UzbekAI

← Qonunlar

📅 2016-yil 25-iyun · Markaziy bank hujjatlari

Rasmiy matn. Rasmiy hujjat. Tahririy izohlar kiritilmagan.

Yordam | Arxiv | Atamalar | Statistika | API | Havola yuborish | Sayt haqida | Shartlar

← Қонунлар

📅 2016 йил 25 июнь · Марказий банк ҳужжатлари

Расмий матн. Расмий ҳужжат. Таҳририй изоҳлар киритилмаган.

Ёрдам | Архив | Атамалар | Статистика | API | Ҳавола юбориш | Сайт ҳақида | Шартлар

← Законы

📅 25 июня 2016 г. · Документы Центрального банка

Официальный текст. Официальный документ. Редакционные примечания не включены.

Помощь | Архив | Термины | Статистика | API | Предложить ссылку | О сайте | Условия

← Laws

📅 25 June 2016 · Central Bank documents

Official text. Official document. Editorial notes are not included.

Help | Archive | Glossary | Stats | API | Submit | About | Terms

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг

Қарори

техник талаблар

Банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган техник талабларни тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг « Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида »ги, « Банклар ва банк фаолияти тўғрисида »ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви қарор қилади:

1. Банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган техник талаблар иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб 3 ой ўтгандан сўнг кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2016 йил 25 июндаги 18/2-сонли қарорига ИЛОВА

Банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган

Мазкур техник талаблар банклар ва уларнинг филиаллари биноларида касса тармоқларини тузилишига қўйиладиган талабларни белгилайди.

1-боб. Умумий талаблар

1. Касса тармоғи банк ва унинг филиали биносидаги бошқа таркибий бўлинмаларидан алоҳида ажратилган бўлиши ва бинонинг биринчи қаватида жойлашиши шарт.

Касса ҳужжатларини ўзаро алмашинувида қулайлик яратиш мақсадида бухгалтерия бўлими касса тармоғига яқин жойлаштирилиши лозим.

2. Банкда (филиалда) ташкил этилган касса тармоғи таркибида қуйидаги хоналар ва кассалар бўлиши лозим:

пул омбори;

пул омборининг олд хонаси;

кечки касса хонаси ёки кечки кассанинг пул омбори;

инкассация сумкаларини (қопларини) қабул қилиш хонаси;

нақд пул ва бошқа қимматликларни қайта санаш кассаси;

кирим кассаси, чиқим кассаси ёки кирим-чиқим кассаси;

касса ходимларининг шахсий буюмларини сақлаш ҳамда касса ходимлари фойдаланишлари учун бошқа маиший-хўжалик хоналари;

банкнинг (филиалнинг) нақд пул ва бошқа қимматликларни инкассация хизмати автомашиналарига юклаш ёки тушириш учун мўлжалланган инкассация бокси (бундан буён матнда инкассация бокси деб юритилади).

Банк (филиал) биносининг ҳажми ва унда хоналарнинг жойлашиши инобатга олинган ҳолда кирим кассаси, чиқим кассаси ёки кирим-чиқим кассаси мазкур Техник талабларга мувофиқ ҳолда касса тармоғидан алоҳида ҳам ташкил этилиши мумкин.

3. Касса тармоғи таркибига валюта айирбошлаш шохобчаси ва чакана амалиёт касса хоналарини жойлаштириш нақд пул ва бошқа қимматликлар билан ишлаш (санаш, саралаш, ўраб-боғлаш ва касса операцияларини бажариш), уларнинг бут сақланишини таъминлашни инобатга олган ҳолда Бош банк томонидан белгиланади.

4. Касса тармоғининг барча хоналари ўзаро яқин ва қулай жойлашган бўлиши лозим.

5. Касса тармоғидаги қимматликлар билан ишлаш жараёнини бегона шахслар томонидан кузатиш имконияти бўлмаслиги керак.

6. Касса тармоғи ва унинг хоналари банкда (филиалда) сақланадиган нақд пул ва бошқа қимматликларнинг ҳажми келгусида ортишини инобатга олган ҳолда, шунингдек ёнмайдиган қурилиш материалларидан фойдаланилган ҳолда қурилиши лозим.

Касса тармоғидаги хоналарни қайтадан қуриш, ўзгартириш ва кенгайтириш ишлари ёнғин хавфсизлиги талаблари асосида амалга оширилади. Бунда фавқулодда вазиятларда инсонларни ва моддий бойликларни банк (филиал) биносидан хавфсиз эвакуация қилиш учун шароит яратилган бўлиши керак.

2-боб. Касса тармоғи хоналари

7. Касса тармоғи хоналари эшиклари ва йўлакларининг эни юк аравачаларини (ўлчами 700 х 1200 мм) эркин ҳаракатини таъминлайдиган кенгликда қурилиши лозим.

8. Касса тармоғидаги барча хоналар полларининг сатҳи бир хил даражада бўлиши керак.

