UzbekAI

← Qonunlar

📅 2016-yil 30-may · Vazirlik va idoralar hujjatlari · Xalq taʼlimi vaziri

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2016 йил 30 май · Вазирлик ва идоралар ҳужжатлари · Халқ таълими вазири

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 30 мая 2016 г. · Документы министерств и ведомств · Министр народного образования

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 30 May 2016 · Ministry and agency documents · Xalq taʼlimi vaziri

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг

буйруғи

НАМУНАВИЙ НИЗОМ

Умумий ўрта таълим ташкилотининг педагогик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида

Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ буюраман:

1. Умумий ўрта таълим ташкилотининг педагогик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирининг 2016 йил 30 майдаги 6-мҳ-сон буйруғига ИЛОВА

Умумий ўрта таълим ташкилотининг педагогик кенгаши тўғрисидаги

Мазкур Намунавий низом умумий ўрта таълим ташкилоти (бундан буён матнда таълим ташкилоти деб юритилади) педагогик кенгашининг мақсади, асосий вазифалари ва унинг фаолиятини ташкил қилиш тартибини белгилайди ҳамда педагогик кенгаш тўғрисидаги низомни ишлаб чиқишда қўлланилади.

1-боб. Умумий қоидалар

1. Педагогик кенгаш таълим ташкилоти фаолиятига доир асосий масалалар коллегиал муҳокама қилинадиган, таълим ташкилотида ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш, такомиллаштириш, унинг фаолияти билан боғлиқ барча ташкилий масалаларни мувофиқлаштириш бўйича доимий фаолият юритадиган олий орган ҳисобланади. Педагогик кенгашнинг фаолияти жамоатчилик асосида ташкил этилади .

2. Мазкур Намунавий низом талаблари барча таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади.

3. Педагогик кенгаш ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, ушбу Низомга, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек таълим ташкилотининг уставига амал қилади.

2-боб. Педагогик кенгашнинг мақсади ва асосий вазифалари

4. Педагогик кенгашнинг мақсади таълим ташкилотида давлатнинг таълим сиёсатини амалга ошириш, таълим ташкилотининг мақсади ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда таълим-тарбия жараёнини ривожлантириш, уни такомиллаштиришда педагогик жамоанинг фаолият йўналишини белгилаш, таълимдаги ютуқларни ва илғор педагогик тажрибаларни амалиётга жорий этишда педагогик жамоани бирлаштириш, демократия, ошкоралик, ўзини ўзи бошқариш тамойиллари асосида таълим ташкилоти бошқарувини амалга оширишдан иборат.

5. Педагогик кенгашнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

таълим ташкилоти педагогик жамоасининг фаолиятини ўқувчиларнинг эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва малакаларини таъминлашга, ўқувчиларга таълим-тарбия бериш сифатини оширишга йўналтириш;

ўқув ва дарсдан ташқари машғулотлар дастурларини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш;

таълим ташкилотининг кузатув кенгаши ҳамда педагог ходимларининг йўналишлар бўйича ахборотлари ва ҳисоботларини эшитиш, таълим ташкилотининг санитария-гигиеник ҳолати, ёнғинга қарши амалга ошириладиган ишлар, меҳнатни муҳофаза қилиш, ўқувчиларнинг соғлиғи ва ҳаётига оид ҳамда бошқа масалаларни муҳокама қилиш ва якуний хулоса бериш;

янги ўқув йили бошланишига қадар таълим ташкилоти ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг Умумий ўрта таълим ташкилотининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси ҳисобидан педагог ходимларнинг базавий лавозим маошларига устамалар белгилаш тўғрисидаги қарори юзасидан ахборотини эшитиш;

босқичли назорат ва якуний давлат аттестациясини ўтказиш, ўқувчиларни синфдан юқори синфга ўтказиш, якуний давлат аттестациясига рухсат бериш, шу жумладан экстернларни аттестацияга қўйиш, битирувчиларга ўқишни битирганлик тўғрисида ҳужжатларни, шу жумладан уларнинг дубликатини бериш, аъло кўрсаткичларга ва намунали хулққа эга бўлган ўқувчиларни рағбатлантириш юзасидан қарорлар қабул қилиш;

