 2б-иловалардаги кўрсаткичларга мувофиқ 2017 — 2020 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларида ошхоналарнинг фаолиятини ташкил этиш бўйича ҳудудий манзилли дастурларини икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва белгиланган тартибда тасдиқласинлар.

3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари томонидан умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхоналарида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя этишини аниқлаш юзасидан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши ҳамда унинг ҳудудий комиссиялари билан келишувларсиз ҳар чоракда бир марта назорат ишларини олиб бориш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхоналарида сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, шунингдек уларда фойдаланиладиган технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мослигини, ошхоналар ходимларининг санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлари бажарилишига риоя этишини назорат қилиш тартибини белгилаш тўғрисида Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашига таклиф киритсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларида умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом, рационал ва хавфсиз овқатланишнинг ташкил этилишини такомиллаштириш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини кенг ёритсинлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 3-иловага мувофиқ айрим қарорлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Манфаатдор вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.И. Икрамов ва Б.Ю. Ходиев зиммасига юклансин.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сон қарорига 1-ИЛОВА

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартиби тўғрисида

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низом ўқувчиларнинг тўлақонли соғлом овқатланишини ташкил этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, соғлиғини мустаҳкамлаш ва ўқув жараёнининг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги ҳамда «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ умумий ўрта ва ўрта махсус, касбий таълим ташкилотларида (кейинги ўринларда — таълим ташкилотлари) соғлом овқатланишни ташкил этиш тартибини белгилайди.

2. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш уларнинг ошхона ва буфетларида (кейинги ўринларда — ошхоналар) санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мувофиқ шарт-шароитлар яратилган ҳолда амалга оширилади.

3. Ушбу Низом давлат таълим ташкилотлари ҳудудида фаолият юритувчи ошхоналарга нисбатан татбиқ этилади.

2-боб. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишнинг асосий мақсади ва вазифалари

4. Таълим ташкилотлари ўқувчиларининг соғлом камол топишини ва ўсишини таъминлаш, таълим ташкилотлари ошхоналарида таркибида зарарли моддалар бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилишни, истеъмол қилинганда, ўқувчиларнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган таомларнинг тайёрланиши ва сотилишининг олдини олиш соғлом овқатланишни ташкил этишнинг асосий мақсади ҳисобланади.

5. Қуйидагилар таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқувчиларнинг физиологик ёшига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабларини инобатга олган ҳолда уларнинг рационал овқатланишини таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни ўқувчиларнинг соғлом ўсишида муҳим аҳамиятга эга бўлган зарур моддалар билан таъминлаш;

ўқувчиларда тана вазни меъёрдан ортишининг, организмда йод моддасининг танқислиги ва моддалар алмашинуви жараёни бузилишининг олдини олиш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларнинг хавфсизлиги ва сифатини кафолатлаш;

ўқувчиларда овқатланиш билан боғлиқ юқумли касалликларнинг кенг тарқалишига йўл қўймаслик;

ўқувчилар ўртасида соғлом овқатланиш кўникмаларини шакллантириш;

таълим ташкилотлари ошхоналарида сотилиши тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар билан савдо қилишнинг олдини олиш;

ўқувчилар учун сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрлашга ҳамда уларнинг мақбул нархларда сотилишини таъминлаш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлашда ҳамда озиқ-овқат хомашёсини сақлашда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этиш.

3-боб. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишга қўйиладиган асосий талаблар

6. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланиш юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари, якка тартибдаги тадбиркорлар (кейинги ўринларда — ижарага олувчи) ҳамда таълим ташкилоти томонидан ташкил этилади.

7. Ўқувчилар учун соғлом овқатланиш таълим ташкилотларининг ошхоналарида, белгиланган санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда уларнинг хавфсиз овқатланишини ташкил этишга доир санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлари бажарилишига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

8. Таълим ташкилотлари ошхоналарида Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланадиган озиқ-овқат хомашёлари турларидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар тайёрланади.

9. Таълим ташкилоти ошхонаси ошпази:

сифатли озиқ-овқат маҳсулотларининг қабул қилиниши, уларнинг тўғри сақланиши ва меъёрлар асосида сарфланиши;

ошхонада санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига қатъий риоя этилиши;

Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибини (рецептурасини) белгиловчи намунавий рўйхатга асосан таомлар тайёрланиши учун масъул ҳисобланади.

10. Таълим ташкилотларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари, туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари ҳамда таълим ташкилотлари (кейинги ўринларда — ваколатли органлар) раҳбарлари масъул ҳисобланади.

4-боб. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш тартиби

11. Соғлом овқатланишни ташкил этиш:

ўқувчилар сони 400 нафардан ортиқ бўлган таълим ташкилотларида — юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари томонидан;

ўқувчилар сони 400 нафардан кам бўлган таълим ташкилотларида — юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ёки таълим ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

12. Таълим ташкилотлари ошхоналарида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлаш ўқувчиларнинг ёшларига мувофиқ равишда тузилган ҳафталик таомномалар асосида тайёрланади.

13. Таълим ташкилотлари ошхоналарида ҳафталик таомномалар Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибини (рецептурасини) белгиловчи намунавий рўйхатга асосан тузилади.

14. Таълим ташкилотлари ошхоналари фаолиятини ташкил этаётган ижарага олувчилар ва таълим ташкилоти ўз фаолиятини ўқувчиларнинг ота-оналари билан ҳамкорликда ташкил этади.

Улар томонидан ота-оналар йиғилишларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун тайёрланаётган таомларнинг сифати ва овқатланишни ташкил этишда кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида тақдимотлар ва кўргазмалар ўтказилади.

15. Таълим ташкилотлари ошхоналари ходимлари ошпазлик соҳаси бўйича тегишли билимга эга бўлиши ва ўз малакасини доимий равишда ошириб бориши зарур.

16. Таълим ташкилотлари ошхоналарининг фаолият кўрсатиш самарадорлиги ўқувчиларнинг овқатланишга жалб этилиши даражасига ҳамда таълим ташкилоти маъмурияти томонидан ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида ўтказиладиган сўровномалар натижаларига кўра аниқланади.

5-боб. Таълим ташкилоти ошхоналарини ижарага бериш тартиби

17. Таълим ташкилотларининг ошхоналари ижарага олувчиларга «E-auksion» электрон савдо платформасида ўтказиладиган электрон танлов (кейинги ўринларда — танлов) асосида ижарага берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига мувофиқ таълим ташкилотлари ошхоналари электрон танлов ўтказилмасдан, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази» давлат муассасасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринда — ижарага берувчи), ошхоналарни ўз балансида ҳисобга олган давлат ташкилотлари (кейинги ўринларда — балансда сақловчи) ва ижарага олувчилар ўртасида тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида ижарага берилиши мумкин.

