📅 2016-yil 23-aprel · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2016-yil 23-aprel · Markaziy bank hujjatlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2016 йил 23 апрель · Марказий банк ҳужжатлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 23 апреля 2016 г. · Документы Центрального банка
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 23 April 2016 · Central Bank documents
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг
Қарори
НИЗОМ
ТЕХНИК ТАЛАБЛАР
Валюта биржаси фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида
Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги, « Валютани тартибга солиш тўғрисида »ги, « Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида »ги, « Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарор қилади:
1. Валюта биржаси фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2016 йил 23 апрелдаги 12/1-сонли қарорига ИЛОВА
Валюта биржаси фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги
Мазкур Низом валюта биржаси фаолиятини лицензиялашни тартибга солади.
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
валюта биржаси — чет эл валютаси, давлат қимматли қоғозлари, молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) олди-сотдиси ҳамда улар билан боғлиқ бошқа биржа битимлари бўйича биржа савдоларини, шунингдек банклараро пул бозорини ҳамда Марказий банкнинг тижорат банклари, шу жумладан микромолия банклари (бундан буён матнда банклар деб юритилади) билан амалга ошириладиган кредит ва депозит аукционларини ташкил этувчи юридик шахс;
лицензияловчи орган — Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ;
лицензия даъвогари — лицензияловчи органга валюта биржаси фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган юридик шахс;
лицензиат — Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг лицензиясига эга бўлган юридик шахс.
2. Валюта биржаси фаолиятини лицензиялаш ва тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилади.
3. Лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.
4. Лицензияни бериш, амал қилишини тугатиш, бекор қилиш, тўхтатиб туриш, қайта расмийлаштириш ёки қайта тиклаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви қарори билан расмийлаштирилади.
2-боб. Лицензия талаблари ва шартлари
5. Қуйидагилар валюта биржаси фаолиятини амалга оширишда лицензия талаблари ва шартлари ҳисобланади:
а) биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига ва биржа савдолари қоидаларига риоя қилиш;
б) акциядорлик жамиятлари учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган устав фонди (устав капитали)нинг энг кам миқдори бўйича талабларга мувофиқлик;
в) камида 10 та банк сифатидаги биржа аъзоларининг мавжуд бўлиши;
г) тузилган биржа битимларининг бажарилишини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратилганлиги;
д) мазкур Низомнинг иловасида келтирилган умумий техник талабларга қатъий риоя этган ҳолда шакллантирилган биржа савдолари электрон тизимининг мавжудлиги;
е) биржа савдоларини олдиндан белгиланган жой ва муайян вақтда, белгиланган қоидалар асосида электрон шаклда валюта биржаси аъзоларининг барчасига ушбу савдоларда бир вақтда иштирок этиш имконияти берилган ҳолда ўтказиш;
ж) клирингни амалга ошириш ва ҳисоб-китобларни ўтказиш, шунингдек давлат қимматли қоғозларига бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш ва уларни сақлаш тизимининг мавжудлиги;
з) ахборотни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ошкор қилиш;
и) лицензияловчи органнинг талабига кўра биржа фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиш;
к) хоналарнинг техник жиҳатдан мустаҳкамланганлиги ва қўриқлаш ва ёнғиндан огоҳ этиш воситалари билан жиҳозланганлиги;
л) кундалик бухгалтерия ҳисоби юритилишини таъминловчи дастурий таъминотнинг мавжудлиги;
м) биржа савдоларининг электрон тизими томонидан автоматик равишда тузиладиган электрон баённомалар тарзида киритилган биржа битимлари тўғрисидаги ахборотни архив ишларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ сақлаш.
3-боб. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар
6. Лицензия олиш учун лицензия даъвогари лицензияловчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) лицензия бериш тўғрисида ариза, унда қуйидагилар кўрсатилади: лицензия даъвогарининг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР), электрон почта манзили, банк ҳисобварағи реквизитлари;
б) лицензия талаблари ва шартларининг бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
в) лицензия даъвогари уставининг нусхаси;
г) лицензия даъвогарининг бошқарув органлари таркиби тўғрисида маълумот;
д) лицензия даъвогарининг чет эл валютаси, давлат қимматли қоғозлари, молиявий ҳосила инструментлари (деривативлар) операциялари билан шуғулланувчи ва банклараро пул бозори, шунингдек Марказий банкнинг банклар билан амалга ошириладиган кредит ва депозит аукционларини ташкил этиш бўйича бўлинмалари, шунингдек ходимлар малакаси, бўлинмалар ихтисослашуви ва уларнинг техник жиҳозланганлиги тавсифланган ташкилий тузилмаси.
7. Лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар лицензия даъвогари томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия даъвогарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.
Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия даъвогарининг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилигидир.
8. Нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этганлиги учун лицензия даъвогари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.
9. Лицензия даъвогаридан мазкур Низомда назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.
4-боб. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш
10. Лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани мазкур Низомнинг 6-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда қабул қилиб олинган кундан бошлаб йигирма иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқади ва лицензияни беради ёки уни беришни рад этади.
11. Лицензияловчи орган томонидан лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
12. Лицензия берганлик учун Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида белгиланган миқдорда ва тартибда давлат божи ундирилади.
13. Лицензияловчи орган тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай лицензия даъвогарини лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ҳақида хабардор қилади.
14. Лицензия бериш бўйича қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда жўнатилади (тақдим этилади).
15. Лицензия QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ҳолда электрон шаклда расмийлаштирилади.
17. Лицензияловчи орган қуйидаги сабабларга кўра лицензия беришни рад этишга ҳақлидир:
лицензия даъвогари лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этиши;
лицензия даъвогари тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;
лицензия даъвогарининг лицензия бериш талаблари ва шартларига номувофиқлиги.
Бошқа асосларга кўра, шу жумладан лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.
18. Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда, тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф қилиб, ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такроран тақдим этиш мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади. Хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши, лекин ўттиз иш кунидан ортиқ бўлмаслиги керак.
Камчиликларни бартараф этиш зарурлиги тўғрисидаги хабарнома лицензия даъвогарига юборилган тақдирда лицензияни бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати тўхтатиб турилади.
18 1 . Ҳужжатлар хабарномада кўрсатилган камчиликларни бартараф этмасдан ёки хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин такроран тақдим этилган тақдирда, лицензияловчи орган лицензияни беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.
18 2 . Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига рад этиш сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва лицензия даъвогари мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади.
Лицензия даъвогари рад этиш сабабларини бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома олинган кундан эътиборан ўн иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.
18 3 . Лицензия даъвогари лицензия беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этганда, лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг аризасини ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни улар олинган кундан эътиборан беш иш кунидан ошмаган муддатда кўриб чиқади.
Лицензия даъвогарининг аризасини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.
18 4 . Лицензия даъвогарининг аризасини такроран кўриб чиқишда лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди, бундан илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши мустасно.
18 5 . Лицензияни бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин лицензия даъвогари томонидан берилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва лицензияловчи орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.
