UzbekAI

← Qonunlar

📅 2016-yil 28-aprel · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi rayosati

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2016 йил 28 апрель · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раёсати

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 28 апреля 2016 г. · Документы министерств и ведомств · Президиума Высшей аттестационной комиссии при Кабинете Министров

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 28 April 2016 · Ministry and agency documents · Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi rayosati

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раёсатининг

Қарори

НИЗОМ

РЎЙХАТИ

Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсати қарор қилади:

1. Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2013 йил 31 январдаги 195/4-сон «Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2444, 2013 йил, 25 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 13-сон, 170-модда);

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2014 йил 26 декабрдаги 211/3-сон «Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2444-1, 2014 йил, 26 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 52-сон, 637-модда);

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2015 йил 20 мартдаги 214/5-сон «Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қарори (рўйхат рақами 2444-2, 2015 йил, 30 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 13-сон, 160-модда).

3. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 2016 йил 28 апрелдаги 224/8-сон қарорига ИЛОВА

Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонуни , Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги ПФ-4958-сон «Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон « Олий таълимдан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида »ги ва 2017 йил 22 майдаги 304-сон « Олий таълимдан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида »ги қарорларига мувофиқ илмий унвонлар бериш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:

илмий унвон — профессор, доцент ва катта илмий ходим илмий мақоми;

талабгор — илмий ва педагогик фаолият олиб бораётган ҳамда илмий унвон олишга даъвогар шахс;

аттестация — талабгорларнинг малакасини тизимли равишда аниқлаш жараёни;

аттестация иши — мазкур Низом ва бошқа тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган талаблар асосида талабгорнинг илмий унвон олиши учун расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами;

илмий иш стажи — шахснинг меҳнат шартномаси (контракт) асосида илмий ходим лавозимларида ишлаган ҳамда таянч докторантура ва докторантурада ўқиган муддати;

педагогик иш стажи — шахснинг меҳнат шартномаси (контракт) асосида олий таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасаларида педагог лавозимларида ишлаган муддати;

ўқув адабиёти — муайян таълим тури, йўналиши ёки мутахассислигининг ўқув режасида белгиланган фанлар бўйича тегишли ўқув дастурлари асосида зарур билимлар мажмуаси келтирилган, ўзлаштириш услублари ёритилган (жумладан, хорижий таржималари) манба;

профессор — тегишли малакавий ва аттестация талабларини бажарган ҳамда профессор илмий унвонига эга бўлган шахс;

доцент — тегишли малакавий ва аттестация талабларини бажарган ҳамда доцент илмий унвонига эга бўлган шахс;

катта илмий ходим — тегишли малакавий ва аттестация талабларини бажарган ҳамда катта илмий ходим илмий унвонига эга бўлган шахс;

профессор, доцент ёки катта илмий ходим аттестати (бундан буён матнда аттестат деб юритилади) — Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси (бундан буён матнда ОАК деб юритилади) Раёсати қарори билан профессор, доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонига эга бўлган шахсларга бериладиган давлат намунасидаги ҳужжат ;

апелляция — илмий унвон бериш ёки илмий унвон беришни рад қилиш ёхуд ундан маҳрум этиш ёки уни тиклаш тўғрисидаги қарорлар юзасидан берилган шикоят тури.

2. Профессор, доцент ва катта илмий ходим илмий унвонлари ихтисослик бўйича берилади.

3. Профессор илмий унвони олий таълим ёки кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим муассасалари (бундан буён матнда таълим муассасаси деб юритилади) ҳамда илмий ташкилотлар ёки унга тенглаштирилган муассасалар ва таълим муассасасининг илмий-тадқиқот тузилмаларида (бундан буён матнда илмий ташкилот деб юритилади), доцент илмий унвони таълим муассасасида, катта илмий ходим илмий унвони илмий ташкилотда самарали илмий-педагогик ва илмий фаолият олиб бораётган, фаннинг муайян соҳасида чуқур касбий билим ҳамда ўз соҳасида муайян ютуқларга эришган юксак маънавиятли шахсларга берилади.

4. Катта илмий ходим илмий унвони ўз мақомига кўра, доцент илмий унвонига тенглаштирилади.

5. Илмий унвон тегишли илмий даражага, магистр даражаси, магистр даражаси жорий этилгунга қадар олинган олий маълумот ёки олий ҳарбий ҳамда ҳарбийлаштирилган таълим дипломига ёки олий маълумотли мутахассис дипломига эга бўлган ёхуд клиник ординатурани тугатган (тиббиёт фанлари учун) шахсларга мазкур Низом талабларига мувофиқ таълим муассасалари кенгашлари ёки илмий ташкилотлар илмий (илмий-техникавий) кенгашлари (бундан буён матнда Кенгаш деб юритилади) тақдимномасига асосан, ОАК Раёсати қарори билан ОАК томонидан берилади . Тақдимнома талабгорнинг асосий иш жойидан берилади.

6. Илмий унвон берилган шахсларга аттестат берилади.

2-боб. Илмий унвон олиш учун қўйиладиган талаблар

1-§. Умумий талаблар

7. Қуйидаги умумий талабларни бажарган шахслар илмий унвонларга талабгор бўлишлари мумкин:

а) илмий лойиҳа, давлат гранти, хўжалик шартномаси ёки бошқа лойиҳалар доирасида илмий натижалар олган;

б) маънавий-маърифий ишларда самарали иштирок этаётган;

в) охирги 2 йил ичида олий таълим ва олий таълимдан кейинги таълим тизимидаги аттестация жараёнида иштирок этган (тақризчи, илмий семинар, илмий даражалар берувчи илмий кенгаш, малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссияси аъзоси, расмий оппонент ва шу каби шаклларда);

г) замонавий ўқитиш усулларини эгаллаган, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда, маъруза курслари ва семинарларни юқори ўқув-услубий ва илмий савияда олиб бораётган (таълим муассасаси мутахассислари учун).

8. Ижтимоий-гуманитар фанлар соҳаларида илмий унвонларга талабгорлар Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлиги, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш ҳамда ижтимоий ривожланишнинг илмий асослари ва амалий йўналишлари фанидан махсус имтиҳон топширадилар.

8 1 . Махсус имтиҳон ОАК томонидан белгиланган муассасаларда ўтказилади.

Махсус имтиҳонни қабул қиладиган муассасада муассаса раҳбарининг буйруғи билан ОАК билан келишилган ҳолда икки йил муддатга махсус имтиҳонни қабул қилиш комиссияси (бундан буён матнда комиссия деб юритилади) тузилади.

Комиссия илмий даражага эга бўлган камида етти нафар аъзодан иборат бўлади. Бунда комиссия аъзолари таркибининг ярмидан кўпини фан доктори илмий даражасига эга бўлган мутахассислар ташкил қилиши лозим.

Комиссия, агар унинг ишида комиссия аъзоларининг камида ярмидан кўпи иштирок этаётган бўлса, имтиҳон қабул қилишга ҳақли ҳисобланади.

8 2 . Махсус имтиҳонни қабул қилиш сессия шаклида февраль, май, ноябрь ва декабрь ойларида белгиланган режа асосида ўтказилади.

8 3 . Махсус имтиҳон саволлари қуйидаги йўналишда тузилади:

биринчи савол — имтиҳон топширувчи фаолият кўрсатаётган соҳада Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти бўйича;

иккинчи савол — Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва методологиясига имтиҳон топширувчи олиб бораётган илмий изланишлар ёки касбий фаолиятининг мувофиқлиги бўйича;

учинчи савол — махсус фан дастури бўйича эркин савол.

Махсус имтиҳон натижаси имтиҳонда иштирок этаётган комиссия аъзоларининг учдан икки қисмининг овози билан «ўтди» ёки «ўтмади» тарзида баҳоланади. Овоз бериш очиқ ва ошкора амалга оширилади.

8 4 . Махсус имтиҳонни муваффақиятли топширган талабгорга ўн кун ичида имтиҳонни муваффақиятли топширганлигини тасдиқловчи ҳужжат берилади. Мазкур ҳужжат комиссия раиси ва ташкилот раҳбари томонидан имзоланади ва беш йил муддатда амал қилади.

9. Талабгор томонидан олиб борилаётган маъруза курслари, илмий ва ўқув-услубий ишлар илмий унвон бериш сўралаётган ихтисосликка мос бўлиши лозим.

10. Талабгор нашр эттирган дарсликлар, ўқув қўлланмалар таълим муассасасининг илмий-услубий кенгаши ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан, бошқа ўқув адабиётлари эса, таълим муассасасининг илмий-услубий кенгаши томонидан педагогик амалиётда фойдаланишга тавсия этилган бўлиши керак.

Доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонига талабгорнинг диссертация ҳимоясидан кейин, шунингдек профессор илмий унвонига талабгорнинг доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонини олгандан кейин нашр эттирган илмий ва ўқув-услубий ишлари бўлиши шарт. Нашр қилинган ишлар бир марта эътиборга олинади.

«Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» танлови республика босқичи ғолибининг фахрий дипломи нашр ишларига эга бўлиш бўйича талабларнинг бажарилганига тенглаштирилади.

Таълим муассасасида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишлари бўйича муваффақиятли фаолият кўрсатаётган мутахассисларнинг ижодий ишлари илмий унвон олиш учун талаб этиладиган илмий мақолаларга ҳамда ижодий ишлари каталоги ўқув қўлланмага тенглаштирилади .

11. Хорижий давлатларнинг олий аттестация органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқароларига берилган илмий унвонлар ҳақидаги ҳужжатлар нострификация қилинмайди. Хорижий давлатларда илмий унвон олган шахслар Ўзбекистон Республикасида мазкур Низом талаблари асосида илмий унвон олишлари мумкин .

2-§. Таълим муассасаси мутахассисларига профессор илмий унвонини бериш

12. Профессор илмий унвони умумий ва қуйидаги талабларни бажариб, таълим муассасасида муваффақиятли фаолият кўрсатаётган мутахассисларга берилади:

а) фан доктори илмий даражасига эга бўлган;

б) илмий унвонга эга бўлган;

в) камида 10 йиллик педагогик ва илмий, жумладан, таълим муассасасида 5 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган;

г) камида бир ўқув йили давомида таълим муассасасининг штатида кафедра мудири, профессор (вазифасини бажарувчи), олий ҳарбий ҳамда ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларида кафедра бошлиғи ўринбосари ёки кафедра бошлиғи лавозимларида ёки ушбу лавозимлардан бирида бир ўқув йили давомида камида 0,25 ставка ўқув юкламасини бажарган ҳолда педагогик фаолият олиб бораётган муассаса ректори (директори, бошлиғи), проректори (директор ўринбосари, бошлиқ ўринбосари), илмий котиби, таълим муассасасининг ўқув-ташкилий тузилмаси (факультет, бўлим) раҳбари лавозимларининг бирида муваффақиятли ишлаб келаётган (лавозимида ижобий ўзгариш бўлган ҳолларда аввалги лавозимида ишлаш муддати ҳам эътиборга олинади);

Ҳар бир билим соҳаси бўйича номинацияларда 1-ўринни эгаллаган «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» танловининг республика босқичи ғолиблари 3 йил мобайнида мазкур кичик банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган тегишли лавозимда вазифани бажариб турувчининг бир йиллик муддатини ўтамасдан профессор илмий унвонини олиш учун ОАКга ҳужжатларини тақдим этиш ҳуқуқига эга;

д) илмий даража олган олий малакали мутахассисни тайёрлаган ёки 10 нафар магистратура талабаси ва 5 нафар бакалавриатура таълим йўналишининг битирувчи талабасига илмий раҳбарлик қилган (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун илмий даража олган 3 нафар олий малакали мутахассисни тайёрлаган ва 5 нафар магистратура талабаси ёхуд давлат стипендиялари танловлари ёки халқаро, республика олимпиадалари ёки танловлари ғолибларини тайёрлаган);

е) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан илмий журналларда камида 5 та мақола, шундан нуфузли хорижий илмий журналларда 2 та мақола чоп эттирган (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан илмий журналларда 10 та мақола, шундан нуфузли хорижий илмий журналларда 2 та мақола чоп эттирган);

ж) педагогик амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиётлари, жумладан диссертация ҳимоясидан кейин таълим турларининг бирида фойдаланилаётган 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда бўлган тақдирда 2 та) ёки таълим муассасаси ўқув дастурларига мос келадиган 2 та ўқув қўлланма нашр эттирган (ўқув қўлланма етарли бўлмаганда белгиланган меъёрдан ташқари нашр эттирилган дарслик ҳам ўқув қўлланма сифатида қабул қилиниши мумкин), шунингдек тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун қўшимча равишда 1 та монография чоп эттирган.