ихтисослаштирилган фандан қўшимча якуний аттестация киритиш масаласини кўриб чиқиш (айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган таълим ташкилотларида);

ўқувчиларга таълим беришда ўқитишнинг илғор педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларидан фойдаланишни татбиқ этиш чораларини кўриш;

ўқувчиларни юксак маънавий-ахлоқий, умуминсоний ва миллий руҳда, ўз Ватани, халқини ардоқловчи, тинчлик ва барқарорликка қаратилган миллий қадриятлар асосида тарбиялаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

таълим ташкилотида таълим-тарбия жараёнини ташкил этиш ва таълим самарадорлигини ошириш бўйича мақбул шарт-шароитлар яратишга қаратилган қарорлар қабул қилиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари илтимосномасига ва ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан дарсликлар тўплами билан бепул таъминланадиган ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалардаги ўқувчилар рўйхатини тасдиқлаш;

илғор ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини ўрганиш, оммалаштириш, уларни давлат мукофотларига тавсия этиш, ёш ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш ишларини ташкил этиш;

ўқув-тарбия жараёнини ташкил этишда ва таълим самарадорлигини оширишда мақбул шарт-шароитлар яратишга оид педагогик жамоанинг маълум йўналишлардаги фаолиятини таҳлил қилиш ва якуний хулоса чиқариш;

таълим ташкилоти жамоаси учун ўз ваколати доирасида меъёрий талабларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва бажарилишини назорат қилиш;

ўқувчиларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли муассасасига ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиш (имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим ташкилотларида);

ўз синфдошларига нисбатан уч ва ундан ортиқ катта ёш фарқи бўлган психик ривожланиши суст ёки ақли заиф болаларни бир синф юқорига кўчириш юзасидан тегишли қарор қабул қилиш (имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим ташкилотларида);

алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб тарбияланувчиларининг мазкур таълим ташкилотида бўлиш муддати билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш (алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактабларда);

Меҳрибонлик уйи раҳбари иштирокида ушбу ташкилот тарбияланувчисининг ўқиши ҳар бир босқичда қанча давом этиши тўғрисида хулоса қабул қилиш (Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ўқиётган таълим ташкилотларида).

Педагогик кенгашга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифалар ҳам юклатилиши мумкин.

3-боб. Педагогик кенгашнинг таркиби ва унинг фаолиятини ташкил қилиш

6. Педагогик кенгаш таркиби таълим ташкилоти директори, директор ўринбосарлари ва педагог ходимлардан иборат бўлади. Таълим ташкилотининг ҳар бир педагог ходими ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб педагогик кенгашнинг аъзоси ҳисобланади.

7. Педагогик кенгашда муҳокама қилинадиган масалаларнинг мазмунидан келиб чиқиб, йиғилишга тегишли туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими, ташкилотнинг ота-оналар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа ташкилотлар вакиллари таклиф қилиниши мумкин.

8. Таълим ташкилоти директори педагогик кенгаш раиси ҳисобланади. Педагогик кенгаш котиби педагог ходимлар орасидан тайинланади.

Педагогик кенгаш раиси ўз вазифасини бажара олмайдиган (касал бўлган, хизмат сафарига кетган ва ҳоказо) ҳолатларда унинг вазифалари директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари томонидан амалга оширилади.

9. Педагогик кенгашнинг фаолияти тегишли туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлими (бўйсунувига кўра юқори турувчи ташкилот) томонидан назорат қилинади.

10. Педагогик кенгаш фаолияти йиллик иш режа асосида ташкил этилади. Иш режа педагогик кенгаш йиғилишида кўриб чиқилиб, маъқулланганидан сўнг таълим ташкилоти директори томонидан тасдиқланади.

11. Педагогик кенгаш йиғилишида таълим ташкилотининг фаолиятига оид энг муҳим ва долзарб масалалар муҳокама қилинади.