5-боб. Лицензияни қайта расмийлаштириш
19. Лицензиат қайта ташкил этилган, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин беш иш куни ичида лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.
20. Лицензия қайта расмийлаштирилгунига қадар, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризаси асосида валюта биржаси фаолиятини амалга оширади.
21. Лицензияни қайта расмийлаштириш ва бериш лицензияловчи орган томонидан лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда олинган кундан эътиборан беш иш куни мобайнида амалга оширилади.
Лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштиришда лицензиялар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.
6-боб. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, лицензияни бекор қилиш
23. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:
лицензиат ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб турганда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳақида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилганда. Бунда лицензиянинг амал қилиш муддати олти ойгача тўхтатиб турилиши мумкин;
лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларининг бузилганлиги аниқланганда;
лицензияловчи органнинг лицензиат фаолиятида аниқланган қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича кўрсатмалари лицензиат томонидан бажарилмаганда.
Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш сабаблари ва қонунчиликнинг аниқ нормалари кўрсатилган ҳолда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай, ёзма шаклда етказилади.
Лицензияловчи орган лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга сабаб бўлган ҳолатлар лицензиат томонидан бартараф этилиши муддатини белгилайди. Бунда кўрсатилган муддат лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан беш иш кунидан кам ва олти ойдан кўп бўлмаслиги керак.
Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этган тақдирда, лицензияловчи орган кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқномани олган кундан эътиборан лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида уч иш куни ичида қарор қабул қилади.
24. Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:
валюта биржаси фаолиятини лицензиялаш тартиби бекор қилинганда;
лицензиат томонидан лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилишини олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан илгари мурожаат этилган бўлиб, мазкур муддат ичида лицензиянинг амал қилишини қайта тиклаш тўғрисида лицензияловчи органга ариза билан мурожаат қилинмаган тақдирда.
25. Лицензия қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:
лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;
лицензия қалбаки ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда;
лицензиат фаолияти юридик шахс сифатида тугатилганда — тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда — қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсда валюта биржаси фаолиятини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қўшиб юборилиши мустасно;
лицензия берилганлиги учун давлат божи белгиланган муддатда тўланмаганда;
лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган томонидан белгиланган муддатда бартараф этмаганда;
лицензияловчи органнинг лицензияни бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;
лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ маротаба) ёки бир маротаба қўпол равишда бузилганда, агар мазкур қоидабузарликлар фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамоат хавфсизлигига зарар ҳамда атроф-муҳитга зиён етказилишига олиб келган бўлса.
Қуйидагилар лицензия талаблари ва шартларини қўпол равишда бузиш деб ҳисобланади:
биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида ошкор этилиши тақиқланган биржа битимлари тўғрисидаги ахборотнинг валюта биржаси томонидан учинчи шахсларга ошкор этилиши;
валюта биржаси томонидан биржа аъзоларининг ва улар мижозларининг пул маблағларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиши, бундан биржалар ва биржа фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида ва биржа савдоси қоидаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно;
биржа аъзоларининг барчасига биржа савдоларида бир вақтда иштирок этиш имкониятининг таъминланмаганлиги;
валюта биржаси томонидан бозор конъюнктурасини сунъий равишда ўзгартиришга сабаб бўлиши мумкин бўлган нотўғри ва атайлаб ёлғон маълумотларнинг тарқатилиши.
Лицензияловчи органнинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир иш кунидан кечиктирмай етказилади.
7-боб. Лицензиат фаолиятини тартибга солиш, лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилиш
26. Лицензиат фаолиятини тартибга солиш ва лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилишни амалга оширишда лицензияловчи орган ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:
лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда режали текшириш;
лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текшириш чоғида пайдо бўладиган масалалар юзасидан лицензиатдан зарур ахборотни сўраш ва олиш;
текширишлар натижалари асосида, лицензия талаблари ва шартларининг лицензиат томонидан аниқ бузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;
лицензиатга аниқланган бузилишларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай бузилишларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;
лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ёки лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор чиқариш.
27. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишда лицензияловчи органнинг текширувчи ходимлари томонидан икки нусхада далолатнома тузилади, уларнинг биттаси лицензиатга берилади, иккинчи нусхаси лицензияловчи органда қолади.
8-боб. Лицензиялар реестрини юритиш
28. Лицензияловчи орган лицензиялар реестрини юритади ва унда қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:
лицензиатнинг номи, жойлашган ери (почта манзили), солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР);
лицензия берилган сана ва тартиб рақами;
лицензияни қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш, тугатиш, уни бекор қилиш асослари ҳамда саналари.
29. Лицензиялар реестрида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ ҳисобланади.
9-боб. Якунловчи қоида
30. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Валюта биржаси фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА
Биржа савдоларининг электрон тизимларига қўйиладиган умумий
1-боб. Асосий тушунчалар
1. Биржа савдоларининг электрон тизимларига (бундан буён матнда БСЭТ деб юритилади) қўйиладиган умумий техник талабларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
дастурий восита — маълумотлар билан ишлаш тизимининг фаолият юритишига доир дастурлар, тартиботлар, қоидалар, шунингдек назарда тутилган бўлса, уларга илова қилинадиган ҳужжатлар ва маълумотлардан иборат объект;
БСЭТ — валюта биржаси аъзоларига бевосита биржа савдо залида ёки узоқлаштирилган иш жойларида аниқ вақт режимида биржа савдоларида иштирок этиш имконини берадиган дастурий ва техник воситалар мажмуидан иборат глобал тақсимланган ахборот тизими;
дизель генератор қурилмаси — электр энергиясини ишлаб чиқарувчи автоном электрогенератор қурилмаси;
узлуксиз таъминот манбаи — компьютер, сервер ва телекоммуникация ускуналарини узлуксиз равишда энергия билан таъминлайдиган қурилма;
резервни автоматик ишга тушириш қурилмаси — электр юкламаларни автоматик тақсимлашни таъминлайдиган электр таъминоти тармоғи қурилмаси.
2-боб. БСЭТга қўйиладиган техник талаблар
2. БСЭТ қуйидагиларни таъминлаши лозим:
локал ҳисоблаш тармоқлари шароитларида фаолият кўрсатиш;
маълумотлар базаси билан боғланганлик асосида, валюта биржаси савдо иштирокчилари (бундан буён матнда савдо иштирокчилари деб юритилади) ҳақидаги ахборотни шакллантириш, сақлаш ва акс эттириши;
маълумотлар базаси билан боғланганлик асосида, буюртмалар, битимлар ва савдо натижалари бўйича ахборотни сақлаш ва акс эттириши;
маълумотлар базасида сақланаётган маълумотномалар асосида ахборотни сақлаш ва акс эттириши;
дастурий воситалар мажмуининг ишини қисқа йўриқномалар, ёрдам кўрсатиш ва тушунтиришлар билан таъминланиладиган меню тизими орқали ташкил қилиши;
терминалнинг жисмонан жойлашишидан қатъи назар, аниқ вақт режимида биржа савдоларида қатнашиш имконини ёки савдо иштирокчилари ўртасида ахборот алмашинувини таъминлаш;
ўтказилган биржа савдолари бўйича ҳисоботларни мазкур савдоларнинг электрон баённомаси мазмунига қатъий мос келтирган ҳолда шакллантириш;
биржа савдолари жараёнида бажарилаётган ҳар бир операцияга автоматик равишда идентификация рақамини бириктириш ва ушбу операцияларни мазкур савдоларнинг электрон баённомасида юритиш.