18. Таълим ташкилоти ошхонасини ижарага бериш учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага берувчига мурожаат қилади.

19. Таълим ташкилотларининг ошхоналари ижарага берувчининг буюртмаси асосида танловга чиқарилади.

Танлов Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 январдаги 18-сон қарори билан тасдиқланган «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилади.

20. Қуйидаги талабларга жавоб берадиган ижарага олувчилар танловда иштирок этишлари мумкин:

тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун давлат рўйхатидан ўтган;

камида олти ой давомида фаолият юритаётган;

шартнома ва суд ҳужжатлари бўйича зиммасида ижара ҳамда солиқ тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаган.

Бунда ижарага олувчи танловда қатнашиш тўғрисидаги аризасига ушбу талабларга жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари ва тегишли маълумотларни илова қилади.

20 1 . Ошхонани ижарага олишда таклиф этилаётган нарх талабгор томонидан ихтиёрий равишда белгиланади.

Бунда талабгор томонидан таклиф этилаётган нарх белгиланган бошланғич нархдан кам бўлмаслиги ҳамда таклиф этилаётган нархнинг 25 фоизи миқдорида закалат пули тўланган бўлиши лозим.

20 2 . Ошхона танловда энг юқори нарх таклифини билдирган талабгорга ижарага берилади.

21. Таълим ташкилотларининг ошхоналари Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 декабрдаги 660-сон қарори билан тасдиқланган Давлат мулкини ижарага бериш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ижарага берилади.

22. Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази» давлат муассасасининг «online-ijara.uz» ахборот тизими (кейинги ўринларда — ахборот тизими) орқали таълим ташкилотлари ошхоналарининг ҳисоби юритилади ва улар ижарага берилади.

Таълим ташкилотлари ахборот тизимига ўзларининг ошхоналари тўғрисида қўйидаги маълумотларни киритади ва уларни доимий равишда янгилаб боради:

таълим ташкилотининг тўлиқ номи;

ошхонанинг жойлашган ери (манзили) ва унинг майдони (кадастр ҳужжати бўйича);

ошхонанинг бўш турганлиги ёки ундан фойдаланиб келинаётганлиги.

Ахборот тизимига ошхонага оид бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

Таълим ташкилотлари раҳбарлари ахборот тизимига ўзларининг ошхоналари тўғрисида маълумотлар ўз вақтида, тўғри ва тўлиқ киритилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

23. Танловда ғолиб деб эътироф этилган ижарага олувчи билан ижара шартномаси шу даврдаги ўқув йили учун тузилади.

Мажбуриятларини муддатида ва тўлиқ бажариб келаётган ижарага олувчининг ташаббуси билан шартнома муддати кейинги ўқув йиллари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижарага беришнинг энг кўп муддатигача узайтириб борилади.

24. Ижарага олувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

шартнома имзоланган вақтдан бошлаб ижарага берилган мулкни балансда сақловчидан талаб қилиш;

ижарага олинган бино ва иншоотнинг ички қисмида техник жиҳатдан жиҳозлаш ишларини амалга ошириш.

Ижарага олувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

25. Ижарага олувчи қуйидагиларга мажбур:

таълим ташкилотида ўқувчилар учун соғлом овқатланишни ташкил этиш;

таълим ташкилотининг ижарага олинган ошхонасига ошпазлик малакасига эга бўлган шахсларни ишга олиш;

соғлиқ учун зарарли бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар савдосига йўл қўймаслик;

таълим ташкилотининг ижарага олинган ошхонасидан мақсадли ва тўғри фойдаланиш;

таълим ташкилотининг ижарага олинган ошхонасини техник жиҳозлашдан олдин балансда сақловчининг ёзма розилигини олиш;

ижарага олинган мол-мулкни соз ҳолатда сақлаш, ўз ҳисобидан жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш ва мулкни сақлаш харажатларини қоплаш;

озиқ-овқат хомашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатли сақланишини таъминлаш;

таълим ташкилотининг ижарага олинган ошхонасидан фойдаланишда санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига риоя қилиш;

ижара шартномаси бўйича олинган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш;

ижара шартномаси бўйича барча тўловларни ўз вақтида амалга ошириш (агар тўлов белгиланган бўлса);

ижара муддати тугагандан кейин давлат мулкини балансда сақловчига белгиланган тартибда топшириш.

Ижарага олувчи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олиши мумкин.

Ижарага олувчи томонидан ушбу мажбуриятларнинг бажарилмаслиги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ижара шартномасини бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

26. Ўқувчиларнинг таътилда бўлиб, таълим ташкилоти ошхонасидан фойдаланмаган даври учун ижара ҳақи ҳисобланмайди.

27. Ижара шартномаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ўзгартирилиши, бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

28. Таълим ташкилоти ошхонасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлаш ҳамда сақлашда сарфланадиган газ, сув ва электр энергияси учун тўловлар алоҳида ўрнатиладиган ҳисоблагичларнинг кўрсаткичлари асосида ижарага олувчи ҳисобидан қопланади.

6-боб. Таълим ташкилоти томонидан соғлом овқатланишни ташкил этиш

29. Таълим ташкилотлари ўзларининг бюджетдан ташқари маблағлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, овқатланиш учун тўланадиган тўловлар ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар (кейинги ўринларда — ошхона маблағлари) ҳисобидан ошхона фаолиятини ташкил этиши мумкин.

30. Таълим ташкилоти ошхонасида озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлашда ҳамда уларни сақлашда сарфланадиган газ, сув, электр энергияси учун тўловлар алоҳида ўрнатилган ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларига мувофиқ ошхона маблағлари ҳисобидан қопланади.

31. Таълим ташкилоти ошхонасида фаолият юритадиган ходимларга ошхона маблағлари ҳисобидан ҳақ тўланади.

32. Таълим ташкилоти раҳбари томонидан ошхона ходимларига ҳақ тўлаш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни тайёрлаш учун сарфланадиган озиқ-овқат хомашёлари қиймати, коммунал тўловлар ҳамда рентабелликни инобатга олган ҳолда таомлар нархи ҳисоб-китоби (калькуляцияси) тасдиқланади.

33. Таълим ташкилоти ошхонаси маблағларининг сарфланиши бўйича бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи таълим ташкилотининг бухгалтерияси томонидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

34. Озиқ-овқат маҳсулотларини ошхона маблағлари ҳисобидан харид қилиш бўйича шартномалар таълим ташкилоти раҳбари томонидан имзоланади.

7-боб. Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишни мониторинг ва назорат қилиш

35. Ваколатли органлар таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш ҳолатини ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ўртасида сўровномалар ўтказиш орқали мониторинг қилади.