13. Профессор илмий унвони, истисно тариқасида, умумий ва қуйидаги талабларни бажариб, таълим муассасасида муваффақиятли фаолият кўрсатаётган мутахассисларга берилиши мумкин:

а) фалсафа доктори (Doctor of Philosophy), фан номзоди ёки хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражага (бундан буён матнда фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) деб юритилади) эга бўлган;

б) илмий унвонга эга бўлган;

в) камида 10 йиллик педагогик ва илмий, жумладан, таълим муассасасида 5 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган;

г) мазкур Низом 12-бандининг «г» кичик банди талабини бажарган;

д) илмий даража олган олий малакали мутахассис тайёрлаган ва камида 2 нафар магистратура талабасига илмий раҳбарлик қилган ёки 10 нафар магистратура талабаси билан бирга 5 нафар бакалавриатура таълим йўналишининг битирувчи талабасига илмий раҳбарлик қилган ёхуд давлат стипендиялари танловлари ёки халқаро, республика олимпиадалари ёки танловлари ғолибларини тайёрлаган (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун илмий даража олган 3 нафар олий малакали мутахассисни тайёрлаган ва 5 нафар магистратура талабаси ёхуд давлат стипендиялари танловлари ёки халқаро, республика олимпиадалари ёки танловлари ғолибларини тайёрлаган);

е) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан илмий журналларда камида 5 та илмий мақола, шундан нуфузли хорижий илмий журналларда 2 та илмий мақола ҳамда якка муаллифликда монография чоп эттирган;

ж) педагогик амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиётлари, жумладан диссертация ҳимоясидан кейин таълим турларининг бирида фойдаланилаётган 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда бўлган тақдирда 2 та) ва таълим муассасаси ўқув дастурларига мос келадиган якка муаллифликда 3 та ўқув қўлланма нашр эттирган (ўқув қўлланма етарли бўлмаганда белгиланган меъёрдан ташқари нашр эттирилган дарслик ҳам ўқув қўлланма сифатида қабул қилиниши мумкин).

14. Профессор илмий унвони, истисно тариқасида, умумий ва қуйидаги талабларни бажариб, таълим муассасасида маданият, санъат, архитектура, жисмоний тарбия ва спорт йўналишлари бўйича муваффақиятли фаолият кўрсатаётган илмий даражага эга бўлмаган мутахассисларга берилиши мумкин:

а) тегишли олий маълумотга эга бўлган;

б) илмий унвонга эга бўлган;

в) камида 10 йиллик педагогик ва илмий, жумладан таълим муассасасида 5 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган;

г) мазкур Низом 12-бандининг «г» кичик банди талабини бажарган;

д) давлат стипендиялари танловлари ёки халқаро, республика олимпиадалари ёки танловлари ғолибларини тайёрлаган;

е) илмий ва ижодий ишлари бўлган, жумладан илмий журналларда камида 10 та илмий мақола, шундан нуфузли хорижий илмий журналларда 2 та илмий мақола чоп эттирган;

ж) педагогик амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиётлари, жумладан таълим муассасаси ўқув дастурларига мос келадиган 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда бўлган тақдирда 2 та) ёки якка муаллифликда 3 та ўқув қўлланма нашр эттирган (ўқув қўлланма етарли бўлмаганда белгиланган меъёрдан ташқари нашр эттирилган дарслик ҳам ўқув қўлланма сифатида қабул қилиниши мумкин).

15. Профессор илмий унвони, истисно тариқасида, қуйидаги талабларни бажарган мутахассисларга ҳам берилиши мумкин:

а) камида икки ўқув йили давомида таълим муассасасида педагоглик фаолият кўрсатаётган;

б) педагогик амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиёти (адабиётлари) бўлган;

в) илмий мақолалар чоп эттирган;

г) республика ва халқаро танловларда нуфузли ўринларни эгаллаган шогирдларни тайёрлаган;

д) таълим ва амалиёт интеграциясини ривожлантиришга ва баркамол авлодни тарбиялаш ишларига салмоқли ҳисса қўшган;

е) «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ёки «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган ёхуд Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари лауреати бўлган.

15 1 . Профессор илмий унвони истисно тариқасида, таълим муассасасида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишлари бўйича муваффақиятли фаолият кўрсатаётган, қуйидаги талабларни бажарган мутахассисларга ҳам берилиши мумкин:

а) камида икки ўқув йили давомида таълим муассасасида педагогик фаолият кўрсатаётган;

б) ижодий ишлари бўлган;

в) халқаро ва республика миқёсидаги нуфузли кўргазмаларда муносиб иштирок этган;

г) республика ва халқаро танловларда нуфузли ўринларни эгаллаган шогирдларни тайёрлаган;

д) миллий тасвирий ва амалий санъат, дизайн соҳаларини ўзининг йирик асарлари билан бойитган;

е) Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон халқ рассоми, Халқ устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонларига эга бўлган.

3-§. Илмий ташкилот мутахассисларига профессор илмий унвонини бериш

16. Профессор илмий унвони умумий ва қуйидаги талабларни бажариб, илмий ташкилотда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган мутахассисларга берилади:

а) фан доктори илмий даражасига эга бўлган;

б) илмий унвонга эга бўлган;

в) камида 10 йиллик илмий ва педагогик, жумладан илмий ташкилотда 5 йиллик илмий иш стажига эга бўлган;

г) камида бир йил (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун 3 йил) давомида илмий ташкилотнинг штатида давлат гранти раҳбари, илмий-ташкилий тузилма раҳбари, бош илмий ходим, етакчи илмий ходим лавозимларидан бирида ишлаб келаётган ёки ушбу лавозимларда камида 0,25 ставка илмий фаолият олиб бориб, илмий ташкилот раҳбари, раҳбар ўринбосари, илмий котиби лавозимларидан бирида муваффақиятли ишлаётган (лавозимида ижобий ўзгариш бўлган ҳолларда аввалги лавозимида ишлаш муддати ҳам эътиборга олинади);

д) камида 2 нафар илмий даража олган олий малакали мутахассис тайёрлаган ёки 1 нафар илмий даража олган олий малакали мутахассис ва камида 5 нафар магистратура талабаси ёхуд 10 нафар магистратура талабасига илмий раҳбарлик қилган ёки давлат стипендиялари танловлари ёхуд халқаро ёки республика олимпиадалари ёки танловлари ғолибларини тайёрлаган (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун камида 3 нафар илмий даража олган олий малакали мутахассис тайёрлаган ва 5 нафар магистратура талабаси ёхуд клиник ординатура битирувчисига илмий раҳбарлик қилган ёки давлат стипендиялари танловлари ёхуд халқаро ёки республика олимпиадалари ёхуд танловлари ғолибларини тайёрлаган);

е) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан илмий журналларда камида 10 та илмий мақола, шундан нуфузли хорижий журналларда 2 та илмий мақола чоп эттирган ҳамда салмоқли илмий ва илмий-техник натижаларга эришган (монография ёки илмий рисолалар нашр эттирган ёхуд ихтироларга эга бўлган);

ж) таълим жараёнида иштирок этаётган.

17. Профессор илмий унвони, истисно тариқасида, умумий ва қуйидаги талабларни бажариб, илмий ташкилотда муваффақиятли фаолият кўрсатаётган мутахассисларга берилади:

а) фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) илмий даражасига эга бўлган;

б) илмий унвонга эга бўлган;

в) камида 10 йиллик илмий ва педагогик, жумладан илмий ташкилотда 5 йиллик илмий иш стажига эга бўлган;

г) мазкур Низом 16-бандининг «г» кичик банди талабини бажарган;

д) илмий даража олган олий малакали мутахассис тайёрлаган ёки 10 нафар магистратура талабасига илмий раҳбарлик қилган (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун камида 3 нафар илмий даража олган олий малакали мутахассис тайёрлаган ва 5 нафар магистратура талабаси ёхуд клиник ординатура битирувчисига илмий раҳбарлик қилган ёки давлат стипендиялари танловлари ёхуд халқаро ёки республика олимпиадалари ёхуд танловлари ғолибларини тайёрлаган);

е) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан илмий журналларда камида 10 та илмий мақола, шундан нуфузли хорижий илмий журналларда 2 та илмий мақола чоп эттирган ҳамда салмоқли илмий ва илмий-техник натижаларга эришган (монография ва илмий рисолалар нашр эттирган ёхуд ихтироларга эга бўлган);

ж) таълим жараёнида иштирок этаётган;

з) таълим турларининг бирида фойдаланилаётган 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда бўлган тақдирда 2 та) ва таълим муассасаси ўқув дастурларига мос келадиган 2 та ўқув қўлланма нашр эттирган (ўқув қўлланма етарли бўлмаганда белгиланган меъёрдан ташқари нашр эттирилган дарслик ҳам ўқув қўлланма сифатида қабул қилиниши мумкин).

18. Профессор илмий унвони, истисно тариқасида, қуйидаги талабларни бажарган мутахассисларга ҳам берилиши мумкин (мазкур банд тиббиёт соҳасидаги талабгорларга нисбатан татбиқ этилмайди):

а) фан доктори ёки фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) илмий даражасига эга бўлган;

б) камида икки йил давомида илмий ташкилотда илмий фаолият кўрсатаётган;

в) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан йирик илмий иш, монография чоп эттирган, илмий журналларда камида 10 та (шундан нуфузли хорижий илмий журналларда 2 та) илмий мақола чоп эттирган,

г) педагогик амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиёти (адабиётлари) бўлган;

д) салмоқли илмий ва илмий-техник натижаларга эришган, жумладан, олган илмий натижалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда татбиқ этилган;

е) таълим, фан ва амалиёт интеграциясини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва баркамол авлодни тарбиялашга салмоқли ҳисса қўшган.