3. БСЭТнинг таркибида қуйидаги маълумотлар рўйхатга олинадиган биржа савдолари бўйича бажарилган амалларнинг ҳисобини юритувчи автоматлаштирилган (электрон баённома) бўлиши лозим:
савдонинг очилиши;
савдонинг ёпилиши;
савдо иштирокчисини идентификация қилиш;
савдо иштирокчисининг тизимга кириш вақти;
савдо иштирокчисининг тизимдан чиқиш вақти;
савдо иштирокчиси томонидан буюртма берилган вақт;
савдо иштирокчиси буюртмани қайтариб олган вақти;
савдо иштирокчиси буюртмани ўзгартирган вақти;
савдо иштирокчиси битим тузган вақти;
биржа товарининг номи;
буюртмадаги биржа товарининг миқдори;
биржа товарининг нархи.
Ёзувларни қайд қилиш вақтининг формати — йил, ой, кун, соат, дақиқа, сония.
3-боб. Дастурий воситага қўйиладиган талаблар
4. БСЭТнинг дастурий воситаси лицензиявий дастурий таъминотдан фойдаланган ҳолда ва техник топшириққа асосан ишлаб чиқилиши ҳамда эксплуатация қилиниши лозим.
5. Ахборотнинг тўлиқ ёки қисман талофати йўқолиши ва маълумотлар базаси бутунлиги бузилишини олдини олиш мақсадида БСЭТнинг дастурий воситаси фойдаланувчининг хатоларига, техник носозликлар ҳолатларида юзага келадиган хатоларга ҳамда маълумот базаси хатоларига фойдаланувчига унинг кейинги хатти-ҳаракатлари кўрсатилган ахборотни тақдим этган ҳолда ишлов берилишини таъминлаши лозим.
6. БСЭТнинг дастурий воситасида қуйидаги функцияларни таъминлайдиган дастурлар ишини назорат қилувчи модуль бўлиши шарт:
фойдаланувчини идентификация қилиш (таниб олиш), аутентификация қилиш (ҳақиқийлигини тасдиқлаш) ва авторизациялаш (ваколатларни ўзлаштириб олиш);
БСЭТ ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш;
БСЭТда содир бўлаётган воқеаларни рўйхатга олиш ва таҳлил қилиш;
БСЭТ ресурслари бутунлигини назорат қилиш.
7. БСЭТнинг дастурий воситаси қуйидаги дастурий тизимлардан иборат бўлиши ёки мавжуд дастурий тизимлар билан электрон тарзда ўзаро ишлашни таъминлаши лозим:
савдо тизими;
клирингни амалга ошириш ва ҳисоб-китобларни ўтказиш тизими;
давлат қимматли қоғозлари ҳисобини юритиш ва сақлаш тизими;
ахборот-таҳлил тизими;
маълумотларни узатиш тармоқлари (агар технологик савдо жараёни бундай тизим билан ўзаро ишлашни кўзда тутса).
4-боб. Аппарат таъминотига қўйиладиган талаблар
8. Сервер ва алоқа ускунаси қуйидагиларни таъминлаши лозим:
БСЭТнинг бир меъёрда ишлашини таъминлаш учун етарли даражадаги иш унумдорлигини;
ахборотнинг ортиб бораётган ҳажми билан ишлаш имкониятларини.
9. Серверлар дискли тўплагичлар ва «қайноқ алмашинувчи» энергия манбалари билан таъминланиши лозим.
10. Сервернинг вентиляция тизими ҳароратни назорат қилиш имкониятига эга бўлиши керак.
11. Узлуксиз таъминот манбаи қуввати сервер томонидан талаб қилинадиган қувватга мувофиқ танланиши ва батарея ёрдамида камида 30 дақиқалик иш вақти билан таъминлаши ва номинал қувватнинг кўпи билан 75 фоизигача юкланган бўлиши лозим.
12. Серверларда маълумотларнинг захираланиши дискли тўплагичларда, шунингдек маълумотлар сақланадиган ташқи қурилмаларда таъминланган бўлиши лозим.
13. Серверлар маълумотларни ўзида махсус тезкор сақлайдиган хотира — хатоларни топиб, тузатиш қобилиятига эга хотира билан жиҳозланган бўлиши керак.
14. Сервер хонаси алоҳида жойлашган ва ундан чекланган доирадаги шахслар фойдаланиши мумкин бўлиши, шунингдек хонадаги ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 20 — 24 даражада сақлаб турилиши лозим.
5-боб. Ахборот хавфсизлигига қўйиладиган талаблар
15. Ахборот хавфсизлиги ахборотни муҳофаза қилишнинг ташкилий-техник чора-тадбирлари ва дастурий-аппарат воситаларидан иборат тизим билан таъминланиши ва қуйидагиларни назарда тутиши лозим:
ходимлар ва иштирокчиларнинг БСЭТга кириши учун паролларни қўллаш бўйича схемалар ва йўриқномаларни;
БСЭТ ахборот ресурслари ва хизматларидан ходимларнинг фойдаланиш босқичларини бир-биридан фарқлаш схемаларини;
ахборотни такрорлаш ҳамда маълумотлар нусхалари ва жўнатилган хабарларни сақлаш технологияси бўйича йўриқнома ва ҳужжатларни;
ходимларнинг махфий ҳужжатларни ошкор қилиши мумкин бўлган ёки ошкор қилган ҳаракатлари учун жавобгарликни белгилайдиган ҳужжатларни;
ахборотни муҳофаза этишни таъминлаш мақсадида иштирокчиларнинг электрон тарзда ўзаро алоқасида ахборот алмашинуви қоидаларини белгилайдиган ҳужжатларни.
Савдоларнинг технологик жараёни иштирокчилар учун ахборот алмашинуви мақсадида узунлиги 1024 битдан кам бўлмаган калитли маълумотларни ягона шифрлаш алгоритми қўлланилиши лозим.
16. Ташкилий чоралар юридик шахсларни БСЭТ дастурий воситаларини лойиҳалаш, яратиш, эксплуатация қилиш ва таъминлашга жалб қилиш қоидасини тартибга солувчи талаблар ҳамда ҳаракатлар рўйхатидан иборат бўлиши мумкин.
17. Валюта биржаси аъзоларининг БСЭТда ахборотни криптографик муҳофаза қилиш воситаларидан, шу жумладан, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, иш олиб боришлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилиши лозим.
