📅 2016-yil 10-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2016-yil 10-iyun · Vazirlar Mahkamasi qarorlari
Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.
📅 2016 йил 10 июнь · Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.
📅 10 июня 2016 г. · Постановления Кабинета Министров
Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.
📅 10 June 2016 · Cabinet of Ministers resolutions
Official text. Official document. Editorial notes are not included.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
қарори
улушлари
«Ўзбекистон бунёдкори» нашриёт уйини ташкил қилиш ва «Ўзбекистон бунёдкори» газетасини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида
Мамлакатимизда шаҳарсозлик фаолияти соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш, қурилиш материаллари саноатидаги чуқур таркибий ўзгартиришларни мунтазам равишда ёритиб бориш ва соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларини кенг тарғиб қилиш, шунингдек уй-жой ва коммунал хўжалик соҳасидаги қонунчилик нормаларини аҳолининг барча қатламларига тушунтириб бориш орқали унинг ҳуқуқий онги ва савиясини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «Ўзқурилишматериаллари» АК, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларнинг масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Ўзбекистон бунёдкори» нашриёт уйини (кейинги ўринларда Нашриёт уйи деб аталади) ташкил қилиш ва «Ўзбекистон бунёдкори» газетасини таъсис этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Муассисларнинг Нашриёт уйи устав капиталидаги улушлари иловага мувофиқ белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин.
2. Нашриёт уйининг асосий мақсад ва вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
мамлакатимизда амалга оширилаётган шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан ва давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан аҳолини бохабар қилиб бориш, республикамиз ҳудудларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишларининг аҳамиятини изчил тарғиб қилиш, шаҳарсозлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини шарҳлаб бориш ва уларни амалиётга жорий этиш билан боғлиқ масалаларни батафсил тушунтириш;
қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасидаги чуқур таркибий ўзгартиришларнинг, маҳаллий хом ашёдан фойдаланган ҳолда замонавий, инновацион ва юқори сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш борасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг ва соҳа ривожига оид қабул қилинган давлат дастурларининг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, соҳадаги мавжуд имтиёзларни ривожлантириш мақсадида берилган имтиёзлар ва имкониятлардан тадбиркорлик субъектларини кенг хабардор қилиш;
уй-жой ва коммунал хўжалик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини аҳолининг барча қатламларига тушунтириб бориш орқали унинг ҳуқуқий онги ва савиясини ошириш, соҳа фаолиятига оид мақолалар ва таҳлилий материаллар тайёрлаш, аҳоли ва мутасадди маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўртасида самарали мулоқот тизимини ташкил этиш ва шу орқали республика ҳудудларида аҳоли эътиборидаги долзарб мавзуларни изчил ёритиб боришни таъминлаш;
шаҳарсозлик ва архитектура фаолияти, қурилиш материаллари саноати, уй-жой ва коммунал хўжалик соҳаларида кадрлар тайёрлаш тизими ҳақида маълумотлар бериб бориш, мазкур соҳалардаги юқори технологиялар, конструкторлик ишланмалари ва илмий-амалий изланишларнинг натижалари, уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва истиқболлари тўғрисидаги маълумотларни олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, мутахассислар, айниқса ёш авлод вакиллари ўртасида оммабоп тарзда тарғиб қилиш, шунингдек мазкур йўналишларда меҳнат қилаётган замонавий билим ва кўникмаларга эга ёш кадрлар фаолиятини ёритиб бориш;
«Ўзбекистон бунёдкори» газетаси фаолиятини юқори даражада ташкил этиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари матбуот хизматлари, шунингдек олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ишлаб чиқариш ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлик тизимини шакллантириш.
3. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси:
бир ой муддатда Нашриёт уйини ташкил этиш ва унинг моддий-техника базасини шакллантириш, «Ўзбекистон бунёдкори» газетасининг мунтазам нашр этилишини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини;
Нашриёт уйи устави ва «Ўзбекистон бунёдкори» газетаси низомининг ишлаб чиқилиши ва белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини;
«Ўзбекистон бунёдкори» газетаси даврийлиги, унинг таҳририят ҳайъати ҳамда штат жадвали белгиланишини;
чоп этиладиган мақолалар учун муаллифлик ҳақи тўлашни тартибга солувчи тегишли ҳужжат ишлаб чиқилишини;
Нашриёт уйи фаолияти учун бошқа зарур шарт-шароитлар яратилишини таъминласин.
4. Нашриёт уйи Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Тошкент шаҳар, Абай кўчаси, 6-уйда жойлашган биносига текин фойдаланиш шартномаси асосида жойлаштирилсин.
5. Нашриёт уйининг даромадлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилиши инобатга олинсин:
«Ўзбекистон бунёдкори» газетасини сотишдан тушадиган маблағлар;
юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари, хорижий ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг грантлари;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.
6. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Нашриёт уйи муассислигидаги «Ўзбекистон бунёдкори» газетаси оммавий ахборот воситаси сифатида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар «Ўзбекистон бунёдкори» газетасининг бўлимлари ва рукнларини шакллантиришда, унинг ҳар бир сонини нашрга тайёрлашда, мақола ва таҳлилий материаллар билан таъминлашда доимий равишда таҳририятга амалий ёрдам берсинлар.
8. «Ўзбекистон почтаси» акциядорлик жамияти ва «Матбуот тарқатувчи» акциядорлик компанияси Нашриёт уйи билан биргаликда 2016 йилдан бошлаб «Ўзбекистон бунёдкори» газетасига обуна бўлишни ташкил этиш, тарқатиш ва сотиш масалаларини белгиланган тартибда ҳал этиш чораларини кўрсин.
9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.
Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 июндаги 197-сон қарорига ИЛОВА
Муассисларнинг «Ўзбекистон бунёдкори» нашриёт уйи» МЧЖ устав капиталидаги
Муассислар Улуш ҳиссаси (фоизларда) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги * 55 «Ўзқурилишматериаллари» АК 9 «ЎзГАШКЛИТИ» ДУК 9 «ЎзшаҳарсозликЛИТИ» ДУК 9 «ЎзгеорангметЛИТИ» ДУК 9 «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ 9
Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 10 июнь,
197-сон
Oʻzbekiston Respublikasi Vazirlar Mahkamasining
qarori
ulushlari
“Oʻzbekiston bunyodkori” nashriyot uyini tashkil qilish va “Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasini taʼsis etish chora-tadbirlari toʻgʻrisida
Mamlakatimizda shaharsozlik faoliyati sohasida amalga oshirilayotgan keng koʻlamli islohotlar va bunyodkorlik ishlarining mazmun-mohiyati va ahamiyatini xalqimizga yetkazish, qurilish materiallari sanoatidagi chuqur tarkibiy oʻzgartirishlarni muntazam ravishda yoritib borish va sohani rivojlantirishning ustuvor yoʻnalishlarini keng targʻib qilish, shuningdek uy-joy va kommunal xoʻjalik sohasidagi qonunchilik normalarini aholining barcha qatlamlariga tushuntirib borish orqali uning huquqiy ongi va saviyasini oshirish maqsadida Vazirlar Mahkamasi qaror qiladi:
1. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi, “Oʻzqurilishmateriallari” AK, “Qishloq qurilish invest” IK MChJ hamda boshqa manfaatdor tashkilotlarning masʼuliyati cheklangan jamiyat shaklidagi “Oʻzbekiston bunyodkori” nashriyot uyini (keyingi oʻrinlarda Nashriyot uyi deb ataladi) tashkil qilish va “Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasini taʼsis etish toʻgʻrisidagi takliflariga rozilik berilsin.
Muassislarning Nashriyot uyi ustav kapitalidagi ulushlari ilovaga muvofiq belgilanishi maʼlumot uchun qabul qilinsin.
2. Nashriyot uyining asosiy maqsad va vazifalari etib quyidagilar belgilansin:
mamlakatimizda amalga oshirilayotgan shaharsozlik faoliyati sohasidagi keng koʻlamli islohotlarning mazmun-mohiyatidan va davlat siyosatining ustuvor yoʻnalishlaridan aholini boxabar qilib borish, respublikamiz hududlarida olib borilayotgan bunyodkorlik ishlarining ahamiyatini izchil targʻib qilish, shaharsozlik faoliyatini tartibga soluvchi qonun hujjatlarini sharhlab borish va ularni amaliyotga joriy etish bilan bogʻliq masalalarni batafsil tushuntirish;
qurilish materiallari ishlab chiqarish sohasidagi chuqur tarkibiy oʻzgartirishlarning, mahalliy xom ashyodan foydalangan holda zamonaviy, innovatsion va yuqori sifatli qurilish materiallari ishlab chiqarish borasida amalga oshirilayotgan investitsiya loyihalarining va soha rivojiga oid qabul qilingan davlat dasturlarining ahamiyatini keng targʻib qilish, sohadagi mavjud imtiyozlarni rivojlantirish maqsadida berilgan imtiyozlar va imkoniyatlardan tadbirkorlik subyektlarini keng xabardor qilish;
uy-joy va kommunal xoʻjalik sohasidagi normativ-huquqiy hujjatlar talablarini aholining barcha qatlamlariga tushuntirib borish orqali uning huquqiy ongi va saviyasini oshirish, soha faoliyatiga oid maqolalar va tahliliy materiallar tayyorlash, aholi va mutasaddi mahalliy davlat hokimiyati organlari oʻrtasida samarali muloqot tizimini tashkil etish va shu orqali respublika hududlarida aholi eʼtiboridagi dolzarb mavzularni izchil yoritib borishni taʼminlash;
shaharsozlik va arxitektura faoliyati, qurilish materiallari sanoati, uy-joy va kommunal xoʻjalik sohalarida kadrlar tayyorlash tizimi haqida maʼlumotlar berib borish, mazkur sohalardagi yuqori texnologiyalar, konstruktorlik ishlanmalari va ilmiy-amaliy izlanishlarning natijalari, ularni rivojlantirishning asosiy yoʻnalishlari va istiqbollari toʻgʻrisidagi maʼlumotlarni oliy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari, mutaxassislar, ayniqsa yosh avlod vakillari oʻrtasida ommabop tarzda targʻib qilish, shuningdek mazkur yoʻnalishlarda mehnat qilayotgan zamonaviy bilim va koʻnikmalarga ega yosh kadrlar faoliyatini yoritib borish;
“Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasi faoliyatini yuqori darajada tashkil etish maqsadida davlat va xoʻjalik boshqaruvi organlari, mahalliy davlat hokimiyati organlari matbuot xizmatlari, shuningdek oliy va oʻrta maxsus taʼlim muassasalari, ishlab chiqarish tashkilotlari va ommaviy axborot vositalari bilan oʻzaro samarali hamkorlik tizimini shakllantirish.
3. Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi:
bir oy muddatda Nashriyot uyini tashkil etish va uning moddiy-texnika bazasini shakllantirish, “Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasining muntazam nashr etilishini taʼminlash boʻyicha kompleks chora-tadbirlar ishlab chiqilishini;
Nashriyot uyi ustavi va “Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasi nizomining ishlab chiqilishi va belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini;
“Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasi davriyligi, uning tahririyat hayʼati hamda shtat jadvali belgilanishini;
chop etiladigan maqolalar uchun mualliflik haqi toʻlashni tartibga soluvchi tegishli hujjat ishlab chiqilishini;
Nashriyot uyi faoliyati uchun boshqa zarur shart-sharoitlar yaratilishini taʼminlasin.
4. Nashriyot uyi Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasining Toshkent shahar, Abay koʻchasi, 6-uyda joylashgan binosiga tekin foydalanish shartnomasi asosida joylashtirilsin.
5. Nashriyot uyining daromadlari quyidagilar hisobiga shakllantirilishi inobatga olinsin:
“Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasini sotishdan tushadigan mablagʻlar;
yuridik va jismoniy shaxslarning homiylik xayriyalari, xorijiy va xalqaro tashkilotlar, xorijiy davlatlarning grantlari;
qonun hujjatlarida taqiqlanmagan boshqa tushumlar.
6. Oʻzbekiston matbuot va axborot agentligi Nashriyot uyi muassisligidagi “Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasi ommaviy axborot vositasi sifatida belgilangan tartibda davlat roʻyxatidan oʻtkazilishini taʼminlasin.
7. Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi, Oliy va oʻrta maxsus taʼlim vazirligi, Qoraqalpogʻiston Respublikasi Vazirlar Kengashi, viloyatlar va Toshkent shahri hokimliklari, Oʻzbekiston matbuot va axborot agentligi, Oʻzbekiston Milliy axborot agentligi, Oʻzbekiston jurnalistlari ijodiy uyushmasi hamda boshqa manfaatdor vazirliklar va idoralar “Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasining boʻlimlari va ruknlarini shakllantirishda, uning har bir sonini nashrga tayyorlashda, maqola va tahliliy materiallar bilan taʼminlashda doimiy ravishda tahririyatga amaliy yordam bersinlar.
8. “Oʻzbekiston pochtasi” aksiyadorlik jamiyati va “Matbuot tarqatuvchi” aksiyadorlik kompaniyasi Nashriyot uyi bilan birgalikda 2016-yildan boshlab “Oʻzbekiston bunyodkori” gazetasiga obuna boʻlishni tashkil etish, tarqatish va sotish masalalarini belgilangan tartibda hal etish choralarini koʻrsin.
9. Mazkur qarorning bajarilishini nazorat qilish Oʻzbekiston Respublikasi Bosh vazirining oʻrinbosari B.I. Zakirov zimmasiga yuklansin.
Vazirlar Mahkamasining 2016-yil 10-iyundagi 197-son qaroriga ILOVA
Muassislarning “Oʻzbekiston bunyodkori” nashriyot uyi” MChJ ustav kapitalidagi
Muassislar Ulush hissasi (foizlarda) Oʻzbekiston Respublikasi Qurilish vazirligi * 55 “Oʻzqurilishmateriallari” AK 9 “OʻzGASHKLITI” DUK 9 “OʻzshaharsozlikLITI” DUK 9 “OʻzgeorangmetLITI” DUK 9 “Qishloq qurilish invest” IK MChJ 9
Oʻzbekiston Respublikasining Bosh vaziri Sh. MIRZIYOYEV
Toshkent sh.,
2016-yil 10-iyun,
197-son