4-§. Таълим муассасаси мутахассисларига доцент илмий унвонини бериш

19. Доцент илмий унвони умумий ва қуйидаги талабларни бажариб, таълим муассасасида муваффақиятли фаолият кўрсатаётган мутахассисларга берилади:

а) фан доктори ёки фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) илмий даражасига эга бўлган;

б) камида 5 йиллик педагогик ва илмий, жумладан, таълим муассасасида 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган;

в) камида бир ўқув йили давомида таълим муассасасининг штатида кафедра мудири, профессор (вазифасини бажарувчи), доцент (вазифасини бажарувчи) ёки олий ҳарбий ҳамда ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларида катта ўқитувчи, кафедра бошлиғи ўринбосари ёки кафедра бошлиғи ёхуд ушбу лавозимларнинг бирида бир ўқув йили давомида камида 0,25 ставка ўқув юкламасини бажарган ҳолда педагогик фаолият олиб бораётган муассаса ректори (директори, бошлиғи), проректори (директор ўринбосари, бошлиқ ўринбосари), илмий котиби, таълим муассасасининг ўқув-ташкилий тузилмаси (факультет, бўлим) раҳбари лавозимларининг бирида муваффақиятли ишлаб келаётган (лавозимида ижобий ўзгариш бўлган ҳолларда аввалги лавозимида ишлаш муддати ҳам эътиборга олинади);

Ҳар бир билим соҳаси бўйича номинацияларда 1-ўринни эгаллаган «Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги» танловининг республика босқичи ғолиблари 3 йил мобайнида мазкур кичик банднинг биринчи хатбошисида назарда тутилган тегишли лавозимда вазифани бажариб турувчининг бир йиллик муддатини ўтамасдан доцент илмий унвонини олиш учун ОАКга ҳужжатларни тақдим этиш ҳуқуқига эга;

г) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан илмий журналларда камида 3 та илмий мақола чоп эттирган (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан илмий журналларда 5 та илмий мақола, шундан нуфузли хорижий илмий журналларда 1 та мақола чоп эттирган);

д) педагогик амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиётлари, жумладан диссертация ҳимоясидан кейин таълим муассасаси ўқув дастурларига мос келадиган ўқув ёки услубий қўлланма нашр эттирган, шунингдек тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун қўшимча равишда 1 та монография нашр эттирган;

ж) мутахассислик кафедрасида ишлаётган талабгор камида 2 нафар магистратура талабаси ёки 4 нафар бакалавриатура таълим йўналишининг битирувчи талабасига (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун 5 нафар магистратура талабасига)илмий раҳбарлик қилган ёки давлат стипендиялари танловлари ёхуд халқаро ёки республика танловлари ёки мусобақаларининг ғолиблари ёки жамоа (жамоалари)ни тайёрлаган.

20. Доцент илмий унвони истисно тариқасида, мазкур Низомнинг умумий ва қуйидаги талабларни бажарган, илмий даражага эга бўлмаган юқори малакали мутахассисларга (маданият ва санъат назарияси ҳамда тарихи бўйича мутахассисликлар бундан мустасно) берилиши мумкин:

а) тегишли олий маълумотга эга бўлган;

б) камида 5 йиллик педагогик ва илмий, жумладан, таълим муассасасида 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган;

в) мазкур Низом 19-бандининг «в» кичик банди талабини бажарган;

г) илмий-тадқиқот, ижодий ишлари бўлган, жумладан, илмий журналларда камида 3 та илмий мақола чоп эттирган (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун камида 5 та илмий мақола, шундан нуфузли хорижий илмий журналларда 1 та мақола чоп эттирган);

д) педагогик амалиётда фойдаланилаётган ўқув адабиётлари, жумладан таълим турларининг бирида фойдаланилаётган 1 та дарслик (ҳаммуаллифликда бўлган тақдирда 2 та) (маданият, санъат, архитектура, спорт ва жисмоний тарбия йўналишлари бундан мустасно) ҳамда якка муаллифликда 1 та ўқув қўлланма нашр эттирган (ўқув қўлланма бўлмаганда белгиланган меъёрдан ташқари нашр эттирилган дарслик ҳам ўқув қўлланма сифатида қабул қилиниши мумкин), шунингдек тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун қўшимча равишда 1 та монография чоп эттирган;

е) мутахассислик кафедрасида ишлаётган талабгор камида 4 нафар бакалавриатура таълим йўналишининг битирувчи талабасига илмий раҳбарлик қилган ёки давлат стипендиялари танловлари ёхуд халқаро ёки республика олимпиадалари ёки танловлари ғолибларини ёки жамоа (жамоалари)ни тайёрлаган.

5-§. Илмий ташкилот мутахассисларига катта илмий ходим илмий унвонини бериш

21. Катта илмий ходим илмий унвони умумий ва қуйидаги талабларни бажарган мутахассисларга берилади:

а) фан доктори ёки фалсафа доктори (Doctor of Philosophy) илмий даражасига эга бўлган;

б) камида 5 йиллик илмий ва педагогик, жумладан илмий ташкилотда 3 йиллик (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун 5 йиллик) илмий иш стажига эга бўлган;

в) камида бир йил «(тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун 3 йил) давомида илмий ташкилотнинг штатида давлат гранти раҳбари, илмий-ташкилий тузилма раҳбари, бош илмий ходим, етакчи илмий ходим, катта илмий ходим лавозимларидан бирида ишлаб келаётган ёки ушбу лавозимларда камида 0,25 ставка илмий фаолият олиб бориб, илмий ташкилот раҳбари, раҳбар ўринбосари, илмий котиби лавозимларидан бирида муваффақиятли ишлаётган (лавозимида ижобий ўзгариш бўлган ҳолларда аввалги лавозимида ишлаш муддати ҳам эътиборга олинади);

г) диссертация ҳимоясидан кейин илмий ишлар, жумладан илмий журналларда камида 3 та илмий мақола, шундан нуфузли хорижий илмий журналда илмий мақола чоп эттирган (тиббиёт соҳасидаги талабгорлар учун 1 та монография ва камида 5 та илмий мақола, шундан нуфузли хорижий илмий журналларда 1 та илмий мақола чоп эттирган).

22. Илмий даражасиз шахсларга катта илмий ходим илмий унвони берилмайди.

6-§. Ўриндошлик асосида ишлаётган мутахассисларга илмий унвонлар бериш

23. Илмий унвонлар мазкур бобнинг 2 — 5-параграфларида назарда тутилган тегишли лавозимларда камида 0,25 ставка ўриндошлик ёки 240 соатдан кам бўлмаган меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш асосида ишлаётган иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларнинг юқори малакали мутахассисларига мазкур бобнинг 1 — 5-параграфларида белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда берилади. Мазкур қоида асосий иш жойи илмий ва таълим ташкилотларида бўлган мутахассисларга нисбатан татбиқ этилмайди.

24. Тақдимнома талабгорнинг ўриндошлик асосида ишлаётган иш жойидан берилади.

3-боб. Илмий унвонга тақдим этиш

25. Илмий унвонга тақдим этиш бўйича масала қуйидаги ҳолларда Кенгашга киритилади:

доцент ва катта илмий ходим илмий унвонларига — талабгорга илмий даража бериш тўғрисидаги қарор тасдиқланган ёки талабгорнинг илмий даража олгани тўғрисидаги дипломи нострификация қилинган кундан эътиборан камида бир йил ўтгач;

профессор илмий унвонига — талабгор доцент ёки катта илмий ходим илмий унвонини олган кундан эътиборан камида бир йил ўтгач.

26. Талабгорнинг ҳужжатлари Кенгашга, у фаолият олиб бораётган муассасанинг тегишли тузилмаси томонидан кўриб чиқиш учун тақдим этилади.

27. Талабгорнинг ҳужжатлари Кенгаш томонидан икки ой ичида, мазкур Низом 2-бобининг 1 — 5-параграфлари талабларига асосан кўриб чиқилади ва тегишли қарор қабул қилинади. Кўриб чиқиш муддатини ҳисоблашда июль-август ойлари ҳисобга олинмайди.

28. Илмий унвонга тақдим этиш тўғрисидаги Кенгаш қарори яширин овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади. Кенгашнинг илмий унвонга тақдим этиш тўғрисидаги қарори мажлисда иштирок этган Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берсагина қабул қилинган ҳисобланади.

29. Талабгорнинг аттестация иши мазкур Низомнинг иловасидаги рўйхат бўйича Кенгаш томонидан илмий унвонга тақдим этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан 10 кун ичида ОАКга юборилади.

4-боб. Аттестация ишини ОАКда кўриб чиқиш

31. Аттестация иши ОАК томонидан 3 ой ичида кўриб чиқилади. Кўриб чиқиш муддатини ҳисоблашда июль-август ойлари ҳисобга олинмайди.

32. Кенгаш томонидан тақдим этилган аттестация иши ОАКда рўйхатга олинади ва етти кун ичида норматив-техник экспертизадан, унинг натижаси ижобий бўлган тақдирда, илмий экспертизадан ўтказилиб, якуний қарор қабул қилинади. Экспертиза жараёнида ОАКнинг тегишли эксперт кенгаши томонидан аттестация ишининг мазмун-моҳияти ва унинг мазкур Низом талабларига мувофиқлиги илмий экспертизадан ўтказилади.

33. Норматив-техник экспертизадан ўтказиш жараёнида аттестация ишида мазкур Низом талабларига риоя қилинмаганлик ҳолатлари аниқланса, ОАК Тартиб-қоида комиссияси қарори билан аттестация ишини кўриб чиқиш тўхтатилади ва аттестация иши расмий хат билан тегишли Кенгашга қайтариб юборилади. Кенгаш томонидан тегишли камчиликлар бартараф этилганидан сўнг, аттестация иши қайтадан расмийлаштирилиб, кузатув хати орқали ОАКга қайта тақдим этилади.

34. Аттестация иши норматив-техник экспертизадан ўтказилганидан кейин уни ОАКнинг тегишли эксперт кенгаши кўриб чиқади. ОАК Раёсати ОАКнинг тегишли эксперт кенгаши хулосасига асосан, илмий унвон бериш ёки илмий унвон беришни рад қилиш тўғрисида якуний қарор қабул қилади.

35. Талабгор аттестация ишини кўриб чиқиш жараёнининг ҳар қандай босқичида, Кенгашда яширин овоз бериш ўтказилгунга, ОАКда ОАК Раёсатининг якуний қарори қабул қилингунга қадар ишни муҳокамадан олишга ҳақлидир. Аттестация иши талабгорнинг ёзма аризасига асосан, ОАКда муҳокамадан олинганида, бу ҳақда ОАК Раёсати томонидан тегишли қарор қабул қилиниши лозим.

5-боб. Илмий унвонга қайта тақдим этиш

36. ОАКда кўриб чиқилган ва илмий унвон бериш рад қилинган ёки кўриш жараёни тўхтатилган аттестация иши Кенгаш томонидан қуйидаги муддатларда ОАКга қайта тақдим этилиши мумкин:

ОАК Раёсатининг илмий унвон беришни рад қилиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан камида бир йил ўтгач;

ОАК Раёсатининг қарори юзасидан берилган апелляция бўйича рад жавобини бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан камида уч йил ўтгач;

талабгорнинг аризасига асосан муҳокамадан олиниб, кўришдан тўхтатилган аттестация иши бўйича тегишли камчиликлар бартараф этилгандан сўнг.

37. Кенгаш томонидан илмий унвонга қайта тақдим этилганда мазкур Низом талаблари бажарилган ҳамда талабгор янги ўқув-услубий/илмий ишлар нашр эттирган бўлиши шарт.

6-боб. Аттестатларни расмийлаштириш ва бериш

38. ОАК Раёсатининг илмий унвон бериш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради ва бир иш кунида аттестат расмийлаштирилади.

39. Аттестат йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ, ОАК томонидан унинг дубликати берилади.

Илмий унвон берилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарган тақдирда, унинг талаби асосида аттестат янгисига алмаштириб берилади.

7-боб. Илмий унвондан маҳрум этиш ёки уни тиклаш

40. Аттестация иши экспертизадан нохолис ўтказилганда шахс ОАК Раёсатининг қарори асосида илмий унвондан маҳрум этилиши мумкин.