Мониторинг натижалари ҳар чорак якунида ваколатли органларнинг раҳбарлари ҳузуридаги йиғилишларда ҳамда таълим ташкилотларининг педагогик кенгашларида муҳокама қилинади.

Таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этишда ваколатли органларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига таълим ташкилотларида сифатли ва хавфсиз овқатланишни ташкил этиш юзасидан таклифлар киритиш;

таълим ташкилотлари ошхоналарида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилишнинг бузилиши ҳолатларини бартараф этиш чораларини кўриш;

ўқувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориш.

36. Таълим ташкилотларида ошхоналарда тайёрланаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифатини ўрганиш бўйича комиссиялар (кейинги ўринларда — комиссия) ташкил этилади.

Комиссия таркиби таълим ташкилотига бириктирилган ҳамшира, таълим ташкилотларининг соғлом овқатланишни ташкил этиш масалалари учун масъул ходими ва ўқувчиларнинг ота-оналаридан иборат бўлади.

Комиссия таълим ташкилоти ошхонасида тайёрланаётган таомлар сифатини доимий равишда ўрганиб боради. Ўрганиш натижалари алоҳида юритиладиган махсус журналда қайд этилади.

37. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар, таълим ташкилоти ошхоналаридаги мавжуд технологик жиҳозларнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари ҳамда санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар бажарилишига риоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомлар сифати юзасидан назорат тадбирлари олиб борилади.

Назорат тадбирларида аниқланган ҳолатлар ҳар чорак якунида ваколатли органлар иштирокида муҳокама қилинади ҳамда уларни бартараф қилиш ва келгусида такроран содир этилишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилади.

8-боб. Якунловчи қоида

38. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сон қарорига 2-ИЛОВА

2016 — 2020 йилларда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш, ошхоналарни ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш ишларини амалга ошириш бўйича

Т/р Тадбирлар Бажариш муддатлари Масъул бажарувчилар I. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ошхона ва буфетлари фаолиятини ташкил этиш 1. Овқатланиш тизими мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларида ошхона ва буфетларни ташкил этиш, жиҳозлаш ва қайта жиҳозлаш бўйича белгиланган кўрсаткичларга мувофиқ равишда молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда манзилли дастурларни тасдиқлаш. 2016 йил 1 июлгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Халқ таълими вазирлиги 2. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ошхона ва буфетлари учун намунавий таомномаларни (ҳар бир таомнинг тайёрлаш технологиясини кўрсатиб ўтган ҳолда) тасдиқлаш. 2016 йил август Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази 3. Замонавий тажрибалар асосида умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ошпазларини малака ошириш курсларига жалб этиш чораларини кўриш. 2016 йил III чорагидан бошлаб доимий Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ижарачи корхоналар билан ҳамкорликда II. Таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишга доир тарғибот-ташвиқот ишлари 4. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, бунда: ўқувчилар учун фойдали таомларни тайёрлаш усулларига, уларни истеъмол қилишнинг ижобий таъсирига; овқатланиш режимига ва уларга амал қилинишига; таркибида зарарли моддалар мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва таомларни истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари масалаларига алоҳида эътибор қаратиш. Жадвал асосида Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари 5. Умумий ўрта таълим муассасаларининг бошланғич синф ўқ увчилари ўртасида «Тўғри овқатланиш дарслари» таълим дастурини жорий этиш ва унда қуйидагиларни назарда тутиш: ўқувчиларда саломатликнинг қадри ва уни мустаҳкамлаш зарурлиги тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш; ўқувчиларни соғлом ҳаёт тарзи ва тўғри овқатланиш қоидалари билан таништириш; ўқувчиларнинг ўз соғлиғига ғамхўрлик қилиши билан боғлиқ хулқ-атвор шаклларини ўзлаштиришлари, уларни тўғри овқатланишга доир миллий-маданий анъаналар билан таништириш асосий мавзу сифатида киритилишини таъминлаш. 2016 йил III чорак Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6. Ўқувчилар, педагог ходимлар, ота-оналар томонидан соғлом овқатланиш қоидаларига амал қилиниши юзасидан билим ва кўникмаларни янада ривожлантириш бўйича давра суҳбатлари ўтказиб бориш. Доимий Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш масаласини «Саломатлик сабоқлари», «Соғлом авлод асослари», «Соғлом оила асослари» дарслари орқали ўқувчилар онгига етказиш чораларини кўриш. Жадвал асосида Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий семинарлар ўтказиш. 2016 — 2020 йиллар давомида, ҳар йили сентябрь — декабрда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сон қарорига 2а-ИЛОВА

2017 — 2020 йилларда овқатланиш тизими мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим муассасаларида ошхоналарни ташкил этиш ва жиҳозлаш кўрсаткичлари

дона Т/р Ҳудудлар 2017 — 2020 йилларда ошхоналар ташкил этиладиган мактаблар сони ташкил этиладиган ошхоналарни жиҳозлаш кўрсаткичлари, шу жумладан: ўтириш ўринлари (тўплам) музлатгич сув қайнатгич электр плита идиш ювиш ванналари ишлаб чиқариш столи Республика бўйича 2630 13150 2630 2630 2630 2630 2630 1. Қорақалпоғистон Республикаси 254 1270 254 254 254 254 254 2. Андижон 59 295 59 59 59 59 59 3. Бухоро 83 415 83 83 83 83 83 4. Жиззах 212 1060 212 212 212 212 212 5. Қашқадарё 445 2225 445 445 445 445 445 6. Навоий 127 635 127 127 127 127 127 7. Наманган 130 650 130 130 130 130 130 8. Самарқанд 590 2950 590 590 590 590 590 9. Сирдарё 42 210 42 42 42 42 42 10. Сурхондарё 210 1050 210 210 210 210 210 11. Тошкент в. 245 1225 245 245 245 245 245 12. Фарғона 209 1045 209 209 209 209 209 13. Хоразм 24 120 24 24 24 24 24

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 232-сон қарорига 2б-ИЛОВА

2017 — 2020 йилларда умумий ўрта таълим муассасаларида ишламаётган ошхоналарнинг фаолиятини ташкил этиш ва уларни қайта жиҳозлаш кўрсаткичлари

дона Т/р Вилоятлар 2017 — 2020 йилларда ошхоналар ташкил этилиши белгиланган мактаблар сони Ташкил этиладиган ошхоналарни қайта жиҳозлаш кўрсаткичлари, шу жумладан: ўтириш ўринлари (тўплам) музлатгич музлатгич витрина сув қайнатгич электр плита идиш ювиш ванналари ишлаб чиқариш столлари Республика бўйича 2061 4868 806 1030 823 1091 801 1059 1. Қорақалпоғистон Республикаси 158 371 53 78 65 83 56 85 2. Андижон 117 309 42 64 51 68 44 101 3. Бухоро 121 271 40 55 48 60 44 61 4. Жиззах 122 252 38 50 46 55 45 34 5. Қашқадарё 253 585 87 131 90 131 88 141 6. Навоий 80 177 21 41 31 38 30 27 7. Наманган 154 339 64 77 66 81 62 16 8. Самарқанд 274 605 153 143 109 151 153 120 9. Сирдарё 67 139 36 31 28 30 27 16 10. Сурхондарё 193 487 76 103 80 101 71 107 11. Тошкент в. 197 495 83 96 79 108 73 129 12. Фарғона 206 534 64 100 74 106 60 124 13. Хоразм 119 304 49 61 56 79 48 98

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 майдаги 132-сон қарорига 3-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ўз кучини йўқотган деб эътироф этилаётган айрим қарорлари

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2010 йил 20 августдаги 184-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 34-сон, 293-модда).