9. Касса тармоғининг барча хоналаридаги деразаларга ички томондан камида 16 мм диаметрли симдан ясалган ва тешиклари кўпи билан 150 мм бўлган металл панжаралар ўрнатилиши лозим.

10. Касса тармоғида касса мудирининг хонаси кирим ва чиқим ёки кирим- чиқим касса операциялари амалга оширилишини кузатиш имкониятини берадиган тарзда жойлашиши керак.

11. Кирим кассаси, чиқим кассаси ёки кирим-чиқим кассасига ажратилган майдон кассадаги нақд пул ва бошқа қимматликларнинг бут сақланишини таъминлаш ҳамда касса операцияларини амалга ошириш учун имконият яратиб бериши лозим.

12. Кирим кассаси, чиқим кассаси ёки кирим-чиқим кассасининг олд томони касса залига қараган бўлиши керак.

13. Мижозларнинг касса хонасига эркин кириб боришининг олдини олиш мақсадида кирим кассаси, чиқим кассаси ёки кирим-чиқим кассасининг касса зали томонига мустаҳкам тўсиқ ўрнатилиши лозим.

14. Кирим, чиқим ёки кирим-чиқим касса кассирлари томонидан мижозларга касса хизмати кўрсатилаётганида, мижоз томонидан касса ходимининг фаолиятини кузатиб туриш учун имконият яратилган бўлиши лозим.

15. Кирим кассаси, чиқим кассаси ёки кирим-чиқим кассасининг касса зали томони мижоз томонидан нақд пул ва бошқа қимматликларни қабул қилиб олиши ёки топшириши учун шароит яратилган ҳолда жиҳозланиши керак.

16. Банкда (филиалда) кирим кассаси, чиқим кассаси ёки кирим-чиқим кассаси алоҳида, ёнма-ён жойлашган ҳолда ташкил этилганда, мазкур кассалар нақд пул ва бошқа қимматликларнинг бут сақланиши ҳамда дахлсизлигини таъминлаш, шунингдек касса операцияларини назорат қилиш имконияти яратилган ҳолда жиҳозланган бўлиши керак.

17. Кирим кассаси, чиқим кассаси ёки кирим-чиқим кассаси ички ва ташқи томонидан қулфланадиган эни камида 90 см бўлган эшикка ҳамда банк (филиал) касса тармоғининг бошқа хоналари билан боғлаб турувчи алоҳида йўлакка эга бўлиши лозим.

18. Касса залида мижозларга кассадан олган нақд пулларни қайта санаши учун алоҳида хона ёки жой ажратилиши керак.

19. Касса тармоғига келиб тушган нақд пулларни саралаш, тахлаш, санаш ва ўраб-боғлаш учун қайта санаш кассаси хонаси ташкил этилади.

20. Қайта санаш кассаси хонасининг майдони битта ходимга камида 4 м 2 майдон тўғри келишини ҳисобга олган ҳолда қурилиши лозим.

Қайта санаш хонасининг деразалари бинонинг ташқари томонида жойлашганда, ушбу дераза панжаралари қўшимча ўлчами 5 х 5 см катакли металл тўрлар билан жиҳозланиши шарт.

21. Қайта санаш кассаси хонасида табиий ёруғлик бўлиши, бундан ташқари кассирлар иш жойларининг ёритилганлик даражаси камида 400 люксни ташкил этиши лозим.

22. Касса тармоғидаги пул омбори олд хонасининг майдони камида 6 м 2 бўлган пул омборининг олд хонаси бўлиши лозим.

23. Пул омборининг олд хонаси пул омборига бевосита туташган бўлиши керак.

24. Пул омборининг эшиги сурғучланиши талаб этилганда, пул омборининг олд хонасига сурғучни қиздирганда чиқадиган ҳидни тортувчи махсус мослама ўрнатилади.

25. Пул омборининг олд хонасига дераза ўрнатиш тақиқланади.

26. Сақланадиган нақд пул ва бошқа қимматликларнинг ҳажмига қараб банклар ва уларнинг филиалларининг касса тармоғида бир нечта пул омбори қурилиши мумкин.

27. Пул омборига фақат пул омборининг олд хонасидан кирилади. Битта пул омбори олд хонасидан бир нечта пул омборига кириш мумкин бўлса, ушбу пул омборининг олд хонаси барча пул омборлари учун олд хона ҳисобланади.

28. Пул омборининг майдони камида 10 м 2 , баландлиги эса 2,5 м бўлиши лозим.

29. Пул омборининг деворлари, поли ва шифти қалинлиги 20 см бўлган темир-бетон қобиқдан қуйилади. Унинг деворлари фақат ички хоналарга туташган бўлиши лозим.

30. Пул омбори темир-бетон қобиғининг атрофи қалинлиги камида 38 см бўлган пишган ғиштдан қурилган қўшимча девор билан ўралиши керак. Банк ва унинг филиали биносининг капитал деворлари бир вақтда пул омборининг қўшимча деворлари бўлиши мумкин.