41. Шахсни илмий унвондан маҳрум этиш ёки уни тиклаш бўйича ОАКга ёки тегишли Кенгашга мурожаат қилинади. Бунда манфаатдор шахслар тегишли далиллар (ҳужжатлар)ни ўз мурожаатига илова қилган ҳолда тақдим этиши шарт.

Бундай масала билан ОАКга мурожаат қилинганида, тақдим этилган далиллар ОАКнинг тегишли эксперт кенгаши томонидан муҳокама қилиниб, масалани кўриб чиқиш учун тегишли Кенгашга юборилади.

42. Кенгаш томонидан Кенгаш аъзолари орасидан уч кишилик таркибда комиссия тузилади. Ушбу масала бир ой ичида комиссия томонидан ўрганиб чиқилади ва Кенгашнинг тегишли қарор лойиҳаси тайёрланиб, Кенгаш мажлисида кўриб чиқилади.

Кенгаш мажлиси унда Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кенгаш мажлиси илмий унвондан маҳрум этилаётган шахс иштирокида ўтказилади. Шахс бу ҳақда мажлис ўтказилишидан камида ўн кун олдин огоҳлантирилиши шарт. Агар шахс мажлисга узрсиз сабабларга кўра келмаса ёки мажлисга келишдан бош тортса, Кенгаш томонидан унинг иштирокисиз мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинади. Мазкур шахс узрли сабабларга кўра мажлисга кела олмаслиги ҳақида олдиндан хабар қилганида, Кенгаш мажлиси бошқа кунга ёки бошқа вақтга қолдирилади. Зарур ҳолларда, бошқа мутахассислар Кенгаш мажлисига таклиф этилиши мумкин.

43. Кенгашнинг илмий унвондан маҳрум этиш ёки уни тиклаш тўғрисидаги қарори яширин овоз беришда иштирок этган Кенгаш аъзоларининг камида учдан икки қисми томонидан ёқлаб овоз берилган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади.

Кенгаш томонидан Кенгаш қарори, Кенгаш мажлиси баённомаси ҳамда тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, 10 кун ичида ОАКга юборилади.

44. Кенгаш томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ОАКнинг тегишли эксперт кенгашида муҳокама қилинади ва тегишли тавсия қабул қилинади. Кенгашнинг илмий унвондан маҳрум этиш ёки уни тиклаш тўғрисидаги қарори ҳамда ОАКнинг тегишли эксперт кенгашининг тавсияси ОАК Раёсатида кўриб чиқилиб, якуний қарор қабул қилинади.

45. ОАК Раёсатининг илмий унвон бериш тўғрисидаги қарори ўн йил олдин қабул қилинган бўлса, илмий унвондан маҳрум этиш масаласи кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

46. Кенгаш мурожаатномасига асосан, илмий унвондан маҳрум этилган шахснинг илмий унвони ушбу Кенгашнинг мурожаатномасига мувофиқ, ОАК Раёсати қарори билан тикланиши мумкин.

8-боб. Апелляцияни кўриб чиқиш

47. Манфаатдор шахслар илмий унвон бериш ёки илмий унвон беришни рад қилиш тўғрисидаги ОАК Раёсати ёки Кенгаш қарори юзасидан у қабул қилинган кундан эътиборан икки ой ичида ОАКга апелляция беришлари мумкин.

48. Апелляция Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунида белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

49. ОАК Раёсати ёки Кенгаш қарори юзасидан берилган апелляция ОАК Тартиб-қоида комиссияси томонидан кўриб чиқилади. ОАК Тартиб-қоида комиссияси апелляцияни кўриб чиқишни ОАКнинг тегишли эксперт кенгашига топшириши мумкин. Зарур ҳолларда, мазкур масалани кўриб чиқишнинг аввалги босқичларида иштирок этмаган мутахассис-олимлардан иборат Апелляция комиссияси тузилади.

50. ОАК Раёсати томонидан ОАК Тартиб-қоида комиссияси, ОАКнинг тегишли эксперт кенгаши ёки Апелляция комиссияси хулосаси кўриб чиқилади ва апелляция бўйича тегишли якуний қарор қабул қилинади.

51. Апелляция бўйича қабул қилинган ОАК Раёсатининг якуний қарори беш иш куни ичида апелляция берган шахсларга, шунингдек Кенгашга тақдим қилинади.

9-боб. Якуний қоида

52. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан келишилган.

Илмий унвонлар бериш тартиби тўғрисидаги низомга ИЛОВА

Илмий унвон олиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатлар

1. Муассаса раҳбари томонидан имзоланган муассаса бланкидаги йўлланма хат.

2. Илмий унвон талабгорининг фаолияти бўйича маълумотнома.

3. Илмий унвон талабгори тўғрисидаги объектив-маълумотнома.

5. Ижтимоий-гуманитар фанлар соҳаларида фаолият олиб бораётган илмий унвон талабгори учун махсус имтиҳон топширганлиги ҳақидаги ҳужжат.

6. Илмий ва педагогик лавозимларда ишлагани ҳақида меҳнат дафтарчасининг иш жойидан тасдиқланган нусхаси.

7. Илмий ва илмий-услубий ишларнинг илмий унвон талабгори томонидан имзоланиб, иш жойидан тасдиқланган рўйхати (ҳаммуаллифларнинг ёзма розилиги илова қилинади).

8. Илмий унвон талабгорининг диссертация автореферати, ҳимоядан кейинги асосий илмий ва ўқув-услубий ишларининг нусхаси.

Олий аттестация комиссияси раиси А. ЮСУПОВ

Маданият ва спорт ишлари вазири Б. АХМЕДОВ

Олий ва ўрта махсус таълим вазири А. ВАХОБОВ

Соғлиқни сақлаш вазири А. АЛИМОВ

Халқ таълими вазири У. ИНОЯТОВ

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ш. ТЕШАЕВ

Ташқи ишлар вазири А. КАМИЛОВ

Фанлар академияси президенти в.в.б. С. ЛУТПУЛЛАЕВ

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ижро аппарати раҳбари О. ПАРПИЕВ

Тошкент ш.,

2016 йил 28 апрель,

2016 йил 31 март

2016 йил 31 март

2016 йил 31 март

2016 йил 31 март

2016 йил 31 март

2016 йил 31 март

2016 йил 31 март

2016 йил 31 март

224/8-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 22-сон, 260-модда, 39-сон, 465-модда; 2017 й., 25-сон, 570-модда, 37-сон, 1020-модда, Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.12.2017 й., 10/17/2793-4/0479-сон; 16.07.2018 й., 10/18/2793-5/1511-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 04.05.2021 й., 10/21/2793-6/0405-сон; 24.01.2022 й., 10/22/2793-7/0065-сон, 07.03.2022 й., 10/22/2793-8/0184-сон; 13.02.2024 й., 10/24/3495/0122-сон; 19.08.2024 й., 10/24/3552/0630-сон; 18.09.2026 й., 10/26/3942/0953-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi rayosatining

Qarori

NIZOM

ROʻYXATI

Ilmiy unvonlar berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 28-dekabrdagi 365-son “Oliy oʻquv yurtidan keyingi taʼlim hamda oliy malakali ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlarni attestatsiyadan oʻtkazish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida”gi qaroriga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi Rayosati qaror qiladi:

1. Ilmiy unvonlar berish tartibi toʻgʻrisidagi nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Quyidagilar oʻz kuchini yoʻqotgan deb hisoblansin:

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi Rayosatining 2013-yil 31-yanvardagi 195/4-son “Ilmiy unvonlar berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomni tasdiqlash haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2444, 2013-yil, 25-mart) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2013-y., 13-son, 170-modda);

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi Rayosatining 2014-yil 26-dekabrdagi 211/3-son “Ilmiy unvonlar berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga qoʻshimchalar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2444-1, 2014-yil, 26-dekabr) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2014-y., 52-son, 637-modda);

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi Rayosatining 2015-yil 20-martdagi 214/5-son “Ilmiy unvonlar berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga qoʻshimchalar kiritish haqida”gi qarori (roʻyxat raqami 2444-2, 2015-yil, 30-mart) (Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2015-y., 13-son, 160-modda).

3. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi Rayosatining 2016-yil 28-apreldagi 224/8-son qaroriga ILOVA

Ilmiy unvonlar berish tartibi toʻgʻrisidagi

Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuni , Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining 2017-yil 16-fevraldagi PF-4958-son “Oliy oʻquv yurtidan keyingi taʼlim tizimini yanada takomillashtirish toʻgʻrisida”gi Farmoni hamda Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining 2012-yil 28-dekabrdagi 365-son “ Oliy taʼlimdan keyingi taʼlim hamda oliy malakali ilmiy va ilmiy-pedagog kadrlarni attestatsiyadan oʻtkazish tizimini takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi va 2017-yil 22-maydagi 304-son “ Oliy taʼlimdan keyingi taʼlim tizimini yanada takomillashtirish chora-tadbirlari toʻgʻrisida ”gi qarorlariga muvofiq ilmiy unvonlar berish tartibini belgilaydi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Mazkur Nizomda quyidagi asosiy tushunchalardan foydalaniladi:

ilmiy unvon — professor, dotsent va katta ilmiy xodim ilmiy maqomi;

talabgor — ilmiy va pedagogik faoliyat olib borayotgan hamda ilmiy unvon olishga daʼvogar shaxs;

attestatsiya — talabgorlarning malakasini tizimli ravishda aniqlash jarayoni;

attestatsiya ishi — mazkur Nizom va boshqa tegishli normativ-huquqiy hujjatlarda nazarda tutilgan talablar asosida talabgorning ilmiy unvon olishi uchun rasmiylashtirilgan hujjatlar toʻplami;

ilmiy ish staji — shaxsning mehnat shartnomasi (kontrakt) asosida ilmiy xodim lavozimlarida ishlagan hamda tayanch doktorantura va doktoranturada oʻqigan muddati;

pedagogik ish staji — shaxsning mehnat shartnomasi (kontrakt) asosida oliy taʼlim, kadrlar malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash taʼlim muassasalarida pedagog lavozimlarida ishlagan muddati;

oʻquv adabiyoti — muayyan taʼlim turi, yoʻnalishi yoki mutaxassisligining oʻquv rejasida belgilangan fanlar boʻyicha tegishli oʻquv dasturlari asosida zarur bilimlar majmuasi keltirilgan, oʻzlashtirish uslublari yoritilgan (jumladan, xorijiy tarjimalari) manba;

professor — tegishli malakaviy va attestatsiya talablarini bajargan hamda professor ilmiy unvoniga ega boʻlgan shaxs;

dotsent — tegishli malakaviy va attestatsiya talablarini bajargan hamda dotsent ilmiy unvoniga ega boʻlgan shaxs;

katta ilmiy xodim — tegishli malakaviy va attestatsiya talablarini bajargan hamda katta ilmiy xodim ilmiy unvoniga ega boʻlgan shaxs;

professor, dotsent yoki katta ilmiy xodim attestati (bundan buyon matnda attestat deb yuritiladi) — Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasi (bundan buyon matnda OAK deb yuritiladi) Rayosati qarori bilan professor, dotsent yoki katta ilmiy xodim ilmiy unvoniga ega boʻlgan shaxslarga beriladigan davlat namunasidagi hujjat ;

apellyatsiya — ilmiy unvon berish yoki ilmiy unvon berishni rad qilish yoxud undan mahrum etish yoki uni tiklash toʻgʻrisidagi qarorlar yuzasidan berilgan shikoyat turi.