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида» (Вазирлар Маҳкамасининг «Халқ таълими ҳудудий органлари тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида» 2011 йил 1 мартдаги 52-сон қарори) 2011 йил 20 июндаги 184-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 йил, 25-сон, 261-модда)га илованинг 4-банди .

3. Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасаларида соғлом овқатланиш шарт-шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» 2010 йил 20 августдаги 184-сон қарорига қўшимчалар киритиш ҳақида» 2013 йил 6 ноябрдаги 297-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 45-сон, 591-модда).

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2016 йил 2 май,

132-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 18-сон, 193-модда; 2017 й., 9-сон, 132-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.09.2019 й., 09/19/822/3840-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 20.11.2021 й., 09/21/694/1075-сон; 05.04.2022 й., 09/22/153/0266-сон; 15.05.2024 й., 09/24/282/0347-сон; 13.01.2025 й., 09/25/8/0026-сон; 30.01.2025 й., 09/25/48/0093-сон; 15.10.2026 й., 09/26/563/1041-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining

qarori

NIZOM

CHORA-TADBIRLAR REJASI

ROʻYXATI

Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishni yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida

“Aholining sanitariya-epidemiologik osoyishtaligi toʻgʻrisida”gi Oʻzbekiston Respublikasi Qonuni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining “2015 — 2020-yillar davrida Oʻzbekiston Respublikasi aholisining sogʻlom ovqatlanishini taʼminlash Konsepsiyasini va chora-tadbirlar kompleksini tasdiqlash toʻgʻrisida” 2015-yil 29-avgustdagi 251-son qarori ijrosini taʼminlash, umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarining oshxona va bufetlarida (keyingi oʻrinlarda oshxonalar deb ataladi)oʻquvchilarning sogʻlom ovqatlanishini tashkil etishni yanada takomillashtirish, sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari talablariga mos sharoitlar yaratish, oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar sifatini nazorat qilishni kuchaytirish, oshxonalarni ijaraga oluvchi tadbirkorlik subyektlariga qulay shart-sharoitlar tashkil etish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:

1. Quyidagilar:

Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasbiy taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisidagi Nizom 1-ilovaga muvofiq;

2016 — 2020-yillarda umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishni yanada takomillashtirish boʻyicha chora-tadbirlar rejasi 2-ilovaga muvofiq;

2017 — 2020-yillarda ovqatlanish tizimi mavjud boʻlmagan umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oshxonalarni tashkil etish va jihozlash koʻrsatkichlari 2a-ilovaga muvofiq;

2017 — 2020-yillarda umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida ishlamayotgan oshxonalarning faoliyatini tashkil etish va ularni qayta jihozlash koʻrsatkichlari 2b-ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar hokimliklari Xalq taʼlimi vazirligi bilan kelishilgan holda mazkur qarorning 2a va 2b-ilovalardagi koʻrsatkichlarga muvofiq 2017 — 2020-yillarda umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oshxonalarning faoliyatini tashkil etish boʻyicha hududiy manzilli dasturlarini ikki oy muddatda ishlab chiqsinlar va belgilangan tartibda tasdiqlasinlar.

3. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining davlat sanitariya-epidemiologiya nazorati markazlari tomonidan umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarining oshxonalarida sotilayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar, shuningdek ularda foydalaniladigan texnologik jihozlarning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mosligini, oshxonalar xodimlarining sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlar bajarilishiga rioya etishini aniqlash yuzasidan Nazorat qiluvchi organlar faoliyatini muvofiqlashtiruvchi respublika kengashi hamda uning hududiy komissiyalari bilan kelishuvlarsiz har chorakda bir marta nazorat ishlarini olib borish huquqini berish toʻgʻrisidagi taklifiga rozilik berilsin.

4. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi bir oy muddatda manfaatdor vazirliklar va idoralar bilan kelishgan holda umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarining oshxonalarida sotilayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar, shuningdek ularda foydalaniladigan texnologik jihozlarning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga mosligini, oshxonalar xodimlarining sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlari bajarilishiga rioya etishini nazorat qilish tartibini belgilash toʻgʻrisida Nazorat qiluvchi organlar faoliyatini muvofiqlashtiruvchi respublika kengashiga taklif kiritsin.

6. Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi markazi, Sogʻliqni saqlash vazirligi Oʻzbekiston matbuot va axborot agentligi hamda Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi bilan birgalikda ommaviy axborot vositalarida, shu jumladan elektron ommaviy axborot vositalarida umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarida sogʻlom, ratsional va xavfsiz ovqatlanishning tashkil etilishini takomillashtirish yuzasidan targʻibot-tashviqot ishlarini keng yoritsinlar.

7. Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining 3-ilovaga muvofiq ayrim qarorlari oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin.

8. Manfaatdor vazirliklar va idoralar bir oy muddatda oʻz normativ-huquqiy hujjatlarini ushbu qarorga muvofiqlashtirsinlar.

9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosarlari A.I. Ikramov va B.Yu. Xodiyev zimmasiga yuklansin.

Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 2-maydagi 132-son qaroriga 1-ILOVA

Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasbiy taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish tartibi toʻgʻrisida

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizom oʻquvchilarning toʻlaqonli sogʻlom ovqatlanishini tashkil etish, ularni ijtimoiy qoʻllab-quvvatlash, sogʻligʻini mustahkamlash va oʻquv jarayonining samarali tashkil etilishini taʼminlash maqsadida Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi hamda “Aholining sanitariya-epidemiologik osoyishtaligi toʻgʻrisida”gi qonunlariga muvofiq umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasbiy taʼlim tashkilotlarida (keyingi oʻrinlarda — taʼlim tashkilotlari) sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish tartibini belgilaydi.

2. Taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish ularning oshxona va bufetlarida (keyingi oʻrinlarda — oshxonalar) sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga muvofiq shart-sharoitlar yaratilgan holda amalga oshiriladi.