12. Педагогик кенгаш йиғилиши ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Заруратга кўра, навбатдан ташқари йиғилишлар ўтказилиши мумкин.

Педагогик кенгаш йиғилиши баённомаси кенгаш котиби томонидан юритилади. Баённома педагогик кенгаш раиси ва котиби томонидан имзоланади.

Педагогик кенгаш баённомаси электрон шаклда (матн кўринишида) тайёрланиб, йиғмажилдларга (реестр) тикиб борилади.

13. Баённоманинг кириш қисмида педагогик кенгаш йиғилиши ўтказилган сана, баённома тартиб рақами, иштирок этганлар ва уларнинг сони ёзилади.

Педагогик кенгаш йиғилиши баённомаси матнида кун тартибига киритилган масала муҳокамаси, педагогик кенгаш аъзолари томонидан киритилган таклиф ва мулоҳазалар ҳамда кун тартибидаги ҳар бир масала юзасидан қабул қилинган қарорлар қайд этиб борилади.

Педагогик кенгаш йиғилиши баённомаларини рақамлаш ҳар ўқув йили бошида (август ойида) янгидан бошланади.

14. Педагогик кенгашнинг йиғилишлари, агар уларда барча кенгаш аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми, навбатдан ташқари йиғилишда эса учдан бир қисми иштирок этаётган бўлса, ваколатли ҳисобланади.

15. Педагогик кенгаш қарорларини қабул қилиш очиқ овоз бериш орқали амалга оширилади.

Педагогик кенгаш қарори унинг йиғилишида иштирок этган аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда педагогик кенгаш раиси ҳал қилувчи овозга эга бўлади.

16. Педагогик кенгаш йиғилишини ўтказиш вақти, жойи ва кун тартиби бир ҳафта олдин эълон қилинади.

17. Педагогик кенгаш йиғилишида муҳокама қилинадиган масалалар бўйича материаллар доимий ёки вақтинча ташкил этилган гуруҳлар ёхуд тегишли педагог ходимлар томонидан тайёрланади.

4-боб. Педагогик кенгашнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

18. Педагогик кенгаш қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таълим ташкилотининг ўқув жараёнини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича қарорлар қабул қилиш;

ўқув йили якунида ўқувчиларни кейинги синфга кўчириш ёки синфда қолдириш масалаларини ҳал этиш;

ўқув, маънавий-маърифий, илмий-методик ва тажриба-синов ишларида фаол иштирок этган педагог ходимларни моддий рағбатлантириш юзасидан таълим ташкилоти ҳузуридаги ишчи гуруҳга таклиф киритиш;

педагог ходимлар орасидан таълим ташкилоти ҳузуридаги ишчи гуруҳнинг камида икки нафар аъзосини тайинлаш;

педагог ходимнинг малака тоифасини ошириш бўйича тавсия бериш;

фан олимпиадалари, танловлар ва турли мусобақаларда қатнашиш учун ўқитувчилар ва ўқувчилар номзодини тавсия этиш;

таълим ташкилотида ўқув жараёнини такомиллаштириш бўйича чоралар кўриш;

таълим ташкилотининг истиқбол режасини белгилаш.

Педагогик кенгаш қонунчилик ҳужжатларига ҳамда ўз вазифаларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

19. Педагогик кенгаш қуйидагиларга мажбур:

таълим ташкилоти иш режаси бажарилишини таъминлаш;

педагог ходимлар ва ўқувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

таълим ташкилотининг фаолиятига оид энг муҳим ва долзарб масалаларни муҳокама қилиш;

ҳар чоракда таълим ташкилоти методик кенгашининг фаолиятига доир ҳисоботини кўриб чиқиш;

таълим-тарбия сифатини янада яхшилаш бўйича берилган ҳар қандай таклифни қабул қилиш ва кўриб чиқиш;

дарс машғулотлари ўқув режасини ўқувчилар томонидан ўзлаштиришга қулай бўлиши нуқтаи назаридан такомиллаштириш;