2. Professor, dotsent va katta ilmiy xodim ilmiy unvonlari ixtisoslik boʻyicha beriladi.

3. Professor ilmiy unvoni oliy taʼlim yoki kadrlar malakasini oshirish va ularni qayta tayyorlash taʼlim muassasalari (bundan buyon matnda taʼlim muassasasi deb yuritiladi) hamda ilmiy tashkilotlar yoki unga tenglashtirilgan muassasalar va taʼlim muassasasining ilmiy-tadqiqot tuzilmalarida (bundan buyon matnda ilmiy tashkilot deb yuritiladi), dotsent ilmiy unvoni taʼlim muassasasida, katta ilmiy xodim ilmiy unvoni ilmiy tashkilotda samarali ilmiy-pedagogik va ilmiy faoliyat olib borayotgan, fanning muayyan sohasida chuqur kasbiy bilim hamda oʻz sohasida muayyan yutuqlarga erishgan yuksak maʼnaviyatli shaxslarga beriladi.

4. Katta ilmiy xodim ilmiy unvoni oʻz maqomiga koʻra, dotsent ilmiy unvoniga tenglashtiriladi.

5. Ilmiy unvon tegishli ilmiy darajaga, magistr darajasi, magistr darajasi joriy etilgunga qadar olingan oliy maʼlumot yoki oliy harbiy hamda harbiylashtirilgan taʼlim diplomiga yoki oliy maʼlumotli mutaxassis diplomiga ega boʻlgan yoxud klinik ordinaturani tugatgan (tibbiyot fanlari uchun) shaxslarga mazkur Nizom talablariga muvofiq taʼlim muassasalari kengashlari yoki ilmiy tashkilotlar ilmiy (ilmiy-texnikaviy) kengashlari (bundan buyon matnda Kengash deb yuritiladi) taqdimnomasiga asosan, OAK Rayosati qarori bilan OAK tomonidan beriladi . Taqdimnoma talabgorning asosiy ish joyidan beriladi.

6. Ilmiy unvon berilgan shaxslarga attestat beriladi.

2-bob. Ilmiy unvon olish uchun qoʻyiladigan talablar

1-§. Umumiy talablar

7. Quyidagi umumiy talablarni bajargan shaxslar ilmiy unvonlarga talabgor boʻlishlari mumkin:

a) ilmiy loyiha, davlat granti, xoʻjalik shartnomasi yoki boshqa loyihalar doirasida ilmiy natijalar olgan;

b) maʼnaviy-maʼrifiy ishlarda samarali ishtirok etayotgan;

v) oxirgi 2 yil ichida oliy taʼlim va oliy taʼlimdan keyingi taʼlim tizimidagi attestatsiya jarayonida ishtirok etgan (taqrizchi, ilmiy seminar, ilmiy darajalar beruvchi ilmiy kengash, malakaviy imtihonlarni qabul qilish komissiyasi aʼzosi, rasmiy opponent va shu kabi shakllarda);

g) zamonaviy oʻqitish usullarini egallagan, zamonaviy pedagogik va axborot-kommunikatsiya texnologiyalaridan foydalangan holda, maʼruza kurslari va seminarlarni yuqori oʻquv-uslubiy va ilmiy saviyada olib borayotgan (taʼlim muassasasi mutaxassislari uchun).

8. Ijtimoiy-gumanitar fanlar sohalarida ilmiy unvonlarga talabgorlar Davlat va jamiyat qurilishi tizimini takomillashtirish, qonun ustuvorligi, iqtisodiyotni rivojlantirish va liberallashtirish hamda ijtimoiy rivojlanishning ilmiy asoslari va amaliy yoʻnalishlari fanidan maxsus imtihon topshiradilar.

8 1 . Maxsus imtihon OAK tomonidan belgilangan muassasalarda oʻtkaziladi.

Maxsus imtihonni qabul qiladigan muassasada muassasa rahbarining buyrugʻi bilan OAK bilan kelishilgan holda ikki yil muddatga maxsus imtihonni qabul qilish komissiyasi (bundan buyon matnda komissiya deb yuritiladi) tuziladi.

Komissiya ilmiy darajaga ega boʻlgan kamida yetti nafar aʼzodan iborat boʻladi. Bunda komissiya aʼzolari tarkibining yarmidan koʻpini fan doktori ilmiy darajasiga ega boʻlgan mutaxassislar tashkil qilishi lozim.

Komissiya, agar uning ishida komissiya aʼzolarining kamida yarmidan koʻpi ishtirok etayotgan boʻlsa, imtihon qabul qilishga haqli hisoblanadi.

8 2 . Maxsus imtihonni qabul qilish sessiya shaklida fevral, may, noyabr va dekabr oylarida belgilangan reja asosida oʻtkaziladi.

8 3 . Maxsus imtihon savollari quyidagi yoʻnalishda tuziladi:

birinchi savol — imtihon topshiruvchi faoliyat koʻrsatayotgan sohada Oʻzbekiston Respublikasini yanada rivojlantirish boʻyicha Harakatlar strategiyasining mazmun-mohiyati boʻyicha;

ikkinchi savol — Oʻzbekiston Respublikasini yanada rivojlantirish boʻyicha Harakatlar strategiyasi va metodologiyasiga imtihon topshiruvchi olib borayotgan ilmiy izlanishlar yoki kasbiy faoliyatining muvofiqligi boʻyicha;

uchinchi savol — maxsus fan dasturi boʻyicha erkin savol.

Maxsus imtihon natijasi imtihonda ishtirok etayotgan komissiya aʼzolarining uchdan ikki qismining ovozi bilan “oʻtdi” yoki “oʻtmadi” tarzida baholanadi. Ovoz berish ochiq va oshkora amalga oshiriladi.

8 4 . Maxsus imtihonni muvaffaqiyatli topshirgan talabgorga oʻn kun ichida imtihonni muvaffaqiyatli topshirganligini tasdiqlovchi hujjat beriladi. Mazkur hujjat komissiya raisi va tashkilot rahbari tomonidan imzolanadi va besh yil muddatda amal qiladi.

9. Talabgor tomonidan olib borilayotgan maʼruza kurslari, ilmiy va oʻquv-uslubiy ishlar ilmiy unvon berish soʻralayotgan ixtisoslikka mos boʻlishi lozim.

10. Talabgor nashr ettirgan darsliklar, oʻquv qoʻllanmalar taʼlim muassasasining ilmiy-uslubiy kengashi hamda tegishli vazirlik va idoralar tomonidan, boshqa oʻquv adabiyotlari esa, taʼlim muassasasining ilmiy-uslubiy kengashi tomonidan pedagogik amaliyotda foydalanishga tavsiya etilgan boʻlishi kerak.

Dotsent yoki katta ilmiy xodim ilmiy unvoniga talabgorning dissertatsiya himoyasidan keyin, shuningdek professor ilmiy unvoniga talabgorning dotsent yoki katta ilmiy xodim ilmiy unvonini olgandan keyin nashr ettirgan ilmiy va oʻquv-uslubiy ishlari boʻlishi shart. Nashr qilingan ishlar bir marta eʼtiborga olinadi.

“Oliy taʼlim muassasasining eng yaxshi pedagogi” tanlovi respublika bosqichi gʻolibining faxriy diplomi nashr ishlariga ega boʻlish boʻyicha talablarning bajarilganiga tenglashtiriladi.

Taʼlim muassasasida tasviriy va amaliy sanʼat hamda dizayn yoʻnalishlari boʻyicha muvaffaqiyatli faoliyat koʻrsatayotgan mutaxassislarning ijodiy ishlari ilmiy unvon olish uchun talab etiladigan ilmiy maqolalarga hamda ijodiy ishlari katalogi oʻquv qoʻllanmaga tenglashtiriladi .

11. Xorijiy davlatlarning oliy attestatsiya organlari tomonidan Oʻzbekiston Respublikasi fuqarolari, fuqaroligi boʻlmagan shaxslar va Oʻzbekiston Respublikasida doimiy yashab va ishlab turgan chet el fuqarolariga berilgan ilmiy unvonlar haqidagi hujjatlar nostrifikatsiya qilinmaydi. Xorijiy davlatlarda ilmiy unvon olgan shaxslar Oʻzbekiston Respublikasida mazkur Nizom talablari asosida ilmiy unvon olishlari mumkin .

2-§. Taʼlim muassasasi mutaxassislariga professor ilmiy unvonini berish

12. Professor ilmiy unvoni umumiy va quyidagi talablarni bajarib, taʼlim muassasasida muvaffaqiyatli faoliyat koʻrsatayotgan mutaxassislarga beriladi:

a) fan doktori ilmiy darajasiga ega boʻlgan;

b) ilmiy unvonga ega boʻlgan;

v) kamida 10 yillik pedagogik va ilmiy, jumladan, taʼlim muassasasida 5 yillik pedagogik ish stajiga ega boʻlgan;

g) kamida bir oʻquv yili davomida taʼlim muassasasining shtatida kafedra mudiri, professor (vazifasini bajaruvchi), oliy harbiy hamda harbiylashtirilgan taʼlim muassasalarida kafedra boshligʻi oʻrinbosari yoki kafedra boshligʻi lavozimlarida yoki ushbu lavozimlardan birida bir oʻquv yili davomida kamida 0,25 stavka oʻquv yuklamasini bajargan holda pedagogik faoliyat olib borayotgan muassasa rektori (direktori, boshligʻi), prorektori (direktor oʻrinbosari, boshliq oʻrinbosari), ilmiy kotibi, taʼlim muassasasining oʻquv-tashkiliy tuzilmasi (fakultet, boʻlim) rahbari lavozimlarining birida muvaffaqiyatli ishlab kelayotgan (lavozimida ijobiy oʻzgarish boʻlgan hollarda avvalgi lavozimida ishlash muddati ham eʼtiborga olinadi);

Har bir bilim sohasi boʻyicha nominatsiyalarda 1-oʻrinni egallagan “Oliy taʼlim muassasasining eng yaxshi pedagogi” tanlovining respublika bosqichi gʻoliblari 3 yil mobaynida mazkur kichik bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan tegishli lavozimda vazifani bajarib turuvchining bir yillik muddatini oʻtamasdan professor ilmiy unvonini olish uchun OAKga hujjatlarini taqdim etish huquqiga ega;

d) ilmiy daraja olgan oliy malakali mutaxassisni tayyorlagan yoki 10 nafar magistratura talabasi va 5 nafar bakalavriatura taʼlim yoʻnalishining bitiruvchi talabasiga ilmiy rahbarlik qilgan (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun ilmiy daraja olgan 3 nafar oliy malakali mutaxassisni tayyorlagan va 5 nafar magistratura talabasi yoxud davlat stipendiyalari tanlovlari yoki xalqaro, respublika olimpiadalari yoki tanlovlari gʻoliblarini tayyorlagan);

e) dissertatsiya himoyasidan keyin ilmiy ishlar, jumladan ilmiy jurnallarda kamida 5 ta maqola, shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnallarda 2 ta maqola chop ettirgan (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun dissertatsiya himoyasidan keyin ilmiy ishlar, jumladan ilmiy jurnallarda 10 ta maqola, shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnallarda 2 ta maqola chop ettirgan);

j) pedagogik amaliyotda foydalanilayotgan oʻquv adabiyotlari, jumladan dissertatsiya himoyasidan keyin taʼlim turlarining birida foydalanilayotgan 1 ta darslik (hammualliflikda boʻlgan taqdirda 2 ta) yoki taʼlim muassasasi oʻquv dasturlariga mos keladigan 2 ta oʻquv qoʻllanma nashr ettirgan (oʻquv qoʻllanma yetarli boʻlmaganda belgilangan meʼyordan tashqari nashr ettirilgan darslik ham oʻquv qoʻllanma sifatida qabul qilinishi mumkin), shuningdek tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun qoʻshimcha ravishda 1 ta monografiya chop ettirgan.