3. Ushbu Nizom davlat taʼlim tashkilotlari hududida faoliyat yurituvchi oshxonalarga nisbatan tatbiq etiladi.

2-bob. Taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishning asosiy maqsadi va vazifalari

4. Taʼlim tashkilotlari oʻquvchilarining sogʻlom kamol topishini va oʻsishini taʼminlash, taʼlim tashkilotlari oshxonalarida tarkibida zararli moddalar boʻlgan oziq-ovqat mahsulotlari bilan savdo qilishni, isteʼmol qilinganda, oʻquvchilarning salomatligiga salbiy taʼsir koʻrsatadigan taomlarning tayyorlanishi va sotilishining oldini olish sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishning asosiy maqsadi hisoblanadi.

5. Quyidagilar taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishning asosiy vazifalari hisoblanadi:

oʻquvchilarning fiziologik yoshiga muvofiq oziq-ovqat mahsulotlariga boʻlgan talablarini inobatga olgan holda ularning ratsional ovqatlanishini taʼminlash;

oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarni oʻquvchilarning sogʻlom oʻsishida muhim ahamiyatga ega boʻlgan zarur moddalar bilan taʼminlash;

oʻquvchilarda tana vazni meʼyordan ortishining, organizmda yod moddasining tanqisligi va moddalar almashinuvi jarayoni buzilishining oldini olish;

oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarning xavfsizligi va sifatini kafolatlash;

oʻquvchilarda ovqatlanish bilan bogʻliq yuqumli kasalliklarning keng tarqalishiga yoʻl qoʻymaslik;

oʻquvchilar oʻrtasida sogʻlom ovqatlanish koʻnikmalarini shakllantirish;

taʼlim tashkilotlari oshxonalarida sotilishi taqiqlangan oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar bilan savdo qilishning oldini olish;

oʻquvchilar uchun sifatli oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar tayyorlashga hamda ularning maqbul narxlarda sotilishini taʼminlash;

oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarni tayyorlashda hamda oziq-ovqat xomashyosini saqlashda sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga qatʼiy rioya etish.

3-bob. Taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishga qoʻyiladigan asosiy talablar

6. Taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanish yuridik shaxs boʻlgan tadbirkorlik subyektlari, yakka tartibdagi tadbirkorlar (keyingi oʻrinlarda — ijaraga oluvchi) hamda taʼlim tashkiloti tomonidan tashkil etiladi.

7. Oʻquvchilar uchun sogʻlom ovqatlanish taʼlim tashkilotlarining oshxonalarida, belgilangan sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari hamda ularning xavfsiz ovqatlanishini tashkil etishga doir sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlari bajarilishiga rioya qilgan holda amalga oshiriladi.

8. Taʼlim tashkilotlari oshxonalarida Oʻzbekiston Respublikasi Bosh davlat sanitariya vrachi tomonidan tasdiqlanadigan oziq-ovqat xomashyolari turlaridan oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar tayyorlanadi.

9. Taʼlim tashkiloti oshxonasi oshpazi:

sifatli oziq-ovqat mahsulotlarining qabul qilinishi, ularning toʻgʻri saqlanishi va meʼyorlar asosida sarflanishi;

oshxonada sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga qatʼiy rioya etilishi;

Oʻzbekiston Respublikasi Bosh davlat sanitariya vrachi tomonidan tasdiqlangan oziq-ovqat mahsulotlarining tarkibini (retsepturasini) belgilovchi namunaviy roʻyxatga asosan taomlar tayyorlanishi uchun masʼul hisoblanadi.

10. Taʼlim tashkilotlarida oʻquvchilarning sogʻlom ovqatlanishini tashkil etish uchun Qoraqalpogʻiston Respublikasi Maktabgacha va maktab taʼlimi vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar maktabgacha va maktab taʼlimi boshqarmalari, tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimlari, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi, viloyatlar va Toshkent shahar oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar boshqarmalari hamda taʼlim tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — vakolatli organlar) rahbarlari masʼul hisoblanadi.

4-bob. Taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish tartibi

11. Sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish:

oʻquvchilar soni 400 nafardan ortiq boʻlgan taʼlim tashkilotlarida — yuridik shaxs boʻlgan tadbirkorlik subyektlari tomonidan;

oʻquvchilar soni 400 nafardan kam boʻlgan taʼlim tashkilotlarida — yuridik shaxslar, yakka tartibdagi tadbirkorlar yoki taʼlim tashkilotlari tomonidan amalga oshiriladi.

12. Taʼlim tashkilotlari oshxonalarida oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarni tayyorlash oʻquvchilarning yoshlariga muvofiq ravishda tuzilgan haftalik taomnomalar asosida tayyorlanadi.

13. Taʼlim tashkilotlari oshxonalarida haftalik taomnomalar Oʻzbekiston Respublikasi Bosh davlat sanitariya vrachi tomonidan tasdiqlangan oziq-ovqat mahsulotlarining tarkibini (retsepturasini) belgilovchi namunaviy roʻyxatga asosan tuziladi.

14. Taʼlim tashkilotlari oshxonalari faoliyatini tashkil etayotgan ijaraga oluvchilar va taʼlim tashkiloti oʻz faoliyatini oʻquvchilarning ota-onalari bilan hamkorlikda tashkil etadi.

Ular tomonidan ota-onalar yigʻilishlarida oʻquvchilarning sogʻlom ovqatlanishi uchun tayyorlanayotgan taomlarning sifati va ovqatlanishni tashkil etishda koʻrsatiladigan xizmatlar toʻgʻrisida taqdimotlar va koʻrgazmalar oʻtkaziladi.

15. Taʼlim tashkilotlari oshxonalari xodimlari oshpazlik sohasi boʻyicha tegishli bilimga ega boʻlishi va oʻz malakasini doimiy ravishda oshirib borishi zarur.

16. Taʼlim tashkilotlari oshxonalarining faoliyat koʻrsatish samaradorligi oʻquvchilarning ovqatlanishga jalb etilishi darajasiga hamda taʼlim tashkiloti maʼmuriyati tomonidan oʻquvchilar va ota-onalar oʻrtasida oʻtkaziladigan soʻrovnomalar natijalariga koʻra aniqlanadi.

5-bob. Taʼlim tashkiloti oshxonalarini ijaraga berish tartibi

17. Taʼlim tashkilotlarining oshxonalari ijaraga oluvchilarga “E-auksion” elektron savdo platformasida oʻtkaziladigan elektron tanlov (keyingi oʻrinlarda — tanlov) asosida ijaraga beriladi.

Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining qarorlariga muvofiq taʼlim tashkilotlari oshxonalari elektron tanlov oʻtkazilmasdan, Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi “Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanishni tashkil etish markazi” davlat muassasasining Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahar hududiy boshqarmalari (keyingi oʻrinda — ijaraga beruvchi), oshxonalarni oʻz balansida hisobga olgan davlat tashkilotlari (keyingi oʻrinlarda — balansda saqlovchi) va ijaraga oluvchilar oʻrtasida toʻgʻridan-toʻgʻri tuzilgan shartnomalar asosida ijaraga berilishi mumkin.