таълим-тарбияга оид мунозарали масалаларни муҳокама қилиш ва якуний қарор қабул қилиш;

замонавий ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш бўйича педагогик изланишларни ва ижодий ташаббускорликларни қўллаб-қувватлаш;

ўқув жараёнини самарали ташкил қилишнинг турли шакл ва услубларини муҳокама қилиш ва амалиётга татбиқ этиш;

педагог ходимларга умумий ўрта таълимга оид норматив-ҳуқуқий ва методик ҳужжатларнинг етказилиши ва тушунтириш ишларининг олиб борилишини назорат қилиш.

Педагогик кенгаш қонунчилик ҳужжатларига ҳамда ўз вазифаларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.

5-боб. Педагогик кенгаш ҳужжатлари

20. Таълим ташкилотида педагогик кенгаш фаолиятига оид қуйидаги ҳужжатлар бўлиши лозим:

туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг (бўйсунувига кўра юқори турувчи ташкилотнинг) буйруғи билан тасдиқланган Умумий ўрта таълим ташкилотининг педагогик кенгаши тўғрисидаги низом;

педагогик кенгашнинг тасдиқланган иш режаси;

педагогик кенгаш баённомаси йиғмажилдлари (реестри);

педагогик кенгаш йиғилиши баённомалари;

педагогик кенгаш йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар.

21. Педагогик кенгаш ҳужжатларининг сақланишига педагогик кенгаш раиси ва котиби жавобгар ҳисобланади.

Педагогик кенгаш йиғилиши баённомалари доимий, тайёрланган таҳлилий материаллар ва ҳужжатлар эса уч йил мобайнида сақланади ҳамда тегишли архивга топширилади.

6-боб. Якуний қоидалар

22. Педагогик кенгаш қарорларини бажариш таълим ташкилотининг ҳар бир ходими учун мажбурий бўлиб, қарорлар ижросининг умумий назорати педагогик кенгаш раиси томонидан амалга оширилади.

23. Мазкур Намунавий низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Вазир У. ИНОЯТОВ

Тошкент ш.,

2016 йил 30 май,

6-мҳ-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 23-сон, 280-модда; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон, 28.12.2021 й., 10/21/2799-1/1203-сон; 13.04.2026 й., 10/26/2799-2/0346-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Xalq taʼlimi vazirining

buyrugʻi

NAMUNAVIY NIZOM

Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining pedagogik kengashi toʻgʻrisidagi namunaviy nizomni tasdiqlash haqida

Oʻzbekiston Respublikasining “Taʼlim toʻgʻrisida”gi Qonuniga muvofiq buyuraman:

1. Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining pedagogik kengashi toʻgʻrisidagi namunaviy nizom ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur buyruq rasmiy eʼlon qilingan kundan eʼtiboran kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi vazirining 2016-yil 30-maydagi 6-mh-son buyrugʻiga ILOVA

Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining pedagogik kengashi toʻgʻrisidagi

Mazkur Namunaviy nizom umumiy oʻrta taʼlim tashkiloti (bundan buyon matnda taʼlim tashkiloti deb yuritiladi) pedagogik kengashining maqsadi, asosiy vazifalari va uning faoliyatini tashkil qilish tartibini belgilaydi hamda pedagogik kengash toʻgʻrisidagi nizomni ishlab chiqishda qoʻllaniladi.

1-bob. Umumiy qoidalar

1. Pedagogik kengash taʼlim tashkiloti faoliyatiga doir asosiy masalalar kollegial muhokama qilinadigan, taʼlim tashkilotida oʻquv-tarbiya jarayonini rivojlantirish, takomillashtirish, uning faoliyati bilan bogʻliq barcha tashkiliy masalalarni muvofiqlashtirish boʻyicha doimiy faoliyat yuritadigan oliy organ hisoblanadi. Pedagogik kengashning faoliyati jamoatchilik asosida tashkil etiladi .