13. Professor ilmiy unvoni, istisno tariqasida, umumiy va quyidagi talablarni bajarib, taʼlim muassasasida muvaffaqiyatli faoliyat koʻrsatayotgan mutaxassislarga berilishi mumkin:

a) falsafa doktori (Doctor of Philosophy), fan nomzodi yoki xorijiy davlatlarda berilgan falsafa doktori (Doctor of Philosophy) yoki unga tenglashtirilgan boshqa ilmiy darajaga (bundan buyon matnda falsafa doktori (Doctor of Philosophy) deb yuritiladi) ega boʻlgan;

b) ilmiy unvonga ega boʻlgan;

v) kamida 10 yillik pedagogik va ilmiy, jumladan, taʼlim muassasasida 5 yillik pedagogik ish stajiga ega boʻlgan;

g) mazkur Nizom 12-bandining “g” kichik bandi talabini bajargan;

d) ilmiy daraja olgan oliy malakali mutaxassis tayyorlagan va kamida 2 nafar magistratura talabasiga ilmiy rahbarlik qilgan yoki 10 nafar magistratura talabasi bilan birga 5 nafar bakalavriatura taʼlim yoʻnalishining bitiruvchi talabasiga ilmiy rahbarlik qilgan yoxud davlat stipendiyalari tanlovlari yoki xalqaro, respublika olimpiadalari yoki tanlovlari gʻoliblarini tayyorlagan (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun ilmiy daraja olgan 3 nafar oliy malakali mutaxassisni tayyorlagan va 5 nafar magistratura talabasi yoxud davlat stipendiyalari tanlovlari yoki xalqaro, respublika olimpiadalari yoki tanlovlari gʻoliblarini tayyorlagan);

e) dissertatsiya himoyasidan keyin ilmiy ishlar, jumladan ilmiy jurnallarda kamida 5 ta ilmiy maqola, shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnallarda 2 ta ilmiy maqola hamda yakka mualliflikda monografiya chop ettirgan;

j) pedagogik amaliyotda foydalanilayotgan oʻquv adabiyotlari, jumladan dissertatsiya himoyasidan keyin taʼlim turlarining birida foydalanilayotgan 1 ta darslik (hammualliflikda boʻlgan taqdirda 2 ta) va taʼlim muassasasi oʻquv dasturlariga mos keladigan yakka mualliflikda 3 ta oʻquv qoʻllanma nashr ettirgan (oʻquv qoʻllanma yetarli boʻlmaganda belgilangan meʼyordan tashqari nashr ettirilgan darslik ham oʻquv qoʻllanma sifatida qabul qilinishi mumkin).

14. Professor ilmiy unvoni, istisno tariqasida, umumiy va quyidagi talablarni bajarib, taʼlim muassasasida madaniyat, sanʼat, arxitektura, jismoniy tarbiya va sport yoʻnalishlari boʻyicha muvaffaqiyatli faoliyat koʻrsatayotgan ilmiy darajaga ega boʻlmagan mutaxassislarga berilishi mumkin:

a) tegishli oliy maʼlumotga ega boʻlgan;

b) ilmiy unvonga ega boʻlgan;

v) kamida 10 yillik pedagogik va ilmiy, jumladan taʼlim muassasasida 5 yillik pedagogik ish stajiga ega boʻlgan;

g) mazkur Nizom 12-bandining “g” kichik bandi talabini bajargan;

d) davlat stipendiyalari tanlovlari yoki xalqaro, respublika olimpiadalari yoki tanlovlari gʻoliblarini tayyorlagan;

e) ilmiy va ijodiy ishlari boʻlgan, jumladan ilmiy jurnallarda kamida 10 ta ilmiy maqola, shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnallarda 2 ta ilmiy maqola chop ettirgan;

j) pedagogik amaliyotda foydalanilayotgan oʻquv adabiyotlari, jumladan taʼlim muassasasi oʻquv dasturlariga mos keladigan 1 ta darslik (hammualliflikda boʻlgan taqdirda 2 ta) yoki yakka mualliflikda 3 ta oʻquv qoʻllanma nashr ettirgan (oʻquv qoʻllanma yetarli boʻlmaganda belgilangan meʼyordan tashqari nashr ettirilgan darslik ham oʻquv qoʻllanma sifatida qabul qilinishi mumkin).

15. Professor ilmiy unvoni, istisno tariqasida, quyidagi talablarni bajargan mutaxassislarga ham berilishi mumkin:

a) kamida ikki oʻquv yili davomida taʼlim muassasasida pedagoglik faoliyat koʻrsatayotgan;

b) pedagogik amaliyotda foydalanilayotgan oʻquv adabiyoti (adabiyotlari) boʻlgan;

v) ilmiy maqolalar chop ettirgan;

g) respublika va xalqaro tanlovlarda nufuzli oʻrinlarni egallagan shogirdlarni tayyorlagan;

d) taʼlim va amaliyot integratsiyasini rivojlantirishga va barkamol avlodni tarbiyalash ishlariga salmoqli hissa qoʻshgan;

e) “Oʻzbekiston Qahramoni” unvoni yoki “Buyuk xizmatlari uchun” ordeni bilan mukofotlangan yoxud Oʻzbekiston Respublikasining fan va texnika, adabiyot, sanʼat va meʼmorchilik sohasidagi Davlat mukofotlari laureati boʻlgan.

15 1 . Professor ilmiy unvoni istisno tariqasida, taʼlim muassasasida tasviriy va amaliy sanʼat hamda dizayn yoʻnalishlari boʻyicha muvaffaqiyatli faoliyat koʻrsatayotgan, quyidagi talablarni bajargan mutaxassislarga ham berilishi mumkin:

a) kamida ikki oʻquv yili davomida taʼlim muassasasida pedagogik faoliyat koʻrsatayotgan;

b) ijodiy ishlari boʻlgan;

v) xalqaro va respublika miqyosidagi nufuzli koʻrgazmalarda munosib ishtirok etgan;

g) respublika va xalqaro tanlovlarda nufuzli oʻrinlarni egallagan shogirdlarni tayyorlagan;

d) milliy tasviriy va amaliy sanʼat, dizayn sohalarini oʻzining yirik asarlari bilan boyitgan;

e) Oʻzbekiston Badiiy akademiyasi akademigi, Oʻzbekiston xalq rassomi, Xalq ustasi, Oʻzbekistonda xizmat koʻrsatgan sanʼat arbobi unvonlariga ega boʻlgan.

3-§. Ilmiy tashkilot mutaxassislariga professor ilmiy unvonini berish

16. Professor ilmiy unvoni umumiy va quyidagi talablarni bajarib, ilmiy tashkilotda muvaffaqiyatli faoliyat koʻrsatayotgan mutaxassislarga beriladi:

a) fan doktori ilmiy darajasiga ega boʻlgan;

b) ilmiy unvonga ega boʻlgan;

v) kamida 10 yillik ilmiy va pedagogik, jumladan ilmiy tashkilotda 5 yillik ilmiy ish stajiga ega boʻlgan;

g) kamida bir yil (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun 3 yil) davomida ilmiy tashkilotning shtatida davlat granti rahbari, ilmiy-tashkiliy tuzilma rahbari, bosh ilmiy xodim, yetakchi ilmiy xodim lavozimlaridan birida ishlab kelayotgan yoki ushbu lavozimlarda kamida 0,25 stavka ilmiy faoliyat olib borib, ilmiy tashkilot rahbari, rahbar oʻrinbosari, ilmiy kotibi lavozimlaridan birida muvaffaqiyatli ishlayotgan (lavozimida ijobiy oʻzgarish boʻlgan hollarda avvalgi lavozimida ishlash muddati ham eʼtiborga olinadi);

d) kamida 2 nafar ilmiy daraja olgan oliy malakali mutaxassis tayyorlagan yoki 1 nafar ilmiy daraja olgan oliy malakali mutaxassis va kamida 5 nafar magistratura talabasi yoxud 10 nafar magistratura talabasiga ilmiy rahbarlik qilgan yoki davlat stipendiyalari tanlovlari yoxud xalqaro yoki respublika olimpiadalari yoki tanlovlari gʻoliblarini tayyorlagan (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun kamida 3 nafar ilmiy daraja olgan oliy malakali mutaxassis tayyorlagan va 5 nafar magistratura talabasi yoxud klinik ordinatura bitiruvchisiga ilmiy rahbarlik qilgan yoki davlat stipendiyalari tanlovlari yoxud xalqaro yoki respublika olimpiadalari yoxud tanlovlari gʻoliblarini tayyorlagan);

e) dissertatsiya himoyasidan keyin ilmiy ishlar, jumladan ilmiy jurnallarda kamida 10 ta ilmiy maqola, shundan nufuzli xorijiy jurnallarda 2 ta ilmiy maqola chop ettirgan hamda salmoqli ilmiy va ilmiy-texnik natijalarga erishgan (monografiya yoki ilmiy risolalar nashr ettirgan yoxud ixtirolarga ega boʻlgan);

j) taʼlim jarayonida ishtirok etayotgan.

17. Professor ilmiy unvoni, istisno tariqasida, umumiy va quyidagi talablarni bajarib, ilmiy tashkilotda muvaffaqiyatli faoliyat koʻrsatayotgan mutaxassislarga beriladi:

a) falsafa doktori (Doctor of Philosophy) ilmiy darajasiga ega boʻlgan;

b) ilmiy unvonga ega boʻlgan;

v) kamida 10 yillik ilmiy va pedagogik, jumladan ilmiy tashkilotda 5 yillik ilmiy ish stajiga ega boʻlgan;

g) mazkur Nizom 16-bandining “g” kichik bandi talabini bajargan;

d) ilmiy daraja olgan oliy malakali mutaxassis tayyorlagan yoki 10 nafar magistratura talabasiga ilmiy rahbarlik qilgan (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun kamida 3 nafar ilmiy daraja olgan oliy malakali mutaxassis tayyorlagan va 5 nafar magistratura talabasi yoxud klinik ordinatura bitiruvchisiga ilmiy rahbarlik qilgan yoki davlat stipendiyalari tanlovlari yoxud xalqaro yoki respublika olimpiadalari yoxud tanlovlari gʻoliblarini tayyorlagan);

e) dissertatsiya himoyasidan keyin ilmiy ishlar, jumladan ilmiy jurnallarda kamida 10 ta ilmiy maqola, shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnallarda 2 ta ilmiy maqola chop ettirgan hamda salmoqli ilmiy va ilmiy-texnik natijalarga erishgan (monografiya va ilmiy risolalar nashr ettirgan yoxud ixtirolarga ega boʻlgan);

j) taʼlim jarayonida ishtirok etayotgan;

z) taʼlim turlarining birida foydalanilayotgan 1 ta darslik (hammualliflikda boʻlgan taqdirda 2 ta) va taʼlim muassasasi oʻquv dasturlariga mos keladigan 2 ta oʻquv qoʻllanma nashr ettirgan (oʻquv qoʻllanma yetarli boʻlmaganda belgilangan meʼyordan tashqari nashr ettirilgan darslik ham oʻquv qoʻllanma sifatida qabul qilinishi mumkin).