18. БСЭТ дастурий воситаларининг ахборот хавфсизлигини таъминлаш тизими хавф-хатар таҳдиди ҳамда уларнинг нормал фаолият юритилишининг бузилиши билан боғлиқ сабаблар ва шароитларни ўз вақтида аниқланишини таъминлайдиган тегишли хавфсизлик сиёсати билан амалга оширилиши лозим.
6-боб. Электр таъминотига қўйиладиган талаблар
19. БСЭТнинг электр таъминоти меъёрда бўлиши ва электр таъминотини захиралаш мақсадида электр таъминотининг камида иккита фидерлик кириш тармоғи мавжуд бўлиши лозим. Улар резервни автоматик ишга тушириш қурилмаси орқали электр таъминоти тизимига уланилади.
20. Серверхона узоқ вақт мобайнида электр билан таъминланмаган ҳолда серверхонадаги муҳандислик тизими ва ускуналарнинг узлуксиз ишлаши дизель генератор қурилмаси орқали электр таъминоти тармоғидан ва узлуксиз таъминот манбаи тармоғидан таъминланиши лозим.
21. Компьютер, сервер ва телекоммуникация ускуналарининг узлуксиз электр билан таъминлаш учун махсус хонада алоҳида узлуксиз таъминот манбаи назарда тутилган бўлиши лозим. Бунда узлуксиз таъминот манбаи худди шундай кўринишдаги иккинчи узлуксиз таъминот манбаида 100% ли захирага эга бўлиши лозим.
22. Узлуксиз таъминот манбаи компьютер, сервер ва телекоммуникация ускуналарининг иш фаолиятини дизель генератор қурилмаси тўлиқ ишга тушгунига қадар таъминлаши ва номинал қувватининг 75% дан ортмаган ҳолда ишлаши керак.
7-боб. Ташкилий талаблар
23. БСЭТ узлуксиз равишда суткасига 24 соат мобайнида (иш кунларида) ишлаш имкониятини таъминлаши лозим.
24. Ҳар бир иштирокчи БСЭТдан тенг шарт-шароитларда фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиши лозим. Иштирокчилар сони БСЭТ дастурий воситаси иш унумдорлиги ёки дастурий-аппарат тавсифлари билан чекланмаслиги керак.
25. Валюта биржаси савдо иштирокчилари учун тенг шароитлар яратиш мақсадида савдо залидаги терминаллар сони етарли бўлишини таъминлаши шарт.
Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ
Тошкент ш.,
2016 йил 23 апрель,
12/I-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining
Qarori
NIZOM
TEXNIK TALABLAR
Valyuta birjasi faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida
Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi, “ Valyutani tartibga solish toʻgʻrisida ”gi, “ Litsenziyalash, ruxsat berish va xabardor qilish tartib-taomillari toʻgʻrisida ”gi, “ Birjalar va birja faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvi qaror qiladi:
1. Valyuta birjasi faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.
2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran uch oy oʻtgach kuchga kiradi.
Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining 2016-yil 23-apreldagi 12/1-sonli qaroriga ILOVA
Valyuta birjasi faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi
Mazkur Nizom valyuta birjasi faoliyatini litsenziyalashni tartibga soladi.
1-bob. Umumiy qoidalar
1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
valyuta birjasi — chet el valyutasi, davlat qimmatli qogʻozlari, moliyaviy hosila instrumentlari (derivativlar) oldi-sotdisi hamda ular bilan bogʻliq boshqa birja bitimlari boʻyicha birja savdolarini, shuningdek banklararo pul bozorini hamda Markaziy bankning tijorat banklari, shu jumladan mikromoliya banklari (bundan buyon matnda banklar deb yuritiladi) bilan amalga oshiriladigan kredit va depozit auksionlarini tashkil etuvchi yuridik shaxs;
litsenziyalovchi organ — Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki ;
litsenziya daʼvogari — litsenziyalovchi organga valyuta birjasi faoliyatini amalga oshirish huquqini beruvchi litsenziya (bundan buyon matnda litsenziya deb yuritiladi) berish toʻgʻrisidagi ariza bilan murojaat etgan yuridik shaxs;
litsenziat — Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy bankining litsenziyasiga ega boʻlgan yuridik shaxs.
2. Valyuta birjasi faoliyatini litsenziyalash va tartibga solish Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki tomonidan amalga oshiriladi.
3. Litsenziya amal qilish muddati cheklanmagan holda beriladi.
4. Litsenziyani berish, amal qilishini tugatish, bekor qilish, toʻxtatib turish, qayta rasmiylashtirish yoki qayta tiklash Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvi qarori bilan rasmiylashtiriladi.
2-bob. Litsenziya talablari va shartlari
5. Quyidagilar valyuta birjasi faoliyatini amalga oshirishda litsenziya talablari va shartlari hisoblanadi:
a) birjalar va birja faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlariga va birja savdolari qoidalariga rioya qilish;
b) aksiyadorlik jamiyatlari uchun qonunchilik hujjatlarida belgilangan ustav fondi (ustav kapitali)ning eng kam miqdori boʻyicha talablarga muvofiqlik;
v) kamida 10 ta bank sifatidagi birja aʼzolarining mavjud boʻlishi;
g) tuzilgan birja bitimlarining bajarilishini taʼminlash uchun shart-sharoitlar yaratilganligi;
d) mazkur Nizomning ilovasida keltirilgan umumiy texnik talablarga qatʼiy rioya etgan holda shakllantirilgan birja savdolari elektron tizimining mavjudligi;
e) birja savdolarini oldindan belgilangan joy va muayyan vaqtda, belgilangan qoidalar asosida elektron shaklda valyuta birjasi aʼzolarining barchasiga ushbu savdolarda bir vaqtda ishtirok etish imkoniyati berilgan holda oʻtkazish;
j) kliringni amalga oshirish va hisob-kitoblarni oʻtkazish, shuningdek davlat qimmatli qogʻozlariga boʻlgan huquqlarni hisobga olish va ularni saqlash tizimining mavjudligi;
z) axborotni qonunchilik hujjatlariga muvofiq oshkor qilish;
i) litsenziyalovchi organning talabiga koʻra birja faoliyatini amalga oshirish bilan bogʻliq axborotni taqdim etish;
k) xonalarning texnik jihatdan mustahkamlanganligi va qoʻriqlash va yongʻindan ogoh etish vositalari bilan jihozlanganligi;
l) kundalik buxgalteriya hisobi yuritilishini taʼminlovchi dasturiy taʼminotning mavjudligi;
m) birja savdolarining elektron tizimi tomonidan avtomatik ravishda tuziladigan elektron bayonnomalar tarzida kiritilgan birja bitimlari toʻgʻrisidagi axborotni arxiv ishlarini tartibga soluvchi normativ-huquqiy hujjatlarga muvofiq saqlash.