2. Mazkur Namunaviy nizom talablari barcha taʼlim tashkilotlariga nisbatan tatbiq etiladi.

3. Pedagogik kengash oʻz faoliyatida Oʻzbekiston Respublikasining Konstitutsiyasi va qonunlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Oliy Majlisi palatalarining qarorlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmonlari, qarorlari va farmoyishlariga, Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining qarorlariga, ushbu Nizomga, boshqa normativ-huquqiy hujjatlarga, shuningdek taʼlim tashkilotining ustaviga amal qiladi.

2-bob. Pedagogik kengashning maqsadi va asosiy vazifalari

4. Pedagogik kengashning maqsadi taʼlim tashkilotida davlatning taʼlim siyosatini amalga oshirish, taʼlim tashkilotining maqsadi va vazifalaridan kelib chiqqan holda taʼlim-tarbiya jarayonini rivojlantirish, uni takomillashtirishda pedagogik jamoaning faoliyat yoʻnalishini belgilash, taʼlimdagi yutuqlarni va ilgʻor pedagogik tajribalarni amaliyotga joriy etishda pedagogik jamoani birlashtirish, demokratiya, oshkoralik, oʻzini oʻzi boshqarish tamoyillari asosida taʼlim tashkiloti boshqaruvini amalga oshirishdan iborat.

5. Pedagogik kengashning asosiy vazifalari quyidagilardan iborat:

taʼlim tashkiloti pedagogik jamoasining faoliyatini oʻquvchilarning egallashi lozim boʻlgan bilim, koʻnikma va malakalarini taʼminlashga, oʻquvchilarga taʼlim-tarbiya berish sifatini oshirishga yoʻnaltirish;

oʻquv va darsdan tashqari mashgʻulotlar dasturlarini muhokama qilish va tasdiqlash;

taʼlim tashkilotining kuzatuv kengashi hamda pedagog xodimlarining yoʻnalishlar boʻyicha axborotlari va hisobotlarini eshitish, taʼlim tashkilotining sanitariya-gigiyenik holati, yongʻinga qarshi amalga oshiriladigan ishlar, mehnatni muhofaza qilish, oʻquvchilarning sogʻligʻi va hayotiga oid hamda boshqa masalalarni muhokama qilish va yakuniy xulosa berish;

yangi oʻquv yili boshlanishiga qadar taʼlim tashkiloti huzuridagi ishchi guruhning Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining oʻrnak koʻrsatgan xodimlarini ragʻbatlantirishning direktor jamgʻarmasi hisobidan pedagog xodimlarning bazaviy lavozim maoshlariga ustamalar belgilash toʻgʻrisidagi qarori yuzasidan axborotini eshitish;

bosqichli nazorat va yakuniy davlat attestatsiyasini oʻtkazish, oʻquvchilarni sinfdan yuqori sinfga oʻtkazish, yakuniy davlat attestatsiyasiga ruxsat berish, shu jumladan eksternlarni attestatsiyaga qoʻyish, bitiruvchilarga oʻqishni bitirganlik toʻgʻrisida hujjatlarni, shu jumladan ularning dublikatini berish, aʼlo koʻrsatkichlarga va namunali xulqqa ega boʻlgan oʻquvchilarni ragʻbatlantirish yuzasidan qarorlar qabul qilish;

ixtisoslashtirilgan fandan qoʻshimcha yakuniy attestatsiya kiritish masalasini koʻrib chiqish (ayrim fanlar chuqur oʻrganiladigan davlat ixtisoslashtirilgan taʼlim tashkilotlarida);

oʻquvchilarga taʼlim berishda oʻqitishning ilgʻor pedagogik va axborot-kommunikatsion texnologiyalaridan foydalanishni tatbiq etish choralarini koʻrish;

oʻquvchilarni yuksak maʼnaviy-axloqiy, umuminsoniy va milliy ruhda, oʻz Vatani, xalqini ardoqlovchi, tinchlik va barqarorlikka qaratilgan milliy qadriyatlar asosida tarbiyalash yuzasidan tavsiyalar ishlab chiqish va joriy etish;