18. Professor ilmiy unvoni, istisno tariqasida, quyidagi talablarni bajargan mutaxassislarga ham berilishi mumkin (mazkur band tibbiyot sohasidagi talabgorlarga nisbatan tatbiq etilmaydi):

a) fan doktori yoki falsafa doktori (Doctor of Philosophy) ilmiy darajasiga ega boʻlgan;

b) kamida ikki yil davomida ilmiy tashkilotda ilmiy faoliyat koʻrsatayotgan;

v) dissertatsiya himoyasidan keyin ilmiy ishlar, jumladan yirik ilmiy ish, monografiya chop ettirgan, ilmiy jurnallarda kamida 10 ta (shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnallarda 2 ta) ilmiy maqola chop ettirgan,

g) pedagogik amaliyotda foydalanilayotgan oʻquv adabiyoti (adabiyotlari) boʻlgan;

d) salmoqli ilmiy va ilmiy-texnik natijalarga erishgan, jumladan, olgan ilmiy natijalari normativ-huquqiy hujjatlarda tatbiq etilgan;

e) taʼlim, fan va amaliyot integratsiyasini rivojlantirish, kadrlar tayyorlash va barkamol avlodni tarbiyalashga salmoqli hissa qoʻshgan.

4-§. Taʼlim muassasasi mutaxassislariga dotsent ilmiy unvonini berish

19. Dotsent ilmiy unvoni umumiy va quyidagi talablarni bajarib, taʼlim muassasasida muvaffaqiyatli faoliyat koʻrsatayotgan mutaxassislarga beriladi:

a) fan doktori yoki falsafa doktori (Doctor of Philosophy) ilmiy darajasiga ega boʻlgan;

b) kamida 5 yillik pedagogik va ilmiy, jumladan, taʼlim muassasasida 3 yillik pedagogik ish stajiga ega boʻlgan;

v) kamida bir oʻquv yili davomida taʼlim muassasasining shtatida kafedra mudiri, professor (vazifasini bajaruvchi), dotsent (vazifasini bajaruvchi) yoki oliy harbiy hamda harbiylashtirilgan taʼlim muassasalarida katta oʻqituvchi, kafedra boshligʻi oʻrinbosari yoki kafedra boshligʻi yoxud ushbu lavozimlarning birida bir oʻquv yili davomida kamida 0,25 stavka oʻquv yuklamasini bajargan holda pedagogik faoliyat olib borayotgan muassasa rektori (direktori, boshligʻi), prorektori (direktor oʻrinbosari, boshliq oʻrinbosari), ilmiy kotibi, taʼlim muassasasining oʻquv-tashkiliy tuzilmasi (fakultet, boʻlim) rahbari lavozimlarining birida muvaffaqiyatli ishlab kelayotgan (lavozimida ijobiy oʻzgarish boʻlgan hollarda avvalgi lavozimida ishlash muddati ham eʼtiborga olinadi);

Har bir bilim sohasi boʻyicha nominatsiyalarda 1-oʻrinni egallagan “Oliy taʼlim muassasasining eng yaxshi pedagogi” tanlovining respublika bosqichi gʻoliblari 3 yil mobaynida mazkur kichik bandning birinchi xatboshisida nazarda tutilgan tegishli lavozimda vazifani bajarib turuvchining bir yillik muddatini oʻtamasdan dotsent ilmiy unvonini olish uchun OAKga hujjatlarni taqdim etish huquqiga ega;

g) dissertatsiya himoyasidan keyin ilmiy ishlar, jumladan ilmiy jurnallarda kamida 3 ta ilmiy maqola chop ettirgan (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun dissertatsiya himoyasidan keyin ilmiy ishlar, jumladan ilmiy jurnallarda 5 ta ilmiy maqola, shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnallarda 1 ta maqola chop ettirgan);

d) pedagogik amaliyotda foydalanilayotgan oʻquv adabiyotlari, jumladan dissertatsiya himoyasidan keyin taʼlim muassasasi oʻquv dasturlariga mos keladigan oʻquv yoki uslubiy qoʻllanma nashr ettirgan, shuningdek tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun qoʻshimcha ravishda 1 ta monografiya nashr ettirgan;

j) mutaxassislik kafedrasida ishlayotgan talabgor kamida 2 nafar magistratura talabasi yoki 4 nafar bakalavriatura taʼlim yoʻnalishining bitiruvchi talabasiga (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun 5 nafar magistratura talabasiga)ilmiy rahbarlik qilgan yoki davlat stipendiyalari tanlovlari yoxud xalqaro yoki respublika tanlovlari yoki musobaqalarining gʻoliblari yoki jamoa (jamoalari)ni tayyorlagan.

20. Dotsent ilmiy unvoni istisno tariqasida, mazkur Nizomning umumiy va quyidagi talablarni bajargan, ilmiy darajaga ega boʻlmagan yuqori malakali mutaxassislarga (madaniyat va sanʼat nazariyasi hamda tarixi boʻyicha mutaxassisliklar bundan mustasno) berilishi mumkin:

a) tegishli oliy maʼlumotga ega boʻlgan;

b) kamida 5 yillik pedagogik va ilmiy, jumladan, taʼlim muassasasida 3 yillik pedagogik ish stajiga ega boʻlgan;

v) mazkur Nizom 19-bandining “v” kichik bandi talabini bajargan;

g) ilmiy-tadqiqot, ijodiy ishlari boʻlgan, jumladan, ilmiy jurnallarda kamida 3 ta ilmiy maqola chop ettirgan (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun kamida 5 ta ilmiy maqola, shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnallarda 1 ta maqola chop ettirgan);

d) pedagogik amaliyotda foydalanilayotgan oʻquv adabiyotlari, jumladan taʼlim turlarining birida foydalanilayotgan 1 ta darslik (hammualliflikda boʻlgan taqdirda 2 ta) (madaniyat, sanʼat, arxitektura, sport va jismoniy tarbiya yoʻnalishlari bundan mustasno) hamda yakka mualliflikda 1 ta oʻquv qoʻllanma nashr ettirgan (oʻquv qoʻllanma boʻlmaganda belgilangan meʼyordan tashqari nashr ettirilgan darslik ham oʻquv qoʻllanma sifatida qabul qilinishi mumkin), shuningdek tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun qoʻshimcha ravishda 1 ta monografiya chop ettirgan;

e) mutaxassislik kafedrasida ishlayotgan talabgor kamida 4 nafar bakalavriatura taʼlim yoʻnalishining bitiruvchi talabasiga ilmiy rahbarlik qilgan yoki davlat stipendiyalari tanlovlari yoxud xalqaro yoki respublika olimpiadalari yoki tanlovlari gʻoliblarini yoki jamoa (jamoalari)ni tayyorlagan.

5-§. Ilmiy tashkilot mutaxassislariga katta ilmiy xodim ilmiy unvonini berish

21. Katta ilmiy xodim ilmiy unvoni umumiy va quyidagi talablarni bajargan mutaxassislarga beriladi:

a) fan doktori yoki falsafa doktori (Doctor of Philosophy) ilmiy darajasiga ega boʻlgan;

b) kamida 5 yillik ilmiy va pedagogik, jumladan ilmiy tashkilotda 3 yillik (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun 5 yillik) ilmiy ish stajiga ega boʻlgan;

v) kamida bir yil “(tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun 3 yil) davomida ilmiy tashkilotning shtatida davlat granti rahbari, ilmiy-tashkiliy tuzilma rahbari, bosh ilmiy xodim, yetakchi ilmiy xodim, katta ilmiy xodim lavozimlaridan birida ishlab kelayotgan yoki ushbu lavozimlarda kamida 0,25 stavka ilmiy faoliyat olib borib, ilmiy tashkilot rahbari, rahbar oʻrinbosari, ilmiy kotibi lavozimlaridan birida muvaffaqiyatli ishlayotgan (lavozimida ijobiy oʻzgarish boʻlgan hollarda avvalgi lavozimida ishlash muddati ham eʼtiborga olinadi);

g) dissertatsiya himoyasidan keyin ilmiy ishlar, jumladan ilmiy jurnallarda kamida 3 ta ilmiy maqola, shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnalda ilmiy maqola chop ettirgan (tibbiyot sohasidagi talabgorlar uchun 1 ta monografiya va kamida 5 ta ilmiy maqola, shundan nufuzli xorijiy ilmiy jurnallarda 1 ta ilmiy maqola chop ettirgan).

22. Ilmiy darajasiz shaxslarga katta ilmiy xodim ilmiy unvoni berilmaydi.

6-§. Oʻrindoshlik asosida ishlayotgan mutaxassislarga ilmiy unvonlar berish

23. Ilmiy unvonlar mazkur bobning 2 — 5-paragraflarida nazarda tutilgan tegishli lavozimlarda kamida 0,25 stavka oʻrindoshlik yoki 240 soatdan kam boʻlmagan mehnatga soatbay haq toʻlash asosida ishlayotgan iqtisodiyot tarmoqlari va ijtimoiy sohalarning yuqori malakali mutaxassislariga mazkur bobning 1 — 5-paragraflarida belgilangan talablarga rioya qilingan holda beriladi. Mazkur qoida asosiy ish joyi ilmiy va taʼlim tashkilotlarida boʻlgan mutaxassislarga nisbatan tatbiq etilmaydi.

24. Taqdimnoma talabgorning oʻrindoshlik asosida ishlayotgan ish joyidan beriladi.

3-bob. Ilmiy unvonga taqdim etish

25. Ilmiy unvonga taqdim etish boʻyicha masala quyidagi hollarda Kengashga kiritiladi:

dotsent va katta ilmiy xodim ilmiy unvonlariga — talabgorga ilmiy daraja berish toʻgʻrisidagi qaror tasdiqlangan yoki talabgorning ilmiy daraja olgani toʻgʻrisidagi diplomi nostrifikatsiya qilingan kundan eʼtiboran kamida bir yil oʻtgach;

professor ilmiy unvoniga — talabgor dotsent yoki katta ilmiy xodim ilmiy unvonini olgan kundan eʼtiboran kamida bir yil oʻtgach.

26. Talabgorning hujjatlari Kengashga, u faoliyat olib borayotgan muassasaning tegishli tuzilmasi tomonidan koʻrib chiqish uchun taqdim etiladi.

27. Talabgorning hujjatlari Kengash tomonidan ikki oy ichida, mazkur Nizom 2-bobining 1 — 5-paragraflari talablariga asosan koʻrib chiqiladi va tegishli qaror qabul qilinadi. Koʻrib chiqish muddatini hisoblashda iyul-avgust oylari hisobga olinmaydi.

28. Ilmiy unvonga taqdim etish toʻgʻrisidagi Kengash qarori yashirin ovoz berish yoʻli bilan qabul qilinadi.

Kengash majlisi unda Kengash aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda, vakolatli hisoblanadi. Kengashning ilmiy unvonga taqdim etish toʻgʻrisidagi qarori majlisda ishtirok etgan Kengash aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi yoqlab ovoz bersagina qabul qilingan hisoblanadi.

29. Talabgorning attestatsiya ishi mazkur Nizomning ilovasidagi roʻyxat boʻyicha Kengash tomonidan ilmiy unvonga taqdim etish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran 10 kun ichida OAKga yuboriladi.

4-bob. Attestatsiya ishini OAKda koʻrib chiqish

31. Attestatsiya ishi OAK tomonidan 3 oy ichida koʻrib chiqiladi. Koʻrib chiqish muddatini hisoblashda iyul-avgust oylari hisobga olinmaydi.

32. Kengash tomonidan taqdim etilgan attestatsiya ishi OAKda roʻyxatga olinadi va yetti kun ichida normativ-texnik ekspertizadan, uning natijasi ijobiy boʻlgan taqdirda, ilmiy ekspertizadan oʻtkazilib, yakuniy qaror qabul qilinadi. Ekspertiza jarayonida OAKning tegishli ekspert kengashi tomonidan attestatsiya ishining mazmun-mohiyati va uning mazkur Nizom talablariga muvofiqligi ilmiy ekspertizadan oʻtkaziladi.