3-bob. Litsenziya olish uchun taqdim etiladigan hujjatlar
6. Litsenziya olish uchun litsenziya daʼvogari litsenziyalovchi organga quyidagi hujjatlarni taqdim etadi:
a) litsenziya berish toʻgʻrisida ariza, unda quyidagilar koʻrsatiladi: litsenziya daʼvogarining nomi va tashkiliy-huquqiy shakli, joylashgan joyi (pochta manzili), soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR), elektron pochta manzili, bank hisobvaragʻi rekvizitlari;
b) litsenziya talablari va shartlarining bajarilganligini tasdiqlovchi hujjat;
v) litsenziya daʼvogari ustavining nusxasi;
g) litsenziya daʼvogarining boshqaruv organlari tarkibi toʻgʻrisida maʼlumot;
d) litsenziya daʼvogarining chet el valyutasi, davlat qimmatli qogʻozlari, moliyaviy hosila instrumentlari (derivativlar) operatsiyalari bilan shugʻullanuvchi va banklararo pul bozori, shuningdek Markaziy bankning banklar bilan amalga oshiriladigan kredit va depozit auksionlarini tashkil etish boʻyicha boʻlinmalari, shuningdek xodimlar malakasi, boʻlinmalar ixtisoslashuvi va ularning texnik jihozlanganligi tavsiflangan tashkiliy tuzilmasi.
7. Litsenziya olish uchun zarur boʻlgan hujjatlar litsenziya daʼvogari tomonidan litsenziyalovchi organga bevosita, pochta aloqasi vositalari orqali yoki elektron shaklda, ular olinganligi haqida xabardor qilingan holda taqdim etiladi. Elektron shaklda taqdim etilgan hujjatlar litsenziya daʼvogarining elektron raqamli imzosi bilan tasdiqlanadi.
Litsenziya berish toʻgʻrisidagi arizada litsenziya daʼvogarining elektron manzili koʻrsatilganligi uning arizasi boʻyicha qabul qilingan qaror haqida axborot tizimi orqali elektron shaklda xabarnoma olishga boʻlgan roziligidir.
8. Notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlarni taqdim etganligi uchun litsenziya daʼvogari qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.
9. Litsenziya daʼvogaridan mazkur Nizomda nazarda tutilmagan boshqa hujjatlarni taqdim etishni talab qilishga yoʻl qoʻyilmaydi.
4-bob. Hujjatlarni koʻrib chiqish va litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisida qaror qabul qilish
10. Litsenziyalovchi organ litsenziya berish toʻgʻrisidagi arizani mazkur Nizomning 6-bandida koʻrsatilgan hujjatlar toʻliq hajmda qabul qilib olingan kundan boshlab yigirma ish kunidan oshmagan muddatda koʻrib chiqadi va litsenziyani beradi yoki uni berishni rad etadi.
11. Litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziya olish uchun taqdim etilgan hujjatlar koʻrib chiqilganligi uchun yigʻim undirilmaydi.
12. Litsenziya berganlik uchun Oʻzbekiston Respublikasining “Davlat boji toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan miqdorda va tartibda davlat boji undiriladi.
13. Litsenziyalovchi organ tegishli qaror qabul qilingan sanadan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay litsenziya daʼvogarini litsenziya berish yoki litsenziya berishni rad etish toʻgʻrisidagi qaror haqida xabardor qiladi.
14. Litsenziya berish boʻyicha qaror qabul qilinganligi toʻgʻrisidagi xabarnoma litsenziya daʼvogariga yozma shaklda joʻnatiladi (taqdim etiladi).
15. Litsenziya QR-kod (matrik shtrixli kod) qoʻyilgan holda elektron shaklda rasmiylashtiriladi.
17. Litsenziyalovchi organ quyidagi sabablarga koʻra litsenziya berishni rad etishga haqlidir:
litsenziya daʼvogari litsenziya olish uchun zarur boʻlgan hujjatlarni toʻliq boʻlmagan hajmda taqdim etishi;
litsenziya daʼvogari taqdim etgan hujjatlarda notoʻgʻri yoki buzib koʻrsatilgan maʼlumotlarning mavjudligi;
litsenziya daʼvogarining litsenziya berish talablari va shartlariga nomuvofiqligi.
Boshqa asoslarga koʻra, shu jumladan litsenziya berish maqsadga muvofiq emas degan vaj bilan litsenziya berishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi.
18. Kamchiliklarni bartaraf etish zarurligi toʻgʻrisidagi xabarnoma litsenziya daʼvogariga yozma shaklda, taqdim etilgan hujjatlarda aniqlangan kamchiliklar va ularni bartaraf qilib, hujjatlarni koʻrib chiqish uchun takroran taqdim etish mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda yuboriladi. Xabarnomada koʻrsatilgan muddat kamchiliklarni bartaraf etish uchun zarur boʻlgan vaqtga mutanosib boʻlishi, lekin oʻttiz ish kunidan ortiq boʻlmasligi kerak.
Kamchiliklarni bartaraf etish zarurligi toʻgʻrisidagi xabarnoma litsenziya daʼvogariga yuborilgan taqdirda litsenziyani berish toʻgʻrisidagi arizani koʻrib chiqish muddati toʻxtatib turiladi.
18 1 . Hujjatlar xabarnomada koʻrsatilgan kamchiliklarni bartaraf etmasdan yoki xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtgandan keyin takroran taqdim etilgan taqdirda, litsenziyalovchi organ litsenziyani berishni rad etish haqida qaror qabul qiladi.
18 2 . Litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnoma litsenziya daʼvogariga rad etish sabablari, qonunchilikning aniq normalari va litsenziya daʼvogari mazkur sabablarni bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat koʻrsatilgan holda yuboriladi.
Litsenziya daʼvogari rad etish sabablarini bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etishi mumkin boʻlgan muddat litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnoma olingan kundan eʼtiboran oʻn ish kunidan kam boʻlmasligi lozim.
18 3 . Litsenziya daʼvogari litsenziya berishni rad etish uchun asos boʻlgan sabablarni belgilangan muddatda bartaraf etib, hujjatlarni takroran koʻrib chiqish uchun taqdim etganda, litsenziyalovchi organ litsenziya daʼvogarining arizasini va rad etish sabablari bartaraf etilganligini tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni ular olingan kundan eʼtiboran besh ish kunidan oshmagan muddatda koʻrib chiqadi.
Litsenziya daʼvogarining arizasini takroran koʻrib chiqqanlik uchun yigʻim undirilmaydi.
18 4 . Litsenziya daʼvogarining arizasini takroran koʻrib chiqishda litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnomada ilgari koʻrsatilmagan yangi asoslar boʻyicha litsenziya berishni rad etishga yoʻl qoʻyilmaydi, bundan ilgari koʻrsatilgan sabablar bartaraf etilganligini tasdiqlovchi hujjatlar bilan bogʻliq rad etish sabablari keltirilishi mustasno.
18 5 . Litsenziyani berish rad etilganligi haqidagi xabarnomada koʻrsatilgan muddat oʻtganidan keyin litsenziya daʼvogari tomonidan berilgan ariza yangidan topshirilgan hisoblanadi va litsenziyalovchi organ tomonidan umumiy asoslarda koʻrib chiqiladi.