31. Пул омбори банк биносининг ташқи деворларига туташтирмаган ҳолда бинонинг марказий қисмида жойлаштирилиши керак.

Агарда пул омборининг деворлари бинонинг ташқи (кўча ёки бошқа бино) деворларига туташган бўлса, улар ўртасида эни 90 — 120 см бўлган кузатиш йўлаги қолдирилиши лозим.

32. Пул омборининг пойдеворини камида 60 см қалинликдаги қуйма бетон ёки тошдан қурилиши лозим. Пойдевор билан темир-бетон қобиқ оралиғида мустаҳкам гидроизоляция бўлиши лозим.

Пул омборининг тагида техник ертўлалар қуриш ман этилади.

33. Пул омборининг шифти 20 см қалинликдаги яхлит темир-бетон қобиқ ва ташқи ёпувчи плитадан иборат бўлади. Бунда, пул омборининг шифтини ташкил этувчи темир-бетон қобиққа, банк биноси (бино қавати) томининг оғирлиги тушмаслиги керак.

Агар, банк биноси бир қаватли бўлса, у ҳолда пул омбори қобиғининг устки юзаси билан ёпувчи плита ўртасидаги оралиқ 25 см бўлиши лозим.

34. Пул омбори учун темир-бетон қобиқлар фибро-арматурали темир-бетондан тайёрланиши керак. Темир-бетон қобиқ учун мустаҳкамлиги 400 — 500 кг/см 2 бўлган бетон қоришмаси ишлатилиши лозим.

Бетон қоришмаси М 400 — 500 маркали цемент, катталиги 15 — 20 мм бўлган гранит ёки диабаз шағали, 2 модулдан кам бўлмаган қум, диаметри 0,5 — 1,0 мм бўлган ва узунлиги 30 мм бўлган сим кесимларидан тайёрланиши керак.

Бетон қоришмаси таркиби қуйидагича бўлиши лозим:

горизонтал элемент учун — 490 кг цемент, 650 кг қум, 1025 кг шағал, 100 — 120 кг сим қирқими ва 195 литр сув ҳамда чўкиш миқдори 2 — 4 см;

вертикал элемент учун — 525 кг цемент, 630 кг қум, 980 кг шағал, 100 — 120 кг сим қирқими ва 210 литр сув ҳамда чўкиш миқдори 4 — 6 см.

35. Бетон қоришмаси қуйилаётганда у вибратор билан зичланиши, сўнг 10 кун давомида бетон қотиши ва зарур ҳарорат билан таъминланиши учун намлаб турилиши керак.

36. Темир-бетон қобиқ арматураси А-Ш гуруҳидаги 16 мм диаметрли, 100х100 мм ўлчамдаги уячали иккита металл панжарадан тайёрланиб, оралиғи 100 мм бўлади. Бунда, бир панжара арматураларининг кесишган тугуни иккинчи панжара катакчаларининг ўртасига тўғри келиши лозим.

37. Пул омбори эшиклари зирҳли бўлиши керак. Пул омборига ички металл панжарали эшик ўрнатилиши лозим.

38. Пул омборига вентиляция ўрнатилиши шарт. Вентиляцияни лойиҳалаш вақтида у ерда ҳароратнинг 18 — 25 о С даражада сақланиши, ҳавонинг нисбий намлиги 45 — 60 фоизини ташкил этиши ва 3 карра ҳаво алмашинишини таъминланиши ҳисобга олиниши лозим.

Пул омбори деворларининг пастки ва юқори қисмларида ҳаво алмашинуви учун махсус ҳимояланган вентиляция коваклари ўрнатилиши керак.

Ковакларда 40 — 50 мм диаметрдаги букилган шаклдаги металл ёки пластмасса трубалар жойлаштирилиб, пул омбори ташқарисидан суюқликларни қуйишга имкон бўлмаслиги керак.

39. Пул омбори ёпиқ турдаги ёритқичлар билан жиҳозланиши керак.

Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.

40. Пул омборининг ёритилганлик даражаси камида 100 люкс бўлиши керак.

41. Механизация воситалари ва қўриқлаш сигнализациясини электр манбаига улаш учун пул омбори деворида 20 мм ва 15 мм диаметрли охирги учи эгилган металл қувурлар ўрнатилган бўлиши керак.

Металл қувурнинг биридан кучли ток ва иккинчисидан кучсиз ток кабеллари алоҳида ўтказилиши керак. Уларнинг жойлашиши ўрнатиладиган механизация комплекси сонига кўра белгиланиши лозим. Фойдаланилмайдиган металл қувурларнинг икки учи беркитилган бўлиши шарт.

42. Пул омбори икки табақали металл жавонлар билан жиҳозланиши керак. Уларнинг барчаси қулфланадиган бўлиши лозим.

43. Йўналиш бўйича йиғиб келинган ёки узайтирилган иш куни режимида ишловчи банк (филиал) биноси ва биносидан ташқарида жойлашган кассалардан ташиб келинган инкассация сумкаларини (қопларини) қабул қилиш учун касса тармоғида кечки касса хонаси ташкил этилади.