taʼlim tashkilotida taʼlim-tarbiya jarayonini tashkil etish va taʼlim samaradorligini oshirish boʻyicha maqbul shart-sharoitlar yaratishga qaratilgan qarorlar qabul qilish;

fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organlari iltimosnomasiga va ota-onalar qoʻmitasining xulosasiga asosan darsliklar toʻplami bilan bepul taʼminlanadigan ijtimoiy yordamga muhtoj oilalardagi oʻquvchilar roʻyxatini tasdiqlash;

ilgʻor oʻqituvchilarning ish tajribalarini oʻrganish, ommalashtirish, ularni davlat mukofotlariga tavsiya etish, yosh oʻqituvchilarga metodik yordam koʻrsatish ishlarini tashkil etish;

oʻquv-tarbiya jarayonini tashkil etishda va taʼlim samaradorligini oshirishda maqbul shart-sharoitlar yaratishga oid pedagogik jamoaning maʼlum yoʻnalishlardagi faoliyatini tahlil qilish va yakuniy xulosa chiqarish;

taʼlim tashkiloti jamoasi uchun oʻz vakolati doirasida meʼyoriy talablarni ishlab chiqish, tasdiqlash va bajarilishini nazorat qilish;

oʻquvchilarni Oʻzbekiston Respublikasi Sogʻliqni saqlash vazirligining tegishli muassasasiga oʻtkazish haqida qaror qabul qilish (imkoniyati cheklangan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan davlat taʼlim tashkilotlarida);

oʻz sinfdoshlariga nisbatan uch va undan ortiq katta yosh farqi boʻlgan psixik rivojlanishi sust yoki aqli zaif bolalarni bir sinf yuqoriga koʻchirish yuzasidan tegishli qaror qabul qilish (imkoniyati cheklangan bolalar uchun ixtisoslashtirilgan davlat taʼlim tashkilotlarida);

alohida sharoitlarda taʼminlash, tarbiyalash va taʼlim berishga muhtoj bolalar uchun ixtisoslashtirilgan maktab tarbiyalanuvchilarining mazkur taʼlim tashkilotida boʻlish muddati bilan bogʻliq masalalarni koʻrib chiqish (alohida sharoitlarda taʼminlash, tarbiyalash va taʼlim berishga muhtoj bolalar uchun ixtisoslashtirilgan maktablarda);

Mehribonlik uyi rahbari ishtirokida ushbu tashkilot tarbiyalanuvchisining oʻqishi har bir bosqichda qancha davom etishi toʻgʻrisida xulosa qabul qilish (Mehribonlik uyi tarbiyalanuvchilari oʻqiyotgan taʼlim tashkilotlarida).

Pedagogik kengashga qonunchilik hujjatlariga muvofiq boshqa vazifalar ham yuklatilishi mumkin.

3-bob. Pedagogik kengashning tarkibi va uning faoliyatini tashkil qilish

6. Pedagogik kengash tarkibi taʼlim tashkiloti direktori, direktor oʻrinbosarlari va pedagog xodimlardan iborat boʻladi. Taʼlim tashkilotining har bir pedagog xodimi ishga qabul qilingan paytdan boshlab pedagogik kengashning aʼzosi hisoblanadi.

7. Pedagogik kengashda muhokama qilinadigan masalalarning mazmunidan kelib chiqib, yigʻilishga tegishli tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi, tashkilotning ota-onalar qoʻmitasi, fuqarolarning oʻzini oʻzi boshqarish organi, mahalliy ijro etuvchi hokimiyat organlari, huquqni muhofaza qiluvchi organlar va boshqa tashkilotlar vakillari taklif qilinishi mumkin.

8. Taʼlim tashkiloti direktori pedagogik kengash raisi hisoblanadi. Pedagogik kengash kotibi pedagog xodimlar orasidan tayinlanadi.

Pedagogik kengash raisi oʻz vazifasini bajara olmaydigan (kasal boʻlgan, xizmat safariga ketgan va hokazo) holatlarda uning vazifalari direktorning oʻquv ishlari boʻyicha oʻrinbosari tomonidan amalga oshiriladi.