5-bob. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish
19. Litsenziat qayta tashkil etilgan, uning nomi yoki joylashgan joyi (pochta manzili) oʻzgargan taqdirda, litsenziat yoki uning huquqiy vorisi qayta roʻyxatdan oʻtkazilgandan keyin besh ish kuni ichida litsenziyalovchi organga, koʻrsatib oʻtilgan maʼlumotlarni tasdiqlovchi tegishli hujjatlarni ilova qilgan holda, litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisida ariza berishi shart.
20. Litsenziya qayta rasmiylashtirilguniga qadar, litsenziat yoki uning huquqiy vorisi litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi arizasi asosida valyuta birjasi faoliyatini amalga oshiradi.
21. Litsenziyani qayta rasmiylashtirish va berish litsenziyalovchi organ tomonidan litsenziyani qayta rasmiylashtirish toʻgʻrisidagi ariza tegishli hujjatlar ilova qilingan holda olingan kundan eʼtiboran besh ish kuni mobaynida amalga oshiriladi.
Litsenziyalovchi organ litsenziyani qayta rasmiylashtirishda litsenziyalar reyestriga tegishli oʻzgartirishlar kiritadi.
6-bob. Litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish, litsenziyani bekor qilish
23. Litsenziyaning amal qilishi quyidagi hollarda toʻxtatib turilishi mumkin:
litsenziat oʻz faoliyatini vaqtincha toʻxtatib turganda litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish haqida litsenziyalovchi organga ariza bilan murojaat qilganda. Bunda litsenziyaning amal qilish muddati olti oygacha toʻxtatib turilishi mumkin;
litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlarining buzilganligi aniqlanganda;
litsenziyalovchi organning litsenziat faoliyatida aniqlangan qoida buzilishlarini bartaraf etish boʻyicha koʻrsatmalari litsenziat tomonidan bajarilmaganda.
Litsenziyalovchi organning litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qarori litsenziatga litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish sabablari va qonunchilikning aniq normalari koʻrsatilgan holda, qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay, yozma shaklda yetkaziladi.
Litsenziyalovchi organ litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga sabab boʻlgan holatlar litsenziat tomonidan bartaraf etilishi muddatini belgilaydi. Bunda koʻrsatilgan muddat litsenziat litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish toʻgʻrisidagi qarorni olgan kundan eʼtiboran besh ish kunidan kam va olti oydan koʻp boʻlmasligi kerak.
Litsenziat litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga olib kelgan holatlarni bartaraf etgan taqdirda, litsenziyalovchi organ koʻrsatilgan holatlar bartaraf etilganligi toʻgʻrisidagi tasdiqnomani olgan kundan eʼtiboran litsenziyaning amal qilishini tiklash toʻgʻrisida uch ish kuni ichida qaror qabul qiladi.
24. Litsenziyaning amal qilishi quyidagi hollarda tugatiladi:
valyuta birjasi faoliyatini litsenziyalash tartibi bekor qilinganda;
litsenziat tomonidan litsenziyalovchi organga litsenziyaning amal qilishini olti oygacha boʻlgan muddatga toʻxtatib turish toʻgʻrisida ariza bilan ilgari murojaat etilgan boʻlib, mazkur muddat ichida litsenziyaning amal qilishini qayta tiklash toʻgʻrisida litsenziyalovchi organga ariza bilan murojaat qilinmagan taqdirda.
25. Litsenziya quyidagi hollarda bekor qilinadi:
litsenziat litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisida ariza bilan murojaat qilganda;
litsenziya qalbaki hujjatlardan foydalanilgan holda olinganligi fakti aniqlanganda;
litsenziat faoliyati yuridik shaxs sifatida tugatilganda — tugatilgan paytdan eʼtiboran yoki uning faoliyati qayta tashkil etish natijasida tugatilganda — qayta tashkil etilgan paytdan eʼtiboran, bundan uning oʻzgartirilishi, shuningdek yangidan vujudga kelgan yuridik shaxsni davlat roʻyxatidan oʻtkazish sanasida qayta tashkil etilayotgan yuridik shaxsda valyuta birjasi faoliyatini amalga oshirish uchun litsenziya mavjud boʻlgan taqdirda qoʻshib yuborilishi mustasno;
litsenziya berilganligi uchun davlat boji belgilangan muddatda toʻlanmaganda;
litsenziat litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turishga olib kelgan holatlarni litsenziyalovchi organ tomonidan belgilangan muddatda bartaraf etmaganda;
litsenziyalovchi organning litsenziyani berish toʻgʻrisidagi qarorining qonunga xilofligi aniqlanganda;
litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlari muntazam ravishda (bir yil davomida ikki va undan ortiq marotaba) yoki bir marotaba qoʻpol ravishda buzilganda, agar mazkur qoidabuzarliklar fuqarolarning hayoti va sogʻligʻiga ziyon, jismoniy va yuridik shaxslarning huquqlari va qonuniy manfaatlariga, jamoat xavfsizligiga zarar hamda atrof-muhitga ziyon yetkazilishiga olib kelgan boʻlsa.
Quyidagilar litsenziya talablari va shartlarini qoʻpol ravishda buzish deb hisoblanadi:
birjalar va birja faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida oshkor etilishi taqiqlangan birja bitimlari toʻgʻrisidagi axborotning valyuta birjasi tomonidan uchinchi shaxslarga oshkor etilishi;
valyuta birjasi tomonidan birja aʼzolarining va ular mijozlarining pul mablagʻlaridan oʻz manfaatlari yoʻlida foydalanishi, bundan birjalar va birja faoliyati toʻgʻrisidagi qonunchilik hujjatlarida va birja savdosi qoidalarida nazarda tutilgan hollar mustasno;
birja aʼzolarining barchasiga birja savdolarida bir vaqtda ishtirok etish imkoniyatining taʼminlanmaganligi;
valyuta birjasi tomonidan bozor konyunkturasini sunʼiy ravishda oʻzgartirishga sabab boʻlishi mumkin boʻlgan notoʻgʻri va ataylab yolgʻon maʼlumotlarning tarqatilishi.
Litsenziyalovchi organning litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisidagi qarori litsenziatga yozma shaklda, qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran bir ish kunidan kechiktirmay yetkaziladi.
7-bob. Litsenziat faoliyatini tartibga solish, litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qilish
26. Litsenziat faoliyatini tartibga solish va litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini nazorat qilishni amalga oshirishda litsenziyalovchi organ oʻz vakolatlari doirasida quyidagi huquqlarga ega:
litsenziat tomonidan litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda rejali tekshirish;
litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini tekshirish chogʻida paydo boʻladigan masalalar yuzasidan litsenziatdan zarur axborotni soʻrash va olish;
tekshirishlar natijalari asosida, litsenziya talablari va shartlarining litsenziat tomonidan aniq buzilishlarini koʻrsatgan holda dalolatnomalar (maʼlumotnomalar) tuzish;
litsenziatga aniqlangan buzilishlarni bartaraf etish majburiyatini yuklovchi qarorlar chiqarish, bunday buzilishlarni bartaraf etish muddatlarini belgilash;
litsenziyaning amal qilishini toʻxtatib turish, tugatish yoki litsenziyani bekor qilish toʻgʻrisida qaror chiqarish.