18. Taʼlim tashkiloti oshxonasini ijaraga berish uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ijaraga beruvchiga murojaat qiladi.

19. Taʼlim tashkilotlarining oshxonalari ijaraga beruvchining buyurtmasi asosida tanlovga chiqariladi.

Tanlov Vazirlar Mahkamasining 2022-yil 12-yanvardagi 18-son qarori bilan tasdiqlangan “E-auksion” elektron savdo platformasida elektron onlayn-auksion va tanlovlarni tashkil etish hamda oʻtkazish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq oʻtkaziladi.

20. Quyidagi talablarga javob beradigan ijaraga oluvchilar tanlovda ishtirok etishlari mumkin:

tadbirkorlik faoliyatini yuritish uchun davlat roʻyxatidan oʻtgan;

kamida olti oy davomida faoliyat yuritayotgan;

shartnoma va sud hujjatlari boʻyicha zimmasida ijara hamda soliq toʻlovlaridan qarzdorligi mavjud boʻlmagan.

Bunda ijaraga oluvchi tanlovda qatnashish toʻgʻrisidagi arizasiga ushbu talablarga javob berishini tasdiqlovchi hujjatlarning nusxalari va tegishli maʼlumotlarni ilova qiladi.

20 1 . Oshxonani ijaraga olishda taklif etilayotgan narx talabgor tomonidan ixtiyoriy ravishda belgilanadi.

Bunda talabgor tomonidan taklif etilayotgan narx belgilangan boshlangʻich narxdan kam boʻlmasligi hamda taklif etilayotgan narxning 25 foizi miqdorida zakalat puli toʻlangan boʻlishi lozim.

20 2 . Oshxona tanlovda eng yuqori narx taklifini bildirgan talabgorga ijaraga beriladi.

21. Taʼlim tashkilotlarining oshxonalari Vazirlar Mahkamasining 2023-yil 14-dekabrdagi 660-son qarori bilan tasdiqlangan Davlat mulkini ijaraga berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga muvofiq ijaraga beriladi.

22. Davlat aktivlarini boshqarish agentligi huzuridagi “Davlat mulki obyektlaridan samarali foydalanishni tashkil etish markazi” davlat muassasasining “online-ijara.uz” axborot tizimi (keyingi oʻrinlarda — axborot tizimi) orqali taʼlim tashkilotlari oshxonalarining hisobi yuritiladi va ular ijaraga beriladi.

Taʼlim tashkilotlari axborot tizimiga oʻzlarining oshxonalari toʻgʻrisida qoʻyidagi maʼlumotlarni kiritadi va ularni doimiy ravishda yangilab boradi:

taʼlim tashkilotining toʻliq nomi;

oshxonaning joylashgan yeri (manzili) va uning maydoni (kadastr hujjati boʻyicha);

oshxonaning boʻsh turganligi yoki undan foydalanib kelinayotganligi.

Axborot tizimiga oshxonaga oid boshqa maʼlumotlar ham kiritilishi mumkin.

Taʼlim tashkilotlari rahbarlari axborot tizimiga oʻzlarining oshxonalari toʻgʻrisida maʼlumotlar oʻz vaqtida, toʻgʻri va toʻliq kiritilishi uchun shaxsan javobgar hisoblanadi.

23. Tanlovda gʻolib deb eʼtirof etilgan ijaraga oluvchi bilan ijara shartnomasi shu davrdagi oʻquv yili uchun tuziladi.

Majburiyatlarini muddatida va toʻliq bajarib kelayotgan ijaraga oluvchining tashabbusi bilan shartnoma muddati keyingi oʻquv yillari uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ijaraga berishning eng koʻp muddatigacha uzaytirib boriladi.

24. Ijaraga oluvchi quyidagi huquqlarga ega:

shartnoma imzolangan vaqtdan boshlab ijaraga berilgan mulkni balansda saqlovchidan talab qilish;

ijaraga olingan bino va inshootning ichki qismida texnik jihatdan jihozlash ishlarini amalga oshirish.

Ijaraga oluvchi qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

25. Ijaraga oluvchi quyidagilarga majbur:

taʼlim tashkilotida oʻquvchilar uchun sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish;

taʼlim tashkilotining ijaraga olingan oshxonasiga oshpazlik malakasiga ega boʻlgan shaxslarni ishga olish;

sogʻliq uchun zararli boʻlgan oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar savdosiga yoʻl qoʻymaslik;

taʼlim tashkilotining ijaraga olingan oshxonasidan maqsadli va toʻgʻri foydalanish;

taʼlim tashkilotining ijaraga olingan oshxonasini texnik jihozlashdan oldin balansda saqlovchining yozma roziligini olish;

ijaraga olingan mol-mulkni soz holatda saqlash, oʻz hisobidan joriy taʼmirlash ishlarini amalga oshirish va mulkni saqlash xarajatlarini qoplash;

oziq-ovqat xomashyosi va oziq-ovqat mahsulotlarining sifatli saqlanishini taʼminlash;

taʼlim tashkilotining ijaraga olingan oshxonasidan foydalanishda sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlariga rioya qilish;

ijara shartnomasi boʻyicha olingan majburiyatlarning bajarilishini taʼminlash;

ijara shartnomasi boʻyicha barcha toʻlovlarni oʻz vaqtida amalga oshirish (agar toʻlov belgilangan boʻlsa);

ijara muddati tugagandan keyin davlat mulkini balansda saqlovchiga belgilangan tartibda topshirish.

Ijaraga oluvchi qonunchilik hujjatlariga muvofiq oʻz zimmasiga boshqa majburiyatlarni ham olishi mumkin.

Ijaraga oluvchi tomonidan ushbu majburiyatlarning bajarilmasligi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda ijara shartnomasini bekor qilish uchun asos hisoblanadi.

26. Oʻquvchilarning taʼtilda boʻlib, taʼlim tashkiloti oshxonasidan foydalanmagan davri uchun ijara haqi hisoblanmaydi.

27. Ijara shartnomasi qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda oʻzgartirilishi, bekor qilinishi yoki haqiqiy emas deb topilishi mumkin.

28. Taʼlim tashkiloti oshxonasida oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarni tayyorlash hamda saqlashda sarflanadigan gaz, suv va elektr energiyasi uchun toʻlovlar alohida oʻrnatiladigan hisoblagichlarning koʻrsatkichlari asosida ijaraga oluvchi hisobidan qoplanadi.