Кечки касса хонаси инкассация бокси ёки қимматликларни тушириш жойига яқин ва қулай жойда жойлаштирилиши керак.

44. Банкда (филиалда) кечки кассанинг пул омбори мавжуд бўлмаса, кечки касса хонаси кечки кассанинг пул омбори вазифасини бажариши мумкин. Бунда, кечки касса хонасидаги нақд пул ва бошқа қимматликлар деворга ёки полга қотирилган ёнмайдиган сейфларда, сейф эшиклари қулфланган ва муҳрланган ҳолда сақланиши шарт.

45. Банк (филиал) кечки кассасининг пул омбори мазкур Техник талабларнинг 22 — 25-бандларига мувофиқ қурилиши лозим.

45 1 . Банк бўлинмаларининг (филиал, банк хизматлари офиси, банк хизматлари маркази) нақд пуллари ва қимматликларини инкассация хизмати ва «Республика махсус алоқа боғламаси» давлат унитар корхонаси томонидан сақлаш учун қабул қилишда, уларнинг пул омбори мазкур техник талабларда кўрсатилган банкларнинг пул омборига қўйилган талабларга мувофиқ бўлиши лозим.

49. Инкассация бокси майдони қимматликларни ташиш учун мўлжалланган инкассация автомашиналарининг эркин киришига етарли бўлиши ҳамда қимматликларни автомашиналарга ортиш ва тушириш учун мўлжалланган эни 2 м, баландлиги 74 см бўлган майдонча билан таъминланган бўлиши лозим.

Майдончанинг сатҳи касса тормоғи хоналари полларининг сатҳи билан бир хил бўлиши лозим.

Инкассация боксининг автомобиль кириш дарвозаси қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаган металлдан (мустаҳкамлиги шундан кам бўлмаган бошқа материаллардан) тайёрланади.

50. Касса тармоғида операцион касса хоналаридан ташқари кассирларнинг шахсий буюмлари ва кийимларини сақлаш учун хона ҳамда маиший-хўжалик хоналари ташкил этилади.

51. Касса тармоғида иккита кириш эшиги бўлиши лозим:

биринчиси — банк биносидан кириш эшиги;

иккинчиси — банк ҳовлисидан ёки инкассация боксидан кириш эшиги.

52. Касса тармоғига банк биносидан кириш эшигига кўриш туйнукчаси ҳамда кодли қулф ёки ўзи қулфланадиган мослама ўрнатилиши лозим.

53. Касса тармоғига банк ҳовлисидан ёки инкассация боксидан кириш эшиги тахтадан ёки қалинлиги 2 мм дан кам бўлган металлдан бажарилганда, қўшимча равишда қулфланадиган металл панжара билан жиҳозланади.

54. Касса тармоғининг барча хоналари ҳавони алмаштириб турувчи вентиляция билан жиҳозланиши керак.

3-боб. Касса тармоғининг қўриқлаш, ёнғиндан хабар бериш ва хавфдан огоҳ этиш воситалари билан жиҳозланиши

55. Касса тармоғи хавфдан огоҳ этувчи, қўриқлаш сигнализация воситалари ва ёнғиндан хабар берувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак.

56. Касса тармоғида фойдаланиладиган электр техник воситалар ерга уланиши лозим.

57. Касса тармоғининг электр тармоғи ва ёритиш жиҳозлари ёнғинга қарши хавфсизлик талабларига жавоб берадиган ҳолда ўрнатилиши лозим.

58. Пул омбори хонасининг ёритиш тизимини ўчириб ёқиш қурилмаси пул омборининг олд хонасига ўрнатилиши керак.

4-боб. Якуний қоидалар

59. Мазкур техник талабларни бузганликда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

60. Ушбу техник талаблар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишилган.

Марказий банк раиси Ф. МУЛЛАЖОНОВ

Ички ишлар вазири А. АХМЕДБАЕВ

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси Б. ЗАКИРОВ

Тошкент ш.,

2016 йил 25 июнь,

2016 йил 17 июнь

2016 йил 10 июнь

18/2-сон

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2016 й., 30-сон, 366-модда; Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 30.07.2020 й., 10/20/2816-1/1337-сон; Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 28.07.2021 й., 10/21/3313/0724-сон; 25.04.2023 й., 10/23/2816-2/0227-сон; 30.12.2025 й., 10/25/2816-3/1246-сон)

lex.uz

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvining

Qarori

texnik talablar

Banklar va ularning filiallari binolarida kassa tarmoqlarini tuzilishiga qoʻyiladigan texnik talablarni tasdiqlash toʻgʻrisida

Oʻzbekiston Respublikasining “ Oʻzbekiston Respublikasining Markaziy banki toʻgʻrisida ”gi, “ Banklar va bank faoliyati toʻgʻrisida ”gi qonunlariga muvofiq Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki boshqaruvi qaror qiladi:

1. Banklar va ularning filiallari binolarida kassa tarmoqlarini tuzilishiga qoʻyiladigan texnik talablar ilovaga muvofiq tasdiqlansin.