27. Litsenziya talablari va shartlariga rioya etilishini tekshirishda litsenziyalovchi organning tekshiruvchi xodimlari tomonidan ikki nusxada dalolatnoma tuziladi, ularning bittasi litsenziatga beriladi, ikkinchi nusxasi litsenziyalovchi organda qoladi.
8-bob. Litsenziyalar reyestrini yuritish
28. Litsenziyalovchi organ litsenziyalar reyestrini yuritadi va unda quyidagilar koʻrsatilgan boʻlishi lozim:
litsenziatning nomi, joylashgan yeri (pochta manzili), soliq toʻlovchining identifikatsiya raqami (STIR);
litsenziya berilgan sana va tartib raqami;
litsenziyani qayta rasmiylashtirish, uning amal qilishini toʻxtatib turish, qayta tiklash, tugatish, uni bekor qilish asoslari hamda sanalari.
29. Litsenziyalar reyestrida mavjud boʻlgan maʼlumotlar litsenziyalovchi organning rasmiy veb-saytiga joylashtiriladi va tanishib chiqish uchun ochiq hisoblanadi.
9-bob. Yakunlovchi qoida
30. Mazkur Nizom talablarining buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda javobgarlikka tortiladi.
Valyuta birjasi faoliyatini litsenziyalash tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA
Birja savdolarining elektron tizimlariga qoʻyiladigan umumiy
1-bob. Asosiy tushunchalar
1. Birja savdolarining elektron tizimlariga (bundan buyon matnda BSET deb yuritiladi) qoʻyiladigan umumiy texnik talablarda quyidagi asosiy tushunchalar qoʻllaniladi:
dasturiy vosita — maʼlumotlar bilan ishlash tizimining faoliyat yuritishiga doir dasturlar, tartibotlar, qoidalar, shuningdek nazarda tutilgan boʻlsa, ularga ilova qilinadigan hujjatlar va maʼlumotlardan iborat obyekt;
BSET — valyuta birjasi aʼzolariga bevosita birja savdo zalida yoki uzoqlashtirilgan ish joylarida aniq vaqt rejimida birja savdolarida ishtirok etish imkonini beradigan dasturiy va texnik vositalar majmuidan iborat global taqsimlangan axborot tizimi;
dizel generator qurilmasi — elektr energiyasini ishlab chiqaruvchi avtonom elektrogenerator qurilmasi;
uzluksiz taʼminot manbai — kompyuter, server va telekommunikatsiya uskunalarini uzluksiz ravishda energiya bilan taʼminlaydigan qurilma;
rezervni avtomatik ishga tushirish qurilmasi — elektr yuklamalarni avtomatik taqsimlashni taʼminlaydigan elektr taʼminoti tarmogʻi qurilmasi.
2-bob. BSETga qoʻyiladigan texnik talablar
2. BSET quyidagilarni taʼminlashi lozim:
lokal hisoblash tarmoqlari sharoitlarida faoliyat koʻrsatish;
maʼlumotlar bazasi bilan bogʻlanganlik asosida, valyuta birjasi savdo ishtirokchilari (bundan buyon matnda savdo ishtirokchilari deb yuritiladi) haqidagi axborotni shakllantirish, saqlash va aks ettirishi;
maʼlumotlar bazasi bilan bogʻlanganlik asosida, buyurtmalar, bitimlar va savdo natijalari boʻyicha axborotni saqlash va aks ettirishi;
maʼlumotlar bazasida saqlanayotgan maʼlumotnomalar asosida axborotni saqlash va aks ettirishi;
dasturiy vositalar majmuining ishini qisqa yoʻriqnomalar, yordam koʻrsatish va tushuntirishlar bilan taʼminlaniladigan menyu tizimi orqali tashkil qilishi;
terminalning jismonan joylashishidan qatʼi nazar, aniq vaqt rejimida birja savdolarida qatnashish imkonini yoki savdo ishtirokchilari oʻrtasida axborot almashinuvini taʼminlash;
oʻtkazilgan birja savdolari boʻyicha hisobotlarni mazkur savdolarning elektron bayonnomasi mazmuniga qatʼiy mos keltirgan holda shakllantirish;
birja savdolari jarayonida bajarilayotgan har bir operatsiyaga avtomatik ravishda identifikatsiya raqamini biriktirish va ushbu operatsiyalarni mazkur savdolarning elektron bayonnomasida yuritish.
3. BSETning tarkibida quyidagi maʼlumotlar roʻyxatga olinadigan birja savdolari boʻyicha bajarilgan amallarning hisobini yurituvchi avtomatlashtirilgan (elektron bayonnoma) boʻlishi lozim:
savdoning ochilishi;
savdoning yopilishi;
savdo ishtirokchisini identifikatsiya qilish;
savdo ishtirokchisining tizimga kirish vaqti;
savdo ishtirokchisining tizimdan chiqish vaqti;
savdo ishtirokchisi tomonidan buyurtma berilgan vaqt;
savdo ishtirokchisi buyurtmani qaytarib olgan vaqti;
savdo ishtirokchisi buyurtmani oʻzgartirgan vaqti;
savdo ishtirokchisi bitim tuzgan vaqti;
birja tovarining nomi;
buyurtmadagi birja tovarining miqdori;
birja tovarining narxi.
Yozuvlarni qayd qilish vaqtining formati — yil, oy, kun, soat, daqiqa, soniya.
3-bob. Dasturiy vositaga qoʻyiladigan talablar
4. BSETning dasturiy vositasi litsenziyaviy dasturiy taʼminotdan foydalangan holda va texnik topshiriqqa asosan ishlab chiqilishi hamda ekspluatatsiya qilinishi lozim.
5. Axborotning toʻliq yoki qisman talofati yoʻqolishi va maʼlumotlar bazasi butunligi buzilishini oldini olish maqsadida BSETning dasturiy vositasi foydalanuvchining xatolariga, texnik nosozliklar holatlarida yuzaga keladigan xatolarga hamda maʼlumot bazasi xatolariga foydalanuvchiga uning keyingi xatti-harakatlari koʻrsatilgan axborotni taqdim etgan holda ishlov berilishini taʼminlashi lozim.
6. BSETning dasturiy vositasida quyidagi funksiyalarni taʼminlaydigan dasturlar ishini nazorat qiluvchi modul boʻlishi shart:
foydalanuvchini identifikatsiya qilish (tanib olish), autentifikatsiya qilish (haqiqiyligini tasdiqlash) va avtorizatsiyalash (vakolatlarni oʻzlashtirib olish);
BSET resurslaridan foydalanishni nazorat qilish;
BSETda sodir boʻlayotgan voqealarni roʻyxatga olish va tahlil qilish;
BSET resurslari butunligini nazorat qilish.