33. Normativ-texnik ekspertizadan oʻtkazish jarayonida attestatsiya ishida mazkur Nizom talablariga rioya qilinmaganlik holatlari aniqlansa, OAK Tartib-qoida komissiyasi qarori bilan attestatsiya ishini koʻrib chiqish toʻxtatiladi va attestatsiya ishi rasmiy xat bilan tegishli Kengashga qaytarib yuboriladi. Kengash tomonidan tegishli kamchiliklar bartaraf etilganidan soʻng, attestatsiya ishi qaytadan rasmiylashtirilib, kuzatuv xati orqali OAKga qayta taqdim etiladi.

34. Attestatsiya ishi normativ-texnik ekspertizadan oʻtkazilganidan keyin uni OAKning tegishli ekspert kengashi koʻrib chiqadi. OAK Rayosati OAKning tegishli ekspert kengashi xulosasiga asosan, ilmiy unvon berish yoki ilmiy unvon berishni rad qilish toʻgʻrisida yakuniy qaror qabul qiladi.

35. Talabgor attestatsiya ishini koʻrib chiqish jarayonining har qanday bosqichida, Kengashda yashirin ovoz berish oʻtkazilgunga, OAKda OAK Rayosatining yakuniy qarori qabul qilingunga qadar ishni muhokamadan olishga haqlidir. Attestatsiya ishi talabgorning yozma arizasiga asosan, OAKda muhokamadan olinganida, bu haqda OAK Rayosati tomonidan tegishli qaror qabul qilinishi lozim.

5-bob. Ilmiy unvonga qayta taqdim etish

36. OAKda koʻrib chiqilgan va ilmiy unvon berish rad qilingan yoki koʻrish jarayoni toʻxtatilgan attestatsiya ishi Kengash tomonidan quyidagi muddatlarda OAKga qayta taqdim etilishi mumkin:

OAK Rayosatining ilmiy unvon berishni rad qilish toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran kamida bir yil oʻtgach;

OAK Rayosatining qarori yuzasidan berilgan apellyatsiya boʻyicha rad javobini berish toʻgʻrisidagi qaror qabul qilingan kundan eʼtiboran kamida uch yil oʻtgach;

talabgorning arizasiga asosan muhokamadan olinib, koʻrishdan toʻxtatilgan attestatsiya ishi boʻyicha tegishli kamchiliklar bartaraf etilgandan soʻng.

37. Kengash tomonidan ilmiy unvonga qayta taqdim etilganda mazkur Nizom talablari bajarilgan hamda talabgor yangi oʻquv-uslubiy/ilmiy ishlar nashr ettirgan boʻlishi shart.

6-bob. Attestatlarni rasmiylashtirish va berish

38. OAK Rayosatining ilmiy unvon berish toʻgʻrisidagi qarori qabul qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi va bir ish kunida attestat rasmiylashtiriladi.

39. Attestat yoʻqolgan yoki yaroqsiz holga kelgan taqdirda, manfaatdor shaxslarning arizasiga muvofiq, OAK tomonidan uning dublikati beriladi.

Ilmiy unvon berilgan shaxsning familiyasi, ismi va otasining ismi oʻzgargan taqdirda, uning talabi asosida attestat yangisiga almashtirib beriladi.

7-bob. Ilmiy unvondan mahrum etish yoki uni tiklash

40. Attestatsiya ishi ekspertizadan noxolis oʻtkazilganda shaxs OAK Rayosatining qarori asosida ilmiy unvondan mahrum etilishi mumkin.

41. Shaxsni ilmiy unvondan mahrum etish yoki uni tiklash boʻyicha OAKga yoki tegishli Kengashga murojaat qilinadi. Bunda manfaatdor shaxslar tegishli dalillar (hujjatlar)ni oʻz murojaatiga ilova qilgan holda taqdim etishi shart.

Bunday masala bilan OAKga murojaat qilinganida, taqdim etilgan dalillar OAKning tegishli ekspert kengashi tomonidan muhokama qilinib, masalani koʻrib chiqish uchun tegishli Kengashga yuboriladi.

42. Kengash tomonidan Kengash aʼzolari orasidan uch kishilik tarkibda komissiya tuziladi. Ushbu masala bir oy ichida komissiya tomonidan oʻrganib chiqiladi va Kengashning tegishli qaror loyihasi tayyorlanib, Kengash majlisida koʻrib chiqiladi.

Kengash majlisi unda Kengash aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi ishtirok etgan taqdirda vakolatli hisoblanadi. Kengash majlisi ilmiy unvondan mahrum etilayotgan shaxs ishtirokida oʻtkaziladi. Shaxs bu haqda majlis oʻtkazilishidan kamida oʻn kun oldin ogohlantirilishi shart. Agar shaxs majlisga uzrsiz sabablarga koʻra kelmasa yoki majlisga kelishdan bosh tortsa, Kengash tomonidan uning ishtirokisiz majlis oʻtkazish toʻgʻrisida qaror qabul qilinadi. Mazkur shaxs uzrli sabablarga koʻra majlisga kela olmasligi haqida oldindan xabar qilganida, Kengash majlisi boshqa kunga yoki boshqa vaqtga qoldiriladi. Zarur hollarda, boshqa mutaxassislar Kengash majlisiga taklif etilishi mumkin.

43. Kengashning ilmiy unvondan mahrum etish yoki uni tiklash toʻgʻrisidagi qarori yashirin ovoz berishda ishtirok etgan Kengash aʼzolarining kamida uchdan ikki qismi tomonidan yoqlab ovoz berilgan taqdirda qabul qilingan hisoblanadi.

Kengash tomonidan Kengash qarori, Kengash majlisi bayonnomasi hamda tegishli hujjatlar rasmiylashtirilib, 10 kun ichida OAKga yuboriladi.

44. Kengash tomonidan taqdim etilgan hujjatlar OAKning tegishli ekspert kengashida muhokama qilinadi va tegishli tavsiya qabul qilinadi. Kengashning ilmiy unvondan mahrum etish yoki uni tiklash toʻgʻrisidagi qarori hamda OAKning tegishli ekspert kengashining tavsiyasi OAK Rayosatida koʻrib chiqilib, yakuniy qaror qabul qilinadi.

45. OAK Rayosatining ilmiy unvon berish toʻgʻrisidagi qarori oʻn yil oldin qabul qilingan boʻlsa, ilmiy unvondan mahrum etish masalasi koʻrib chiqish uchun qabul qilinmaydi.

46. Kengash murojaatnomasiga asosan, ilmiy unvondan mahrum etilgan shaxsning ilmiy unvoni ushbu Kengashning murojaatnomasiga muvofiq, OAK Rayosati qarori bilan tiklanishi mumkin.

8-bob. Apellyatsiyani koʻrib chiqish

47. Manfaatdor shaxslar ilmiy unvon berish yoki ilmiy unvon berishni rad qilish toʻgʻrisidagi OAK Rayosati yoki Kengash qarori yuzasidan u qabul qilingan kundan eʼtiboran ikki oy ichida OAKga apellyatsiya berishlari mumkin.

48. Apellyatsiya Oʻzbekiston Respublikasining “Jismoniy va yuridik shaxslarning murojaatlari toʻgʻrisida”gi Qonunida belgilangan muddatlarda koʻrib chiqiladi.

49. OAK Rayosati yoki Kengash qarori yuzasidan berilgan apellyatsiya OAK Tartib-qoida komissiyasi tomonidan koʻrib chiqiladi. OAK Tartib-qoida komissiyasi apellyatsiyani koʻrib chiqishni OAKning tegishli ekspert kengashiga topshirishi mumkin. Zarur hollarda, mazkur masalani koʻrib chiqishning avvalgi bosqichlarida ishtirok etmagan mutaxassis-olimlardan iborat Apellyatsiya komissiyasi tuziladi.

50. OAK Rayosati tomonidan OAK Tartib-qoida komissiyasi, OAKning tegishli ekspert kengashi yoki Apellyatsiya komissiyasi xulosasi koʻrib chiqiladi va apellyatsiya boʻyicha tegishli yakuniy qaror qabul qilinadi.

51. Apellyatsiya boʻyicha qabul qilingan OAK Rayosatining yakuniy qarori besh ish kuni ichida apellyatsiya bergan shaxslarga, shuningdek Kengashga taqdim qilinadi.

9-bob. Yakuniy qoida

52. Mazkur Nizom Oʻzbekiston Respublikasi Madaniyat va sport ishlari vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Sogʻliqni saqlash vazirligi, Xalq taʼlimi vazirligi, Qishloq va suv xoʻjaligi vazirligi, Tashqi ishlar vazirligi, Fanlar akademiyasi, Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Fan va texnologiyalarni rivojlantirishni muvofiqlashtirish qoʻmitasi bilan kelishilgan.

Ilmiy unvonlar berish tartibi toʻgʻrisidagi nizomga ILOVA

Ilmiy unvon olish uchun Oʻzbekiston Respublikasi Oliy taʼlim, fan va innovatsiyalar vazirligi huzuridagi Oliy attestatsiya komissiyasiga taqdim etiladigan hujjatlar

1. Muassasa rahbari tomonidan imzolangan muassasa blankidagi yoʻllanma xat.

2. Ilmiy unvon talabgorining faoliyati boʻyicha maʼlumotnoma.

3. Ilmiy unvon talabgori toʻgʻrisidagi obyektiv-maʼlumotnoma.

5. Ijtimoiy-gumanitar fanlar sohalarida faoliyat olib borayotgan ilmiy unvon talabgori uchun maxsus imtihon topshirganligi haqidagi hujjat.

6. Ilmiy va pedagogik lavozimlarda ishlagani haqida mehnat daftarchasining ish joyidan tasdiqlangan nusxasi.

7. Ilmiy va ilmiy-uslubiy ishlarning ilmiy unvon talabgori tomonidan imzolanib, ish joyidan tasdiqlangan roʻyxati (hammualliflarning yozma roziligi ilova qilinadi).

8. Ilmiy unvon talabgorining dissertatsiya avtoreferati, himoyadan keyingi asosiy ilmiy va oʻquv-uslubiy ishlarining nusxasi.

Oliy attestatsiya komissiyasi raisi A. YUSUPOV

Madaniyat va sport ishlari vaziri B. AXMEDOV

Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vaziri A. VAXOBOV

Sogʻliqni saqlash vaziri A. ALIMOV

Xalq taʼlimi vaziri U. INOYATOV

Qishloq va suv xoʻjaligi vaziri Sh. TESHAYEV

Tashqi ishlar vaziri A. KAMILOV

Fanlar akademiyasi prezidenti v.v.b. S. LUTPULLAYEV

Vazirlar Mahkamasi huzuridagi Fan va texnologiyalarni rivojlantirishni muvofiqlashtirish qoʻmitasi ijro apparati rahbari O. PARPIYEV

Toshkent sh.,

2016-yil 28-aprel,

2016-yil 31-mart

2016-yil 31-mart

2016-yil 31-mart

2016-yil 31-mart

2016-yil 31-mart

2016-yil 31-mart

2016-yil 31-mart

2016-yil 31-mart

224/8-son

(Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2016-y., 22-son, 260-modda, 39-son, 465-modda; 2017-y., 25-son, 570-modda, 37-son, 1020-modda, Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.12.2017-y., 10/17/2793-4/0479-son; 16.07.2018-y., 10/18/2793-5/1511-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 04.05.2021-y., 10/21/2793-6/0405-son; 24.01.2022-y., 10/22/2793-7/0065-son, 07.03.2022-y., 10/22/2793-8/0184-son; 13.02.2024-y., 10/24/3495/0122-son; 19.08.2024-y., 10/24/3552/0630-son; 18.09.2026-y., 10/26/3942/0953-son)

lex.uz