2. Mazkur qaror rasmiy eʼlon qilingan kundan boshlab 3 oy oʻtgandan soʻng kuchga kiradi.

Oʻzbekiston Respublikasi Markaziy banki Boshqaruvining 2016-yil 25-iyundagi 18/2-sonli qaroriga ILOVA

Banklar va ularning filiallari binolarida kassa tarmoqlarini tuzilishiga qoʻyiladigan

Mazkur texnik talablar banklar va ularning filiallari binolarida kassa tarmoqlarini tuzilishiga qoʻyiladigan talablarni belgilaydi.

1-bob. Umumiy talablar

1. Kassa tarmogʻi bank va uning filiali binosidagi boshqa tarkibiy boʻlinmalaridan alohida ajratilgan boʻlishi va binoning birinchi qavatida joylashishi shart.

Kassa hujjatlarini oʻzaro almashinuvida qulaylik yaratish maqsadida buxgalteriya boʻlimi kassa tarmogʻiga yaqin joylashtirilishi lozim.

2. Bankda (filialda) tashkil etilgan kassa tarmogʻi tarkibida quyidagi xonalar va kassalar boʻlishi lozim:

pul ombori;

pul omborining old xonasi;

kechki kassa xonasi yoki kechki kassaning pul ombori;

inkassatsiya sumkalarini (qoplarini) qabul qilish xonasi;

naqd pul va boshqa qimmatliklarni qayta sanash kassasi;

kirim kassasi, chiqim kassasi yoki kirim-chiqim kassasi;

kassa xodimlarining shaxsiy buyumlarini saqlash hamda kassa xodimlari foydalanishlari uchun boshqa maishiy-xoʻjalik xonalari;

bankning (filialning) naqd pul va boshqa qimmatliklarni inkassatsiya xizmati avtomashinalariga yuklash yoki tushirish uchun moʻljallangan inkassatsiya boksi (bundan buyon matnda inkassatsiya boksi deb yuritiladi).

Bank (filial) binosining hajmi va unda xonalarning joylashishi inobatga olingan holda kirim kassasi, chiqim kassasi yoki kirim-chiqim kassasi mazkur Texnik talablarga muvofiq holda kassa tarmogʻidan alohida ham tashkil etilishi mumkin.

3. Kassa tarmogʻi tarkibiga valyuta ayirboshlash shoxobchasi va chakana amaliyot kassa xonalarini joylashtirish naqd pul va boshqa qimmatliklar bilan ishlash (sanash, saralash, oʻrab-bogʻlash va kassa operatsiyalarini bajarish), ularning but saqlanishini taʼminlashni inobatga olgan holda Bosh bank tomonidan belgilanadi.

4. Kassa tarmogʻining barcha xonalari oʻzaro yaqin va qulay joylashgan boʻlishi lozim.

5. Kassa tarmogʻidagi qimmatliklar bilan ishlash jarayonini begona shaxslar tomonidan kuzatish imkoniyati boʻlmasligi kerak.

6. Kassa tarmogʻi va uning xonalari bankda (filialda) saqlanadigan naqd pul va boshqa qimmatliklarning hajmi kelgusida ortishini inobatga olgan holda, shuningdek yonmaydigan qurilish materiallaridan foydalanilgan holda qurilishi lozim.

Kassa tarmogʻidagi xonalarni qaytadan qurish, oʻzgartirish va kengaytirish ishlari yongʻin xavfsizligi talablari asosida amalga oshiriladi. Bunda favqulodda vaziyatlarda insonlarni va moddiy boyliklarni bank (filial) binosidan xavfsiz evakuatsiya qilish uchun sharoit yaratilgan boʻlishi kerak.

2-bob. Kassa tarmogʻi xonalari

7. Kassa tarmogʻi xonalari eshiklari va yoʻlaklarining eni yuk aravachalarini (oʻlchami 700 x 1200 mm) erkin harakatini taʼminlaydigan kenglikda qurilishi lozim.

8. Kassa tarmogʻidagi barcha xonalar pollarining sathi bir xil darajada boʻlishi kerak.

9. Kassa tarmogʻining barcha xonalaridagi derazalarga ichki tomondan kamida 16 mm diametrli simdan yasalgan va teshiklari koʻpi bilan 150 mm boʻlgan metall panjaralar oʻrnatilishi lozim.

10. Kassa tarmogʻida kassa mudirining xonasi kirim va chiqim yoki kirim- chiqim kassa operatsiyalari amalga oshirilishini kuzatish imkoniyatini beradigan tarzda joylashishi kerak.

11. Kirim kassasi, chiqim kassasi yoki kirim-chiqim kassasiga ajratilgan maydon kassadagi naqd pul va boshqa qimmatliklarning but saqlanishini taʼminlash hamda kassa operatsiyalarini amalga oshirish uchun imkoniyat yaratib berishi lozim.