7. BSETning dasturiy vositasi quyidagi dasturiy tizimlardan iborat boʻlishi yoki mavjud dasturiy tizimlar bilan elektron tarzda oʻzaro ishlashni taʼminlashi lozim:
savdo tizimi;
kliringni amalga oshirish va hisob-kitoblarni oʻtkazish tizimi;
davlat qimmatli qogʻozlari hisobini yuritish va saqlash tizimi;
axborot-tahlil tizimi;
maʼlumotlarni uzatish tarmoqlari (agar texnologik savdo jarayoni bunday tizim bilan oʻzaro ishlashni koʻzda tutsa).
4-bob. Apparat taʼminotiga qoʻyiladigan talablar
8. Server va aloqa uskunasi quyidagilarni taʼminlashi lozim:
BSETning bir meʼyorda ishlashini taʼminlash uchun yetarli darajadagi ish unumdorligini;
axborotning ortib borayotgan hajmi bilan ishlash imkoniyatlarini.
9. Serverlar diskli toʻplagichlar va “qaynoq almashinuvchi” energiya manbalari bilan taʼminlanishi lozim.
10. Serverning ventilyatsiya tizimi haroratni nazorat qilish imkoniyatiga ega boʻlishi kerak.
11. Uzluksiz taʼminot manbai quvvati server tomonidan talab qilinadigan quvvatga muvofiq tanlanishi va batareya yordamida kamida 30 daqiqalik ish vaqti bilan taʼminlashi va nominal quvvatning koʻpi bilan 75 foizigacha yuklangan boʻlishi lozim.
12. Serverlarda maʼlumotlarning zaxiralanishi diskli toʻplagichlarda, shuningdek maʼlumotlar saqlanadigan tashqi qurilmalarda taʼminlangan boʻlishi lozim.
13. Serverlar maʼlumotlarni oʻzida maxsus tezkor saqlaydigan xotira — xatolarni topib, tuzatish qobiliyatiga ega xotira bilan jihozlangan boʻlishi kerak.
14. Server xonasi alohida joylashgan va undan cheklangan doiradagi shaxslar foydalanishi mumkin boʻlishi, shuningdek xonadagi havo harorati Selsiy boʻyicha 20 — 24 darajada saqlab turilishi lozim.
5-bob. Axborot xavfsizligiga qoʻyiladigan talablar
15. Axborot xavfsizligi axborotni muhofaza qilishning tashkiliy-texnik chora-tadbirlari va dasturiy-apparat vositalaridan iborat tizim bilan taʼminlanishi va quyidagilarni nazarda tutishi lozim:
xodimlar va ishtirokchilarning BSETga kirishi uchun parollarni qoʻllash boʻyicha sxemalar va yoʻriqnomalarni;
BSET axborot resurslari va xizmatlaridan xodimlarning foydalanish bosqichlarini bir-biridan farqlash sxemalarini;
axborotni takrorlash hamda maʼlumotlar nusxalari va joʻnatilgan xabarlarni saqlash texnologiyasi boʻyicha yoʻriqnoma va hujjatlarni;
xodimlarning maxfiy hujjatlarni oshkor qilishi mumkin boʻlgan yoki oshkor qilgan harakatlari uchun javobgarlikni belgilaydigan hujjatlarni;
axborotni muhofaza etishni taʼminlash maqsadida ishtirokchilarning elektron tarzda oʻzaro aloqasida axborot almashinuvi qoidalarini belgilaydigan hujjatlarni.
Savdolarning texnologik jarayoni ishtirokchilar uchun axborot almashinuvi maqsadida uzunligi 1024 bitdan kam boʻlmagan kalitli maʼlumotlarni yagona shifrlash algoritmi qoʻllanilishi lozim.
16. Tashkiliy choralar yuridik shaxslarni BSET dasturiy vositalarini loyihalash, yaratish, ekspluatatsiya qilish va taʼminlashga jalb qilish qoidasini tartibga soluvchi talablar hamda harakatlar roʻyxatidan iborat boʻlishi mumkin.
17. Valyuta birjasi aʼzolarining BSETda axborotni kriptografik muhofaza qilish vositalaridan, shu jumladan, elektron raqamli imzodan foydalangan holda, ish olib borishlari qonunchilik hujjatlarida belgilangan tartibda amalga oshirilishi lozim.
18. BSET dasturiy vositalarining axborot xavfsizligini taʼminlash tizimi xavf-xatar tahdidi hamda ularning normal faoliyat yuritilishining buzilishi bilan bogʻliq sabablar va sharoitlarni oʻz vaqtida aniqlanishini taʼminlaydigan tegishli xavfsizlik siyosati bilan amalga oshirilishi lozim.
6-bob. Elektr taʼminotiga qoʻyiladigan talablar
19. BSETning elektr taʼminoti meʼyorda boʻlishi va elektr taʼminotini zaxiralash maqsadida elektr taʼminotining kamida ikkita fiderlik kirish tarmogʻi mavjud boʻlishi lozim. Ular rezervni avtomatik ishga tushirish qurilmasi orqali elektr taʼminoti tizimiga ulaniladi.
20. Serverxona uzoq vaqt mobaynida elektr bilan taʼminlanmagan holda serverxonadagi muhandislik tizimi va uskunalarning uzluksiz ishlashi dizel generator qurilmasi orqali elektr taʼminoti tarmogʻidan va uzluksiz taʼminot manbai tarmogʻidan taʼminlanishi lozim.
21. Kompyuter, server va telekommunikatsiya uskunalarining uzluksiz elektr bilan taʼminlash uchun maxsus xonada alohida uzluksiz taʼminot manbai nazarda tutilgan boʻlishi lozim. Bunda uzluksiz taʼminot manbai xuddi shunday koʻrinishdagi ikkinchi uzluksiz taʼminot manbaida 100% li zaxiraga ega boʻlishi lozim.
22. Uzluksiz taʼminot manbai kompyuter, server va telekommunikatsiya uskunalarining ish faoliyatini dizel generator qurilmasi toʻliq ishga tushguniga qadar taʼminlashi va nominal quvvatining 75% dan ortmagan holda ishlashi kerak.
7-bob. Tashkiliy talablar
23. BSET uzluksiz ravishda sutkasiga 24 soat mobaynida (ish kunlarida) ishlash imkoniyatini taʼminlashi lozim.
24. Har bir ishtirokchi BSETdan teng shart-sharoitlarda foydalanish huquqiga ega boʻlishi lozim. Ishtirokchilar soni BSET dasturiy vositasi ish unumdorligi yoki dasturiy-apparat tavsiflari bilan cheklanmasligi kerak.
25. Valyuta birjasi savdo ishtirokchilari uchun teng sharoitlar yaratish maqsadida savdo zalidagi terminallar soni yetarli boʻlishini taʼminlashi shart.
Markaziy bank raisi F. MULLAJONOV
Toshkent sh.,
2016-yil 23-aprel,
12/I-son