6-bob. Taʼlim tashkiloti tomonidan sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish

29. Taʼlim tashkilotlari oʻzlarining budjetdan tashqari mablagʻlari, jismoniy va yuridik shaxslarning homiylik xayriyalari, ovqatlanish uchun toʻlanadigan toʻlovlar hamda qonunchilik hujjatlari bilan taqiqlanmagan boshqa manbalar (keyingi oʻrinlarda — oshxona mablagʻlari) hisobidan oshxona faoliyatini tashkil etishi mumkin.

30. Taʼlim tashkiloti oshxonasida oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarni tayyorlashda hamda ularni saqlashda sarflanadigan gaz, suv, elektr energiyasi uchun toʻlovlar alohida oʻrnatilgan hisoblagichlarning koʻrsatkichlariga muvofiq oshxona mablagʻlari hisobidan qoplanadi.

31. Taʼlim tashkiloti oshxonasida faoliyat yuritadigan xodimlarga oshxona mablagʻlari hisobidan haq toʻlanadi.

32. Taʼlim tashkiloti rahbari tomonidan oshxona xodimlariga haq toʻlash, oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarni tayyorlash uchun sarflanadigan oziq-ovqat xomashyolari qiymati, kommunal toʻlovlar hamda rentabellikni inobatga olgan holda taomlar narxi hisob-kitobi (kalkulyatsiyasi) tasdiqlanadi.

33. Taʼlim tashkiloti oshxonasi mablagʻlarining sarflanishi boʻyicha buxgalteriya hisobi va hisoboti taʼlim tashkilotining buxgalteriyasi tomonidan qonunchilik hujjatlariga muvofiq amalga oshiriladi.

34. Oziq-ovqat mahsulotlarini oshxona mablagʻlari hisobidan xarid qilish boʻyicha shartnomalar taʼlim tashkiloti rahbari tomonidan imzolanadi.

7-bob. Taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishni monitoring va nazorat qilish

35. Vakolatli organlar taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish holatini oʻquvchilar va ularning ota-onalari oʻrtasida soʻrovnomalar oʻtkazish orqali monitoring qiladi.

Monitoring natijalari har chorak yakunida vakolatli organlarning rahbarlari huzuridagi yigʻilishlarda hamda taʼlim tashkilotlarining pedagogik kengashlarida muhokama qilinadi.

Taʼlim tashkilotlarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishda vakolatli organlarning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlariga taʼlim tashkilotlarida sifatli va xavfsiz ovqatlanishni tashkil etish yuzasidan takliflar kiritish;

taʼlim tashkilotlari oshxonalarida sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari hamda sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlar bajarilishiga rioya qilishning buzilishi holatlarini bartaraf etish choralarini koʻrish;

oʻquvchilarning hayoti va sogʻligʻiga salbiy taʼsir koʻrsatuvchi oziq-ovqat mahsulotlari haqida tushuntirish ishlari olib borish.

36. Taʼlim tashkilotlarida oshxonalarda tayyorlanayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar sifatini oʻrganish boʻyicha komissiyalar (keyingi oʻrinlarda — komissiya) tashkil etiladi.

Komissiya tarkibi taʼlim tashkilotiga biriktirilgan hamshira, taʼlim tashkilotlarining sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish masalalari uchun masʼul xodimi va oʻquvchilarning ota-onalaridan iborat boʻladi.

Komissiya taʼlim tashkiloti oshxonasida tayyorlanayotgan taomlar sifatini doimiy ravishda oʻrganib boradi. Oʻrganish natijalari alohida yuritiladigan maxsus jurnalda qayd etiladi.

37. Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligi huzuridagi Sanitariya-epidemiologik osoyishtalik va jamoat salomatligi qoʻmitasi hamda uning hududiy boʻlinmalari tomonidan sotilayotgan oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar, taʼlim tashkiloti oshxonalaridagi mavjud texnologik jihozlarning sanitariya qoidalari, normalari va gigiyena normativlari hamda sanitariya-gigiyena tadbirlari va epidemiyaga qarshi tadbirlar bajarilishiga rioya qilish, oziq-ovqat mahsulotlari va taomlar sifati yuzasidan nazorat tadbirlari olib boriladi.

Nazorat tadbirlarida aniqlangan holatlar har chorak yakunida vakolatli organlar ishtirokida muhokama qilinadi hamda ularni bartaraf qilish va kelgusida takroran sodir etilishining oldini olish boʻyicha zarur choralar koʻriladi.

8-bob. Yakunlovchi qoida

38. Ushbu Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javob beradi.

Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 2-maydagi 132-son qaroriga 2-ILOVA

2016 — 2020-yillarda umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishni yanada takomillashtirish, oshxonalarni tashkil etish va ularni jihozlash ishlarini amalga oshirish boʻyicha

T/r Tadbirlar Bajarish muddatlari Masʼul bajaruvchilar I. Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalari oshxona va bufetlari faoliyatini tashkil etish 1. Ovqatlanish tizimi mavjud boʻlmagan umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oshxona va bufetlarni tashkil etish, jihozlash va qayta jihozlash boʻyicha belgilangan koʻrsatkichlarga muvofiq ravishda moliyalashtirish manbalarini koʻrsatgan holda manzilli dasturlarni tasdiqlash. 2016-yil 1-iyulgacha Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, Xalq taʼlimi vazirligi 2. Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarining oshxona va bufetlari uchun namunaviy taomnomalarni (har bir taomning tayyorlash texnologiyasini koʻrsatib oʻtgan holda) tasdiqlash. 2016-yil avgust Sogʻliqni saqlash vazirligi, Oʻzbekiston Oshpazlar uyushmasi, Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi markazi 3. Zamonaviy tajribalar asosida umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalari oshpazlarini malaka oshirish kurslariga jalb etish choralarini koʻrish. 2016-yil III choragidan boshlab doimiy Xalq taʼlimi vazirligi, Oʻzbekiston Oshpazlar uyushmasi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi markazi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, ijarachi korxonalar bilan hamkorlikda II. Taʼlim muassasalarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etishga doir targʻibot-tashviqot ishlari 4. Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish yuzasidan ommaviy axborot vositalari orqali keng targʻibot-tashviqot ishlarini olib borish, bunda: oʻquvchilar uchun foydali taomlarni tayyorlash usullariga, ularni isteʼmol qilishning ijobiy taʼsiriga; ovqatlanish rejimiga va ularga amal qilinishiga; tarkibida zararli moddalar mavjud boʻlgan oziq-ovqat mahsulotlari va taomlarni isteʼmol qilishning salbiy oqibatlari masalalariga alohida eʼtibor qaratish. Jadval asosida Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi markazi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston milliy teleradiokompaniyasi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari 5. Umumiy oʻrta taʼlim muassasalarining boshlangʻich sinf oʻq uvchilari oʻrtasida “Toʻgʻri ovqatlanish darslari” taʼlim dasturini joriy etish va unda quyidagilarni nazarda tutish: oʻquvchilarda salomatlikning qadri va uni mustahkamlash zarurligi toʻgʻrisida tasavvur hosil qilish; oʻquvchilarni sogʻlom hayot tarzi va toʻgʻri ovqatlanish qoidalari bilan tanishtirish; oʻquvchilarning oʻz sogʻligʻiga gʻamxoʻrlik qilishi bilan bogʻliq xulq-atvor shakllarini oʻzlashtirishlari, ularni toʻgʻri ovqatlanishga doir milliy-madaniy anʼanalar bilan tanishtirish asosiy mavzu sifatida kiritilishini taʼminlash. 2016-yil III chorak Xalq taʼlimi vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi 6. Oʻquvchilar, pedagog xodimlar, ota-onalar tomonidan sogʻlom ovqatlanish qoidalariga amal qilinishi yuzasidan bilim va koʻnikmalarni yanada rivojlantirish boʻyicha davra suhbatlari oʻtkazib borish. Doimiy Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi markazi, Sogʻliqni saqlash vazirligi 7. Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish masalasini “Salomatlik saboqlari”, “Sogʻlom avlod asoslari”, “Sogʻlom oila asoslari” darslari orqali oʻquvchilar ongiga yetkazish choralarini koʻrish. Jadval asosida Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi markazi, Sogʻliqni saqlash vazirligi 8. Umumiy oʻrta va oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi muassasalarida sogʻlom ovqatlanishni tashkil etish yuzasidan Qoraqalpogʻiston Respublikasi, viloyatlar va Toshkent shahrida hududiy seminarlar oʻtkazish. 2016 — 2020-yillar davomida, har yili sentabr — dekabrda Sogʻliqni saqlash vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligining Oʻrta maxsus, kasb-hunar taʼlimi markazi

Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 2-maydagi 132-son qaroriga 2a-ILOVA

2017 — 2020-yillarda ovqatlanish tizimi mavjud boʻlmagan umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida oshxonalarni tashkil etish va jihozlash koʻrsatkichlari

dona T/r Hududlar 2017 — 2020-yillarda oshxonalar tashkil etiladigan maktablar soni tashkil etiladigan oshxonalarni jihozlash koʻrsatkichlari, shu jumladan: oʻtirish oʻrinlari (toʻplam) muzlatgich suv qaynatgich elektr plita idish yuvish vannalari ishlab chiqarish stoli Respublika boʻyicha 2630 13150 2630 2630 2630 2630 2630 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi 254 1270 254 254 254 254 254 2. Andijon 59 295 59 59 59 59 59 3. Buxoro 83 415 83 83 83 83 83 4. Jizzax 212 1060 212 212 212 212 212 5. Qashqadaryo 445 2225 445 445 445 445 445 6. Navoiy 127 635 127 127 127 127 127 7. Namangan 130 650 130 130 130 130 130 8. Samarqand 590 2950 590 590 590 590 590 9. Sirdaryo 42 210 42 42 42 42 42 10. Surxondaryo 210 1050 210 210 210 210 210 11. Toshkent v. 245 1225 245 245 245 245 245 12. Fargʻona 209 1045 209 209 209 209 209 13. Xorazm 24 120 24 24 24 24 24

Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 2-maydagi 232-son qaroriga 2b-ILOVA

2017 — 2020-yillarda umumiy oʻrta taʼlim muassasalarida ishlamayotgan oshxonalarning faoliyatini tashkil etish va ularni qayta jihozlash koʻrsatkichlari

dona T/r Viloyatlar 2017 — 2020-yillarda oshxonalar tashkil etilishi belgilangan maktablar soni Tashkil etiladigan oshxonalarni qayta jihozlash koʻrsatkichlari, shu jumladan: oʻtirish oʻrinlari (toʻplam) muzlatgich muzlatgich vitrina suv qaynatgich elektr plita idish yuvish vannalari ishlab chiqarish stollari Respublika boʻyicha 2061 4868 806 1030 823 1091 801 1059 1. Qoraqalpogʻiston Respublikasi 158 371 53 78 65 83 56 85 2. Andijon 117 309 42 64 51 68 44 101 3. Buxoro 121 271 40 55 48 60 44 61 4. Jizzax 122 252 38 50 46 55 45 34 5. Qashqadaryo 253 585 87 131 90 131 88 141 6. Navoiy 80 177 21 41 31 38 30 27 7. Namangan 154 339 64 77 66 81 62 16 8. Samarqand 274 605 153 143 109 151 153 120 9. Sirdaryo 67 139 36 31 28 30 27 16 10. Surxondaryo 193 487 76 103 80 101 71 107 11. Toshkent v. 197 495 83 96 79 108 73 129 12. Fargʻona 206 534 64 100 74 106 60 124 13. Xorazm 119 304 49 61 56 79 48 98

Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 2-maydagi 132-son qaroriga 3-ILOVA

Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining oʻz kuchini yoʻqotgan deb eʼtirof etilayotgan ayrim qarorlari

1. Vazirlar Mahkamasining “Taʼlim muassasalarida sogʻlom ovqatlanish shart-sharoitlarini yaxshilash chora-tadbirlari toʻgʻrisida” 2010-yil 20-avgustdagi 184-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2010-y., 34-son, 293-modda).

2. Vazirlar Mahkamasining “Oʻzbekiston Respublikasi Hukumatining ayrim qarorlariga oʻzgartirishlar kiritish toʻgʻrisida” (Vazirlar Mahkamasining “Xalq taʼlimi hududiy organlari tuzilmasini takomillashtirish toʻgʻrisida” 2011-yil 1-martdagi 52-son qarori) 2011-yil 20-iyundagi 184-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2011-yil, 25-son, 261-modda)ga ilovaning 4-bandi .

3. Vazirlar Mahkamasining “Vazirlar Mahkamasining “Taʼlim muassasalarida sogʻlom ovqatlanish shart-sharoitlarini yaxshilash boʻyicha chora-tadbirlar toʻgʻrisida” 2010-yil 20-avgustdagi 184-son qaroriga qoʻshimchalar kiritish haqida” 2013-yil 6-noyabrdagi 297-son qarori (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2013-y., 45-son, 591-modda).

Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri Sh. MIRZIYOYEV

Toshkent sh.,

2016-yil 2-may,

132-son

(Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2016-y., 18-son, 193-modda; 2017-y., 9-son, 132-modda; Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.09.2019-y., 09/19/822/3840-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 20.11.2021-y., 09/21/694/1075-son; 05.04.2022-y., 09/22/153/0266-son; 15.05.2024-y., 09/24/282/0347-son; 13.01.2025-y., 09/25/8/0026-son; 30.01.2025-y., 09/25/48/0093-son; 15.10.2026-y., 09/26/563/1041-son)

lex.uz