9. Pedagogik kengashning faoliyati tegishli tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimi (boʻysunuviga koʻra yuqori turuvchi tashkilot) tomonidan nazorat qilinadi.

10. Pedagogik kengash faoliyati yillik ish reja asosida tashkil etiladi. Ish reja pedagogik kengash yigʻilishida koʻrib chiqilib, maʼqullanganidan soʻng taʼlim tashkiloti direktori tomonidan tasdiqlanadi.

11. Pedagogik kengash yigʻilishida taʼlim tashkilotining faoliyatiga oid eng muhim va dolzarb masalalar muhokama qilinadi.

12. Pedagogik kengash yigʻilishi har chorakda kamida bir marta oʻtkaziladi. Zaruratga koʻra, navbatdan tashqari yigʻilishlar oʻtkazilishi mumkin.

Pedagogik kengash yigʻilishi bayonnomasi kengash kotibi tomonidan yuritiladi. Bayonnoma pedagogik kengash raisi va kotibi tomonidan imzolanadi.

Pedagogik kengash bayonnomasi elektron shaklda (matn koʻrinishida) tayyorlanib, yigʻmajildlarga (reyestr) tikib boriladi.

13. Bayonnomaning kirish qismida pedagogik kengash yigʻilishi oʻtkazilgan sana, bayonnoma tartib raqami, ishtirok etganlar va ularning soni yoziladi.

Pedagogik kengash yigʻilishi bayonnomasi matnida kun tartibiga kiritilgan masala muhokamasi, pedagogik kengash aʼzolari tomonidan kiritilgan taklif va mulohazalar hamda kun tartibidagi har bir masala yuzasidan qabul qilingan qarorlar qayd etib boriladi.

Pedagogik kengash yigʻilishi bayonnomalarini raqamlash har oʻquv yili boshida (avgust oyida) yangidan boshlanadi.

14. Pedagogik kengashning yigʻilishlari, agar ularda barcha kengash aʼzolari umumiy sonining kamida uchdan ikki qismi, navbatdan tashqari yigʻilishda esa uchdan bir qismi ishtirok etayotgan boʻlsa, vakolatli hisoblanadi.

15. Pedagogik kengash qarorlarini qabul qilish ochiq ovoz berish orqali amalga oshiriladi.

Pedagogik kengash qarori uning yigʻilishida ishtirok etgan aʼzolari umumiy sonining oddiy koʻpchilik ovozi bilan qabul qilinadi. Ovozlar teng boʻlib qolgan taqdirda pedagogik kengash raisi hal qiluvchi ovozga ega boʻladi.

16. Pedagogik kengash yigʻilishini oʻtkazish vaqti, joyi va kun tartibi bir hafta oldin eʼlon qilinadi.

17. Pedagogik kengash yigʻilishida muhokama qilinadigan masalalar boʻyicha materiallar doimiy yoki vaqtincha tashkil etilgan guruhlar yoxud tegishli pedagog xodimlar tomonidan tayyorlanadi.

4-bob. Pedagogik kengashning huquq va majburiyatlari

18. Pedagogik kengash quyidagi huquqlarga ega:

taʼlim tashkilotining oʻquv jarayonini takomillashtirish va moddiy-texnik bazasini mustahkamlash boʻyicha qarorlar qabul qilish;

oʻquv yili yakunida oʻquvchilarni keyingi sinfga koʻchirish yoki sinfda qoldirish masalalarini hal etish;

oʻquv, maʼnaviy-maʼrifiy, ilmiy-metodik va tajriba-sinov ishlarida faol ishtirok etgan pedagog xodimlarni moddiy ragʻbatlantirish yuzasidan taʼlim tashkiloti huzuridagi ishchi guruhga taklif kiritish;

pedagog xodimlar orasidan taʼlim tashkiloti huzuridagi ishchi guruhning kamida ikki nafar aʼzosini tayinlash;

pedagog xodimning malaka toifasini oshirish boʻyicha tavsiya berish;

fan olimpiadalari, tanlovlar va turli musobaqalarda qatnashish uchun oʻqituvchilar va oʻquvchilar nomzodini tavsiya etish;

taʼlim tashkilotida oʻquv jarayonini takomillashtirish boʻyicha choralar koʻrish;

taʼlim tashkilotining istiqbol rejasini belgilash.