12. Kirim kassasi, chiqim kassasi yoki kirim-chiqim kassasining old tomoni kassa zaliga qaragan boʻlishi kerak.

13. Mijozlarning kassa xonasiga erkin kirib borishining oldini olish maqsadida kirim kassasi, chiqim kassasi yoki kirim-chiqim kassasining kassa zali tomoniga mustahkam toʻsiq oʻrnatilishi lozim.

14. Kirim, chiqim yoki kirim-chiqim kassa kassirlari tomonidan mijozlarga kassa xizmati koʻrsatilayotganida, mijoz tomonidan kassa xodimining faoliyatini kuzatib turish uchun imkoniyat yaratilgan boʻlishi lozim.

15. Kirim kassasi, chiqim kassasi yoki kirim-chiqim kassasining kassa zali tomoni mijoz tomonidan naqd pul va boshqa qimmatliklarni qabul qilib olishi yoki topshirishi uchun sharoit yaratilgan holda jihozlanishi kerak.

16. Bankda (filialda) kirim kassasi, chiqim kassasi yoki kirim-chiqim kassasi alohida, yonma-yon joylashgan holda tashkil etilganda, mazkur kassalar naqd pul va boshqa qimmatliklarning but saqlanishi hamda daxlsizligini taʼminlash, shuningdek kassa operatsiyalarini nazorat qilish imkoniyati yaratilgan holda jihozlangan boʻlishi kerak.

17. Kirim kassasi, chiqim kassasi yoki kirim-chiqim kassasi ichki va tashqi tomonidan qulflanadigan eni kamida 90 sm boʻlgan eshikka hamda bank (filial) kassa tarmogʻining boshqa xonalari bilan bogʻlab turuvchi alohida yoʻlakka ega boʻlishi lozim.

18. Kassa zalida mijozlarga kassadan olgan naqd pullarni qayta sanashi uchun alohida xona yoki joy ajratilishi kerak.

19. Kassa tarmogʻiga kelib tushgan naqd pullarni saralash, taxlash, sanash va oʻrab-bogʻlash uchun qayta sanash kassasi xonasi tashkil etiladi.

20. Qayta sanash kassasi xonasining maydoni bitta xodimga kamida 4 m 2 maydon toʻgʻri kelishini hisobga olgan holda qurilishi lozim.

Qayta sanash xonasining derazalari binoning tashqari tomonida joylashganda, ushbu deraza panjaralari qoʻshimcha oʻlchami 5 x 5 sm katakli metall toʻrlar bilan jihozlanishi shart.

21. Qayta sanash kassasi xonasida tabiiy yorugʻlik boʻlishi, bundan tashqari kassirlar ish joylarining yoritilganlik darajasi kamida 400 lyuksni tashkil etishi lozim.

22. Kassa tarmogʻidagi pul ombori old xonasining maydoni kamida 6 m 2 boʻlgan pul omborining old xonasi boʻlishi lozim.

23. Pul omborining old xonasi pul omboriga bevosita tutashgan boʻlishi kerak.

24. Pul omborining eshigi surgʻuchlanishi talab etilganda, pul omborining old xonasiga surgʻuchni qizdirganda chiqadigan hidni tortuvchi maxsus moslama oʻrnatiladi.

25. Pul omborining old xonasiga deraza oʻrnatish taqiqlanadi.

26. Saqlanadigan naqd pul va boshqa qimmatliklarning hajmiga qarab banklar va ularning filiallarining kassa tarmogʻida bir nechta pul ombori qurilishi mumkin.

27. Pul omboriga faqat pul omborining old xonasidan kiriladi. Bitta pul ombori old xonasidan bir nechta pul omboriga kirish mumkin boʻlsa, ushbu pul omborining old xonasi barcha pul omborlari uchun old xona hisoblanadi.

28. Pul omborining maydoni kamida 10 m 2 , balandligi esa 2,5 m boʻlishi lozim.

29. Pul omborining devorlari, poli va shifti qalinligi 20 sm boʻlgan temir-beton qobiqdan quyiladi. Uning devorlari faqat ichki xonalarga tutashgan boʻlishi lozim.

30. Pul ombori temir-beton qobigʻining atrofi qalinligi kamida 38 sm boʻlgan pishgan gʻishtdan qurilgan qoʻshimcha devor bilan oʻralishi kerak. Bank va uning filiali binosining kapital devorlari bir vaqtda pul omborining qoʻshimcha devorlari boʻlishi mumkin.

31. Pul ombori bank binosining tashqi devorlariga tutashtirmagan holda binoning markaziy qismida joylashtirilishi kerak.

Agarda pul omborining devorlari binoning tashqi (koʻcha yoki boshqa bino) devorlariga tutashgan boʻlsa, ular oʻrtasida eni 90 — 120 sm boʻlgan kuzatish yoʻlagi qoldirilishi lozim.

32. Pul omborining poydevorini kamida 60 sm qalinlikdagi quyma beton yoki toshdan qurilishi lozim. Poydevor bilan temir-beton qobiq oraligʻida mustahkam gidroizolyatsiya boʻlishi lozim.