Pedagogik kengash qonunchilik hujjatlariga hamda oʻz vazifalariga muvofiq boshqa huquqlarga ham ega boʻlishi mumkin.

19. Pedagogik kengash quyidagilarga majbur:

taʼlim tashkiloti ish rejasi bajarilishini taʼminlash;

pedagog xodimlar va oʻquvchilarning huquqlari va qonuniy manfaatlarini himoya qilish;

taʼlim tashkilotining faoliyatiga oid eng muhim va dolzarb masalalarni muhokama qilish;

har chorakda taʼlim tashkiloti metodik kengashining faoliyatiga doir hisobotini koʻrib chiqish;

taʼlim-tarbiya sifatini yanada yaxshilash boʻyicha berilgan har qanday taklifni qabul qilish va koʻrib chiqish;

dars mashgʻulotlari oʻquv rejasini oʻquvchilar tomonidan oʻzlashtirishga qulay boʻlishi nuqtai nazaridan takomillashtirish;

taʼlim-tarbiyaga oid munozarali masalalarni muhokama qilish va yakuniy qaror qabul qilish;

zamonaviy axborot-kommunikatsion texnologiyalarni joriy etish boʻyicha pedagogik izlanishlarni va ijodiy tashabbuskorliklarni qoʻllab-quvvatlash;

oʻquv jarayonini samarali tashkil qilishning turli shakl va uslublarini muhokama qilish va amaliyotga tatbiq etish;

pedagog xodimlarga umumiy oʻrta taʼlimga oid normativ-huquqiy va metodik hujjatlarning yetkazilishi va tushuntirish ishlarining olib borilishini nazorat qilish.

Pedagogik kengash qonunchilik hujjatlariga hamda oʻz vazifalariga muvofiq boshqa majburiyatlarga ham ega boʻlishi mumkin.

5-bob. Pedagogik kengash hujjatlari

20. Taʼlim tashkilotida pedagogik kengash faoliyatiga oid quyidagi hujjatlar boʻlishi lozim:

tuman (shahar) maktabgacha va maktab taʼlimi boʻlimining (boʻysunuviga koʻra yuqori turuvchi tashkilotning) buyrugʻi bilan tasdiqlangan Umumiy oʻrta taʼlim tashkilotining pedagogik kengashi toʻgʻrisidagi nizom;

pedagogik kengashning tasdiqlangan ish rejasi;

pedagogik kengash bayonnomasi yigʻmajildlari (reyestri);

pedagogik kengash yigʻilishi bayonnomalari;

pedagogik kengash yigʻilishida muhokama qilingan masalalar yuzasidan tahliliy materiallar.

21. Pedagogik kengash hujjatlarining saqlanishiga pedagogik kengash raisi va kotibi javobgar hisoblanadi.

Pedagogik kengash yigʻilishi bayonnomalari doimiy, tayyorlangan tahliliy materiallar va hujjatlar esa uch yil mobaynida saqlanadi hamda tegishli arxivga topshiriladi.

6-bob. Yakuniy qoidalar

22. Pedagogik kengash qarorlarini bajarish taʼlim tashkilotining har bir xodimi uchun majburiy boʻlib, qarorlar ijrosining umumiy nazorati pedagogik kengash raisi tomonidan amalga oshiriladi.

23. Mazkur Namunaviy nizom talablari buzilishida aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladi.

Vazir U. INOYATOV

Toshkent sh.,

2016-yil 30-may,

6-mh-son

(Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2016-y., 23-son, 280-modda; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son, 28.12.2021-y., 10/21/2799-1/1203-son; 13.04.2026-y., 10/26/2799-2/0346-son)

lex.uz