Pul omborining tagida texnik yertoʻlalar qurish man etiladi.

33. Pul omborining shifti 20 sm qalinlikdagi yaxlit temir-beton qobiq va tashqi yopuvchi plitadan iborat boʻladi. Bunda, pul omborining shiftini tashkil etuvchi temir-beton qobiqqa, bank binosi (bino qavati) tomining ogʻirligi tushmasligi kerak.

Agar, bank binosi bir qavatli boʻlsa, u holda pul ombori qobigʻining ustki yuzasi bilan yopuvchi plita oʻrtasidagi oraliq 25 sm boʻlishi lozim.

34. Pul ombori uchun temir-beton qobiqlar fibro-armaturali temir-betondan tayyorlanishi kerak. Temir-beton qobiq uchun mustahkamligi 400 — 500 kg/sm 2 boʻlgan beton qorishmasi ishlatilishi lozim.

Beton qorishmasi M 400 — 500 markali sement, kattaligi 15 — 20 mm boʻlgan granit yoki diabaz shagʻali, 2 moduldan kam boʻlmagan qum, diametri 0,5 — 1,0 mm boʻlgan va uzunligi 30 mm boʻlgan sim kesimlaridan tayyorlanishi kerak.

Beton qorishmasi tarkibi quyidagicha boʻlishi lozim:

gorizontal element uchun — 490 kg sement, 650 kg qum, 1025 kg shagʻal, 100 — 120 kg sim qirqimi va 195 litr suv hamda choʻkish miqdori 2 — 4 sm;

vertikal element uchun — 525 kg sement, 630 kg qum, 980 kg shagʻal, 100 — 120 kg sim qirqimi va 210 litr suv hamda choʻkish miqdori 4 — 6 sm.

35. Beton qorishmasi quyilayotganda u vibrator bilan zichlanishi, soʻng 10 kun davomida beton qotishi va zarur harorat bilan taʼminlanishi uchun namlab turilishi kerak.

36. Temir-beton qobiq armaturasi A-Sh guruhidagi 16 mm diametrli, 100x100 mm oʻlchamdagi uyachali ikkita metall panjaradan tayyorlanib, oraligʻi 100 mm boʻladi. Bunda, bir panjara armaturalarining kesishgan tuguni ikkinchi panjara katakchalarining oʻrtasiga toʻgʻri kelishi lozim.

37. Pul ombori eshiklari zirhli boʻlishi kerak. Pul omboriga ichki metall panjarali eshik oʻrnatilishi lozim.

38. Pul omboriga ventilyatsiya oʻrnatilishi shart. Ventilyatsiyani loyihalash vaqtida u yerda haroratning 18 — 25 o S darajada saqlanishi, havoning nisbiy namligi 45 — 60 foizini tashkil etishi va 3 karra havo almashinishini taʼminlanishi hisobga olinishi lozim.

Pul ombori devorlarining pastki va yuqori qismlarida havo almashinuvi uchun maxsus himoyalangan ventilyatsiya kovaklari oʻrnatilishi kerak.

Kovaklarda 40 — 50 mm diametrdagi bukilgan shakldagi metall yoki plastmassa trubalar joylashtirilib, pul ombori tashqarisidan suyuqliklarni quyishga imkon boʻlmasligi kerak.

39. Pul ombori yopiq turdagi yoritqichlar bilan jihozlanishi kerak.

Avariya yoritish tarmoqlariga elektr energiya isteʼmolchilarining ulanishi taqiqlanadi. Avariya yoritishlarining sozligi har chorakda kamida bir marta tekshirilishi lozim.

40. Pul omborining yoritilganlik darajasi kamida 100 lyuks boʻlishi kerak.

41. Mexanizatsiya vositalari va qoʻriqlash signalizatsiyasini elektr manbaiga ulash uchun pul ombori devorida 20 mm va 15 mm diametrli oxirgi uchi egilgan metall quvurlar oʻrnatilgan boʻlishi kerak.

Metall quvurning biridan kuchli tok va ikkinchisidan kuchsiz tok kabellari alohida oʻtkazilishi kerak. Ularning joylashishi oʻrnatiladigan mexanizatsiya kompleksi soniga koʻra belgilanishi lozim. Foydalanilmaydigan metall quvurlarning ikki uchi berkitilgan boʻlishi shart.

42. Pul ombori ikki tabaqali metall javonlar bilan jihozlanishi kerak. Ularning barchasi qulflanadigan boʻlishi lozim.

43. Yoʻnalish boʻyicha yigʻib kelingan yoki uzaytirilgan ish kuni rejimida ishlovchi bank (filial) binosi va binosidan tashqarida joylashgan kassalardan tashib kelingan inkassatsiya sumkalarini (qoplarini) qabul qilish uchun kassa tarmogʻida kechki kassa xonasi tashkil etiladi.

Kechki kassa xonasi inkassatsiya boksi yoki qimmatliklarni tushirish joyiga yaqin va qulay joyda joylashtirilishi kerak.

44. Bankda (filialda) kechki kassaning pul ombori mavjud boʻlmasa, kechki kassa xonasi kechki kassaning pul ombori vazifasini bajarishi mumkin. Bunda, kechki kassa xonasidagi naqd pul va boshqa qimmatliklar devorga yoki polga qotirilgan yonmaydigan seyflarda, seyf eshiklari qulflangan va muhrlangan holda saqlanishi shart.

45. Bank (filial) kechki kassasining pul ombori mazkur Texnik talablarning 22 — 25-bandlariga muvofiq qurilishi lozim.

45 1 . Bank boʻlinmalarining (filial, bank xizmatlari ofisi, bank xizmatlari markazi) naqd pullari va qimmatliklarini inkassatsiya xizmati va “Respublika maxsus aloqa bogʻlamasi” davlat unitar korxonasi tomonidan saqlash uchun qabul qilishda, ularning pul ombori mazkur texnik talablarda koʻrsatilgan banklarning pul omboriga qoʻyilgan talablarga muvofiq boʻlishi lozim.

49. Inkassatsiya boksi maydoni qimmatliklarni tashish uchun moʻljallangan inkassatsiya avtomashinalarining erkin kirishiga yetarli boʻlishi hamda qimmatliklarni avtomashinalarga ortish va tushirish uchun moʻljallangan eni 2 m, balandligi 74 sm boʻlgan maydoncha bilan taʼminlangan boʻlishi lozim.

Maydonchaning sathi kassa tormogʻi xonalari pollarining sathi bilan bir xil boʻlishi lozim.

Inkassatsiya boksining avtomobil kirish darvozasi qalinligi 3 mm dan kam boʻlmagan metalldan (mustahkamligi shundan kam boʻlmagan boshqa materiallardan) tayyorlanadi.

50. Kassa tarmogʻida operatsion kassa xonalaridan tashqari kassirlarning shaxsiy buyumlari va kiyimlarini saqlash uchun xona hamda maishiy-xoʻjalik xonalari tashkil etiladi.

51. Kassa tarmogʻida ikkita kirish eshigi boʻlishi lozim:

birinchisi — bank binosidan kirish eshigi;

ikkinchisi — bank hovlisidan yoki inkassatsiya boksidan kirish eshigi.

52. Kassa tarmogʻiga bank binosidan kirish eshigiga koʻrish tuynukchasi hamda kodli qulf yoki oʻzi qulflanadigan moslama oʻrnatilishi lozim.

53. Kassa tarmogʻiga bank hovlisidan yoki inkassatsiya boksidan kirish eshigi taxtadan yoki qalinligi 2 mm dan kam boʻlgan metalldan bajarilganda, qoʻshimcha ravishda qulflanadigan metall panjara bilan jihozlanadi.

54. Kassa tarmogʻining barcha xonalari havoni almashtirib turuvchi ventilyatsiya bilan jihozlanishi kerak.

3-bob. Kassa tarmogʻining qoʻriqlash, yongʻindan xabar berish va xavfdan ogoh etish vositalari bilan jihozlanishi

55. Kassa tarmogʻi xavfdan ogoh etuvchi, qoʻriqlash signalizatsiya vositalari va yongʻindan xabar beruvchi qurilmalar bilan jihozlangan boʻlishi kerak.

56. Kassa tarmogʻida foydalaniladigan elektr texnik vositalar yerga ulanishi lozim.

57. Kassa tarmogʻining elektr tarmogʻi va yoritish jihozlari yongʻinga qarshi xavfsizlik talablariga javob beradigan holda oʻrnatilishi lozim.

58. Pul ombori xonasining yoritish tizimini oʻchirib yoqish qurilmasi pul omborining old xonasiga oʻrnatilishi kerak.

4-bob. Yakuniy qoidalar

59. Mazkur texnik talablarni buzganlikda aybdor boʻlgan shaxslar qonunchilik hujjatlariga muvofiq javobgar boʻladilar.

60. Ushbu texnik talablar Oʻzbekiston Respublikasi Ichki ishlar vazirligi va Oʻzbekiston Respublikasi Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi bilan kelishilgan.

Markaziy bank raisi F. MULLAJONOV

Ichki ishlar vaziri A. AXMEDBAYEV

Davlat arxitektura va qurilish qoʻmitasi raisi B. ZAKIROV

Toshkent sh.,

2016-yil 25-iyun,

2016-yil 17-iyun

2016-yil 10-iyun

18/2-son

(Oʻzbekiston Respublikasi qonun hujjatlari toʻplami, 2016-y., 30-son, 366-modda; Qonun hujjatlari maʼlumotlari milliy bazasi, 30.07.2020-y., 10/20/2816-1/1337-son; Qonunchilik maʼlumotlari milliy bazasi, 28.07.2021-y., 10/21/3313/0724-son; 25.04.2023-y., 10/23/2816-2/0227-son; 30.12.2025-y., 10/25/2816-3/1246-son)

lex.uz